Home / МАҚОЛАЛАР / ЁШЛАРНИ ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАШ

ЁШЛАРНИ ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАШ

Ватанни севмоқ имондандир!

Ватанпарварлик – кишиларнинг она юртига, ўз ватанига муҳаббати ва садоқатини ифодалайдиган тушунча ҳисобланади. У барча кишилар, халқлар, миллатлар учун умумий бўлган, асрлар давомида сайқалланиб келган умуминсоний туйғу, маънавий қадриятлардан биридир. Тарихий жиҳатдан Ватанпарварлик кишиларнинг ўз ватани тақдири билан боғлиқ ижтимоий ривожланиш, халқларнинг ўзи яшаётган ҳудуд дахлсизлиги ва мустақиллиги йўлидаги кураши жараёнида такомиллашиб келган ҳис-туйғулар жамланмаси ҳамдир. Бу ватаннинг ўтмиши ва ҳозирги куни билан фахрланишда, унинг манфаатларини ҳимоя қилишда намоён бўлади.

Дарҳақиқат, шарафли ва олийжаноб, азиз ва табаррук бўлган бурчни бажариш киндик қони томган ҳар бир инсоннинг юртни асраб-авайлаш, эъзозлаш, унинг келажаги учун қайғуришга, халқига, Президентига содиқ хизмат қилишга ундайди. Ватанпарварлик туйғуси Ўзбекистон халқига хос хислат. Жамият аъзолари ўз давлати обрў-эътиборини мустаҳкамлаш, қадр-қимматини сақлаш учун ҳалол ва виждонан меҳнат қилади. Ўзбекистон Республикасининг фуқароси қаерда ва қандай лавозимда ишламасин, қандай вазифани бажармасин, вақтинча қайси хорижий давлатда яшаб, унга топширилган вазифани бажаришда давом этмасин, ўзининг тутган ўрни, хатти-ҳаракати билан ўз Ватанининг обрўсини баланд кўтаришга, унинг шаънига доғ туширмасликка, Ўзбекистон Республикаси фуқароси деган номга муносиб бўлишга ҳаракат қилади.

Маълумки, ҳозирги кунда дунё аҳолисининг 25 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Мамлакатимизда эса ёшлар қатлами жами аҳолининг қарийб 60 фоизига яқин. Шунинг учун Ўзбекистон ёшлар мамлакати сифатида эътироф этилади. Яқин ўн йилликларда бу қатлам давлат ва жамият бошқарувида ҳал қилувчи кучга эга бўлишини ҳисобга олганда, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш нақадар муҳим аҳамиятга эга экани ойдинлашади. Шу сабабдан Янги Ўзбекистонда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги тезкор глобаллашув шароитида ҳам ўз миллий қадриятларига мустаҳкам суяниб келаётган халқимиз беқиёс маънавий бойлиги билан бошқа халқлардан ажралиб туради. Халқимизнинг асрлар оша ўзининг юксак қадрини бир лаҳзага бўлса-да йўқотмай келаётган инсоний фазилатларидан бири – бу ўзи туғилиб ўсган она юртига – Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик фазилатидир.

Динимизда ватанпарварлик, Ватанни севиш олий қадрият сифатида қадрланади. Жумладан, Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Қасамки, Сен (Макка) Аллоҳ таолонинг энг яхши ерисан ва Аллоҳ таолонинг заминида Аллоҳга энг севимлисисан. Сенинг аҳлинг мени сиқиб чиқармаганида, асло
чиқиб кетмас эдим”
, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифда баён қилинганидек, Ватан Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган улкан неъмат, илоҳий муҳаббат туйғусидир. Унинг қадрини бирор моддий бойлик билан ўлчаб бўлмайди. Ватан тараққиёти ва равнақи, унинг ҳимояси йўлида нафақат мол-у давлат, балки жон ҳам фидо қилинади.

