Инсон табиатан – ижтимоий мавжудот. У бошқалар билан мулоқотсиз, ёлғиз ҳолда яшай олмайди. Инсон ҳаётидаги энг табиий ва муқаддас алоқалардан бири – бу қариндошлик риштасидир. У одамларни бир-бирига боғлайди, бир оила ва жамият аъзолари сифатида бирлаштиради. Қариндошлик инсон ҳаётида шахсий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан беқиёс аҳамият касб этади.
Ислом таълимотида қариндошлик муносабатларини сақлаш ва мустаҳкамлаш “силаи раҳм” деб аталади. У динимизда юксак даражада қадрланадиган ибодатлардан ҳисобланади.
Силаи раҳм тушунчаси ва мазмунига қисқача тўхталадиган бўлсак, араб тилидан олинган бу атама “сила” (“боғламоқ”) ва “раҳм” (“қариндошлик”) сўзларининг бирикмасидир. Демак, силаи раҳм – қариндошлик алоқаларини боғлаш, яқинлар билан муносабатларни барқарор тутиш, дегани.
Бу амал фақат диний ҳукм бўлиб қолмай, жамиятда ҳам меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва масъулиятни кучайтиради.
Қуръони каримда қариндошларга яхшилик қилиш амри бир неча бор таъкидланган. Нисо сурасининг 36-оятида бундай дейилган:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى
“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошларга ҳам!”.
Шунингдек, Бақара сурасининг 215-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ
“Сиздан (эй Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир””.
Мазкур оятда эҳсон-нафақага лойиқ инсонлар орасида бекорга биринчи бўлиб ота-она зикр қилинаётгани йўқ. Инсон табиати шуни тақозо қилади. Ўзидан кейинги биринчи ҳақдор ота-онаси бўлади. Ота-онасини муҳтож ҳолда қолдириб қўйиб, улардан бошқага нафақа қилишдан нима маъни ҳам бўларди. Шунингдек, қариндош-уруғлар ҳақдорлик жиҳатидан бошқа (бегона)лардан устундир ва ҳоказо. Бу оятларда қариндошларга яхшилик қилиш ибодат даражасига кўтарилган амал экани аниқ баён қилинган.
Ҳадисларда ҳам силаи раҳмнинг фазилати алоҳида таъкидланган. Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад” асарида бундай ривоят қилинади:
“Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Кимга яхшилик қилай?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга, улардан кейинги яқинларингга яхшилик қилгин. Бу силаи раҳмдир”, дедилар.”
Ушбу ҳадисда яхшиликни кимдан бошлаш лозимлиги, қандай тартибда давом этиш кераклиги баён қилинмоқда. Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон ота-она, ака-ука, опа-сингил ва бошқа қариндошлар билан силаи раҳмни мустаҳкамлаши, уларга яхшилик қилиши, муҳтож бўлса, моддий ёрдам бериши ва ҳожатини раво қилиши лозим экан.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким ризқининг кенг, умрининг узун бўлишини хоҳласа, қариндошлари билан ришталарни боғласин”.
Бу ҳадислардан кўриниб турибдики, қариндошлик алоқаларини яхшилаш орқали инсон ҳаёти баракали ва фаровон бўларкан, ижтимоий муҳит соғломлашар экан.
Ижтимоий ва маънавий аҳамияти. Силаи раҳм фақат диний ибодат эмас, балки жамият барқарорлиги ва инсонлараро муносабатларнинг пойдевори ҳисобланади. Унинг аҳамиятини қуйидаги йўналишларда кўриш мумкин:
- Маънан қўллаб-қувватлаш. Қариндошлар бир-бирини қийин дамларда руҳан қўллаб-қувватлайди, шодлик ва қайғуда шерик бўлади. Бу омиллар инсонда ишонч, бағрикенглик ва меҳр туйғуларини мустаҳкамлайди.
- Моддий ёрдам. Ўзига тўқ инсоннинг муҳтож қариндошига ёрдам бериши – ислом ахлоқининг ажралмас қисми. Пул, озиқ-овқат, кийим-кечак ё бошқа эҳтиёжларда кўмаклашиш қариндошлик алоқаларини янада мустаҳкам қилади.
- Таълим ва тарбияда кўмак. Қариндошлар ёш авлоднинг таълим-тарбиясига бефарқ бўлмаслиги лозим. Улар ўқиш, моддий қўллаб-қувватлаш, маслаҳат ва руҳий ёрдам орқали ёшларнинг камол топишига ҳисса қўшиши мумкин.
- Жамиятда бирдамликни таъминлаш. Қариндошлик муносабатлари мустаҳкам бўлган жамиятда ижтимоий барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва ишонч муҳити вужудга келади. Бундай муҳитда оилавий қадриятлар сақланади ва ёш авлодга ибрат бўлади.
Силаи раҳмнинг фазилатлари. Ислом уламолари силаи раҳмнинг бир нечта улуғ фазилати борлигини таъкидлаган:
- Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш;
- Унинг раҳматига сазовор бўлиш;
- Умрнинг узоқ ва баракали бўлиши;
- Ризқнинг кенгайиши;
- Мўминлар ва фаришталарнинг хурсанд бўлиши;
- Иблиснинг ғамга тушиши.
Бинобарин, силаи раҳм нафақат дунёвий, балки ухровий (охират) манфаатга ҳам эга амалдир.
Қариндошлик ришталарини узишнинг салбий оқибатлари. Ҳадисларда бу оғир гуноҳ сифатида зикр қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди”.
Бошқа бир ҳадисда “Қариндошлик риштасини узувчи кишиси бўлган жамоага Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлмайди” деб марҳамат қилинган.
Қариндошлик ришталари узилса, оила ва жамиятда қадриятлар заифлашади, меҳр-оқибат, ишонч ва ҳурмат сўниб, ахлоқсизлик, беҳурматлик, бефарқлик ва тарқоқлик кучаяди.
Хулоса қилиб айтганда, қариндошлик ришталари – инсон ҳаётининг маънавий таянчи ва жамият барқарорлигининг асосидир. У орқали меҳр-оқибат, инсонпарварлик, ҳамжиҳатлик ва жипслик руҳи мустаҳкамланади.
Силаи раҳм динимиздаги гўзал фазилатлардан бўлиб, Аллоҳ таолонинг розилигини қозонишга, умрнинг узайиши ва баракали бўлишига, жамиятда соғлом муҳит вужудга келишига олиб боради.
Шу боис ҳар бир инсон қариндошлари билан ришталарни маҳкам тутиши, ҳолидан хабар олиб туриши ва имкон даражасида ёрдам кўрсатиши зарур.
Аллоҳ таоло барчамизни қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаган меҳр-оқибатли бандаларидан қилсин.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






