Home / МАҚОЛА / АЁЛНИНГ ИЛМ ОЛИШИ – МАЖБУРИЯТ!

АЁЛНИНГ ИЛМ ОЛИШИ – МАЖБУРИЯТ!

Бугунги кунда баъзи давраларда “аёллар ўқимасин”, “ўқиса эркакка кўринади” ёки “ўқиш фақат эркакларга керак” деган фикрлар тарқалмоқда. Бу гаплар аввало дин номи билан айтилгани учун одамлар орасида шубҳа уйғотади. Аммо ҳақиқий ислом таълимотига қарайдиган бўлсак, бундай даъволарнинг на Қуръон, на Суннат, на илмда асоси бор.

Аёллар таълими жамият тараққиётининг муҳим пойдеворларидандир. Аёл ўқимишли бўлса, нафақат ўз ҳаётини яхшилайди, балки оиласи ва фарзандларининг келажагини ҳам юксалтиради. Билимли аёл – онгли авлоднинг онаси, меҳрибон устоз ва жамиятнинг фаол аъзосидир. Бугун юртимиздаги таълим олган аёллар тиббиёт, илм-фан, иқтисод, санъат ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришиб, мамлакат равнақига ҳисса қўшиб келаётгани бу фикрга ёрқин далил бўлади.

Аёллар учун таълим олиш ҳуқуқи – инсоний (гендер) тенглик ва адолат ифодасидир.

Ҳақ таоло илмли инсонларни улуғлаб, бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

“Илм ато этилган зотлар” деганда фақат эркаклар назарда тутилмаган. Баланд даража-мартабалар бандаларнинг ҳаммасига ваъда қилинмоқда. Умуман олганда, Қуръони каримда аёлларга илмни ман этувчи бирор оят мавжуд эмас. Демак, илм – ҳар бир мусулмон учун очиқ йўл.

Ислом дини илм олишни эркак ё аёл эканидан қатъи назар ҳар бир мусулмон учун фарз қилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарздир”, деганлар (Табароний ва Байҳақий ривоят қилган).

Бу ҳадисдаги “ҳар бир мусулмон” сўзлари юқоридаги оятдаги каби умумий маънога эга. Саҳобалар даврида ҳам аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан алоҳида вақт ажратишларини сўраб, илм ўрганган. Расули акрам бунга бирор йўсинда қаршилик кўрсатганларини билмаймиз. Бу эса илм аёл учун ҳам фарз эканидан далолатдир.

Аёлнинг илми – унинг ўзига ҳам, оиласига ҳам, жамиятга ҳам фойда келтиради. Билимли она фарзандини тўғри тарбиялайди, илмли аёл жамиятни нур билан ёритади.

Шунинг учун мусулмон жамиятда қиз болаларнинг ўқишини, диний ва дунёвий илмларни эгаллашини қўллаб-қувватлаш керак. Зеро, илм нури бўлган жойда зулмат бўлмайди, жаҳолатга ўрин қолмайди.

Ислом тарихида илм билан машҳур бўлган кўплаб аёллар бор. Масалан, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг рафиқалари орасида Оиша розияллоҳу анҳо ҳадис ва фиқҳ илмларида энг билимдонлардан эди. У зотдан минглаб ҳадислар ривоят қилинган, саҳобалар унга илмий масалаларда мурожаат қилган.

Исломнинг илк асрлариданоқ аёллар илм ва маданият соҳасида етакчи бўлган:

– Оиша бинти Абу Бакр – фиқҳ, ҳадис ва тиб соҳаларида машҳур олималардан. 2000 дан зиёд ҳадис ривоят қилган.

– Шифо бинти Абдуллоҳ – ёзув ва савдо ишларини ўргатган муаллима.

– Фотима Фихрийя – Марокашдаги Қаровиййун университетига асос солган. Бу муассаса ЮНЕСКО томонидан дунёдаги илк университет сифатида тан олинган.

Бу тарихий мисоллар шариат аёлларни илмдан тиймаганини, аксинча, уларни илмга етаклаганини исботлайди.

Исломда тиб илмлари – саломатликни муҳофаза қилиш орқали ҳаётни сақлаш воситаси!

