Home / МАҚОЛАЛАР / ЭҲСОННИНГ АФЗАЛИ ОТА-ОНАГА ҚИЛИНГАНИДИР

ЭҲСОННИНГ АФЗАЛИ ОТА-ОНАГА ҚИЛИНГАНИДИР

Аллоҳнинг ҳукми билан инсонлар моддий имкониятларига кўра турли тоифаларга бўлинди. Албатта, Аллоҳ барчани бой қилишга қодир бўла туриб, уларни бой ва камбағал қилиб қўйишида жуда кўп ҳикмат бор. Аллоҳ баъзиларга ризқни кенг ва баъзиларга тор қилиб берганидаги асосий ҳикматлардан бирини баён қилиб бундай деган:

“Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб юборса, албатта, улар ер юзида тажовузкорликка ўтиб кетган бўлур эдилар. Лекин У ўзи хоҳлаганича ўлчов билан (ризқ) туширур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва (ҳамма нарсани) кўриб турувчидир” (Шўро сураси, 27-оят).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳлар ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «…Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради”, дедилар” (Термизий ривояти).

Аллоҳ йўлида қилинадиган садақа ва эҳсоннинг фазилати тўғрисида Қуръонда бундай дейилган:

“Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Демак, садақани хоҳ ошкора, хоҳ яширинча берсин, нияти холис бўлса, садақага ваъда қилинган мукофотга, яъни гуноҳларининг кечирилишига эришади. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам манфаат келмайдиган одамга имконидан келиб чиқиб, бир нарсани беради.

Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа (кишининг имони борлигига) ҳужжат ва далилдир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали имонимиз борлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритар эканмиз.

Абу Кабша ал-Анморий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсага қасам ичаман: Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, дедилар.

Ади ибн Ҳотам (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайсингиз яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам, юзини дўзах оловидан асрашга қодир бўлса, шу ишни қилсин”, дедилар.

“Эҳсон” банданинг ҳалол йўл билан топган барча мол-мулкидан Аллоҳ йўлида, У белгилаган мақсадларда сарфлаши, камбағал-фақирларга ва муҳтожларга садақа қилиши маъноларини англатади. Эҳсоннинг яна бир маъноси муҳтож кишиларга ва Аллоҳ белгилаган ўринларга садақа қилишдир. У, шунингдек, Аллоҳ розилигини топиш йўлида қилинган барча яхшиликлар маъносини ҳам билдиради. Аллоҳ таоло айтади:

“Эй, имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ зотдир” (Бақара сураси, 267оят).

Эҳсон қилиш энг олдин сизни туғиб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Имом Насафий ва Хозин тафсирларида зикр қилинишича, фарзанд учун ота-онанинг мақоми шунчалар улуғки, у ота-онани номи билан чақирмай, балки “отажон, онажон” каби ширин сўзлар мурожаат қилиши, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслиги, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиши лозим.

Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад” асарида “Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу “Улар (ота-онанг) учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут” (Исро сураси 24-оят) деган оятни: “Ота онанг яхши кўрган нарсадан ҳеч бош тортма, деганидир”, деб тафсир қилди”, деган.

Ота-онага яхшилик қилиш фарзанд гуноҳларига каффорат бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ёнига бир киши келиб: “Мен бир аёлга совчи қўйдим. У мен билан никоҳланишдан бош тортди. Бошқа бир киши совчи қўйган эди, у билан никоҳланишни маъқул кўрди. Рашким келиб, ўша аёлни ўлдириб қўйдим. Тавба қилишим учун бирор имкон борми?” деди. Шунда у: “Онанг ҳаётми?” деди. У: “Йўқ”, деди. У: “Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва Унга яқин бўл”, деди. У киши кетди. Ато айтади: “Ибн Аббосдан унинг онаси ҳақида нима учун суриштирганини сўрадим”. У: “Мен онага яхшилик қилишдан кўра, Аллоҳга яқинроқ бирор амални билмайман”, деб жавоб берди” (Имом Бухорий ривояти).

Ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг ризқи кенг ва умри узоқ бўлишига олиб келади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таоло умрини узоқ, ризқини зиёда қилишини хоҳласа, ота-онасига яхшилик қилсин, қариндошлик алоқаларини боғласин (мустаҳкамласин)”, дедилар” (Имом Байҳақий ривояти).

Ота-она дуосини олган фарзанд дунё ва охиратда саодатли бўлади. Абу Ҳурай рарозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта дуо мустажобдир. Улар(нинг ижобат бўлиши)га шак-шубҳа йўқ. Ота-она дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, ота-онага яхшилик қилиш фарзанднинг солиҳ амаллари қабул бўлишига, гуноҳи кечирилишига ва жаннатга киришига сабаб бўлар экан. Бу фарзанд учун улкан саодатдир.

Ота-онаси дилини оғритган ва хизматидан бош тортган кишилар оқпадардир. Ота-она гарчи ислом динидан ташқарида, тавҳидга бегона, фарзандига зулм қилиб турган бўлса ҳам, бу ҳолат уларнинг хизматидан бўйин товлашга асос бўла олмайди. Ўз ҳуқуқини рўкач қилган ҳолда ота-онасининг золимлиги ёки динсизлигини баҳона қилиб, уларнинг хизматидан юз ўгирган фарзанд гарчи ибодатли, дин учун улкан хизмат қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг абадий ғазаби дўзахга маҳкум.

Ота-онадан ортса, қариндош-уруғ, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлган етим, камбағал-фақир ва сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади. Эҳсон садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: “Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи-раҳм учундир”.

Расули акрам (алайҳиссалом): “Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз”, дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар.

Бошқа ҳадисда эса, “Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир” дейилган. Булардан эса, ҳар бир мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша, садоқатли бўлиши лозим, деган фикр келиб чиқади.

Баъзи кишилар закот ёки садақа берадиган бўлса, сифатли ва яхши молларидан эмас, балки нуқсонли ва паст навли нарсаларидан беради. Ваҳоланки, ўша нарсалар ўзига берилса, олмаган ёки ноиложликдан олган бўлур эди. Китобларда бу ояти кариманинг нозил бўлишига баъзи мусулмонларнинг ўша даврда закотга бериш учун энг паст навли хурмоларни ажратгани сабаб бўлган, дейилади.

Аллоҳ таоло эҳсонни, яъни садақани, энг аввало, қариндошларга, мискин ва йўловчиларга қилишни буюрган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси, 26-оят).

Исломда инсонийлик қадрланади. Бу қадриятлар ҳамма халқларнинг умуминсоний мулки ҳисобланади. Биз уларни бағрикенглик, ҳаққонийлик, меҳрибонлик каби хислатларга тенглаштиришимиз мумкин. Мусулмон одам ота-онаси, фарзандлари ва қўни-қўшниларига ғамхўрлик қилади, кўмакка муҳтож бўлганларга ёрдам кўрсатади. Дунёдаги барча нарсаларни Аллоҳ таоло яратган, шунинг учун мусулмон киши табиат ва ҳар қандай жонзот олдида ўз масъулиятини ҳис қилади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 40-ояти да бундай марҳамат қилади:

“Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай, Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо сураси, 40-оят).

Бугунги кунда бу борада давлатимиз томонидан кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотганлар ва етимларга жойлардаги маҳалла фуқаролари йиғинлари томонидан ҳар томонлама ёрдам бериб келинмоқда.

Биз ўзимиз яшаётган маҳаллаларда кам таъминланган оилаларни, боқувчисини йўқотган фуқароларни ва ёлғиз кексаларни яхши биламиз. Биз уларга қўлимиздан келганича хайр-саховат қилайлик. Шунингдек, “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига моддий ёрдамимизни кўрсатиб, Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру-савобларга эга бўлайлик.

Аллоҳ таоло барчамизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан адо этувчи саховатли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчамизни икки дунё саодатига мушарраф этсин!

Ҳусан Мирзоаҳмадов

Check Also

АЁЛНИНГ ИЛМ ОЛИШИ – МАЖБУРИЯТ!

Бугунги кунда баъзи давраларда “аёллар ўқимасин”, “ўқиса эркакка кўринади” ёки “ўқиш фақат эркакларга керак” деган …