Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМДА ОИЛА МУНОСАБАТЛАРИ ВА ЭР-ХОТИН ЎРТАСИДАГИ МУШТАРАК ҲУҚУҚЛАР

ИСЛОМДА ОИЛА МУНОСАБАТЛАРИ ВА ЭР-ХОТИН ЎРТАСИДАГИ МУШТАРАК ҲУҚУҚЛАР

Бугун бутун дунё оила институти инқирозига, хусусан, никоҳлар беқарорлиги, ажрашишлар сони ортиши, никоҳсиз туғилишлар кўпайиши, оилавий ҳаёт ва фарзанд тарбиясига тоқатсизлик каби муаммоларга тўқнаш келяпти. Олимлар бундай муаммолар миллатнинг маънавий таназзулига сабаб бўлиши мумкинлигини илмий жиҳатдан асослади.

Бу борада Абдурауф Фитрат: “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик эса миллат оилаларининг интизомига таянади, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли бўлади. Агарда бир мамлакатнинг аҳолиси ахлоқсиз ва жоҳиллик билан оилавий муносабатларни заифлаштириб юборса ва интизомсизликка йўл қўйса шунда бу миллатнинг саодати ва ҳаёти шубҳа остида қолади” [1:8], деб таъкидлаган.

Оила борасидаги диний, илмий ва фалсафий ёндашувларни кузатсак, оила барқарорлигида эр-хотин муносабатлари асосий ўрин тутишини кўрамиз. Масалан, исломда никоҳ орқали инсон ва оилани улуғлашга, эркак ва аёлнинг ҳуқуқларига, уларнинг шаънига ва оилада тинчликни сақлашга катта эътибор қаратилган: “Аёллар (учун белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир» [2:36].

Бурҳонуддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асарида ёзилишича, оила ва никоҳ масаласида маърифий-тарбиявий аҳамиятга эга ҳукмлардан бири аёлнинг никоҳда қандай ҳақ-ҳуқуқлари борлиги ҳақидаги билимга эга бўлишидир: «Никоҳнинг асл моҳияти ҳақида илм бўлиши шарт. Чунки, қиз бола фақат илм бўлгандагина тасарруф эта олади. Бу дунё илм олиш дунёси, бунда жоҳиллик узр бўлолмайди» [3:675]. «Ҳидоя»да оила ва никоҳга оид ҳукмларнинг ижтимоий аҳамиятга эга томони эркак ва аёлнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва ақлий жиҳатдан бир-бирига тенг бўлишига эътибор қаратилганидир: «Никоҳда тенглик эътиборга олинади. Пайғамбаримиз (С.А.В.) айтганларки: «Огоҳ бўлингки, аёлларни фақат ўзларига тенг бўлган кишигагина берсинлар» [3:680].

Исломда эр-хотин ўртасидаги муносабатнинг давомийлигини таъминлаш учун ўзига хос қонун-қоидалар жорий қилинган. Бунда оилавий ҳаётнинг асосий ташкилотчилари ва аъзолари бўлмиш эр ва хотиннинг ҳар бирига ўзига хос бурч ва вазифалар юкланган, бир-бирига нисбатан ҳақ-ҳуқуқлари ҳам белгилаб берилган. Бу ҳақда Қуръоннинг бир қатор сураларида оятлар келтирилади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаби – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят) [4:390]; “Ва яхшилик ила уларнинг бурчлари муқобилида ҳақлари ҳам бордир” (Бақара сураси, 228-оят) [3:398]. Агар эр ва хотин бу қоидаларга амал қилса, бир-бирига нисбатан зиммасидаги бурч ва масъулиятини ҳис қилиб сидқидилдан адо этса, бундай оила бахт ва саодат қасрига айланади. Бундай оилада туғилган фарзандлар ҳам гўзал тарбия топади ва улардан жамиятга фойдаси тегадиган инсонлар етишиб чиқади. Ислом дини ҳар бир эр ва хотин учун ўзига хос ҳуқуқларни ишлаб чиқиш билан бирга, уларга муайян мажбуриятларни ҳам юклаган. Буларнинг баъзилари эр ва хотин ўртасида муштарак бўлса, баъзилари эрга, баъзилари хотинга тегишлидир.

