Home / МАҚОЛА / МОТУРИДИЙЛИК АҚИДАСИ СОХТА ДАЪВАТЧИЛАРГА НИМА ДЕЙДИ?

МОТУРИДИЙЛИК АҚИДАСИ СОХТА ДАЪВАТЧИЛАРГА НИМА ДЕЙДИ?

Ислом динида ақида энг муҳим соҳалардан саналади. У ҳамма нарсанинг асоси бўлиб, банданинг ибодати ҳам, дунёқараши ҳам, турмуш тарзи ҳам, шахсий ва ижтимоий муносабатлари ҳам шунга қараб шакл олади.

Мўмин-мусулмон инсон ўз ақидаси, имон-эътиқоди қанчалар мустаҳкам эканини ҳеч ҳам назардан қочирмаслиги керак. Айниқса, фитналар авж олган ҳозирги даврда ҳар бир мусулмон киши ўз ақидасининг тўғри ё нотўғри эканини аниқ билиши, керак бўлганда, уни ҳимоялай олиши зарур. Билимсизлиги ё эътиборсизлиги оқибатида адашганларнинг даъволарига эргашадиган бўлса (Аллоҳ сақласин!), фақат охиратда эмас, бу дунёда ҳам надомат чекувчилардан бўлиб қолади.

Ҳамма замонларда бўлганидек, бугун ҳам айрим бузғунчи даъватчилар муташобиҳ (маъноси яширин, изоҳталаб) оят ва ҳадислардан мисоллар келтириб, уларга нотўғри ёндашган, ўзининг ҳақни айтувчи эканини даъво қилган ҳолда кўпчиликнинг адашишига сабаб бўлмоқда. Афсуски, билиб-билмай уларга эргашаётганлар талайгина. Бунга кўп сабабларни келтириш мумкин. Лекин асосийси илм-маърифатнинг пастлиги, савиясизлик, далилларни чуқур англамасликдир. Сохта даъватчилар кўпинча шундан фойдаланади. Содда одамлар “оят ва ҳадисда келган экан” деб, уларга ишониб кетаверади.

Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб (текшириб) кўринг!”[1] деб марҳамат қилган. Мусулмон киши ўз ақидасида адашиб қолмаслиги учун эътиборли бўлиши, энг ишончли далилларга уларни теран англаган ҳолда эргашиши лозим. Таъна қилинган, “сохта даъватчи” ё “сохта шайх” деган номларга лойиқ кўрилган кишининг гапига ишонмаслиги, бошқаларга ҳам кўр-кўрона эргашмай, аввал текшириб кўриши ва айтганларининг моҳиятига етиб бориши керак. Шундагина асл ҳақиқат нима эканини билиш мумкин.

Ҳозир айрим даъватчилар мусулмонлар бирлигига раҳна солиш мақсадида ислом уммати минг йиллар давомида эътиқод қилиб келган мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотлари нотўғри эканини даъво қилиб чиқмоқда. Гўё ўзларини Қуръон ва суннатга эргашган-у, бу икки мактаб ундан йироқдек. Бетамизлик шу қадар ошяптики, баъзан улардан “Мотуридийларнинг китобларида бирорта оят ва ҳадис йўқ” деган даъволарни эшитиш мумкин. Бу – ўта оғир гап. Аслида ақидавий китобларнинг ҳар бир мавзусида, ҳар бир варағида айтилган фикрларни далилловчи оят ва ҳадислар бор. Бунга иқрор бўлиш учун ўша манбаларни очиб, ўқиб кўриш керак, холос. Имом Мотуридийнинг “Китобут тавҳид”, Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла”, Иброҳим Саффор Бухорийнинг “Талхисул адилла”, Абу Баракот Насафийнинг “Эътимод фил эътиқод” – мотуридийлик таълимотига оид ҳар қандай асарга қаралса, ичидаги ҳар бир ақидавий мавзуда кўплаб оят ва ҳадислардан далиллар келгани осонгина аён бўлади.

Келинг, аввал мотуридийлик ҳақида қисқача маълумот келтирайлик. Ушбу таълимот аҳли сунна вал жамоанинг икки йирик устунларидан бири ҳисобланади. Унга “Имомул ҳуда” – “Ҳидоят имоми” деган юксак номга сазовор бўлган Абу Мансур Мотуридий асос солган.

Имом Мотуридий яшаган давр ислом оламида турли ўзгаришлар авж олган, айниқса, турли фирқалар томонидан ақидавий бузилишлар кучайган пайтга тўғри келади. Шундай шароитда у аҳли сунна вал жамоа эътиқодини ҳимоя қилиб, бу йўлда хавориж, рофиза, карромийя, жаҳмийя, мушаббиҳа ва бошқа ботил фирқаларнинг даъволарига раддиялар берган. Кейинги даврларда эса, ушбу таълимотни батафсил ўрганган ва унинг моҳиятини чуқур билган Абул Юср Паздавий, Абу Муин Насафий, Саффор Бухорий, Абу Ҳафс Насафий, Али ибн Усмон Ўший, Нуриддин Собуний ва Абу Баракот Насафий каби олимлар унинг йўлини давом эттириб, мотуридийлик таълимотини ривожлантирган.

