Home / МАҚОЛА / ИСЛОМ – ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ

ИСЛОМ – ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ

Ислом дини асосан уч қисмдан иборат:

Имон – ақида масалалари;
Ислом – шариат масалалари;
Эҳсон – тариқат масалалари.

Бугунги кунда диний экстремистик ташкилотлар давлатлар, халқлар, диний қарашлар ўртасида, биринчи навбатда, миллатчилик ва диний айирмачиликни келтириб чиқаришни, шу йўл билан бир
давлатда яшаётган турли миллат вакиллари ўртасида миллий, диний ихтилоф ва низоларни вужудга келтиришни асосий мақсад қилиб олган. Ачинарлиси, бу тоифалар ўз мақсадини амалга оширишда тинчлик ва эзгулик дини бўлган ислом номидан фойдаланмоқда.

Шу ўринда айтиш мумкинки, диннинг бир неча функциялари мавжуд бўлиб, улардан бири халқни эзгу мақсад атрофида бирлаштиришдир.

Ислом динининг бош ғояси: Ислом – тинчлик ва маърифат дини. У ҳар қандай инсон ва жамият зарарига қаратилган ҳаракатларга қаршидир. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Бақара сураси 208-оятида бундай баён қилинган:

“Эй мўминлар, тўла ҳолда исломга (тинчликка) киришинглар”. Мазкур оятда барча мўминларга тинчлик, эзгулик ва маърифатли ишларда бирлашиш, бир-бирига ёрдам кўрсатишга чақирилмоқда. “Ислом” сўзи ҳақ дин маъноси билан бирга, тинчлик маъносини ҳам билдиради.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 103-оятида барчани бирлашишга чақирган: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларида инсоният учун энг муҳим ва қадрли бўлган икки неъмат таъкидланган. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Икки неъмат борки, улардан кўп инсонлар маҳрумдир, бу соғлик ва хотиржамликдир”, деб таъкидлаганлар.

Ислом таълимотининг бузиб талқин қилиниши натижасида ҳозирги кунга келиб, дин сўзи ёнида экстремизм, терроризм қўшимчалари пайдо бўлди. Муқаддас ислом дини аслида бу ҳаракатларга қаршидир. Ислом ноҳақ қон тўкилиши, жамиятда парокандаликка сабаб бўладиган ишлар, инсон ҳаётига хавф солувчи ҳаракатларни кескин қоралайди. Ислом соф, эзгулик ва маърифат дини бўлиб, унинг экстремизм ва терроризмга алоқаси йўқ.

Афсуски, ислом тарихида ва кейинги даврларда ислом дини билан боғлиқ бир қанча ботил оқимларнинг вужудга келиши кузатилган. Бу қарашлар ҳозирги кунда ҳам давом этаётгани ҳар қандай кишини тафаккур қилишга ундайди.

Эътиқод нозик масаладир. Уламолар ҳар қандай дин ҳақида гапирган кишига эргашиб кетишдан эҳтиёт бўлишга чақирган. Бу ҳақда Ибн Сиррин: “Албатта, бу ҳадислар динингиздир. Кимдан динингизни олаётганингизга эътибор қилинг”, деб таъкидлаган. Зеро, ҳадислар тўғри ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилинган бўлса ҳам унинг ровийларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланган.

Ислом тарихи аввалида турли тоифалар келиб чиққан ва улар кейинги даврда пайдо бўлган турли тоифаларга ғоявий таъсир кўрсатган.

Ботил оқимларнинг тарихий илдизлари: Тарихда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар, аксарият ихтилоф ва келишмовчиликларга фитна ҳамда ҳасад сабаб бўлган. Динлар тарихида ҳам бундай ҳолатларни кўриш мумкин. Ислом тарихидаги илк оқим хорижийлар бўлиб, VII асрда пайдо бўлган. Бу давр – 656 йил – тўртинчи халифа Али ибн Абу Толибнинг халифалик даври бўлган. Хорижийлар халифага қарши исён кўтарган, натижада жуда катта хунрезлик ва фитна келиб чиққан.

Яна бир оқим азрақийлар бўлиб, улар умавий халифалиги ва шиаларга қарши йирик исён бошлайди. Бу ҳаракатлар Ироқ ва Эронда бошланиб, 684 ва 699 йилларда – ўн беш йил давом этади. Азрақийлар ислом динини ҳимоя қилиш, эзилган халққа ёрдам бериш, қўлларни ҳимоя қилиш каби ғоялардан усталик билан фойдаланган. Бу услуб уларга кўплаб инсонларнинг кўр-кўрона эргашишига сабаб бўлган.