Ватанга бўлган муҳаббат Аллоҳ таоло томонидан инсоният фитратига солиб қўйилгандир. Шу маънода инсон ўз юртини севиши, уни обод этиши ҳамда Ватанни кўз қорачиғидек асраши, ҳимоя қилиши ҳам муқаддас ва шарафли бурчдир.

Ватанга бўлган муҳаббат, Ватан изтироби борасида ҳадисларда шундай дейилган: “Расулуллоҳ (с.а.в.): Маккадан Мадинага кўчиб ўтган пайтларида: “Аллоҳим, Мадинани бизга худди Маккани суйганимиз каби ёки ундан-да зиёда суюкли қилгин!” дея дуо қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га илк бор ваҳий нозил бўлган кезлари Ҳадича онамиз бу ҳодисадан ажабланиб, хавотирланиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни замонасининг олим кишиси Варақа ибн Навфал олдига олиб боради. Шунда Варақа ибн Навфал у кишига пайғамбарлик миссияси келганини, бу йўл анчайин машаққатли бўлишини, ҳатто одамлар у кишини Маккадан чиқариб юбориши мумкинлигини ҳам айтади. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Улар мени Маккадан чиқариб юборадиларми?” дея қаттиқ изтироб чекадилар. Ушбу мисолдан ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз Ватани –Макка шаҳрига нақадар муҳаббатли эканликларини кўришимиз мумкин.

Халқимизда “Ватанни севмоқ имондандир”, деган нақл бор. Ушбу ҳикмат мазмунидан шу нарсани англаш мумкинки, Ватанни севиш ва уни ардоқлаш имон даражасига кўтарилган бўлиб, ватанпарварликдек улуғ фазилат юксак мақомга эгадир.

Бутун мусулмон оламини илм-у маърифати билан мунаввар этган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муин Насафий, Қаффол Шоший каби буюк аждодларимиз Ватанга бўлган кучли муҳаббати туфайли ўзларининг тахаллусини киндик қони тўкилган юрт номи билан боғлагани ҳам ана шундай эътироф ва эътиборнинг ўзига хос амалий ифодасидир[1].

Ватан тарихини билган, улуғ аждодлар меросини чуқур ўрганган ҳар бир инсон қалбида миллий ғурур-ифтихор туйғулари янада жўш уриб, эл-юртга, Ватанга садоқати ортиб бораверади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний Ватанни севиш ва уни ардоқлашни табиат ва жамиятнинг муҳим қонунияти сифатида қуйидагича таърифлаган. “Ватан. Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғулган, ўсган ерини жонидан ортиқ суяр. Ҳатто бу ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор. Инсон қалбида миллат, Ватан, аждодлар руҳи олдидаги бурч ва туйғулар қанчалик чуқур жой олган бўлса, маҳдудлик ўрнига миллий ғоялар вужудга келади. Мана шундай фазилатларга эга инсонларда курашчанлик, ташаббускорлик, ўз-ўзини англаш, миллат, Ватан шаъни ва манфаатини ҳимоя қилишдек муқаддас туйғулар шаклланади. Агар бир ҳайвон ўз ватанидан – уюридан айирилса, ўз еридаги каби роҳатда яшамас, маишати талх бўлуб, ҳap вақт дилининг бир гўшасида ўз ватанининг муҳаббати турар”[2].

Ватанпарварлик туйғуси, аввало, инсонда юртга нисбатан ички ва ташқи хавфларнинг олдини олишда мустаҳкам иммунитет шаклланишига хизмат қилади. Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги учун курашда ташаббускор бўлиш, тинчликни кўз қорачиғидек асраш, унга фидойилик билан хизмат қилишга ундайди. Инсон қалбида миллат, Ватан, аждодлар руҳи олдидаги бурч ва туйғулар қанчалик чуқур жой олган бўлса, маҳдудлик ўрнига миллий ғоялар вужудга келади. Мана шундай фазилатларга эга инсонларда курашчанлик, ташаббускорлик, ўз-ўзини англаш, миллат, Ватан шаъни ва манфаатини ҳимоя қилишдек муқаддас туйғулар шаклланади.

