Урганч Давлат университетида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ёшларда соғлом дунёқарашни мустаҳкамлаш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш ҳамда жамиятда маърифат, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик қадриятларини кенг тарғиб этиш мақсадида “Жаҳолатга қарши – маърифат” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, шиддат билан ўзгараётган бугунги ахборот маконида ёшларнинг мустақил фикрлай олиши, ҳар қандай мафкуравий таъсирга муносиб ёндаша оладиган онг иммунитетига эга бўлиши жуда муҳим. Шу боис таълим ва тарбия жараёнида уларга маърифатпарварлик, очиқлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик тамойилларини чуқур сингдириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Мулоқот давомида буюк алломалар меросидаги илмга даъват, ҳалоллик ва инсоф, адолат, тотувлик ва бағрикенгликка оид ғояларнинг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти юзасидан фикрлар билдирилди. Бугунги кунда турли миллатлар ва динлар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда ҳам ушбу мерос ғоят муҳим негиз экани қайд этилди.


Учрашув якунида талабаларга бағрикенглик, тинчликсеварлик, турли фикрларга хушёрона очиқ бўлиш, миллатаро ва динлараро ҳурматни асраш каби қадриятларни ҳаётда қўллаш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






