Тарихдан маълумки, юртимизда ҳамиша ижтимоий ҳамкорлик руҳи ва бағрикенгликни тарғиб этувчи қадриятлар устувор бўлиб келган. Бағрикенглик тушунчаси турли эътиқоддаги дин вакилларининг бир диёрда ҳаёт кечиришига, миллати ва динидан қатъий назар уларнинг чин инсоний фазилатларга хос муомалада бўлиши тушунилади. Бу эса, ўз навбатида, юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилиб келмоқда.
Диний бағрикенглик турли дин вакиллари билан ўзаро тинч-тотув яшашни англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини билиши лозим. Юртимизда оқилона диний бағрикенглик сиёсати олиб борилмоқда. Шу сабабли мамлакатимизда ислом дини билан бир қаторда, 16 диний конфессияга мансуб ташкилотлар эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатъи назар, барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган. Юртимизга ташриф буюраётган турли миллат вакиллари буни ўз кўзи билан кўриб, амин бўлмоқда.
Ислом дини ҳам илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлган. Мурувватлилик, очиқ юзлилик, бошқа дин вакиллари билан чиройли муомалада бўлиш ва уларга эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор қаратган. Бу хусусда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй мўминлар), сизлар Аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилинглар…”[1]. Мазкур оятда Аллоҳ таоло бошқа дин вакиллари билан чиройли услубда муомала қилишга буюрмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг муносабатда бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмасдан, биз инсонларни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилганлар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб: “Ким аҳдлашган бошқа дин вакилини ўлдирса, жаннат ҳидини ҳам ҳидламайди. Ваҳоланки, жаннатнинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради”, деганлар. Мусулмонларнинг асрлар оша ўзга дин вакилларига нисбатан бағрикенг муносабатда бўлишига асосий сабаб, илоҳий таълимотга оғишмасдан амал қилганидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларга хитоб қилиб бундай марҳамат қилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор зотдир”[2].
Исломда кечиримли бўлиш, бағрикенглик мақталган хислатлардандир. Аллоҳ таоло Пайғамбари ва мўъмин – мусулмон бандаларга шу сифатлар билан зийнатланишликка амр этган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”[3]. Афвни (қабул қилиб) олинг. Афв этиш бирор кишининг айб, ёмон ишларини кечириш, айбдорга нисбатан жазо лойиқ бўлса ҳам, уни лутф ила жазоламаслик. Кечиримли ва сабрли бўлиш динимизнинг асосий тамойилларидан биридир. Уламоларимиз “Афв” сўзини “бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш” дея изоҳлаган. Имом Табарий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан ушбу оятни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқда-ки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” деб шарҳлаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бу фазилатларнинг барчаси мужассам, сўзлари ва феълларида ҳам бу хулқ ила зийнатланган эдилар, бошқаларни ҳам кечиримли бўлишга ундардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кофирларни ислом динини қабул қилишга қизиқтирсалар-да, аммо уларни бунга ҳеч қачон мажбур қилмаганлар. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал ахлоқлари ва бағрикенгликлари уларнинг исломга киришига сабаб бўлган. Бу эса, у зотнинг хушмуомалаликлари, мулойим ва раҳмдилликларининг шарофатидир. У зот: “Одамларга раҳм қилмаганга Аллоҳ раҳм қилмайди”, деганлар. Бу ерда фақат мусулмонларга эмас, балки бутун инсониятга раҳм – шафқатли бўлишга чақирилмоқда.
Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида: “Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи асос – инсонийликдир”[4], деган фикрларидан ҳам раҳмдиллик, кечиримлилик, нақадар улуғ фазилат эканини англаш мумкин.
Демак, миллий қадриятлар ва ислом дини одамларни доимо бағрикенг ҳамда кечиримли бўлишга чорлайди. Зеро, жамият турли ижтимоий қатламлардан иборат бўлган ҳозирги даврда бағрикенгликнинг ўзаро ҳурмат ва энг юксак инсоний қадриятларга асосланиши жамиятда тотувлик ва ҳамжиҳатлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