Мотуридийлик таълимотида нақл (оят ва ҳадис) асосий манба ҳисобланади. Ҳар бир масаланинг негизидаги далилда оят ва ҳадислар ётади. Ақл эса ёрдамчи восита ҳисобланади. Маърифат ҳосил қилишда нақл, ақл ва соғлом сезгилар асосий восита экани таъкидланган. Манбаларга қарайдиган бўлсак, адашган тоифаларга раддия беришда ҳам нақлдан, ҳам ақлдан самарали фойдаланилгани кўзга ташланади. Чунки нотўғри даъволар ноқис ақл билан ана ўша асосий нақлни тўғри тушунмасликдан келиб чиқади. Шу сабабли мотуридий олимлар соғлом ақл билан, манбага теран назар солган ҳолда, энг нозик нуқталарни эътибордан четда қолдирмай, холис ёндашиб, масалаларга нақлий далиллар асосида ақлий далилларни ҳам келтирган. Мақсад – исломнинг ҳақиқий моҳиятини очиб бериш, софлигини сақлаб қолиш ва одамларнинг соғлом ақидага эргашишини таъминлаш бўлган. Шу туфайли ҳам ушбу таълимот асрлар давомида барҳаёт турипти. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари ҳозирга қадар ушбу таълимотга эргашиб, соф ақидасини сақлаб келмоқда.

Бугун баъзи тоифалар мотуридийлик ақидасини нотўғри деб даъво қилмоқда. Лекин гап-сўзларига назар солсангиз, уларнинг нақадар пуч ва асоссиз эканини кўрасиз. Қуйида шундай даъволардан айримларини келтириб, уларга мотуридийлик таълимотида қандай жавоб берилганини қисқача баён этамиз.

Эътибор қилиш керак бўлган жиҳат шуки, адашган тоифалар иддао қилаётган даъволар бугун чиқиб қолган эмас. Улар айтаётган ҳар қайси ақидавий масаланинг тарихий илдизлари бор. Бу тоифалар мўътазила, мушаббиҳа, мужассима, карромийя ва бошқаларни қаттиқ танқид қилса-да, ўзлари даъво қилаётган нарсаларининг илдизлари билан айнан ўшаларга бориб тақалади. Масалан, ҳозир сохта даъватчилар мушаббиҳа, мужассима ва карромийя тоифалари каби “Аллоҳ таоло – Аршнинг устида” деб даъво қилади. Бунга

 ﴿الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى

“Раҳмон Аршга истиво қилди”[2] оятини далил қилиб келтиради. Яъни, оятдаги “истиво” сўзига “жойлашиш”, “ўрнашиш” маъноларини бериб, “Аллоҳ Аршга ўрнашди” деб таъвил қилади ва Аллоҳга бирор маконда эканини гўё исбот қилади.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ таоло макондан беҳожат Зот. Мотуридийликка оид манбаларда бу масалага қуйидагича ёндашилади: “Оятдаги “истиво” сўзи муҳтамал яъни, ҳар хил эҳтимол ва маъноларга эга. Биринчидан, мукаммаллик маъносида ишлатилади. Бунга Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом ҳақида

 ﴿وَلَمَّا بَلَغَ أَشُدَّهُ وَاسْتَوَى

“Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганда”[3] дегани мисол бўлади. Яъни бу ўринда “истиво” “камолга етиш” маъносида келган.

Иккинчидан, “истиво” сўзи “қарор топиш”, “жойлашиш” маъноларида келади. Бунга Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси ҳақида:

 ﴿وَاسْتَوَتْ عَلَى الْجُودِيِّ﴾

“У (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди”[4], деган сўзлари далил бўлади.

Учинчидан, “истиво” сўзи “эга бўлиш” маъносида қўлланади.

Биринчи ва иккинчи маънони Аллоҳ таолога нисбатан қўллаш Унинг Зотига лойиқ эмас. Чунки, Аллоҳ таоло бизнинг тушунчамиздаги жисм эмаски, Уни бирор маконда десак. Иккинчидан, Ўзи мукаммал бўлган Зотга “камолга етиш”ни нисбат бериш ҳам мутлақо ноўриндир.

Демак, “эга бўлиш” маъносини қўллаш тўғри бўлади. Аллоҳ таоло оятда Ўзини мадҳ этганига кўра, “Раҳмон Аршга истиво қилди” жумласини “Раҳмон Аршнинг эгаси бўлди” деб тафсир қилиш лозим. Оятда Арш хослаб келтирилганининг сабаби – у махлуқотларнинг (яратилган нарсаларнинг) энг каттаси бўлгани учундир. Бундан Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Эгаси экани маълум бўлади. Чунки махлуқотлардан энг каттасининг эгаси бўлиш бутун оламнинг эгаси бўлишни тақозо этади”.

