Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Маълумот кўпайса, маърифат талаби ҳам ортaди

Маълумот кўпайса, маърифат талаби ҳам ортaди

Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний номидаги Нукус ўрта-махсус ислом билим юртида ёшлар онгида соғлом дунёқарашни мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди. Учрашув “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида бўлиб, унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Ж.Жумаев, А.Мамадалиев ва Б.Маҳмудов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши масъул ходимлари, шунингдек, билим юрти ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Учрашувни билим юрти мудири Ж.Абдиразаков очаркан, замонавий ахборот оқимидаги турфа маълумотларни бир-биридан фарқлай олиш кўникмаси ҳар бир ёш учун стратегик аҳамиятга айланиб бораётганини қайд этди. Зеро, бугунги шароитда маълумотнинг кўплиги эмас, балки уни тўғри баҳолай билиш, моҳиятини англаб етиш, саралаш, таҳлил қилиш муҳим ҳисобланади.

Нотиқлар диний экстремизм ва радикализмнинг бугунги кўринишлари, ахборот манипуляцияси механизмлари, ёт ғоялар тарқатувчиларнинг психологик усуллари ҳақида фикр юритар экан, бағрикенглик тамойиллари — танқидий фикр билан бирга бошқаларни ўқитишга, тинглашга, мулоқот қилишга тайёр бўлиш хусусияти эканини ҳам таъкидладилар. Миллий ғурурни сақлаган ҳолда бошқалар фикрини ҳам англай олиш, бунёдкор йўлни танлай олиш — маънавий баркамолликнинг муҳим белгиси сифатида қайд этилди.

Суҳбатдан сўнг меҳмонлар билим юртида ташкил этилган “Ёт ғояларга қарши курашиш амалиёт хонаси”нинг фаолияти билан танишди. Шу йўналишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, илмий-таҳлил материаллари, махсус ўқув қўлланмалари ва тарқатма маълумотлар ўрганиладиган мазкур масканда мутахассислик фани ўқитувчилари билан амалий мулоқот ўтказилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«САМАРҚАНД РУҲИ» – ИНСОНИЯТ ЯНГИ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МЕЗОНИ

Ҳар куни йўл-йўлакай кимлар учрамайди, дейсиз. Айримлар олдидан қора мушук – янги бўлганини эслайди-да, хафсаласи …