Ҳамма ўйлаган ниятларимга эришсам, истаган нарсам муҳайё бўлса ва бой бўлсам, бахтли бўламанми?
“Ҳамма ўйлаган ниятларимга эришсам, истаган нарсам муҳайё бўлса ва бой бўлсам, бахтли бўламанми?”
Ҳақиқатан ҳам одам ҳамма тилагига эришса бахтли бўлиб қоладими? Ҳамма нияти сўзсиз, пайдар-пай амалга ошаверса, ҳаёт зерикарли бўлиб кетмасмикан?
Бундай қоида мавжуд:“Бирор нарсага эришишни қаттиқ истаганингда, аввал ўша нарсага эришган инсон бахтлими-йўқми, шуни билиш керак”.
Масалан, биз ўтган асрларда яшаган одамларга нисбатан бахтли яшашимиз учун кўплаб асослар мавжуд. Хусусан, ҳозир ўтмишга нисбатан тиббиёт яхши ривожланган, таълим олиш осонроқ, инсон учун кўп нарсалар муҳайё қилинган. Айни пайтда кам ишлаймиз. Ўртаҳол одамлар бобоси ва бувиси орзу қила олмаган нарсаларга эришади: шинам уй, автомобиль, вақт ва энергия тежайдиган маиший мосламалар, хорижга саёҳат. Бўш вақтни ўтказишга ёрдам берадиган гаджетлар, компьютер, телевидение ва бошқа воситалар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Илгари бедаво ҳисобланган сурункали касалликларга ҳозир ажойиб дорилар билан тезда чора топилмоқда.
Хўш, шундай экан, бахтлилик даражамиз аввалгиларга нисбатан ортдими? Мураккаб савол…
Баъзилар бахтни бойлик, тўкинлик, роҳат-фароғатга тўла ҳаётда деб ўйлайди. Лекин ўзига тўқ мамлакатлар халқлари ҳам “танг ҳаёт”дан шикоят қилишдан тўхтагани йўқ.
Мол-дунё бахт эмас экан. Унга эришишдаги бирламчи омил ҳам эмас экан. Аксинча, баъзида мол-дунё ўз соҳибига азоб келтирадиган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўляпмиз.
Исломда инсоннинг мол-давлатга муносабати қандай бўлиши кераклиги борасида ниҳоятда гўзал таълимот мавжуд. У аввало инсоннинг қалбига юзланади, унга иффат ва улуғворлик туйғусини ўрнаштиради, очкўзлик ва баднафсликнинг ёмон эканини уқтиради.
Мол-дунёга муҳаббат виждонни ҳам, танани ҳам парчалайдиган касаллик бўлиб, ўз ортидан шармандалик ва хорлик келтиради. Бойликка ҳирс ва уни бой бергандаги қайғу ҳолати нимага сабаб бўлишини мана бу сўзлардан билиб оламиз: “Маълум фактлардан бири шуки, фонд биржасида акция баҳоси пасайганида, иштирокчиларнинг қони таркибидаги қанд миқдори сезиларли даражада ошиб кетади”.
Бу ҳолатга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан ҳам яхшироқ даво бўлиши мумкинми? У зот алайҳиссалом айтадилар: “Бу мол ёқимли ва ширин. Ким уни нафс сахийлиги билан олса, унга барака берилади. Ким уни нафс интилиши (очкўзлик) билан олса, унга барака берилмайди. У ейди, лекин тўймайди…” (Имом Абу Довуд ривояти).
Мол-дунё рангдор ва тотли мевага ўхшайди. Инсон табиатан шундай ширин ва ёқимли нарсага мойил бўлиши маълум. Лекин баъзилар уни шунчалик кўп истеъмол қиладики, охири ҳазм қила олмай қолади. Баъзилар зўравонлик ё фирибгарлик билан бошқалар қўлидаги нарсаларни тортиб олиб, ўз улушига қўшиб қўяди. Яна баъзилар тўплайди-ю, лекин оч яшайди, емайди. Баъзиларини қашшоқлик қўрқуви ташвишга солса, бошқаларини кўпроқ нарсага эга бўлиб туриш
истаги қийнайди.
