Байрамлар ва йиллик нишонланадиган кунлар халқлар ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди. Тарих давомида йилда бир нишонланадиган муайян кунни ажратиб қўймаган халқ ё жамият йўқ ҳисоби. Бундай сана йирик воқеани ёдга олиш, тарихий хотирани янгилаш, миллий, инсоний ё муҳим ижтимоий ҳодисани нишонлаш учун белгиланади.
Ислом дини инсонлар одат қилиб келган ҳамма амалларни ҳам инкор этмаган, балки уларни исломий меъёрларга мувофиқлигига қараб баҳолаган: дин асосларига зид бўлмаган одатларни қабул қилган, аксинча, ислом таълимоти ва мақсадларига тўғри келмайдиганларини бекор қилган. Қуйида миллий ва ижтимоий байрамларнинг аҳамияти, уларнинг миллийликни мустаҳкамлаш ва ижобий ижтимоий алоқаларни ривожлантиришдаги ўрни, шунингдек, исломнинг бу масалага муносабати ҳақида сўз юритилади.
Исломда байрамлар икки турга бўлинади: диний ва ижтимоий (миллий) байрамлар.
Исломий байрамлар Қуръон ва суннатда аниқ кўрсатилган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ўйин-кулгу қилинадиган икки кун бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу икки кун қандай кунлар?” дедилар. “Жоҳилият даврида бу икки кунда ўйин-кулгу қилар эдик”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло сизларга бу икки кунни ундан яхшироқ икки кунга: Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайитига алмаштирди”, дедилар”[1].
Демак, мусулмонлар учун асосий байрамлар: Рамазон ва Қурбон ҳайитларидир. Бу байрамлар Аллоҳга ибодат, садақа ва эзгу амаллар билан ўтади.
Ижтимоий байрамлар – миллат ё жамият ҳаётидаги муҳим саналарни ёдга олиш, муайян касб эгаларини тақдирлаш ё тарихий воқеаларни эслаш учун белгиланган, жамиятнинг қадриятларига асосланган, диний бўлмаган, балки ижтимоий ҳаёт билан боғлиқ кунлар ҳисобланади. Масалан, бизнинг Мустақиллик куни, Ўқитувчилар куни, Хотира ва қадрлаш куни каби.
Барча халқларда асосий диний байрамлар билан бир қаторда миллий-тарихий воқеа-ҳодисаларга боғлиқ байрамлар ҳам бўлади. Улар “мажозий байрамлар” деб аталади. Даврлар ўтиши билан мусулмонларда ҳам бундай мажозий байрамлар шаклланиб борган[2].
Қуйида Жаҳон мусулмон уламолар иттифоқи раиси проф. др. Али Муҳйиддин Қорадоғийнинг “Миллий кунлар (ёки байрамлар)ни нишонлаш ҳукми” мавзусидаги фатвосидан парча тақдим қилинади: “Миллий кунлар урф-одатлар доирасига киради ва улар аслида мубоҳдир. Чунки асл қоида: “Урф-одатларнинг ҳаром эканига далил бўлмаса, улар мубоҳ бўлади”. Миллий байрамлар – бу мустақиллик ёки давлат ташкил топганини эслайдиган кунлар бўлиб, улар Аллоҳнинг неъматларидандир. Бу кунлар шукр қилишни, қувонч ва хурсандликни тақозо қилади. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта) шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар!”[3]
Демак, миллий кунлар ибодат ё диний шиорлардан бўлмагани учунгина уларни бидъат демаймиз. Фатвомиз ҳам янги диний байрамни жорий этишга оид эмас. Чунки қўшимча равишда диний байрамларни жорий этиш – шариатга унда аввал бўлмаган янги ибодатларни киритиш ҳаром ва бидъат ҳисобланади.
Бу масалада ижтимоий байрамларни ман қилувчилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисига таянади: “Ким бир қавмга ўхшаса, у ҳам улар билан биргадир”[4].
Аслида эса, кофирларга ўхшаш икки хил бўлади.
Ҳаром бўлган ташаббуҳ: диний шиорларда, куфр ё гуноҳ ишларда ўхшаш бўлиш. Атай ва билиб туриб қилинса, бу куфр даражасига етади.
Мубоҳ ташаббуҳ: дин билан боғлиқ бўлмаган урф-одатларда, кийинишда, одатий ишларда ўхшаш бўлиш (масалан, бошқа динлар тусини бермайдиган кийим кийиш). Бу шариат қоидаларига риоя қилган ҳолда мумкин.
Шу боис кофирларга ўхшаш масаласи миллий байрамларга татбиқ этилмайди. Чунки миллий кунлар диний байрам эмас, балки шунчаки қувонч, хурсандлик улашиладиган бўлган тадбирлардир. Шунинг учун шариат нуқтаи назаридан мумкин. Бундай кунларда Аллоҳга шукр қилиш, фақирларга ҳадя улашиш энг яхши ишлардан ҳисобланади”.
Бу борада Азҳар шайхи, шайх Жодул Ҳақ Али Жодул Ҳақ (1982-1996) айтганидек: “Ислом тарихида унутиб бўлмайдиган хотиралар бор, уларни эслашда муайян воқеа-ҳодисаларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади, байрамлар куч-қувват олишга ёрдам беради”[5].
Азҳар олимлари қуйидагиларни таъкидлайди: “Ҳадис бошқа байрамларни қатъий тақиқламаган, балки у даврдаги мушриклардан ўтиб келган байрамларга қарши ишора қилган. Агар байрамлар яхши ният билан, шаръий чегараларда ўтса, гуноҳ ишлар бўлмаса, уларни тақиқлашга асос йўқ. Ислом фақат ният ёмон бўлса ёки байрамда ҳаром амаллар содир этилса, бунга қарши чиқади”[6].
Ислом дини қотиб қолган, ҳаётдан узилган дин эмас. Қуръонни бир мусҳафда тўплаш, нуқталаш, жамоат бўлиб таровеҳ намози ўқиш каби амаллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида бўлмаган, лекин саҳобалар уларни яхши бидъат деб қабул қилган.
Мустақиллик куни, Ўқитувчилар куни, Хотира ва қадрлаш куни каби байрамлар ибодат эмас, балки ижтимоий одатлар сирасига киради. Улардан кўзланган мақсад яхшиликни ёдга олиш, халқни бирлаштириш ва миннатдорликни ифодалашдир. Исломда бундай одатлар бидъат ҳисобланмайди, чунки улар диний ақидага зид эмас.
Хулоса шуки, миллий ва ижтимоий байрамлар ўтмишни ёдга олиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жамиятда бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш воситасидир. Ислом дини бунга қарши эмас, балки исломий қадриятлар ва одобларга зид бўлмаса, уларни ижобий руҳда ўтказишни қўллаб-қувватлайди.
Бу ватанпарварлик туйғуси бўлиб, экстремистик ташкилотлар тарғиб қиладиган давлатни инкор этиш, фақат ботил мафкура ё йўлга содиқликни тан олиш каби нотўғри ғоялар жамиятга кириб келиши ва ўрнашишининг олдини олади. Ислом дини бундай тадбирларни қатъий тақиқламайди. Аксинча, уларни ижобий руҳда ўтказишни тавсия қилади. Зеро бу ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш ва жамиятда муштаракликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.