Буюк имом Ибн Ҳиббоннинг бу борада тутган йўли ҳақида сўз юритишдан олдин “бидъат” сўзининг луғавий ва истилоҳий маъноларига қисқача тўхталиб ўтсак.
Луғатда – бирор нарсани “биринчи бўлиб пайдо қилиш”, “бошлаб бериш”, “жорий этиш” каби маъноларни англатади.
Бу сўз Аҳқоф сурасининг 9-оятида бундай тарзда келган: ﴿قُلْ مَا كُنْتُ بِدْعًا مِنَ الرُّسُلِ﴾ “(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Мен пайғамбарларнинг янгиси (биринчиси) эмасман”. Яъни, пайғамбарлик мендан бошлангани йўқ. Мендан олдин ҳам кўп пайғамбарлар бўлган.
“Ўзлари пайдо қилган” деган маъноси ҳам бор. Аллоҳ таоло бундай дейди: ﴿وَرَهْبَانِيَّةً ابْتَدَعُوهَا﴾ “Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар” (Ҳадид сураси, 27-оят).
Яна бир маъноси “ихтиро қилиш”, яъни олдин бўлмаган нарсани ишлаб чиқиш, кашф этишдир.
Истилоҳда олимлар “бидъат” сўзини турлича таърифлаган. Баъзилар кенгроқ баён этган бўлса, айримлар тор маъно берган. Бидъатнинг истилоҳий таърифларини икки йўналишга ажратиш мумкин: биринчиси – умумий маъно, иккинчиси – махсус берилган маъно.
Биринчи йўналиш эгалари “бидъат” сўзини таърифлар экан, “олдин намунаси бўлмаган нарсани пайдо қилиш” маъносига эътибор қаратган. Бидъатнинг маъносини анча кенг миқёсда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам, кейинги асрларда ҳам мавжуд бўлмаган ҳар қандай ишни қамраб оладиган тарзда тушунган.
Бу таъриф замирига яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, ибодат ҳам, ибодат бўлмаган ҳам – мақтовга сазовор ё маломат қилинган бўлишидан қатъи назар – диний ё дунёвий нарсанинг ҳаммаси киради. Бу – луғавий таърифга тўлиқ мос ёндашув.
Иккинчи йўналиш тарафдорлари бидъатни тор маънода “суннатга зид ҳар қандай янгилик” деб таърифлаш билан чеклаган. Баъзилар янада торайтириб: “бидъат – суннатга зид бўлган, динга нисбат берилиб эътиқод қилинган ҳар қандай янги нарса” деб таъриф берган.
Алломалар бидъатни иккига: куфр ва фасодга етакловчи категорияларга ажратган.
Куфрга етакловчи бидъатнинг ўзи ҳам икки хил бўлади. Биринчиси, бидъат эгасининг куфр қилаётганига далолат бўлувчи омил. Масалан, “бирор шахсда илоҳийлик мужассам” деган гап ёки намоз, рўза, ҳаж ва шу кабиларни инкор этиш очиқ куфр белгилари саналади.
Иккинчиси, бидъат эгасининг куфрга кетмаётганига далолат бўлган омил. Дейлик, Қуръонни махлуқ (яратилган) дейиш, жаннатда Аллоҳ таолони кўришни инкор этиш кабилар. Булар инсоннинг кофирлигига далолат бўлмайди, унинг – нотўғри бўлса-да – шахсий фикри, ўз нуқтаи назари, кимларнингдир таъсирида шаклланган янглиш эътиқодини кўрсатади, холос.
Фасодга етакловчи бидъат ўз эгасини иймон доирасидан чиқармайди. Бундай одам ровий сифатида мусулмон ҳисобланади. Лекин бидъати уни фосиқликка, яъни бузуқ эътиқод сабабли Аллоҳга итоат қилишдан четлашганларга мансуб қилади. Хаворижлар, рофизалар ва суннат усулларига хилоф бўлган бошқа фирқаларнинг бидъатлари шундай.