Одамларнинг энг фазилатлиси бойлиги билан бирга саховат ва шараф соҳиби бўлганидир. У мол-мулкини йўқотганда на кўз ёш тўкади ва на маҳзун бўлади. Чунки нафси очкўзлик ва мол-мулк кўпайтириш ҳирсидан йироқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Эй одамлар! Бойлик молнинг кўплигида эмас, (ҳақиқий) бойлик – нафснинг тўқлиги. Аллоҳ азза ва жалла бандасига ёзилган ризқни беради. (Уни) яхшилик билан изланг. Ҳалолни олинг ва ҳаромни тарк этинг” (Абу Яъло ривояти).
Баъзилар Аллоҳ таоло унинг жони ва оиласига берган саломатлик ва хотиржамликни арзимас санайди, ҳатто бу буюк неъматларни менсимайди. Ўзида бор нарсаларнинг қадрига етмайди. Қаноатли бўлиш, қўлида бор нарсалардан унумли фойдаланиш ва ўткинчи орзуларга берилишдан воз кечиш – бу комил шахс бўлиш асоси ва қийин шароитларда муваффақият қозониш сиридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қуёш чиққан кун борки, унинг ёнида икки фаришта Ер аҳлига нидо қилади. Фақатгина сақалайн (инсонлар ва жинлар) мустасно (яъни, улар буни эшитмайди). (Улар айтади:) “Эй инсонлар, Раббингиз томон шошилингиз. Чунки оз ва етарли бўлган нарса кўп ва адаштирувчи бўлганидан яхшироқдир. Қуёш ботган кун борки, унинг ёнида икки фаришта нидо қилади: “Аллоҳим, инфоқ қилувчига эваз бергин ва зиқнага
йўқотиш бергин” (Ҳайсамий ривояти).
Ҳадисда қаноат билан бўлган оз нарсанинг адаштирувчи кўп нарсадан яхшироқ экани баён қилинмоқда. Бироқ ўз эгасини бадавлат қилган, сўнг бошқаларнинг эҳтиёжларини қондирган ва уларга инфоқ-эҳсон қилинган бойлик баланд даражадир. Ҳадисда бунга эътироз билдирилмаган. Бу башоратли ҳадиснинг асосий мақсади – мўминларни йўқчиликдан қўрқмасдан ва зарурий эҳтиёжларнинг ўзи билан кифояланишдан чўчимай, яхшилик қилишга ундаш ва инфоқ-эҳсон қилишда ғайратини оширишдир. Бу тушунча мўминларга ҳаёт муаммоларини ҳал қилишда улкан шижоат бахш этади. Ҳадис охирида сахийларга мукофот ваъда қилинмоқда, хасислар жазодан огоҳлантирилмоқда.
Инсон ҳаётда доимо нималаргадир эришишга ҳаракат қилиб яшаши керак. Бу ҳаракат тўхтагани заҳоти инсон қалбида қандайдир бўшлиқ ҳис этади. Гоҳо тайёр имкониятлар инсонни чеклайди, эринчоқлик пайдо бўлади. Мақсадсизлик турли иллатларга йўл очади. Ҳаётда маъно ва мақсад бўлмаса, яшашнинг мутлақо қизиғи қолмайди.
Бир неча йил аввал италиялик 34 ёшли миллионер ўз жонига қасд қилгани ҳақида ёзишганди. Ўша кимса Европадаги энг бадавлат сулолалардан бирининг фарзанди экан. У ўлими олдидан ёзган хатида бундай деган: “Менинг ҳаётда интиладиган мақсадим қолмади”. Қаранг, ҳамма нарсаси бор-у, лекин мақсади йўқ! Энг катта фожиа мана шу аслида.
Бахтни рўёбга чиқаришда моддий неъматларнинг ўрни борми? Биз инсон бахтли бўлиши учун уларнинг ўзига яраша ўрни борлигини инкор қилмаймиз. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши аёл, яхши маскан, яхши улов одам боласининг саодатидандир”, деганлар. Лекин бу нарсалар инсон бахтли бўлиши учун биринчи даражали омиллар эмас. Булар бахтни тўлиқ, тўкис таъминлаб бера олмайди.
