Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзаро ҳурмат ва ишонч мақсадларни муштарак қилади

Ўзаро ҳурмат ва ишонч мақсадларни муштарак қилади

Тошкент Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига ҳозирлик кўрмоқда. Саммит арафасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – янги давр остонасида” мақоласи эълон қилинди.

Биз ўтган йиллар давомида минтақада кўп эврилишларнинг гувоҳи бўлдик. Ўз даврида Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, “Туркистон – умумий уйимиз”, “Марказий Осиё ҳамкорлиги” ташкилоти ва яна бир қанча тузилмаларга асос солинди. Уларнинг бири негизида иккинчиси пайдо бўлаверди, гўё минтақа ривожланишнинг янги палласига киргандек. Охиргиси Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕврАзЭС) билан бирлашди ва шу билан минтақамиздаги “ташкилотчилик” якунига етди.

Натижа ҳақида эса сўзлашга арзигулик ҳеч гап йўқ. Давлатлар ўртасидаги муносабатлар қандай бўлган эса, шундайлигича қолиб кетаверди. Дейлик, сув-энергетика муаммолари қуролли можаро ҳақидаги гаплар овоза бўлишига қадар кескинлашди. Чегаралар делимитацияси ва демаркацияси борасида ҳам бирор силжиш кузатилмади. Саммитларда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик ҳақида жар солинса-да, бу “ишонч ва манфаатдорлик”нинг аслида қандай эканини йиллар давомидаги ёпиқ чегаралар яққол кўрсатиб турди.

Очиғини айтганда, минтақадаги миллион-миллион халқларнинг ҳаёти ва тақдири давлат тепасида бўлган саноқли шахсларнинг кўнглига, кайфиятига, доим мураккаб бўлиб келган ўзаро муносабатларига, ноодил ва серғараз амбицияларига қарам эди. Ваҳоланки, ҳаммамиз ҳам чегарадошмиз, азал-азалдан борди-келди қилганмиз. Мустақиллик йилларида ҳам эзгу асрий анъаналарга содиқ қолиб, қиз олиб, қиз бердик. Лекин мустақил бўлиб, шу тўйлардан кейин бир-биримизни йўқлашимиз, бир-биримиз билан дийдорлашишимиз ниҳоятда қийинлашиб кетди.

Сув ҳақида гапирадиган бўлсак, “буюк оға”лик отидан тушган бўлса-да, фақат эгарда ўтирганини тан олмайдиган “хайрихоҳ воситачилар” бизга келганда Ўзбекистон томон бўлиб, қўшнимизга борса, унинг тарафига ўтиб, орани бузишдан нарига ўтмади. “Холис таҳлилчилар” бир кун бизни, бир кун қўшнимизни ёқлаб мақола ёзаверди. Бунинг ўйинлиги кўриниб турган бўлса-да, давлат тепасидаги сиёсат одамлари мамлакатлараро муаммоларни шахсий адоватга айлантираверди.

Қўшнилар ўртасидаги муносабатлар ҳақида гап кетганда, “энг ёмони нима?” деб сўрашса, эскилар “тескари қараш”, “кўрмаганга олиш” деб жавоб берган. Халқларимиз бир-бири билан минг йиллар давомида дўстлашиб келган, ўз вақтида бир майизни қирққа бўлиб еган, лекин Марказий Осиё сиёсат майдонида “дона сурувчилар”нинг шахсий муносабатларга асосланган йўли ва қадамлари бу бирдамликни барбод қилган эди ҳисоби.

Мутлақо янги ёндашув Маслаҳат учрашувлари формати йўлга қўйилган 2017 йилдан бошланди. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Президентлар биринчи марта ташқи воситачиларсиз тизимли ва мунтазам мулоқот қилишга киришди. Шу тариқа ишончга, очиқликка, умумий манфаатларни англаш ва қадрлашга асосланган янгича сиёсий тафаккур қарор топди. Шу даврдан бошлаб эскидан қолган бир қатор келишмовчиликларни бартараф этиш ва ишончсизликдан ҳақиқий ҳамкорликка ўтишга эришилди.

Президент мақоласида таъкидланганидек, янги босқичнинг энг муҳим ютуқларидан бири чегара масалалари узил-кесил ҳал этилганидир. Яқин-яқингача имконсиз туюлган бу муаммонинг ечими бугун кундалик воқеликка айланди, ўшанда бизни ажратиб турган чегаралар энди дўстлик ва ҳамкорлик робиталари бўлиб хизмат қиляпти. Мана, айтайлик, 2023 йил сентябрь ойидан бошлаб, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари чегарадан ID-карталар асосида ўтяпти. 10 йил олдин буни тасаввур қилиш эмас, хаёлга ҳам келтира олмас эдик. Ҳозир давлат чегараларининг барчаси ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилган, ўнлаб йиллар давомида кескинлик манбаи бўлиб келган барча масала ва муаммоларга нуқта қўйилган.

Қўшнилик – хавф эмас, балки имконият эканини, бир томоннинг муваффақияти  барчанинг умумий ютуғи бўлишини билардик, лекин тан олишни истамас эдик. Энди бу ўтмишга айланди.

