Home / МАҚОЛАЛАР / “СИЯР АЪЛАМУН НУБАЛО” АСАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ СИЙРАТИ (5-ҚИСМ)

“СИЯР АЪЛАМУН НУБАЛО” АСАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ СИЙРАТИ (5-ҚИСМ)

Ибодатлари, фазллари, тақволари ва солиҳликлари

Ҳоким айтганлар: «Бизга Муҳаммад ибн Холид Муттаввиъий, у кишига  Мусаббиҳ ибн Саъид: “Муҳаммад ибн Исмоил рамазон ойида ҳар кун кундузи бир марта Қуръонни хатм қилардилар. Таровеҳ намозини ўқиб бўлгач, ҳар уч кунда кечқурун Қуръонни туширар эдилар”, деганлар».

Бакр ибн Мунир айтганлар: «Абу Абдуллоҳ Бухорийнинг: “Аллоҳ билан юзма-юз бўлганда, У мени ҳисоб-китоб қилмайди, деган умиддаман. Чунки мен бирор кишини ғийбат қилмаганман”, деганларини эшитдим».

Имом Бухорий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) тўғри айтганлар. Кимки Бухорийнинг жарҳу таъдилдаги сўзларини эшитса, у кишининг одамларга нисбатан сўз ишлатишда нечоғли парҳезкор, инсофли эканликларини биларди. Бир кишининг ҳадисини заиф санасалар, у ҳақда кўпинча: “Бу мункар ҳадис. Олимлар бу тўғрида гапирмаганлар, бу хусусда ҳар хил фикр бор” қабилидаги латиф ва нозик ибораларни ишлатганлар. Жуда оз ўринларда “Фалончи ёлғончи”, “Фалончи ҳадис тўқир эди” деган жумлаларни қўллар эдилар. Ҳатто Бухорий: “Фалончининг ҳадисида иккиланиш бор”, десам, одамлар уни муттаҳам ҳисоблашар эди”, деганлар. “Мен бирор кишини ғийбат қилмаганман”, деган сўзларидан ҳам маълумки, у кишининг тақволари юқори эди.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ айтганлар: «Имом Бухорий: “Қиёматда менга хусуматчи бўлмаса керак”, дедилар. Мен: “Баъзи одамлар “Ат-Тарих” китобингиз тўғрисида гапиришганда сизнинг кишиларни ғийбат қилишингизни айтадилар”, дедим. Бухорий: “У сўзларни биз ривоят қилдик, холос. Ўзимиздан тўқиб айтганимиз йўқ. Оишадан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “…Бу ўз қавмининг нақадар ёмон кишисидир”, деганлар”, деб таъкидладилар.

Имом Бухорий: “Ғийбат уни айтувчига зарар қилишини билганимдан буён ҳеч кимни ғийбат қилмадим”, дедилар.

 

Вафотлари

 Ибн Адий айтганлар: «Абдулқуддус ибн Абдулжаббор Самарқандийнинг: “Муҳаммад ибн Исмоил Хартанг қишлоғига келдилар. Бу қишлоқ Самарқанддан икки фарсах узоқда жойлашган. У ерда қариндошлари бор эди. Шуларнинг уйларида турдилар. Бир кеча таҳажжуд намозини ўқиганларидан кейин: “Парвардигор, бу кенг ер энди менга тор бўлди. Мени Ўз ҳузурингга олгин”, деб дуо қилганларини эшитдим. Бир ой ўтар-ўтмас вафот этдилар. Қабрлари Хартангда”, деганларини эшитдим».

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Абу Мансур Ғолиб ибн Жибрийлдан эшитдим. Имом Бухорий Хартангда шу кишининг уйларида эдилар. У киши: “Имом Бухорий уйимизда бир неча кун турдилар. Қаттиқ бетоб бўлдилар. Касалликлари кучайиб бораверди. Самарқанд шаҳрига боришни истаб элчи жўнатдилар. Истакларига розилик жавоби келгач, сафарга чиқиш учун ҳозирлик кўрдилар. Уловларини тайёрлаб, маҳсиларини кийдилар, бошларига салла ўрадилар. Йигирма қадамча юрганларида мадорлари кетиб қолди. Уловга миндириш учун мен бир киши билан билакларидан тутдим. Шунда имом Бухорий: “Мени  ўз ҳолимга қўйинглар, тинкам қуриди”, дедилар. Сўнгра узоқ дуо қилдилар ва ётган жойларида руҳлари танларини тарк этди. Пешоналаридан шундай тер оқдики, буни тасвирлаб бўлмайди. Тер оқиши тўхтаганидан кейин оппоқ кийим билан кафанладик. Чунки бизга сўнгги марта: “Мени учта оппоқ кийимга кафанланглар, кафанда кўйлак ҳам, салла ҳам бўлмасин”, деб васият қилган эдилар. Биз худди шундай қилдик.

Дафн қилганимиздан кейин қабр тупроғидан мушкдан ҳам ёқимлироқ ҳид таралди. Бу бир неча кун давом этди. Сўнгра қабрлари устидан оппоқ устунга ўхшаш нарса осмонга кўтарилиб тўхтади. Одамлар ҳар куни келиб, бундан ажабланишарди. Табаррук қабр тупроқларидан олиб кетадиган бўлдилар. Ҳатто қабр анча пасайиб қолди. Қоровуллик қилсак ҳам қабр тупроғини сақлашга кучимиз етмади. Қабрни ҳимоя қилишдан чарчаб кетдик. Шу сабабдан қабрлари устини хас-хашак билан ҳеч кимнинг қўли ета олмайдиган қилиб тўсдик. Лекин халқ қабрга зарар етказмасдан унинг атрофидаги тупроқдан олиб кетарди.

