Ўтган ҳафтада ЮНЕСКО ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази томонидан “Мулоқот орқали ҳисоботдорликни шакллантириш” лойиҳаси доирасида вазирлик ва идоралар матбуот котиблари учун тренинглар серияси ўтказилди. Мазмунли муҳокамалар ва амалий машғулотлар асосида ўтган ўқувларда Марказ матбуот хизмати раҳбари Шерзод Маматов ҳам фаол иштирок этди.

Тренерлар ижтимоий тармоқлар ва онлайн майдондаги фикр билдириш эркинлиги, контент модерацияси, платформалардаги қоидалар ва уларнинг қўлланиши каби масалаларни ёритиб, иштирокчиларни бошқариладиган платформалар бўйича ЮНЕСКО Йўриқномасининг асосий тамойиллари билан таништирди.

Шунингдек, давлат идораларида стратегик коммуникацияларни режалаштириш ва муассасалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига бағишланган сессиялар ўтказилди. Уларда ахборотни тақдим этишда концептуал (“7 С” қоидаси: Clear — очиқ ва тушунарли, Concise — қисқа ва лўнда, Concrete — аниқ фактларга асосланган, Correct — тўғри ва бехато, Coherent — мантиқан боғланган, Complete — ахборотни тўлиқ қамраган, Courteous — ҳурмат билан мулойим тарзда баён этилган) ёндашувга амал қилиш, тарғибот ва маълумот алмашувида мувофиқлаштирилган ҳаракатларни таъминлаш давлат идоралари учун қанчалик муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
Ўқув давомида стратегик коммуникацияларнинг механизм ва концепцияларини ишлаб чиқиш бўйича гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машқлар ташкил этилди. Иштирокчилар ахборот тақдим этиш доирасини белгилаш, устувор аудитория билан ишлаш ва асосий хабарларни шакллантириш бўйича малака оширди.

Тренингларнинг бир қисми ОАВ билан ишлашнинг замонавий усулларига бағишланди. Пресс-релиз тайёрлаш, интервью ташкил этиш, масс-медиа билан ўзаро муносабатлар, матбуот анжумани ўтказиш ва медиамониторинг борасида амалий тавсиялар берилди.
Ўқув дастурининг энг муҳим блокларидан бири инқирозли вазиятлардаги коммуникацияларга бағишланган гуруҳ машғулотлари бўлиб, иштирокчилар ҳаётда учраши мумкин бўлган турли ҳолатларга доир сценарийлар асосида қарор қабул қилиш ва тезкор ахборот стратегиясини ишлаб чиқиш устида иш олиб борди.
Якунловчи қисмда сунъий интеллектнинг ахборот муҳитига таъсири, янги хавф-хатарлар ва уларга қарши коммуникацион чоралар муҳокама қилиниб, тренингларнинг асосий хулоса ва ёндашувлари умумлаштирилди.

Ушбу машғулотлар давлат идораларида очиқлик, жамоатчиликка ҳисоботдорлик ва профессионал коммуникация маданиятини янада кучайтиришга қаратилган муҳим амалий қадам бўлиб хизмат қилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






