Диний бағрикенглик – турли динга эътиқод қилувчи шахслар ва жамоаларнинг тинч-тотув ҳаёт кечириши, ҳамкорликда яшаши ва диний сабабларга кўра тажовузга учрамаслигини таъминловчи муҳим ижтимоий тамойил ҳисобланади.
Ўзбекистон тарихий жиҳатдан турли дин ва маданиятлар учрашган минтақа ҳисобланади. Марказий Осиё ҳудудида ислом асосий дин ҳисобланса-да, христианлик, буддизм ва яҳудийлик ҳам мавжуд бўлган. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар Марказий Осиёда диний бағрикенглик намунаси бўлиб келган. Шу тариқа, турли халқ ва диний жамоалар ўзаро маданий ва диний алоқа қилиш орқали ҳамжамиятда тинчлик муҳитини сақлаб келган.
Мустақилликдан кейин, Ўзбекистонда диний бағрикенгликнинг ҳуқуқий асослари давлатнинг Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (Янги таҳрири)нинг 19-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги ва 35-моддасида эса Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги ва диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг норматив-ҳуқуқий асосларини шакллантириш 1990 йилларда бошланган.
1991 йил 14 июнда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Мазкур Қонун турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар ҳамда диний ташкилотлар, шунингдек дин ва давлат ўртасида янги муносабатларни шакллантиришга қаратилган.
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллиги ўрнатилиши билан боғлиқ сиёсий ҳуқуқларга, шунингдек фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга уйғун равишда фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини белгилаб берган.
Шу билан бирга, Марказий Осиёда радикал, экстремистик ва террористик гуруҳларнинг қонунга хилоф фаолияти жадаллашиши, шу жумладан, уларнинг клерикал давлат тузишга бўлган уринишлари фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқига таҳдидларни юзага келтирди.
Мазкур шароитларда 1998 йил 1 майда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.
2000-йилларда жаҳон тарихида халқаро террористик ташкилотлар аъзолари фаолиятининг ҳаддан ташқари фаоллашуви кузатилди. Мазкур жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Шунга қарамай, виждон эркинлигига нисбатан таҳдидларни бартараф этишга қаратилган чоралар изчил амалга оширилиб, жамиятда барқарорлик муҳити сақлаб қолинди.
2025 йил 25 февралда кўп миллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотувликда яшаш ҳамда изчил тараққий этиш учун зарур барқарор муҳитни таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси” ишлаб чиқилди.
Концепцияда қуйидаги тушунчаларга изоҳ бериб ўтилган.
Виждон эркинлиги – фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқи;
дунёвийлик – виждон эркинлиги, эркин фикрлаш ҳамда Конституция ва қонунларга мувофиқ инсонпарвар қадриятларга, умумжамият манфаатларига асосланган ахлоқ ва хулқ-атворни назарда тутувчи норма
ва қарашлар тизими;
дунёвий давлат – ҳар ким учун виждон эркинлиги, мафкура ва фикрлар хилма-хиллиги кафолатланган, давлат ҳокимияти диний-конфессиявий қарашлар ва институтлардан ажратилган ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда, қарорлар қабул қилишда ва уларни ижро этишда Конституцияга ва қонунларга, умумжамият манфаатларига асосланган тарзда бошқариладиган давлат;
дунёвий қадриятлар – виждон эркинлигига, қонун устуворлигига, мафкура ва фикрлар хилма-хиллигига, динлараро бағрикенглик
ва миллатлараро тотувликка асосланган жамиятдаги умуминсоний принциплар, нормалар ва қарашлар мажмуи;
умумжамият манфаатлари – жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқейидан қатъи назар, ҳар бир шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун олдида тенглигини таъминлаш, биргаликда тинч-тотув яшаш, моддий-маънавий неъматлардан адолатли тарзда фойдаланиш ҳамда тараққий этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасидаги жамиятнинг онгли эҳтиёжлари йиғиндиси.