Кўриниб турибдики, мотуридийликда Аллоҳ таолони поклашга ниҳоят даражада дақиқлик билан ёндашилган. У Зотни махлуқот сифатларига ўхшаш сифатлардан поклашга қаттиқ эътибор берилган. “Истиво”нинг Аллоҳ таолога энг лойиқ бўлган маъноси танланган. Сохта даъватчилар даъво қилгандек “истиво”га “жойлашиш”, “қарор топиш” маънолари берилганда эди, Аллоҳ таолога макон нисбат берилиб, У Зотни жисмга ўхшатиш ҳолати юзага келиб қолган бўларди. Бу эса оламларнинг Рабби бўлган Зотга нолойиқдир.

Сохта даъватчиларнинг даъволаридан яна бири “Аллоҳ таоло – осмонда” деб эътиқод қилишдир. Бунга “асос” сифатида Аллоҳ таолонинг

 ﴿مَنْ فِي السَّمَاءِ

“Осмондаги Зот”[5] деган сўзлари ва яна бир қанча муташобиҳ оятлар далил қилиб келтирилади. Қўшимча тариқасида инсон дуо пайти қўлларини осмонга кўтариши айтилади.

Мотуридийлик манбаларида уларга қуйидагича жавоб берилади: “Аллоҳ таолонинг “Осмондаги Зот” деган сўзидан мурод “Илоҳлиги осмонда бўлган Зот” деган маънодадир. Унинг

 ﴿وَهُوَ الَّذِي فِي السَّمَاءِ إِلَهٌ وَفِي الْأَرْضِ إِلَهٌ﴾

“У Зот осмонда ҳам илоҳдир, ерда ҳам илоҳдир”[6] деган сўзларидан мурод эса осмонда ҳам, ерда ҳам илоҳлигининг собитлигидир. Бу Аллоҳ таолонинг Зоти осмонда собит эканини англатмайди. Бу худди “Фалончи Бухоро ва Самарқандда амирдир. Яъни, унинг зоти эмас, амирлиги (ўша) иккаласигадир” дегандек гап. Чунки Унинг Зоти осмонда ҳам, ерда ҳам бўлиши мумкинмас. Аммо иккаласида ҳам Рабблиги ва Илоҳлиги бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло Ўзи яратган махлуқотлардан беҳожатдир, шу жумладан, макондан ҳам. У Зот Қуръони каримда:

 ﴿إِنَّ اللَّهَ لَغَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ

“Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир”[7], деган. Арш, ер ва осмонлар – барчаси Аллоҳ яратган махлуқотлар бўлиб, олам жумласига киради. Аллоҳ таоло эса оламлардан беҳожат, яъни уларга ҳожати тушмайдиган Зотдир.

Дуо пайтида қўллар ва юзларни осмонга кўтариш соф ибодат бўлади. Бу намозда Каъбага юзланишга ўхшайди. Байтуллоҳ намознинг қибласи бўлгани каби осмон дуонинг қибласидир”.

Демак, Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма нарса ҳодис (пайдо бўлган, яратилган) ҳисобланади. Замонлар, маконлар, яратилган нимаики нарса бўлса, Аллоҳ таоло улардан беҳожатдир. Аллоҳ таоло азалий бўлиб, У билан бирга бирор нарса азалда мавжуд бўлган эмас. Жумладан, еру осмонлар ҳам, Арш ва Курсий ҳам.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, мотуридийлик ақидасида ҳар бир масалага чуқур, асосли, илмий нуқтаи назардан ёндашилади, масаланинг туб моҳиятини очиш учун жидду жаҳд қилинади, асл ҳақиқат нимада эканига қаттиқ эътибор берилади, оят ва ҳадисларнинг маънолари ҳар томонлама ўрганилиб, тўғри таъвил қилинади. Адашган бузғунчи тоифалар эса оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъносига қараб ҳукм қилиб кетаверади. Улар матннинг асл мазмун-моҳияти нима эканини тушунмагани, чуқур таҳлилга илмий салоҳияти етмагани туфайли ўзининг ноқис ақли тўғри деб билган ва нафсига маъқул келган нарсага маҳкам ёпишиб олади. Шуниси маълумки, асрлар давомида ислом ақидасининг софлигини сақлаш учун беқиёс хизмат қилган забардаст мужтаҳид олимларнинг этагини тутиш оят ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, шариат мақсадларини англаб етмаган, илмсиз, сохта даъватчиларга эргашишдан ҳар томонлама афзалдир. Шунинг учун мўмин-мусулмон инсон ўз динини яхшилаб ўрганиши ва бунда кимдан нималарни қай тарзда ўрганаётганига эътиборли бўлиши лозим.

[1] Ҳужурот сураси, 6-оят.
[2] Шўро сураси, 11-оят.
[3] Қасос сураси, 14-оят.
[4] Ҳуд сураси, 44-оят.
[5] Мулк сураси, 16-оят.
[6] Зухруф сураси, 84-оят.
[7] Анкабут сураси, 6-оят.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИСЛОМ ДИНИДА БАҒРИКЕНГЛИК ВА БОШҚА ДИН ВАКИЛЛАРИ БИЛАН МУНОСАБАТ

Дунёдаги барча динлар эзгулик ғояларига асосланган ва одамзодни яхшилик, тинчлик, ўзаро ҳамкорлик ва дўстликка даъват …