Қабрдан таралаётган хушбўй ҳид бир неча кун давом этганидан атрофдагилар бу ҳақда гапириб, ҳайратланишарди.

Ҳаётликларида қарши чиққанлар вафотларидан кейин бу кишининг кимликларини билишди. Улар Бухорийнинг қабрлари ёнига келиб, айтган ёмон сўзлари учун тавбаю надоматлар қилишди”, дедилар».

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: “Имом Бухорийнинг вафотларидан сўнг қариндошлари Абу Мансур Ғолиб ибн Жибрийл жуда кам яшадилар. Ўзларини у кишининг ёнларига дафн этишларини васият қилдилар”.

Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маккий Журжоний айтганлар: «Абдулвоҳид ибн Одам Тавовисийнинг: “Тушимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Ёнларида бир неча саҳобалар бор эди. У киши бир жойда турганларида бориб салом бердим. Алик олдилар. “Эй расулуллоҳ, бу ерда тик туриб нима қиляпсиз?” деб сўрадим. “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни кутяпман”, деб жавоб бердилар. Бир неча кундан кейин менга имом Бухорийнинг вафот этганликлари тўғрисида хабар келди. Ҳисоблаб кўрсам, вафотлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрган вақтга тўғри келган экан”, деганларини эшитдим».

Халаф ибн Муҳаммад Хайём айтганлар: «Маҳийб ибн Сулайм Карминийнинг: “Имом Бухорий 256 йили 62 ёшларида Рамазон ҳайити кечасида вафот этдилар. Уйда ёлғиз ўзлари эдилар. Эрталаб кирсак, вафот қилган эканлар”, деганларини эшитдим».

Ибн Адий айтганлар: «Ҳасан ибн Ҳусайн Баззоз Бухорийнинг: “Имом Бухорий 256 йилда Рамазон ҳайити оқшомида шанба куни хуфтон намози вақтида вафот этдилар. Рамазон ҳайити куни пешин намозидан сўнг дафн қилиндилар. Бухорий ўн уч кун кам 62 ёшга кирдилар”, деганларини эшитдим».

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Абу Заррнинг: “Муҳаммад ибн Ҳафснинг шогирдлари Муҳаммад ибн Ҳотам Халқонийни тушимда кўрдим. Бу кишининг вафот қилганларини билардим. “Устозим Муҳаммад ибн Ҳафсни кўрдингизми?” деб сўрадим. Халқоний менга қараб: “Ҳа, кўрдим. У киши мана бундай”, дедилар ва том баробаридаги баландликка ишора қилдилар. Сўнгра имом Бухорий тўғриларида сўрадим. “Имом Бухорийни ҳам кўрдим”, дедилар ва осмонга ишора қилдилар. Кўрсатаётган жойларининг баландлигидан йиқилиб кетаёздилар”, деганларини эшитдим».

Абу Али Ғассоний айтганлар: «Абул Фатҳ Наср ибн Ҳасан Сакатий Самарқандий 464 йилда Балансияга келиб бизга: “Самарқандда бир йили қаҳатчилик, қурғоқчилик бўлди. Одамлар Аллоҳдан бир неча бор ёмғир сўрасалар-да, ёғингарчилик бўлмади. Салоҳият ва тақвоси билан танилган бир киши Самарқанд қозиси ҳузурларига келиб: “Менинг бир фикрим бор. Уни сизга айтаман”, дедилар. Қози: “Қандай фикр?” деб сўрадилар. У киши: “Одамлар билан Хартанг қишлоғига имом Бухорийнинг қабрлари ёнига бориб, истисқо намозини ўша ерда ўқисак. Шояд, Аллоҳ таоло бизга ёмғир ёғдирса”, деб айтдилар. Қози: “Яхши фикр”,  дедилар ва одамлар билан бирга Хартангга бордилар. Қози одамларга истисқо намозини ўқиб бердилар. Қабр олдида ҳамма йиғлашди. Қабр соҳибини васила қилиб ёмғир сўрадилар.

Аллоҳ таоло осмондан кўп ёмғир ёғдирди. Ёмғир кўп ёққанидан бирор киши ҳам Самарқандга қайтолмай, етти кун Хартангда қолиб кетди. Самарқанд ва Хартангнинг ораси уч мил келарди”, деб хабар бердилар».

Хатиб Бағдодий “Тарих” китобларида айтганлар: “Бизга қози Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳасан Ҳараший Найсобурда хабар бердилар. У киши фақиҳ Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Балхийдан ҳадис эшитган эканлар”.

Хатиб яна бошқа бир санад билан айтганлар: «Мен Аҳмад ибн Абдуллоҳ Саффор Балхийдан эшитдим. У киши Абу Исҳоқ Мустамлийдан эшитган эканлар. У киши Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг: “Имом Бухорийдан “Ас-Саҳиҳ”ни тўқсон минг киши эшитган. Лекин бугунги кунда уни мендан бошқа ривоят қиладиган қолмади”, деганларини эшитганлар».

давоми бор…

Азизхўжа ИНОЯТОВ
Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси
мустақил тадқиқотчиси

Check Also

МЕҲР КЎРСАТГАН МЕҲР КЎРАДИ

  Имом Бухорийнинг устозларидан бири Имом Муҳаммад ибн Салом Байкандийдан қуйидаги ҳадиси муборак ривоят қилинади: …