Кейинчалик бу каби кескин фикр ва қарашларни илгари сурган яна бир оқим қарматийлар пайдо бўлди. Улар шиа йўналиши оқимларидан бири бўлиб, IХ аср охирида Ироқда вужудга келган, Сурия ва Яманда кенг тарқалган. Қарматийлар 930 йили ҳаж вақтида Маккага бостириб кириб, у ерни шафқатсиз талон-торож қилган. Минглаб зиёратчи ва Макка аҳолисини қатл этиб, кўпларини асир олган. Улар Каъбани вайрон қилган ва муқаддас қора тошни иккига бўлган ҳолда Баҳрайнга олиб кетган. Йигирма йилдан кейингина катта тўлов эвазига қора тош Маккага қайтариб берилган.

Қарматийларга қарши ХI аср охири ва ХII аср бошларида шиддатли кураш олиб борилган ва ҳаракат бостирилган. Қарматийлар ҳаракати бостирилгач, ҳашшошийлар ҳаракати бошланган. Мазкур ҳаракат ХI аср охирида Эронда исмоилийлар ҳаракатининг бўлиниб кетиши натижасида пайдо бўлган. У яширин террорчилик фирқаси ҳисобланган. Фирқа аввал Эронда, кейинчалик Сурия, Ливан ва Ҳиндистонда кенг тарқалган. Қарматийлар ҳокимиятга эришиш учун ҳукмдор, подшо, қирол ва йирик халқ намояндаларини ўлдириш ёки гаровга олиш усулларидан фойдаланган. Бунда манқурт фидойиларнинг ўрни катта бўлган. Террорчи (фидойи)ларга истеъмол қилиши учун гиёҳванд модда берилган, ўлса, шубҳасиз жаннатга тушишига ишонтирилган. Ушбу ҳаракат Сурия ва Ливанда 1273 йил мамлуклар томонидан тугатилган. Ҳашшошийлар дин ниқоби остида ҳокимият ва бошқарувни қўлга олиш мақсадида ҳар қандай разилликдан қайтмаган, ўзига қарши чиққан мусулмонларга жиҳод эълон қилган. Улар шариат ман қилган амалларни бажаришга фатво берган.

Қуръони каримнинг бир қанча оятларида фитна, ҳасад, жосуслик, туҳмат, ғийбат, ноҳақдан қон тўкиш, бировнинг ҳақига хиёнат қилиш каби инсон ва жамият учун хатарли бўлган ишлардан қайтарилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”, деб марҳамат қилган (Нисо сураси, 93-оят).

Ботил оқимларнинг ғоявий давомчилари: Ҳозирги кунда дунёда кўплаб экстремистик ва террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, афсуски, уларнинг муайян қисми ислом дини ниқоби остида фаолият олиб бормоқда. Улар турли усул орқали кўплаб ёшларни ботил мафкураси қурбонига айлантирмоқда. Бундай террорчи ташкилотлар сони 500 дан зиёд бўлиб, барчаси ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. Улардан ҳозирги кунда фаол ҳаракат олиб бораётганларидан баъзиларини келтириш мумкин. “Ал-Қоида”, “Ҳизбут таҳрир”, “Исломий жиҳод бирлиги”, “Ансоруллоҳ”, “Ҳамас”, “Ҳизбуллоҳ”, “Ҳусийлар”, “ИШИД – Ироқ Шом ислом давлати” кабилар шулар жумласидандир.

Аввалги ва ҳозирги даврда пайдо бўлган оқим ва фирқалар исломий ғояларни шиор қилган. Бир-бирига ўхшаш ёки айнан бир хил ғояларни ўзининг асосий мақсади сифатида белгилаган.

