Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК ДИНИ

ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК ДИНИ

Қуръони карим бизга қадимда яшаб ўтган умматлар ва уларнинг ҳолати ҳақида хабар берган. Улар Аллоҳ таоло томонидан ато этилган тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётда яшаган. Сўнгра Парвардигори берган неъматларга ношукрлик қилиб, турли хил азобга дучор бўлган. Яъни, бошларига келган азобга ўзларининг ношукрлиги ва кофирлиги сабаб бўлган.

Қуръони каримдаги Нуҳ алайҳиссаломдан саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган пайғамбарлар тарихини диққат билан ўрганадиган бўлсак, улар ўз қавмини тинч-тотув яшашга даъват этганига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таоло ўз каломида:

 ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ﴾

“Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”[1], деб марҳамат қилган. Бу оятда Аллоҳ таоло инсонлардан тинч-тотув яшашни ва шайтоннинг изидан эргашмасликни талаб этмоқда.

Исломда тинчлик ҳақида турли хил маълумотлар келган. Албатта, диний матнларнинг асосий мақсади маданиятни ривожлантириш ва бунёдкорликка асос солишдир. Барча пайғамбарларнинг даъватлари мана шунга асосланган эди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ҳам тарқалиб кетган қабилаларни бирлаштириш ва ўзаро қон тўкишдан сақлашга қаратилган эди. Демак, ҳақиқий тинчлик – инсоннинг тинч ва хотиржам яшайдиган ҳаётидир.

Бу илоҳий пайғамбарликлар жамиятдаги одамлар орасида тарқалган қўполлик, шафқатсизлик ва душманлик ўрнига инсоний биродарлик ва тинчлик тушунчаларини кенг ёйган. Барча динлар инсонни жаҳолат зулматидан қутқариш, қалбини имон нури ва хотиржамлик билан тўлдириш учун хизмат қилади. Одамларни ислоҳ қилиш ва танлаган йўлини тўғрилашда диннинг катта таъсири мавжуд. Ислом дини тинчликка даъват қилган ва уни мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. Чунки барча динларнинг асл мақсади уларга эргашувчилар бирдамлиги ва тинчлиги бўлган.

Ислом тарихи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганларнинг баъзиси тўғри йўлдан бурилгани ҳақида хабар беради. Хаворижлар тўғри йўлдан озиб, мусулмонлар қонини тўкиш, шафқатсизлик, динда чуқур кетиш ва ўзига эргашмаганларга қарши уруш қилишга даъват этган. Бу иши билан мусулмонлар тинчлигига раҳна солган. Ваҳоланки, исломнинг асосий таълимоти тинчликка чақириш бўлган.

Жамиятда тинчликнинг асосий натижаларидан бири одамлар тасаввури ва эътиқодлари турлича бўлишига қарамасдан тинч-тотув яшашидир. Улар турли хил фитналардан узоқ бўлган ҳолда ўзаро ишонч ва хотиржамликда ҳаёт кечиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ислом уммати учун намуна бўладиган нарсаларни қолдириб кетганлар. Чунки муҳожир ва ансорларни бир-бирига биродар қилиб қўйишга шошилганлар. Мадина яҳудийларига тинч-тотув яшаши учун кафил бўладиган мактуб ёзиб берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия куни мусулмонлар билан қурайшликлар орасидаги уруш оловини ўчиришга шошилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тинчликни сақлаб қолиш учун қурайшликлар билан сулҳ тузганлар.

Шайх Абдуллоҳ ибн Байя бундай дейди: “Тинчликсиз ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ. Чунки тинчлигини йўқотган одам ўз ҳаётида ҳақли бўлган барча ҳуқуқларини йўқотувчидир. Тинчлик барча ҳуқуқларга тегишли бўлган энг аввалги ҳақ ва энг олий мақсаддир. Ҳаётим давомида тинчликдан кўра олийроқ бирор мақсад йўқ деган хулосага келдим”. Бу сўз Ер юзида тинчликнинг нақадар аҳамиятли эканини англатади.

Демак, инсоннинг ҳуқуқларига риоя қилиши учун тинчлик дастлабки қадам эканлиги аниқдир. Чунки инсон тинчлик ва барқарорлик бўлмаган жойда ҳуқуқлари қийматини ҳам, таъмини ҳам тотмайди. Исломда тинчлик Аллоҳ таоло томонидан одамлар учун берилган улкан неъмат эканлиги таъкидланган. Бу неъмат эвазига Аллоҳга шукр қилиш ва ношукрлик қилмаслик талаб этилган.

Тарихий манбалар тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурган мусулмон жамиятларида мусулмон бўлмаганлар ҳуқуқлари таъминланганига гувоҳлик беради. Бунга жуда кўп мисоллар бор. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Байтул Мақдисда яшайдиганларга омонлик берган ва уларнинг ҳуқуқларини сақлашга кафил бўлган.

Бу ҳақида келган мисоллардан яна бири: “Мўминлар амири Абдуллоҳ ибн Умарнинг Илё аҳлига омонлик берганидир. У киши уларнинг жони ва молига, ибодатхоналарига, касал ва соғлом кишиларига, яъни у ерда яшайдиган барчага омонлик берган. Уларнинг ибодатхоналари бузилмаган ва зарар етказилмаган. Молларидан бирор нарсага тегинилмаган. Улар ўз динидан қайтишга мажбурланмаган ва бирортасига зарар берилмаган”.

