Аллоҳ таолонинг сизу бизга берган энг улуғ неъматларидан бири тинчликдир. Тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайиши, комил инсон бўлиб етишишида, шубҳасиз, Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагидан Ватан ва халқ муҳаббати мустаҳкам ўрин олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқда. Уларнинг туну кун шайлиги ва бедорлиги нақадар савобли иш экани ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.
Дарҳақиқат, Ватан ҳимояси энг шарафли касблардан эканини яхши билган азамат йигитларимиз бу хизматга жисмонан ва маънан лойиқ бўлиш заруратини яхши англайди, жон-жаҳди билан шу сифатларни эгаллашга ҳаракат қилади. Зеро, Ватан ҳимояси ҳаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туриш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада – мамлакат муҳофазасида туташишини теран англаб етади.
Мустақил Ватанимиз сарҳадларини мудом ҳушёр туриб қўриқлаётган мард йигитларимизнинг тажриба ва маҳорати йилдан йилга ошиб бораётгани барчамизни хурсанд қилади. Одамлар шахдам қадам ташлаб бораётган имон-эътиқодли, ўз касбига садоқатли, хизматига ихлосли аскарларимизга боқиб, фахрга тўлади, самимий дуо қилади.
Ёш аскар қалбидаги Ватан ва халққа муҳаббат, ҳидоят, фидойилик ҳисси уни ҳар доим огоҳлик ва сергакликка чорлайди. Бундай инсонларга Яратганнинг ўзи илоҳий мадад беради. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир” (Оли Имрон сура- си, 150-оят).
Тинчлик бу хотиржамлик ва барқарорлик бўлса, имон қалб ҳаловатидир. Демак, тинчлик ва имон маъно-моҳияти жиҳатидан бир-бирига жуда яқин. Бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигининг узвий қисмидир. Зеро, киши ўзи яшаб турган жамиятнинг аъзоси ҳисобланади. Шу тариқа, барчанинг тинчлигидан бутун жамият тинчлиги келиб чиқади. Демак, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида жон куйдириши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.
Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир инсон ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод билан бажариши лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси соҳасида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билиши ва ҳарбий қасамёдга содиқ бўлиши вожибдир.
Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбийлар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар иштирок этиши лозим. Муҳофаза деганда, фақат қурол билан эмас, ўз ўрнида сўз билан, ғоявий ғанимларга илмий раддия бериш билан Ватанга тош отувчи ва иғвогарларга қарши ўзига хос фош этиш йўллари билан юртни, миллатни, халқни ҳимоя қилиш тушунилади. Бу ҳам имонга тааллуқли бурчлар қаторига киради.
Аммо Ватан ҳимоячиси касбини эгаллаш ҳаммасидан шарафлироқдир. Киндик қони тўкилган тупроқни, шу озод ўлкани кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун ўз оиласи, шаъни, ор-номуси ва имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидойилик кўрсатган киши юксак мақомга эришиши, улкан ажр соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Бир кеча кундуз “рибот” (яъни, душмандан қўриқлаб чиқиш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса бундай марҳамат қилинади: “Ким Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Ким сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, у ҳам худди шундай ажру савобга эга бўлади ва шаҳидлик мақомини олиб, барча фитналардан омонда бўлади” (Имом Насоий ривояти). Кишиларнинг моли, обрўси, юрти ва тинчлигини сақлаш учун ухламай тонг оттирган кишига шундай улкан даражада яхшиликлар берилар экан.
Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳими қуйидагилардир:
Ватаннинг ҳақига дуо қилиш.
Чунки пайғамбарлар ўз ватанлари ҳақига дуо қилганлар. Иброҳим халилуллоҳ ўз ватанлари бўлмиш Маккаи мукаррама ҳақига Қуръони каримда дуо қилганлари келтирилган: “Эсланг, Иброҳим: “Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, деди” (Бақара сураси, 126-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинаи мунавварага борганларида унинг ҳақига қуйидагича дуо қилдилар: “Эй Аллоҳ! Мадинани бизга Маккани суйганимиздек ёки ундан-да зиёдароқ суюкли қилгин. Ва уни тошу тарозусига – соъу мудди[1]га баракот бергин!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Мана, пайғамбар алайҳиссаломлар яшаб турган юртларига тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро, бу икки неъмат Ватан фаровонлиги омилларидан ҳисобланади. У иккиси ёки бири топилмаса, бахт-саодат йўқолади.
Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилди:
“У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Ҳуд сураси, 61-оят).
Демак, инсон ер юзини, хусусан, яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши унинг бурчи ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатиш лозимлиги айтилмоқда.
Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик.
Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси, 56-оят).
Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бу иш улкан савоб экани ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Моли, жони, дини ва аҳли аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топади” (Имом Термизий ривояти).
Киши ватанига хиёнат қилиши, ундаги ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслиги, уларни ўйламасдан ватанга қарши қурол кўтариши исломдаги энг оғир гуноҳ ва жуда катта жиноятдир.
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ор-номуси ва имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймон ва қасамёди қиличдан-да ўткир, ханжардан-да кескир бўлган. Замон ва макон ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур каби улуғ саркардалар, юрт озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ билан жон берган Шайх Нажмиддин Кубро беихтиёр кўз олдимизга келади. Бундай буюк шахсларнинг она Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган жасоратини фарзандларимиз онгига сингдириб боришимиз лозим. Шундагина Ватанга муҳаббат туйғуси, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш масъулияти уларнинг қалбидан мустаҳкам ўрин олади. Бу ҳиссиёт нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай деган: “Она Ватанга муҳаббат туфайли Аллоҳ юртни обод қилади”.
Донолар айтади: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига садоқати ва юрт учун фидойилиги она Ватан ҳимоясига, уни тараққий топтириб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли этишга, халқнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражасида ҳисса қўшиши билан ўлчанади, албатта. Ватанини севган инсон уни ҳимоя ҳам қилади. Шундай инсонга катта ажр ва савоблар берилади.
Ватан ҳимояси – барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Азиз юртимизда истиқлол берган улкан имкониятлар ҳақида қанча сўзласак ҳам оз. Зеро, мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди, эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкониятига эга бўлдик, диний-маънавий қадриятларимиз яна халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик деб аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматнинг қадрига етиш, унинг шукрини келтириш, уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган фарзандларимизни, шунингдек, миллат ва юрт тинчлигида хизмат қилаётган Ватандошларимизни доимо ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз диёримиз осмонини ҳамиша мусаффо, тинчлигимизни барқарор, мустақиллигимизни абадий қилсин.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






