Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМ ДИНИДА БАҒРИКЕНГЛИК ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ БИЛАН МУНОСАБАТ

ИСЛОМ ДИНИДА БАҒРИКЕНГЛИК ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ БИЛАН МУНОСАБАТ

Дунёдаги барча динлар эзгулик ғояларига асосланган ва одамзодни яхшилик, тинчлик, ўзаро ҳамкорлик ва дўстликка даъват этади. Ислом дини бу борада энг етакчи дин десак, янглишмаймиз. Динимизда тинчлик ва бағрикенгликка катта эътибор берилган бўлиб, бу ҳар бир мусулмон имон-эътиқодининг ажралмас қисмидир.

Мусулмон кишининг бошқа дин вакиллари билан муносабати Қуръони карим таълимоти ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннат ва сийратларида ўз аксини топган. Мусулмон инсон пайғамбарларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларга бирдек имон келтириши, улардан бирортасини инкор қилмаслиги лозим.

“Айтинглар: “Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Асботларга[1] туширилган нарсага, Мусо ва Исога берилган нарсага ва Набийларга Роббиларидан берилган нарсага имон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз”[2].

Ушбу ояти каримада келган буйруққа биноан, ҳар бир мусулмон киши Аллоҳ юборган ҳамма пайғамбарларни сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини тасдиқ этгандек тасдиқ этиши, Яратган зот туширган илоҳий китобларга Қуръони каримга имон келтиргандек имон келтириши лозим. Агар улардан бирортасига имон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса, мусулмонлиги қолмайди. Демак, бағрикенглик, аввало, динимиз асоси бўлган имонда ўз ифодасини топган.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Мумтаҳана сураси 8-оятида: “Дин тўғрисида сизлар билан уришмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, деб мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакиллари билан яхши муносабатда бўлишга буюрмоқда. Ушбу ҳукм исломнинг нақадар инсонпарвар ва бағрикенг дин эканига ёрқин далилдир. Бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни ман қилмайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам бошқа дин вакиллари билан муомала одоби ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган: “Ушбу ояти карималарга биноан ҳар бир мусулмон одам Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳамма набийларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтиргандек имон келтириши, Аллоҳ таоло томонидан туширилган китобларга Қуръони каримга имон келтиргандек имон келтириши лозим. Агар улардан бирортасига имон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса, мусулмонлиги қолмайди.

Мусулмон киши бошқа динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслиги керак, улар билан яхши муомалада бўлиши, муносиб алоқалар ўрнатиши мумкин”[3].

Ислом таълимотида мусулмонлар бошқа дин вакиллари билан тинч ва ўзаро ҳурмат асосида яшашга буюрилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам насронийларга ибодат қилиш учун жой берганлар. У зот ҳеч қачон бошқа динларни ҳақорат қилмаганлар. Ўз умматини ҳам бошқа диндагиларга бағрикенг бўлишни буюрганлар.

Халқ арбоби, буюк мутафаккир Абдурауф Фитрат ҳам бағрикенглик ҳақида бундай деган: “Ҳеч шубҳа йўқки, одамлар ҳар хил дин ва мазҳабдан, ҳар хил қабила ва миллатдан бўлсалар ҳам, бир отанинг ва ягона жинснинг фарзанди, бошқача қилиб айтганда, бир-бирларининг ака-укаларидир. Шундай экан, улар ўзаро умумий биродарликни юзага келтиришлари керак”[4].

“Бағрикенглик – дунёдаги турли бой маданиятларни, ўзини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот, ҳурфикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик – турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик – тинчликка эришишни таъминловчи ва уруш деб номланган маданиятсизликдан тинчлик деб номланган маданиятга элтувчи йўлдир”[5].

Шу боисдан бу муборак заминда аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат назари билан қараган. Чунки юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, миллатлараро тотувлик, сабр-тоқат ва бағрикенглик ислом дини тамойилларидан бири бўлиб, мамлакат ривожи учун ҳам зарур омиллардан ҳисобланган. Шу нуқтаи назардан қараганда, конфессиялараро муносабатлар ва уларнинг моҳияти жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатлар характерини ва жамият тараққиётини белгилаб берувчи омил сифатида намоён бўлади.

Тарихга назар ташласак, Ўзбекистон ҳудудида қадим даврлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи аҳоли ўзаро бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тамойилларига риоя қилган ҳолда яшаганига гувоҳ бўламиз. Бу заминдаги турли миллат, дин ва маданият вакиллари дўстлик, ўзаро ҳурмат, иттифоқлик тамойиллари асосида умргузаронлик қилган. Бу анъана ҳозир ҳам давом этмоқда. Бағрикенглик – тинчлик, тотувлик ва тараққиёт асосидир.

Хулоса қилиб айтганда, бошқа дин вакиллари билан бағрикенглик тамойиллари асосида муомала қилиш динимиз буйруғидир. Бошқа дин вакиллари билан муомала, энг аввало, инсоннинг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асосида шаклланган фаол муносабат – бағрикенгликка асосланган бўлмоғи керак. Бағрикенглик эса, ақидапарастликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир. Ўсиб келаётган ёш авлодни миллатлараро ва динлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик руҳи асосида мард, жасур, менталитетимизга ёт бўлган зарарли таъсир ва оқимларга қарши тура оладиган қилиб, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш барчамиз учун муқаддас бурчдир.

[1] “Асбот” сўзи “сибт”нинг кўплиги, “сибт” эса, набира маъносини билдиради. Қуръони Каримда зикри келган “асботлар”дан мурод – Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки нафар ўғлидан тарқалган зурриётлари. Демак, мусулмонлар Яъқуб алайҳиссалом зурриётларидан чиққан пайғамбарларга ҳам иймон келтиришлари лозим.
[2] Бақара сураси, 136-оят.
[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ижтимоий одоблар. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2024. – Б. 165.
[4] Терроризм – жаҳолат ўчоғи. Методик-библиографик қўлланма.  –Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, 2003. – Б. 4.
[5] Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси. – Т., 2002. – Б. 9.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК – ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ

Тарихдан маълумки, юртимизда ҳамиша ижтимоий ҳамкорлик руҳи ва бағрикенгликни тарғиб этувчи қадриятлар устувор бўлиб келган. …