Америкалик таниқли докторлардан бири ҳаётда эътироф қилинган, дунёда инсон учун ҳузурбахш бўлган, уни бахтли қиладиган нарсаларни жадвал қилиб ёзибди. Унда саломатлик, муҳаббат, ҳадялар, куч-қувват, обрў, мансаб ва шуҳратдан иборат дунёвий истакларни баён қилиб, доно бир устозга мақтаниб тақдим қилибди. Устоз: “Дўстим, жадвал гўзал бўлибди. Яхши тартиблaнибди, аммо зарур ва муҳим бўлган, усиз жадвалингиз бекор бўладиган бир унсурдан ғафлатда қолибсиз”, деб жадвалга икки сўз ёзиб қўйибди: “Нафс хотиржамлиги”. Бу – Аллоҳ таоло ўзи танлаб олган бандаларигагина берадиган нарса. Соғлик, мол-дунё, мансаб, шуҳрат ўткинчи нарсалардир. Бу нарсаларни ўзимча айтаётганим йўқ, донишлар: “Ё Аллоҳ, дунё неъматларини кимларнинг қадамлари тагига ташласанг ташлагин, менга эса изтиробга тушмайдиган қалб бергин”, дер экан”,дебди.
Бойлик ҳақида уламоларнинг фикрлари ҳам турлича. Баъзилар: “Ислом бойликни қоралайди, ҳадисларнинг аксарига қара, бойлик зарарли экани айтилган, шунинг учун инсон иложи борича камбағал бўлиши керак!” деса, бошқа тоифа: “Ислом тарихида жуда кўп бадавлат кишилар ўтган, жаннатга тушишини тириклигидаёқ эшитган ўнта саҳобанинг ярмидан кўпи бой бўлган, нима учун ислом бойликни қоралар экан, қайтанга, мусулмонлар қанча бой бўлса, шунча
яхши”, деган гапларни айтади.
Лекин етук уламолар: “Ислом бойликни қораламайди, мусулмонлар орасида бой-бадавлат кишилар кўпайгани яхши”, дейди. Бироқ бойлик инсоннинг охирати учун зарарли бўлса, ундан хатарлироқ нарса йўқлигини ҳам баён этади. Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини диққат билан ўқиган кимса Пайғамбар алайҳиссалом дуо қилсалар, фақирликдан паноҳ сўраганларини кўради, шу билан бирга, охиратда фойда бермайдиган бойликдан ҳам қочганларини кузатади.
Демак, бой бўлиш ҳам, камбағал бўлиш ҳам бахтли бўлишга таъсир кўрсатмас экан. Негаки, бойлик ҳам, камбағаллик ҳам инсонларга синов учун берилади. Яъни инсон қўлида мол-дунё тўпланганида ва аксинча, бошига камбағаллик тушганида ҳам Аллоҳ таолони зикр этишда ва унга итоат қилишда бардавом бўлиши ёки тарк этишига қараб унга бахт берилади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад, бу дунёда одамларнинг) барчасига – мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингиз неъмат(лар)идан ато этамиз. Парвардигорингиз неъмати (ҳеч кимдан) ман қилинмайди” (Исро сураси, 20-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ ўртангизда хулқларингизни тақсимлаганидек, ризқларингизни ҳам тақсимлаган. Аллоҳ дунёни Ўзи суйган бандасига ҳам, ёмон кўрганига ҳам бераверади. Аммо
динни (ҳидоятни) фақат яхши кўрган бандасига беради. Аллоҳ кимга динни берган экан, У Зот уни яхши кўрибди”(Аҳмад, Ҳоким, Табароний ривоят қилган).
Хулоса шуки, ҳеч бир замон ва маконда бахт бойлик ё камбағаллик билан ўлчанмаган ва хосланмаган. Бахтли яшаш учун биргина қоида бор: Аллоҳ таолонинг буюрганлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига амал қилиб яшаш! Шунда камига қаноат қилиб, кўнгли хотиржам бўлади, кўпига шукр қилиб, инфоқ-эҳсонлари ва бошқа хайр-у саховати билан қалби таскин топади ва шодланади. Бойлик ҳам, фақирлик ҳам Аллоҳдандир!
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






