Home / МАҚОЛА / МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ СУННАТ, МАЗҲАБСИЗЛИК БИДЪАТДИР

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ СУННАТ, МАЗҲАБСИЗЛИК БИДЪАТДИР

Фатво беришни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бошлаб берганлар. У зот очиқ-ойдин ваҳийга суяниб, Аллоҳ таоло номидан фатво берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатволари ислом фиқҳининг Қуръони каримдан кейинги асосий манбаси бўлиб қолган. У зот саҳобаларига фатво бериш, ижтиҳод қилиш ва қиёсдан фойдаланиш йўлларини амалий жиҳатдан кўрсатиб берганлар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум Пайғамбар алайҳиссаломдан эшитган ҳадисларга амал қилиб, фатво бериш ва ижтиҳод қилиш йўлларини ўрганган.

Хулафои рошидин тўғри йўлдаги халифалар даврининг дастлабки йилларида фиқҳ халифа билан фақиҳ саҳобалар кенгаши ўртасидаги шўро кенгашга асосланган. Саҳобалар ўртасида фикрлар хилма-хиллиги юзага келган вазиятларда халифа уларнинг қарашларидан бирини маъқул кўриб, амалга татбиқ этган.

Ҳанафий фақиҳлар таъкидлашича[1], саҳобаларнинг мужтаҳидлари қирқтадан ошмаган. Жумҳур уламоларга кўра, уларнинг сони жуда кўпчиликни ташкил қилган. Зеро, саҳобалар уч хил даражада бўлган: кўп фатво берган етти нафар саҳоба; улардан камроқ фатво берган йигирмага яқин фақиҳ саҳоба; жуда оз фатво берган бир юз йигирма нафар саҳоба[2]. Пайғамбар алайҳиссалом билан замондош бўлган саҳобаларнинг кўпчилиги у зотдан эшитган ёки амалларида гувоҳи бўлган суннатларни ривоят қилиш билан кифояланган.

Усмон розияллоҳу анҳу даврида фатҳ қилинган юртлар ҳисобидан ислом ҳудуди кенгайгач, саҳобалар одамларга динни ўргатиш мақсадида Макка, Мадина, Куфа, Басра, Шом, Миср каби асосий шаҳарларга тарқалган. Мужтаҳидлик даражасига етган айрим саҳобалар ўзи билган суннатга асосланиб фатво берган, лекин уларнинг аксарияти суннатни ривоят қилиш билан кифояланган. Бинобарин, фиқҳий мазҳабларнинг келиб чиқиши ва ривожланишида саҳобалар таъсири катта бўлган. Чунки бу мазҳаблар фиқҳ ва фатвони Пайғамбар алайҳиссаломдан ўрганган саҳобалардан мерос қолган фиқҳга асосланган.

Саҳобалар истиқомат қилган шаҳарлар кесимида сўз юритадиган бўлсак, биринчи навбатда, Куфа шаҳрини тилга олиш мумкин. Чунки у фатҳдан сўнг мусулмонлар барпо этган исломий шаҳар бўлган. Жуда кўп саҳобалар у ерни ўзига ватан тутган. Иброҳим Нахаий: “(Ризвон) дарахти остида Расулуллоҳга байъат қилган саҳобалардан уч юзтаси ва Бадр жангида иштирок этган саҳобалардан етмиштаси Куфага келиб яшаган”[3], дейди. Куфани ватан тутган саҳобаларнинг мужтаҳидларидан энг машҳурлари Али ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бўлган. Улар Куфа фақиҳларининг биринчи табақаси ҳисобланади.

Али ва Ибн Масъуд энг машҳур шогирдларидан иборат иккинчи табақа фақиҳлари қуйидагилардир[4]:

  1. Алқама ибн Қайс (ваф.61/681). Тобеин. Мадиний у ҳақда: “Ибн Масъуднинг энг илмли шогирди Алқамадир”[5], деган.
  2. Масруқ ибн Аждаъ (ваф.62/682). Фақиҳ тобеин. Ҳадис ровийларидан бири. У Қози Шурайҳдан кўра фақиҳроқ бўлган.
  3. Қози Шурайҳ Киндий (ваф.78/697). Тобеин. Умар ибн Хаттоб Куфанинг қозилигини унга топширган. Ундан кейинги халифалар ҳам уни шу лавозимда қолдирган.
  4. Ҳорис ибн Абдуллоҳ Ҳамадоний (ваф.65/685). Тобеин. У Али розияллоҳу анҳудан кўп ривоят қилгани учун “Али розияллоҳу анҳунинг ровийси” деб аталган.
  5. Абдуллоҳ ибн Ҳубайб Суламий (ваф.74/693). Тобеин. Куфанинг қироат устози. У Қуръонни Али, Усмон, Убай ибн Каъб, Зайд ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумдан ўтказиб олган.

Биргина Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдлари сони тўрт минг нафарга етган ва уларнинг барчаси тобеинларнинг катталаридир. Имом Сарахсийнинг ёзишича: “У Куфада экан, унинг қўлида тўрт минг нафар шогирди таълим олган. Ҳатто Али розияллоҳу анҳу Куфага келганда, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шогирдлари билан бирга, уни кутиб олишга чиққани, улар эса, чор тарафни тўлдириб юборгани айтилади. Али розияллоҳу анҳу уларни кўргач, “Бу шаҳар илм ва фиқҳ билан лиммо-лим бўлибди”, деган”[6].

Куфалик фақиҳларнинг учинчи табақасига келсак, улар фиқҳни иккинчи табақа вакилларидан ўрганган энг машҳур фақиҳлардан иборатдир:

  1. Иброҳим Нахаий (ваф.96/715). Тобеин. Фиқҳ ва ҳадис илмининг буюк имоми. Куфаликлар фиқҳи унгача етиб келган. Деҳлавийнинг ёзишича, “Унинг мазҳаби аслида Абдуллоҳ ибн Масъуднинг фатволари ва Али розияллоҳу анҳунинг ҳукмларига, куфалик қозилардан Шурайҳ ва ундан бошқаларнинг фатволари ва чиқарган ҳукмларига асосланган. У ўша нарсалардан Аллоҳ муяссар қилганича бўлган қисмини тўплаган. Улардан сўнг худди мадиналиклар Мадина аҳлидан кейин қилган ишларни қилган. Яъни улар сингари у ҳам ижтиҳод қилган, фиқҳий масалаларга доир ҳар бир мавзу учун алоҳида боб тузган”[7].
  2. Шаъбий (ваф.100/719). Тобеин. Ҳадис илмида буюк имом.

Куфалик фақиҳларнинг тўртинчи табақасига келсак, улар учинчи табақадаги фақиҳлардан илм олган энг машҳур фақиҳлардир:

  1. Ҳаммод ибн Абу Сулаймон (ваф.120/738). Куфанинг фақиҳи ва олими. Илмни Иброҳим Нахаийдан ўрганган.
  2. Сулаймон ибн Меҳрон Аъмаш(ваф.147/764). Уз даврида куфаликларнинг муҳаддиси бўлган.

         Куфалик фақиҳларнинг бешинчи табақасига келсак, уларнинг машҳурлари қуйидагилардир:

  1. Суфён Саврий (ваф.161/778). Машҳур мазҳаб имоми. Унинг мазҳаби Бағдод, Форс ва Хуросоннинг айрим ҳудудларида тарқалган. Зуҳд аҳлининг имоми Бишр Ҳофий Саврийнинг мазҳабида бўлган. Лекин XI асрга келиб, унинг мазