Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 19 ноябрь куни Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё – Ислом маданияти ва санъати ўчоғи” илмий лойиҳаси доирасида навбатдаги онлайн семинар ўтказилди. Унда Қозоғистондаги Нур-Муборак Миср Ислом маданияти университети Исломшунослик кафедраси катта ўқитувчиси Бижан Илесбеков “Аҳмад ибн Мансур Испижобийнинг Самарқанддаги диний-маърифий фаолияти” мавзусида маъруза қилди.

Семинарда Марказ илмий ходимлари, IRCICA вакиллари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, ЎзФА Шарқшунослик институти, Тошкент ислом институти олимлари, Самарқанд ва Бухородаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек Туркия, Миср ва Қозоғистондан тадқиқотчилар иштирок этди.

Бижан Илесбеков Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан вагарлик (испижоблик) уламо Аҳмад ибн Мансур Испижобийнинг Самарқанддаги фаолиятига алоҳида тўхталди. Олимнинг таъкидлашича, IX-X асрларда Самарқанд фиқҳ, ҳадис, калом ва маърифий таълим мактаблари тараққий этган марказга айланган бўлиб, Испижобий ана шу муҳитда катта обрў қозонган уламолардан бўлган. Унинг илмий мероси, айниқса, Қуръон илми, ҳадис ривояти ва ақида масалаларидаги ёндашувлари билан эътибор қозонган. Испижобийнинг Самарқандда шаклланган мактаби орқали кўплаб шогирдлар шаҳарнинг диний-маърифий нуфузини янада оширган.

Маъруза давомида спикер Испижобийнинг илмий фаолиятини ёритар экан, ўша даврда Самарқандда калом илмининг шаклланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган Имом Мотуридийнинг илмий мактабига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, Испижобий Самарқанд муҳитида Мотуридий мактабига хос бўлган илмий муомала, фикрий баҳс, далилга асосланган ақидавий таҳлил анъаналарининг ривожига муносиб ҳисса қўшган. Унинг баъзи қарашлари Мотуридий билан ҳамфикрлик нуқталарини, айрим масалаларда эса ўзига хос илмий ёндашувни намоён этади.

Самарқанднинг ўша даврдаги илмий муҳити, Мотуридий каби улуғ мутакаллимлар яратган интеллектуал муҳит Испижобийнинг камол катта топишига туртки берган.
Қайд этилганидек, Самарқанддаги диний-маърифий муҳит нафақат ўтмишга тааллуқли тараққиёт асоси, балки ҳозирги тадқиқотчилар учун ҳам бой илмий манба ва илҳом манбаидир. Испижобий фаолияти ана шу улкан мероснинг муҳим бўғини сифатида намоён бўлади.

Семинар қизғин фикр алмашувлар, қўшимча тарихий манбалар, аллома асарларининг сақланиб қолган нусхалари ва унинг Самарқанд академик муҳитидаги ўрнига доир савол-жавоблар билан ўтди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