Хотиннинг эр зиммасидаги ҳаққи эрнинг ўзига ҳам, молига ҳам тегишлидир. Хотиннинг эри зиммасида маҳр ва нафақа сингари шахсий ва молиявий ҳақлари бор. Улар қуйидагилар:

  1. Хотиннинг эр зиммасидаги ҳақларидан биринчиси эр томонидан унга яхши ва адолатли муомала қилинишидир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Китобида: “Аёллар билан яхшилик ила турмуш кечиринг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўплаб яхшиликларни пайдо қилса!”, дея амр этган (Нисо сураси, 19-оят) [3:402]. Бу амр эрнинг хотинга яхши муомалада бўлишини, табиатидаги айрим ноқисликларга сабр қилишини, баъзи хатоларига кўз юмишини тақозо этади. Шунингдек, аёлни тарбиялаш ва унга дунёю охиратда фойдаси тегадиган нарсаларни ўргатиб, таълим беришни ҳам назарда тутади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларида: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади”, дейилади (Имом Муслим ривояти). Яъни, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузиб юборишга шошилмаслиги, шу туфайли хотинини ёмон кўриб қолмаслиги лозимлиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши керак. Шунингдек, эр хотинига хушфеъл бўлиши, у билан яхши муомала қилиши, бирга фаровон ҳаёт кечириши, озор етказмаслиги керак. Бу билан эр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилган бўлади.
  2. Аёлнинг эри зиммасидаги иккинчи ҳаққи маҳрдир. Бу – аёлни икром қилиш, унга яхшилик қилиш бобидан. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларнинг бу ҳаққига риоя қилишга чақириб: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз” (Нисо сураси, 4-оят), деб амр этган.
  3. Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (С.А.В.)дан бошқа оиласига меҳрибонроқ бирор кишини кўрмадим».
  4. Эркак аёлининг ор-номусини сақлаши керак. Оқибати бузуқ бўладиган ҳар қандай ҳолатга бепарво бўлмаслик лозим. Аммо ёмон ўй, ўта талабчанлик ва гумонда ҳаддан ошиш дуруст эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ (С.А.В.) эрни оиласини хиёнатда гумон қилиб, уйга кечқурун келишдан қайтарганлар».
  5. Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби эҳтиёжларини исроф этмай, етарли таъминлаши керак. Эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Имом Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида бундай келтирилган: «Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, Пайғамбаримиз (С.А.В.) дедилар: » Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай харжинг учун ажр оласан. Ҳатто хотининг оғзига солган таоминг учун ҳам сенга ажр бор». Шунингдек, бу масалада, яъни нафақа масаласида эр ўзининг иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб иш кўради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни, ўз бойлигига ярашадиган тарзда) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (ўз ҳолига яраша) нафақа берсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи унга ато этган нарсадан бошқа нарсани юкламас. Аллоҳ танглик – камбағалликдан сўнг енгиллик – бойликни ҳам пайдо қилур” (Талоқ сураси: 7-оят) [2:559].
  6. Эр хотинининг иффатини сақлаши лозим. Хотинини ҳаромдан ҳимоя қилиш эрга вожибдир.
  7. Эр хотинини яхши кўрса, жуда ҳурматлаши лозим, ёмон кўрса, зулм қилмаслиги керак. Истаса, чидаб яшасин ё яхшиликча ажрашсин. Аёлни фақат мардлар қадрлайди, пастлар хўрлайди.

Эрнинг ҳам ўз хотини олдига и шаръий ҳақ-ҳуқуқлари белгиланган. Зеро, оиланинг давомийлиги эр-хотиннинг бир-биридан розилиги ва ҳақларини адо этишига боғлиқ. Эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилар:

  1. Хотиннинг эр олдидаги энг биринчи бурчи ёхуд эрнинг ўз аёлидаги энг биринчи ҳаққи – бу аёл кишининг эрига ҳурматли ва итоаткор бўлишидир. Аёл Аллоҳга маъсият ҳисобланмайдиган барча ишда эрига итоат қилиши лозим. Аёл киши оилада ўжар-қайсар бўлса, ундай оиланинг давомийлиги ва мустаҳкамлиги ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Аёлнинг эрига ҳурматли бўлиши нақадар буюк фазилат ва бахт экани ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга “жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, дейилади” (Табароний ривояти).
  2. Эрнинг аёл устидаги бу ҳаққи, яъни аёл киши мубоҳ ишларда эрига итоат қилиши доирасига аёл киши эрининг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги, унинг рухсатисиз нафл ҳаж қилмаслиги, унга айтмасдан уйдан чиқмаслиги, унинг розилигисиз уйдаги нарсалардан бировларга садақа ва эҳсон қилмаслиги ҳам киради. Шариатда эрга итоат қилиш аёл кишига вожиб бўлишининг ҳикматларидан бири шуки, эрнинг ўз аёлидаги ҳақлари ва фазли оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан буюкдир. Эр туфайли аёл оиланинг ҳурматли бекасига айланади, ёмон кўзлардан ва ёмонлардан муҳофаза қилинади, ҳимояланади.
  3. Аёл киши асосий вақтини фарзанд тарбияси билан ўтказиши лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барчангиз раҳбардирсиз ва барчангиз қўл остингиздагилардан сўралурсиз. Амир раҳбардир. Эр киши ўз оиласига раҳбардир, аёл киши эрининг уйида ва унинг фарзандларига раҳбардир”, дейдилар [4:358].
  4. Хотин эрининг ҳаққини ҳурмат қилиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи каттадир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз уйига бегона эркакни киритиши ҳалол бўлмайди” (Имом Бухорий, Муслим ривоят қилган).
  5. Хотин киши Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак. Хотин киши ночорлиги учун ғазабланмаслиги ва оҳ-воҳ урмаслиги лозим. Балки хушнудлик ва қаноат либосини кийиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги лозим. Аксинча, эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Момоларимиз эрларини кузатаётиб бундай дерди: «Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига чидай олмаймиз».