Энди Муҳаммад ибн Ҳиббоннинг асарларига мурожаат қилсак, бидъат ва ҳаво аҳлидан (нафс истакларини диндан устун қўювчилардан) ривоят қилиш борасидаги фикр ва қарашларини равшанроқ англаймиз. Муҳаддис ўз “Саҳиҳ”ида бундай деган: “Муржиа, рофиза ва шунга ўхшаган мазҳабларни танлаган ровийларга келсак, улар биз баён қилган шарт асосида ишончли бўлса, хабарларини ҳужжат сифатида қабул қиламиз. Мазҳабларига даъват қилмасалар, бас. Тутган мазҳаби ва ўзлари билан Яратган ўртасидаги эътиқодини Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола қиламиз. Чунки, ўз мазҳабига чорловчидан – пешво даражасига етган бўлса ҳам, ишончли бўлса ҳам – ривоят қилсак, мазҳабига эргашиш учун йўл очиб берган бўламиз. Шунингдек, ўрганувчига унинг ва сўзига таянишга имкон бериб қўйган бўламиз. Шунинг учун эҳтиёт шуки, улардан даъватчи имомларнинг ривоятларини тарк этиб, юқорида баён қилганимиздек, ишончли ровийларидан фойдаланиш мумкин.
Аъмаш, Абу Исҳоқ, Абдулмалик ибн Умайр кабиларнинг ҳадисларини қабул қилган нарсалари сабабли тарк этсак, Қатода, Саид ибн Абу Аруба, Ибн Абу Зуайб сингариларнинг ривоятларини эргашган нарсалари сабабли қабул қилмасак, шунингдек, Умар ибн Зарр, Иброҳим Таймий, Мисъар ибн Кидом ва уларга замондош бўлганлардан танловлари сабабли воз кечиб, мазҳаблари туфайли ҳадисларини фаромуш қилсак, бу иш суннатни тўла тарк этишга йўл очарди ва қўлимизда суннатдан жуда оз нарса қолар эди. Айни пайтда уларнинг ривоятларидан (тўлиқ) фойдалансак, суннатни йўқ қилиш ва ўчириб юборишга ёрдам берган бўламиз. Шунинг учун биз баён қилган қоидага амал қилиш (яъни, уларнинг ривоятларини умумий ҳолда рад этмасдан, ишончли бўлган ровийларининг ривоятларини қабул қилиш) энг эҳтиётли йўлдир”[1].
Аллома “Ас-Сиқот” асарида Жаъфар ибн Сулаймон Забъийнинг таржимаи ҳолини баён этиб, бундай деган: “Жаъфар ибн Сулаймон ҳадис ривоятларида ишончли ва баркамол бўлган. Лекин аҳли байт тарафдорларига мойил бўлган (яъни, халифаликка фақат аҳли байт лойиқ, деганларга эргашган), аммо мазҳабига даъват қилувчи эмас эди. Ҳадис аҳли бўлган имомларимиз орасида ҳеч қандай ихтилоф йўқки, ровий ростгўй ва мўътабар бўлса, бирор бидъати бўлса-да, даъват қилмаса, унинг хабарларини ҳужжат сифатида қабул қилиш мумкин. Бидъатига даъват қилса, ривоятини ҳужжат қилиш ботил бўлади. Шу сабабдан бидъатни қабул қилган ва унга даъват қилган баъзи ровийларнинг ҳадисларини уламолар тарк этган, гарчи ривоятда ишончли бўлсалар ҳам. Лекин худди шундай бидъатга мойил бўлган, аммо унга даъват қилмаган бошқа ишончли ровийларнинг ривоятларини далил қилиб келтирганмиз.
Зеро, банданинг бидъати – у билан Аллоҳ ўртасидаги иш, Аллоҳ хоҳласа, азоблайди, хоҳласа, афв этади. Бизга эса, китобларимизнинг турли ўринларида зикр қилганимиздек, ишончли бўлса, ривоятларини қабул қилиш вожибдир”[2].
Имом Ибн Ҳиббон таянган бу меъёрлар муайян хулоса беради. Уларни қуйидагича умумлаштириш мумкин.
Муҳаммад ибн Ҳиббон бидъати куфрга етаклайдиганларнинг ривоятларини рад этган. Лекин фисққа олиб борадиган бидъатчи ҳақида бундай кескин сўз юритмаган. “Аллоҳ хоҳласа, азоблайди, хоҳласа, афв этади” деб айтяпти. Демак, Нисо сурасининг 48-оятидаги ﴿إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ﴾ “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур” хитобига кўра, фосиқ кофир бўлмайди, унинг ҳукми Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Аммо куфрга оид бидъат эгаси иймон доирасидан чиққани учун ривояти қабул қилинмайди.
