Бағрикенглик, энг аввало, инсоннинг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асосида шаклланган фаол муносабатдир. Бағрикенглик ҳеч қандай вазиятда ана шу асосий қадриятларга тажовузларнинг баҳонаси бўлиб хизмат қилмайди. Бағрикенгликни алоҳида шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим.
Сўнгги йилларда Мьянмадаги мусулмонларга тажовузлар[1], Ҳиндистондаги Бобур масжидининг бузилиши[2], Шри-Ланка ва Африканинг айрим давлатларида юз бераётган диний низолар булар сингари кўплаб бошқа аянчли воқеалар ушбу муаммо дунё миқёсидаги ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалардан бири эканини кўрсатди. Диний бағрикенгликни таъминлаш, турли динлар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат руҳини қарор топтириш 130 дан ортиқ миллат ва элат яшайдиган Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мустақиллик йилларида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди ва ижобий натижаларга эришилди. Шу сабабдан диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган тадбирлар ва уларнинг натижалари ҳақида маълумот бериш муҳим аҳамиятга эгадир.
Мустақиллик йилларида дастлаб юртимизда яшаётган турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг қонуний асослари яратилди. Мазкур тамойиллар Ўзбекистон Конституциясида белгилаб қўйилди. Жумладан, Бош қонунимиз 4-моддасида Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг равнақи учун шароит яратиши кўрсатилган бўлса, 18-моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди[3].
Ўтган даврда ҳукумат томонидан диний муносабатларни тартибга солиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш жараёни фаол давом эттирилди. Жумладан, 1990-2005 йилгача бўлган даврда диний соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 та фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 48 та қарори қабул қилинди[4]. Амалга оширилган мазкур тадбирлар диний соҳа фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бу йўналишдаги ислоҳотлар 2016 йилдан янги босқичга кўтарилди. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшнилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида ўрин берилди[5].
Бу борадаги тадбирларни халқаро миқёсда ҳал этиш бўйича ҳам ҳукумат томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус асосида мазкур ташкилотнинг олий органи 2018 йилнинг 12 декабрь ойида ўтказган ялпи мажлисда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди[6].
Бу пайтга келиб диний — маърифий соҳа фаолиятини янги босқичга кўтариш давр тақозосига айланди. Шу сабабдан, мазкур соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича бир қанча тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Мазкур Фармон Ўзбекистонда диний таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, бошланғич босқичдан олий ва ундан кейинги диний таълимгача жараёнларни қамраб олди[7].
Бундан ташқари, Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарорга мувофиқ Қўмита ҳузурида фаолият юритадиган жамоатчилик-маслаҳат органи ҳисобланган Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди. Кенгаш таркиби 9 тадан 17 та аъзога – Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари ҳисобига кенгайтирилди[8].
Мазкур даврда қорилар мусобақаси ўтказиш ишлари ҳам йўлга қўйилди. Жумладан, 2018 йилнинг январь-апрель ойларида Республика миқёсида бир неча босқичдан иборат (туман, шаҳар, вилоят, республика) Қуръони карим тиловати бўйича қорилар очиқ мусобақаси ташкил этилиб, унда 5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. Шу билан бирга, мазкур даврда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди, вилоятларда эса калом, ҳадис, фиқҳ, ақида илми ва тасаввуфни ўрганишга ихтисослашган бешта илмий мактаб очилди[9].
Бундан ташқари, мамлакатда экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқилди. Бунда асосий эътибор аҳоли ўртасида профилактика ва тушунтириш ишларига қаратилди. Ушбу соҳада амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар «Жаҳолатга қарши маърифат» деган эзгу ғояга асосланди. 2018 йилнинг сентябр ойида эса террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳларга адашиб аъзо бўлиб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби тасдиқланди[10].
Жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлиги кафолатларини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳисобга олиниб, бу борада ҳам талай ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2019 йил 4-сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди[11]. Мазкур Қарор асосида жамиятда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлиги кафолатларини таъминлашни назарда тутувчи янги тизим жорий этилди. Шу билан бирга, Дин ишлари бўйича қўмита таркибида аёллар билан ишлаш бўлими ташкил этилди. Бу эса ўз навбатида ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларнинг самарали бўлишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Бу пайтда диний маърифий таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Хусусан, Ўзбекистон Ислом академияси ва Тошкент Ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ташкил этилди[12]. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида Академия таркибидаги малака ошириш Маркази ҳудудий филиаллари ташкил этилди. Амалга оширилган мазкур тадбирлар диний таълим ривожида муҳим аҳамият касб этди.
Аждодларимизнинг меросини кенг тарғиб қилиш билан бир қаторда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, инсонпарварлик тамойиллари ҳамда диний-маънавий ҳаётда содир бўлаётган янгиликлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни таъминлаш йўлида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу мақсадда Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳузурида “Зиё” медиа-маркази ташкил этилди[13]. Ушбу марказ бу борадаги янгиликларни оммага тез ва холис етказишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Масжидлар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар ва шу каби бошқа объектларнинг реконструкциясини молиялаштириш, уларни моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда ушбу соҳа ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди[14].
Бу борадаги ишлар кейинги йилларда ҳам амалга оширилди. Жумладан, 2021 йилнинг 5-июл куни янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди[15]. Мазкур Қонунда бир қанча янгиликлар назарда тутилди. Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди[16].
Бундан ташқари, Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди. Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди ва ҳок[17].
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида диний бағрикенгликни, конфессиялараро муносабатларда барқарорликни таъминлаш борасида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён изчил давом этмоқда. Соҳага тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва улар муттасил такомиллаштирилмоқда, мунтазам равишда турли диний ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чоралари кўриляпти. Ўтган даврда юзлаб масжид, черков, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Кейинги йилларда мазкур соҳа ривожи янги босқичга кўтарилди. Бу даврда ислом дини таълимотини чуқур ўрганиш, уни илмий тадқиқ этишга йўналтирилган халқаро илмий тадқиқот марказлари ўз фаолиятини бошлади. Шу ва бошқа омиллар юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг таъминланиши ва уни янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