Аёл киши эрининг туйғуларини ҳурмат қилиши, у ёқтирмайдиган ёки унга озор берадиган ишлардан йироқ бўлиши ва эрининг молиявий шароитини ҳисобга олиши, эрининг уйдан ташқаридаги масъулиятини қадрлаб, уйга кеч келишидан безовта бўлмаслиги ёки бу борада эрига босим ўтказмаслиги лозим. Шунингдек, эри тоқат қилолмайдиган даражада пул талаб қилмаслиги керак. Баъзи аёллар нуқул бошқа оилаларда эрнинг хотинига сарфлаган нарсаларини мисол қилиб, эридан худди шундай таъминот талаб қилади. Аёл киши эрини қадрласа, унга миннатдорлик туйғуларини ўзининг муомаласи ва хатти-ҳаракатлари билан изҳор қилса, Аллоҳ ундай аёлдан рози бўлади.

  1. Хотин эрининг дўстига нотанишдек бўлиши лозим. Эри уйида бўлмаганида, унинг дўсти эшик қоқса, у билан сўзлашмасин. Акс ҳолда, бу рашк ва жанжалга сабаб бўлиши мумкин.
  2. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, моли билан ғурурланмаслиги керак. Эрнинг қариндошларини ҳурмат қилиши ва қадрлаши лозим.
  3. Хотин фарзандларини ҳам ҳурмат қилиши, уларни уришиб, лаънатлашдан тийилиши лозим. Бу фарзанд тарбияси ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатади.

Эр – оила раҳбари. Аёл эрига ҳурмат ва итоатда бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Натижада оилада аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради ва у мустаҳкам бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилиши ва бошқа кўплаб нохушликларга сабаб бўлади. Аммо бу аёл киши хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам оилада яшашга мажбур, унинг ажрашишга ҳаққи йўқ, дегани эмас. Исломда аёл киши ҳам ажрашиш ҳуқуқига эга. У буни «хулуъ» йўли билан бажаради. «Хулуъ» «кийим ечиш» маъносини билдиради. Шариатда эса, хотин кишининг арз қилиш орқали эри билан ажрашишига «хулуъ» дейилади, яъни аёл ажрашмоқчи бўлса, қозихонага ариза бериб ажрашиш ҳуқуқига эга бўлади [5].

2020 йил 6 август куни Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида “Мусулмон жамиятларида оилавий муносабатлардаги муаммолар: Сабаб ва ечимлар” [6:121] мавзусида халқаро мутахассислар ва юртимиздаги исломшунос олимлар, имом-хатиблар, диний билим юртлари мудирлари ва талабалар иштирокида видео-семинар ўтказилди. Унда ислом илмлари бўйича етук олим, Татаристон Республикасидаги Булғор ислом академияси (Россия Федерацияси) профессори Шайх Абдураззоқ Саъдий иштирок этди ва ажрашишларнинг ечими сифатида қуйидаги тавсияларни санаб ўтди:

– оила қуришдан аввал куёв ё келиннинг мол-давлати, шон-шуҳратига эмас, тарбияси ва ахлоқига, маънавий гўзаллигига эътибор қаратиш лозим;
– ўзаро келишмовчиликлар келиб чиққанда, дарров ажрашмасдан, ўртани ислоҳ қилиш ва яраштириш учун икки томондан вакиллар чақириш;
– иқтисодий камчиликлар бўлганда, борига қаноат қилиш ва сабрли бўлиш;
– диний идора оиланинг муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, талоқнинг оқибатлари каби мавзуларда жума тезисларини ишлаб чиқиши ва мусулмон оммасига етказиши;
– оилаларда вужудга келаётган ноҳақлик, зулм ва ажрашишларнинг олдини олиш мақсадида диний идора тизимида фиқҳий илмга эга 2-3 кишидан иборат етук мутахассислар ҳайъатини тузиш ва муаммоларга ўз вақтида ечим топиш.

 ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Абдурауф Фитрат. Оила ёки оила бошқариш тартиблари. –Т.: Маънавият, 2000.
  2. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. –Т.: Тошкент ислом университети, 2004.
  3. Бурхонуддин Марғиноний. Ҳидоя, I-жилд, Никоҳ китоби: –Т.: Адолат, 2002.
  4. Ислом одоблари энциклопедияси. –Т.: Hilol-Nashr, 2019.
  5. Ойбек Неъматуллоҳ, Илҳомжон Мурод Али. “Исломда оила” муаммо ва ечимлар. –Т.: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2019.

 

Бахти ОЧИЛОВА,
Жиззах давлат педагогика институти
Фалсафа фанлари доктори, профессор

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …