Жиззах давлат педагогика университетида “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш – давр талаби” мавзусида маърифий давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади ёшларда мафкуравий барқарорликни мустаҳкамлаш, диний ва дунёвий билимларни тўғри талқин этиш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, бузғунчи ғоялар таъсирига қарши огоҳлик ва ижтимоий масъулиятни оширишдан иборат бўлди.

Учрашувда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари А.Мамадалиев ва Б.Маҳмудов, университет раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этди.

Маърузачилар маърифатнинг жаҳолатга қарши самарали восита сифатидаги аҳамият ҳақида сўз юритиб, ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидлар шароитида ёшларнинг илм ва мустақил фикрга эга бўлиши зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, диний саводхонликни ошириш, ёт ғоялар таъсиридан ҳимояланиш бўйича илмий асосланган мулоҳазалар билдирилди.

Ёшлар глобаллашув шароитида шаклланаётган мафкуравий хатарлар, интернет тармоғида тарқалаётган манипулятив ахборотлар ҳамда террористик гуруҳлар томонидан қўлланаётган психологик таъсир усуллари ҳақида огоҳлантирилди. Ёш авлодда танқидий фикрлаш, ахборотни саралай олиш ва ҳушёрликни ошириш каби кўникмаларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир ёшларнинг маънавий дунёқарашини янада кенгайтириш, уларни мафкуравий таҳдидлардан муҳофаза қилиш ва илм-маърифатга қизиқишини оширишга хизмат қилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