Концепцияда виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари ва устувор йўналишлари белгилаб қўйилган. Бу концепция нафақат диний соҳани тартибга солиш, балки бутун жамиятда тотувлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган. Жумладан, у демократик, дунёвий ва инсонпарвар давлат қуришга хизмат қилади. Фуқароларнинг эътиқод эркинлигини ҳимоя қилади, тинчлик, тотувлик ва барқарор тараққиётни таъминлайди.
Диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифалари:
- жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, фуқароларнинг эркинлиги қонун олдида тенглигини таъминлаш ҳамда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
- кўп миллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистон халқининг бирлиги ва бирдамлигини, урф-одатларига нисбатан ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш, уларнинг ривожланиши учун тенг шарт-шароитлар яратиш;
- фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш;
- фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш;
- давлат ўзининг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишида конституциявий нормаларга мувофиқ дунёвийликка таяниш;
- конституциявий нормаларга мувофиқ давлат бошқаруви органлари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини дунёвийлик асосида тартибга солиш;
- жамиятда диний бағрикенглик ва қонунийликни қарор топтириш борасида фуқароларнинг фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш.
Диний соҳадаги давлат сиёсатининг аҳамияти катта бўлиб, Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини очиб беради. Диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифаларининг ҳар бири мамлакатда тинчлик, барқарорлик, инсон ҳуқуқлари ва тотувликни таъминлашга қаратилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик амалда таъминланган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида барқарор ривожланиб келмоқда.
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, юртимизнинг жаҳон цивилизацияси бешиги сифатидаги тарихий мақоми ва нуфузини тиклаш бўйича пухта ўйланган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатда 16 та конфессияга мансуб бўлган 2 300 дан ортиқ диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда, 130 дан зиёд миллат ва элатлар вакиллари истиқомат қилмоқда. Давлат томонидан 7 тилда таълим олиш имконияти яратилганлиги, 12 тилда телерадио дастурлар эфирга узатилаётганлиги, 14 тилда газета ва журналлар чоп этилаётганлиги, 157 та миллий-маданий марказ, 38 дўстлик жамият эркин фаолият юритаётганлиги миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг амалдаги намунаси ҳисобланади.
Диний бағрикенгликнинг аҳамияти жуда катта ва кўп қирралидир. Ўзбекистонда бағрикенглик анъаналари азалдан мавжуд бўлиб, бу қадриятни ёш авлод онгига сингдириш — барқарор келажак пойдевори ҳисобланади. У жамиятда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни таъминлайди.
- Тинчлик ва барқарорликни таъминлайди. Агар одамлар турли динларга мансуб бўлса ҳам бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлса, жамиятда низо, адоват ва душманликлар камаяди.
- Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Ҳар бир инсон ўз эътиқодига кўра яшаш ҳуқуқига эга. Диний бағрикенглик шу ҳуқуқни эътироф этади ва уни қўллаб-қувватлайди.
- Ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни кучайтиради. Турли дин ва миллат вакиллари бағрикенг муҳитда бир-биридан ўрганиш, тажриба алмашиш ва биргаликда ривожланиш имкониятига эга бўлади.
- Маънавият ва ахлоқни юксалтиришга хизмат қилади. Бағрикенг инсон бошқаларнинг фикрини ҳурмат қилади, нафратидан эмас, меҳрибонлиги ва инсонийлиги билан йўл тутган бўлади.
- Жаҳон ҳамжамиятида яхши муносабатларни мустаҳкамлайди. Диний бағрикенглик халқаро даражада миллатлар ва давлатлар ўртасида ҳам дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди.
- Ёш авлодни соғлом дунёқараш билан тарбиялайди. Бағрикенг муҳитда ўсган ёшлар нафрат эмас, балки меҳр ва ҳамжиҳатликни қадрлайдиган шахслар бўлиб вояга етади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда диний бағрикенглик фақат ҳуқуқий ёки сиёсий эмас, балки маънавий ва маданий феномен сифатида ҳам жамият барқарорлиги, миллий бирлик ва демократик тараққиётнинг асосий омилига айланган. Турли дин ва конфессиялар ҳамкорлиги мамлакатда ижтимоий барқарорлик ва маданий ривожланишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