Ислом динининг бағрикенглигини биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий намуналари орқали англаймиз. Зеро, пайғамбарликнинг асосий мақсади ва вазифаси одамларнинг бу дунёдаги ҳаётини енгиллаштириб, охиратда эса абадий роҳат маконидан ўрин олишига ёрдам беришдир. Динимиз асоси – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бағрикенгликка тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида ўзга дин вакилларига ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишни тарғиб қилганлар.

Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Нажрон вакиллари Абулҳорис бошчилигида Мадинага элчи бўлиб келган. Абулҳорис бошлиқ элчилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирган. Улар ушбу ташриф давомида ўз расмий диний либосини кийиб, Пайғамбар алайҳиссалом билан масжидда учрашган. Учрашув якунлангандан сўнг, у зотдан ибодатларини адо этиш учун рухсат сўрашган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мадина масжидида бунинг учун шароит яратиб берганлар. Шундай қилиб, улар мусулмонлар масжидида Байтул Мақдисга йўналган ҳолда ибодатини адо қилган. Бу тарихий воқеани ҳар бир мусулмон билиши лозим.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдин бир яҳудийга ўз совутларини гаровга бериб, ундан 30 соъ арпа сотиб олган эканлар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо мана шу воқеани у зотнинг бағрикенглик борасида ўз умматига кўрсатган энг катта таълимлари, деган.

Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний каби юзлаб алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш ва ислом динининг асл моҳиятини одамларга етказишга улкан ҳисса қўшган.

Хусусан, бу каби уламолар исломий бағрикенглик руҳини тарқатиш борасида ҳам катта хизмат қилган. Диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарларида диний бағрикенглик билан боғлик қадриятлар тарғиб қилинган ғояларни кўп учратамиз.

Масалан, буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур Мотуридий ўзининг “Таъвилотул Қуръон” асарида Ҳаж сурасининг 40-ояти тафсирини баён қилган ва унда: “Черков ва синагогаларни (черков – насронийларнинг, синагога – яҳудийларнинг ибодатхонаси) вайрон қилиш ман этилади. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир”, деб келтирган. Шунинг учун ҳам ўн тўрт аср мусулмонлар ҳукмрон бўлиб яшаган юртларда черков ва синагогалар бугунги кунгача сақланиб қолган.

Самарқандлик улуғ фақиҳ, буюк муфассир Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ “Баҳрул улум” деган тафсирида ҳам Мумтаҳана сурасининг 8-9-оятларини шарҳлаб, бундай ёзган: “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинглар, чунки Аллоҳ таоло ўша оятларда: “Сизлар билан дин борасида уришмаганларга яхшилик қилишингизда, уларга адолат қилишингизда ҳеч қандай монелик йўқ”, деб марҳамат қилган.

Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” деб номланган тафсирида мазкур оятга: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинглар, уларга сўзда ҳам, амалда ҳам яхшилик қилинглар”, деб шарҳ берган.

Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ “Ҳидоя” асарида мусулмонлар диёрида черков ва ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, уларни яна қайта тиклаш жоизлигини алоҳида айтиб ўтган.

Қолаверса, юқорида келтирилган маълумотлардан қуйидагича хулоса қилишимиз мумкин:

  • Исломда жамият барқарорлиги ва ривожланиши учун тинчлик асос экани таъкидланган. Балки тинчликка бўлган эҳтиёж таом ва малҳамга бўлган эҳтиёждан кўра муҳимроқдир.
  • Тинчликнинг мустаҳкамлиги одамлар орасидаги меҳр-оқибат, ўзаро ишонч, жамиятда адолатнинг таъминланганлигига боғлиқдир.
  • Жамиятда тинчликни мустаҳкамлашдан асосий мақсад инсон ҳуқуқларини сақлаш ва унга илоҳий омонатни адо этишга имкон беришдир.
  • Кўпинча диний таълимотдан узоқлашиш фикрнинг бузилишига олиб келади ва жамиятда фитна тарқалишига сабабчи бўлади.
  • Исломда тинчликни сақлаш ва уни мустаҳкамлашга катта эътибор берилган. Чунки жамиятда тинчликнинг ҳукм суриши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради.
  • Тарихий манбалар тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурган мусулмон жамиятларида ўзга дин вакилларининг ҳуқуқлари таъминланганига гувоҳлик беради.
  • Ислом дини бағрикенглигини биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий намуналари орқали тўла англаймиз. Зеро, динимиз асоси – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бағрикенгликка тарғиб қилинган.
  • Юртимиздан етишиб чиққан алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш ва ислом дини асл моҳиятини одамларга етказишга улкан ҳисса қўшган. Хусусан, бу каби уламолар исломий бағрикенглик руҳини тарқатишда ҳам катта хизмат қилган.
  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида мусулмон бўлмаганлар билан ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишни тарғиб қилганлар.
  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдин бир яҳудийга ўз совутларини гаровга бериб, ундан 30 соъ арпа сотиб олганлар. Ушбу воқеа у зотнинг бағрикенглик борасида ўз умматига кўрсатган энг катта намуналаридан биридир.
[1] Бақара сураси, 208-оят.
Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

БАҒРИКЕНГЛИК – ДИНЛАР ВА МИЛЛАТЛАРНИ БИРДАМЛАШТИРУВЧИ МУҲИМ ОМИЛ

Инсониятнинг ижтимоий ҳаётида бағрикенглик, сабр-тоқат ва инсоний фазилатлар муҳим ўрин тутади. Жаҳон динлари, айниқса, ислом …