Баъзиларнинг фикрига кўра эса, “муслима аёлларнинг тиб соҳасида таълим олиши, ишлаши мумкин эмас” эмиш. Динимиз бу борада нима дейди? Тиб – инсон саломатлигини сақлаш, ҳаётини асраш илми. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Унга (инсонга) ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят).

Демак, тиббий таълим ҳам ҳаётни асрашга хизмат қилгани учун ибодатга тенг савобли амал бўлади. Аёлнинг бу соҳада билим олиши – унинг учун фақат жоиз эмас, балки зарурат даражасидаги бурчдир.

Юқоридаги терс даъволарга дуч келганда, ҳар қандай ҳурфикр киши хаёлида ўз-ўзидан “аёл беморларни ким даволайди” деган савол туғилади. Аёллар тиббий таълим олмаса, туғруқхонада, гинекология шифохоналарида кимлар ишлайди? Фақат эркакларми? У ҳолда ўзини ҳурмат қилган қайси бир эркак онасини, амма-холасини, опа-синглисини, аёлини, қизини уларнинг қўлига топшириб қўя олади экан?!

Бундай ҳолатларда аёлларнинг ҳаёти, номуси, саломатлиги айнан аёл табиблар орқали ҳимоя қилинади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳам саҳобия аёллардан Руфайда Асламия, Нусайба бинти Каъб табиблик билан шуғулланган. Демак, аёлнинг тиббий билим олиши – уммат эҳтиёжи ва шариат буйруғига мос амал.

Исломий тадқиқотлар ва фатво доимий қўмита фатволаридан бирида бундай дейилган: “Тиббиёт илмларини ўрганиш барча мусулмонлар – эркаклар ва аёллар учун жамоавий бурчдир, чунки жамият ўз аъзоларини даволашда, айниқса, аёллар ва болалар билан боғлиқ масалаларда уларга ўта муҳтож бўлади. Мусулмон жамоаси аёл шифокорларга жуда муҳтож. Агар аёлнинг таълим олиш ва вазифаларини бажариш нияти самимий бўлса, у катта ажр-мукофот олади. Шунинг учун у Аллоҳдан фақат яхшилик сўрасин, нияти пок бўлсин ва Аллоҳнинг марҳамати ила тиббиётни ўрганиш билан шуғуллансин”.

Исломнинг биринчи буйруғи “ЎҚИНГ!” бўлган. Илк ваҳий илм талабидан бошланган. Бу оятдаги илоҳий хитоб фақат эркакларга эмас, бутун башариятга қаратилган.

Шунинг учун аёлга илмни ман этиш – исломнинг дастлабки асосий буйруғини инкор қилиш билан баробар. Бугун биз “аёл ўқимасин” десак, “Қуръони каримдаги илк амрга амал қилмасин” деган бўламиз – бу эса жуда катта хато. Агар аёлнинг илм олишида иффат сақланса, уни ман этиш учун ҳеч қандай асос йўқ.

Қалтис даъволарни айтаётганлар бундай деб ўйлаб кўрсин: “Аёл ўқимаса, болаларга ким илм ўргатади? Илмли фарзанд тарбиялай оладими?” Ҳақ таоло аёлга ҳам эркакка бергани каби ақл, қалб ва салоҳият ато этган. Унга “ўқи, ўрган, амал қил” деган имконият берган. Шундай экан, “ўқимасин” деган гап Аллоҳнинг неъматини чеклашдир. Бу фақат динга эмас, инсонийликка ҳам зид.

Илм олиш аёлнинг ўз ҳаққидир, бу хусусда айримларнинг “урфи” ё таъқиқлари – чикора. Қуръон, суннат ва тарих бизнинг олдимизга аниқ ҳақиқатни қўяди: илм талаб қилиш – ҳар бир мусулмоннинг бурчи. Бунда жинснинг аҳамияти йўқ. Аёлни илмдан тийиш – унинг ҳаққини поймол қилиш, жамиятни маърифат тизгинидан узиш, динни нотўғри талқин қилишдир.

Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

БАХТ ФАҚАТ БОЙЛИКДАН ИБОРАТ ЭМАС

Ҳамма ўйлаган ниятларимга эришсам, истаган нарсам муҳайё бўлса ва бой бўлсам, бахтли бўламанми? “Ҳамма ўйлаган …