Уларнинг ғоя ва ҳаракатлари қуйидагиларда бирлашиб кетган:

☑ Ўзидан бошқа мазҳаб ва оқимларга нисбатан мутаассибларча муросасиз бўлиш;
☑ Ўз қарашларига қўшилмаган мусулмонлар қони, моли ва жонини ҳалол санаш;
☑ Буюк халифа Али (розияллоҳу анҳу)га итоатсизлик қилиб, уни кофир санаш;
☑ Катта гуноҳ қилган мусулмонларни кофир ҳисоблаш ва уларнинг доимий дўзахга маҳкум эканини уқтириш;
☑ Ғоя ва мафкурасига эргашмаган ва таркибига келиб қўшилмаган (улар томонга ҳижрат қилмаган) мусулмонларни кофир санаш;
☑ Бошқа юртда яшаётган мусулмонлар уларга хилоф иш қилса, у ерга нисбатан “дорул куфр”, деб ҳукм чиқариш;
☑Ислом жамиятида халифалик бошқарувини жорий этиш.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ботил ғоялар ҳақидаги ҳадислари:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган: “Яҳудийлар етмиш бир фирқага бўлинди. Насоролар етмиш икки фирқага бўлинди. Менинг умматим эса, етмиш уч фирқага бўлинади ва уларнинг етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда (бўлади). У жамоатдир”, деганлар. Жамоат – мусулмонларнинг кўпчилигини ташкил қилган томонга айтилади.

Ушбу ҳадиснинг Абдуллоҳ ибн Аббосдан келган ривоятида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “…Булар (яъни, 72 фирқа) ўзларидан бошқани ҳақ деб билмайдиган, ўзи адашиб, бошқаларни ҳам адаштирадиган, залолатга бошлайдиган, фитнанинг бошида турадиган ва умматни дўзахга етаклайдиганлардир”, деганлар.

Мазкур ҳадисда ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши, турли-туман фирқалар пайдо бўлиши ҳақида хабар берилган. Шунингдек, бу вазиятда кимларга эргашиш лозимлиги баён этилган. Шундай экан, ҳадисларда таъкидланганидек, мусулмонлар иттифоқи (келишуви) билан ташкил этилган аҳли сунна вал жамоа мазҳабларига эргашиш лозимдир.

Ҳозирги ахборот ва маълумотлар тезкор алмашинуви даврида ўзини ҳақ деб билувчи ҳар бир тоифани ушбу ҳадисда таъкидланган мезон бўйича баҳолаш вожибдир.

Ислом динининг терроризм ва экстремизмга алоқаси йўқ: ислом тинчлик ва маърифат динидир. Унинг хунрезлик ва қотилликка ҳеч қандай алоқаси йўқ. Президент Шавкат Мирзиёев бу масала юзасидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Ислом – бу тинчлик-тотувлик динидир. Ислом террор эмас, терроризм –бу диний терроризм эмас, халқаро терроризмдир”.

Экстремизм ва терроризм бир-бирига боғлиқ ҳаракатлар бўлиб, улар қотиллик босқичларидир. Бундай атамаларнинг тинчлик, маърифат, илм ва эзгуликни тарғиб этувчи муқаддас дин номи билан ёнма-ён қўлланиши катта хатардир.

Мўмин-мусулмонлар бугун янада теран ақл билан иш юритиши, Аллоҳнинг улуғ неъмати саналган тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиши, бузғунчи даъват ва ташвиқотлардан узоқ туриши лозим. Жамият фаровонлиги ва тинчлигини сақлаш, ёшлар онгини турли бузғунчи ғоя ва мафкуралардан ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг асосий вазифасидир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Ҳар бирингиз масъулдирсиз. Ҳар бир масъул ўз масъулиятидан сўралади…”, деб таъкидланганлар.

Хулоса ўрнида: Муқаддас Қуръони каримда инсон ҳаётига тажовуз ва қотиллик энг катта гуноҳ экани баён қилиниб, бундай ишлардан қайтарилган. Бугунги кунда мафкуравий қарашлари билан жамият хавфсизлигига рахна солаётган оқимлар илк қарашларининг шаклланиш тарихи ислом дини аввалида пайдо бўлган хорижийларга бориб тақалади. Уларнинг ёт ғояларига қарши курашда ислом дини нодир манбалари ва аждодларимиз илмий меросидан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундай деб таъкидлаганлар: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Дарҳақиқат, бугунги кунда катта муаммога айланаётган турли ботил ғояларга қарши курашишда ҳар томонлама илмий асосланган манбалардан фойдаланиш лозим. Уларни аждодларимиз илмий меросидан топиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозим. Жамиятни турли иллатлардан фақат маърифат қутқаради.

Шукурилло Умаров,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи

Check Also

ЁШЛАРНИ ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАШ

Ватанни севмоқ имондандир! Ватанпарварлик – кишиларнинг она юртига, ўз ватанига муҳаббати ва садоқатини ифодалайдиган тушунча …