Муҳаддис уларнинг ривоятини қабул этишда “Саҳиҳ”ида белгиланган талабларга мувофиқ келишини шарт қилиб қўйган, улар қуйидагилардан иборат: динда гўзал сатр (яъни, ровийнинг диндорлиги ва гуноҳлардан сақланиши, гўзал ҳаё билан зоҳир бўлиши) билан адолатли бўлиш; ростгўйлик билан машҳур бўлиш; ақл – ривоят қилаётган ҳадисини идрок қила олиш, мазмун-моҳиятини англаш қобилияти; илм – ривоят қилаётган ҳадисдаги маъноларни ўзгартириб юборадиган омилларни ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган нарсаларни билиши; хабарларининг тадлис (ровийнинг санадда шайхидан эшитмаганини, гўё ундан эшитгандек ривоят қилиш)дан покиза бўлиши.
Уларнинг ривоятини қабул қилишнинг шарти ўз бидъатларига чорламаслигидир. Даъват қилса, демак, ўз мазҳабини зийнатлаб, чиройли қилиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган бўлади. Бу эса ҳадисни ўз йўлига мослаб, бузишга ё ўзгартиришга олиб боради. Шунинг учун ишончли ровий бўлса ҳам ривояти қабул қилинмайди.
Аслида бидъат эгасидан ривоят қабул қилиш ҳақидаги энг тўғри қараш шуки, у бидъатига даъват қилмайдиган, ривоятида ўз бидъатини қўллаб-қувватлайдиган нарсани келтирмайдиган, ишончли, омонатдор, етук ва ростгўй ровийлардан бўлиши керак. Бу фикрнинг тўғрилигини амалий ҳолат осон исботлайди. Чунки катта муҳаддис имомлар шундай йўл тутган. Масалан, Имом Бухорий баъзи ишончли ва бидъатига чақирмайдиган аҳли бидъатдан ривоят қилган. Демак, бу йўналиш аҳли сунна муҳаддислари амалда қўллаган қоида бўлиб, илм аҳли орасида тўғри йўл ҳисобланади.
Энди аҳли бидъат орасидан ҳадислари қабул қилинган икки ровийни зикр қилиб ўтамиз. Турли эътиқодий бидъатларда айбланган бўлса-да, улардан Имом Бухорий ҳам, Имом Ибн Ҳиббон ҳам “Саҳиҳ”ларида ривоят келтирган.
Абу Амр Шабоба ибн Саввор Мадоиний (Имом Бухорий Фазорий деб келтирган). Уни Ибн Маин, Ибн Мадиний, Ибн Саъд, Абу Зуръа, Усмон ибн Абу Шайбат ва бошқалар ишончли деб баҳолаган. Аҳмад ибн Ҳанбал: “Ундан бироз нарса ёзиб олганман, муржиа ақидасида эканини кейин билганман”, деган. Ибн Харош: “Аҳмад ундан рози эмас эди, лекин у ростгўй эди”, деган. Сожий ҳам шундай деган ва қўшимча қилиб: “У даъватчи эди”, деган[3]. Имом Бухорий ундан иккита, Ибн Ҳиббон еттита ҳадис келтирган.
Имрон ибн Ҳиттон Садусий. Машҳур шоир. Хаворижлар ақидасида бўлган. Абу Аббос Мубаррид: “Имрон суфрия тоифасининг қаъдия гуруҳи раҳбари, нотиқи ва шоири эди”, деган. У ўз мазҳабининг даъватчиси ва Али розияллоҳу анҳунинг қотили Абдураҳмон ибн Мулжимга машҳур байтлар билан марсия айтган киши эди[4]. Имом Бухорий ундан иккита, Ибн Ҳиббон битта ҳадис келтирган.
Ибн Сириннинг “Илгари одамлар санад ҳақида сўрамасди. Фитна ёйилгач (Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид қилингач), “Бизга ровийларингизнинг исмини айтинг”, дейиладиган бўлди. Суннат аҳлидан бўлса, ҳадислари олинар, бидъат аҳлидан бўлса, олинмас эди”[5] деган гапидаги бидъат аҳли куфрга чорловчи ровийлардир.
Ибн Ҳиббон ва бошқа муҳаддис имомлар бидъат ва ҳаво эгаларидан ҳам ривоят қилган экан. Ҳадис қабул қилиш-қилмасликда фақат ровийнинг ақидасига қаралмаган, балки унинг ростгўйлик, диёнат ва ривоятдаги ишончлилик мезонларига ҳам эътибор берилган. Яна бир жиҳати шундаки, ишончли ва ростгўй ровий кейинчалик бидъатга кирган бўлса, уламолар унинг аввалги ривоятларини қабул қилган, кейингиларига нисбатан эса эҳтиёткорлик йўлини тутган.