Ҳозирги кунда ҳам ёшларимизнинг аждодларимизга муносиб ворис бўлишида уларнинг ватанпарвар сифатида тарбияланиши муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича узлуксиз олиб бориладиган ишлар биз учун долзарб аҳамиятга эгадир. Ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади”[3].

Дарҳақиқат, ёшлар маънавияти, дунёқараши, эътиқодига алоқадор кўникмалар мажмуи асосан оила, маҳалла ва таълим муассасалари муҳитида шаклланади. Бу ўринда тарбия жараёни иштирокчилари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлиги ёшларни маънавий баркамол, ватанпарвар қилиб тарбиялаш учун кенг жамоатчилик фаолиятини мувофиқлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ёшларда халқ ва юрт тақдири учун фидоийлик, ватанпарварлик туйғусини шакллантириш муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда миллий армиямиз жанговар руҳини янада кўтариш ҳам муҳим масалалардан биридир. Бу борада ҳам бир талай ишлар амалга оширилди. Шу мақсадда мамлакатимизда “Темур тузуклари билимдони”, “Жалолиддин издошлари” ҳарбий ватанпарварлик лойиҳалари ташкил қилиб борилмоқда. Мазкур лойиҳалар ҳам бевосита аждодлар меросидан сув ичган ва уларнинг негизида шаклланган. Ҳолбуки, ёшларни ватанпарварлик асосида тарбиялашда тарихий илдиз ва ўзлигимизни англашимизнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг мақсади ёшларда жамиятнинг турли тармоқлари, айниқса, ҳарбий соҳа билан алоқадор бўлган давлат хизмати турларида фаоллик кўрсатиш, тинч ва ҳарбий шароитда ҳарбий бурчга садоқатли бўлиш, уларда ўз юрти ва халқи тақдири учун юксак масъулият ҳамда жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни шакллантиришдан иборатдир.

Бугунги кунда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда китобхонлик муҳим аҳамиятга эга. Уни шакллан тиришда жадид боболаримиз меросига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Жадидлар” ва “Алломалар” рукни остида оммабоп рисолалар, автобиографик қўлланмалар, фалсафий-қомусий адабиёт ва жадидлар қаламига мансуб дурдона асарлар қайта-қайта нашр этилмоқда. Ахборот-ресурс марказлари жадид намояндалари асарлари билан бойитилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда маърифатпарварлик ғояларини илгари сураётган эзгу ҳаракатларнинг оммалашувига қаратилган[4].

Хулоса қилганда, ёшларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ва уни юксак даражага кўтариш мамлакатимиз келажагини белгилаб берувчи омиллардан биридир. Бу борада Янги Ўзбекистонда бир талай ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар, алломалар илмий меросини ўрганиш ва уни халқимизга етказиш бўйича амалга оширилган ишлар, шунингдек, ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш ва уни кенг тарғиб қилиш борасида кўрилган чора-тадбирлар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, армиямизда хизмат қилаётган ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, уларни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасида ҳам тегишли ишлар бажарилди. Шу ва бошқа омиллар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

[1] https://www.bukhari.uz/?p=15446
[2] https://oyina.uz/kiril/article/2415
[3] Мирзиёев Ш.М. Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир // Халқ сўзи. 247 (6741)-сони. – 2017. 7 декабрь.
[4] http://uzbekistan-geneva.ch/azhdodlar-merosi-yangi-vzbekistonning-tara%D2%9B%D2%9Biiot-strategiyasi-va.html
Жонибек Жумаев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА УНИНГ АҲАМИЯТИ

Диний бағрикенглик – турли динга эътиқод қилувчи шахслар ва жамоаларнинг тинч-тотув ҳаёт кечириши, ҳамкорликда яшаши …