Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ва ЮНЕСКО ҳамкорлигида “Мулоқот орқали ҳисоботдорликни шакллантириш” лойиҳаси доирасида вазирлик ва идоралар матбуот котиблари учун тренинглар серияси бошланди. Ўқув Швейцариянинг Тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан ташкил этилди.

Мазкур тренингда Марказимиз Матбуот хизмати раҳбари Шерзод Маматов ҳам иштирок этмоқда.
Ўқувда иштирокчиларга фуқароларнинг ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқига оид халқаро мезонлар, миллий қонунчиликнинг асосий меъёрлари, давлат органларининг очиқликка оид мажбуриятлари, шунингдек, матбуот котибларининг бу жараёндаги роли батафсил ёритиб, халқаро тажриба асосида шарҳлаб берилмоқда.

ЮНЕСКО экспертлари ахборотга эришишнинг самарали тизимлари жамоатчилик ишончи ва давлат идоралари ҳисобдорлигини кучайтиришда муҳим эканини қайд этди.
Шунингдек, стратегик коммуникациянинг замонавий ёндашувлари, рақамли муҳитда ахборот тарқатиш, ижтимоий тармоқларда ишлашнинг асосий тамойиллари ҳамда дезинформация, фейк хабарлар ва дипфейкларга қарши курашиш механизмлари бўйича амалий машғулотлар, гуруҳларда эса турли вазиятлар мисолида таҳлил ва муҳокамалар ўтказилмоқда.

ЮНЕСКОнинг глобал тадқиқотларига кўра, мувофиқлаштирилган коммуникация ва очиқ ахборот сиёсати дезинформациянинг олдини олишда муҳим омил саналади.
Ушбу тренинг Ўзбекистонда шаффофликни таъминлашда жамоатчилик иштирокини кучайтириш ва ўзаро коммуникацияни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўқув ҳафта охиригача давом этади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