Бугун комил ишонч билан айтиш мумкинки, Марказий Осиё бирлашди ва бирдамлашди. Энди орқаваротдан гапириш эмас, юзма-юз мулоқот қилиш, бир-бирининг тагига сув қуйиш эмас, бир-бирига елкадош бўлиш тенденцияси мустаҳкамланяпти. Энг оғриқли муаммолар, таъкидланганидек, ҳал этилди. Энди долзарб стратегик вазифаларни белгилаш ва биргаликда амалга ошириш палласи кирди. Бундай вазифалар сирасига, масалан, “Марказий Осиё – янги давр остонасида” мақоласида қайд этилганидек, эришилган келишувларни фуқаролар ва бизнес учун аниқ натижа ва қулайликларга айлантириш киради. Негаки, Марказий Осиё қарорлар шунчаки ҳужжат сифатида эмас, балки минтақа мамлакатларида барқарор ривожланишни таъминлаш ва одамларнинг кундалик ҳаётини яхшилаш учун қабул қилинадиган, имкониятлардан биргаликда фойдаланиладиган умумий маконга айланиши керак. Бу  иқтисодий аҳамиятга молик йўналиш.  

Бу ёғига санасак, транспорт коммуникациялари, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электр энергетикаси, углеводород захиралари, минерал ўғитлар, ўсимликлар микробиологияси, юқори технологиялар, автомобилсозлик каби бир-биридан муҳим соҳалар майдонга чиқаверади. Қайсидир давлатда талаб-эҳтиёж, яна қайсисидадир таклиф бор. Демак, биз бир-биримизни тўлдирамиз. Талабларимиз ё таклифларимиз бир хил бўлиб қолса-чи?! Бу яна ҳам яхши. Негаки, ташқи бозорга йўлларни биргаликда такомиллаштирамиз ва ҳамкорликда диверсификация қиламиз. Муҳими шуки, Марказий Осиё бугун адоват ва хуфя рақиблик ҳамма учун зарар эканидан, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик аввало ўзимиз учун фойдалилигидан келиб чиқиб иш кўряпти.

Буни илгари билардик, афсуски, амал қилмасдик…

Глобализациянинг ижобий жиҳатлари билан бирга салбий томонлари ҳам бор. Геосиёсий ва геоиқтисодий курашлар, экологик бўҳронлар, энергетика муаммолари, пандемиялар хавфи каби таҳдидлар биздан янада жипс ва ҳамжиҳат бўлишни талаб қиляпти. Чунки бу таҳдидларнинг бирортасига қарши якка ҳолда курашиб бўлмайди. Бу эса хавфсизлик йўналишидир.

Йирик давлатларнинг, ҳар хил блоклар ва шуларга ўхшаш тузилмаларнинг геосиёсий курашлари баъзан уларга мутлақо алоқаси бўлмаган минтақаларда ташвиш уйғотиши сир эмас – улар ё ўз домига тортади, ё ўз мухолифига қарши позицияни эгаллашга мажбурлайди. Бу – энг енгили. Айрим ҳолларда баъзи давлатлар шунчаки уларнинг йўлида учраб қолгани учун “айбдор” бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Геоиқтисодий курашлар тўғрисида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Бундай таҳдидлар фикран бирлашган, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар жиҳатдан жипслашган мамлакатларга таъсир ўтказа олмайди. Ҳар ҳолда, кўпчилик – ўз номи билан кўпчилик.

“Марказий Осиё – янги давр остонасида” мақоласида Маслаҳат учрашуви форматининг аҳамияти, бугунгача амалга оширилган ишлар, олдимизда турган вазифалар – барча-барчаси батафсил сарҳисоб қилинган ва таҳлил этилган. Шу боис сўзни мухтасар қилсак. Халқимиз “қўшнинг тинч – сен тинч” дейди. Яна ота-боболаримиз айтиб кетганки, “узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”.

Каминага эса, Имом Бухорий номидаги муассаса раҳбари сифатида мавзуга доир ҳадис келтиришга ижозат берсангиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Жаброил қўшнига яхшилик қилишни (ҳадеб) буюраверганидан уни меросхўр ҳам қилиб қўярмикан, деб ўйлаб қолдим”, дедилар”(Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 7-жуз. – Тошкент: Hilol-nashr, 2018. – Б. 425.).

Яъни, муқаддас динимизда қўшнига шу қадар улуғ мақом берилганки, унга салкам меросхўрдек (жигардек) қараш керак.

Яна бир ривоятда эса бошқа фикр учун асос бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ё жим турсин!”(Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 7-жуз. – Тошкент: Hilol-nashr, 2018. – Б. 427.).

Ислом қўшнига озор беришни кескин қоралайди.

Бинобарин, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси бутун халқимиз билан бирга Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг пойтахтимизда бўлажак учрашуви тўғрисидаги фикрига тўлиқ қўшилади. Тошкент саммити барқарор ва фаровон Марказий Осиёни биргаликда барпо этишда янги муҳим босқични бошлаб беради!

Давлат раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви биз бошлаган йўлнинг давоми сифатида мамлакатларимизнинг ўзаро англашув ва шериклик руҳига содиқлигини тасдиқлаши, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришда туб бурилиш ясаши керак.

Албатта шундай бўлғусидир.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий
халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари доктори, профессор.
Манба:ЎзА

Check Also

Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик тажрибаси – халқаро эътиборда

Шу кунларда Ислом дунёсининг нуфузли Islamicity.org халқаро интернет платформасида Марказ директорининг ўринбосари, тарих фанлари бўйича …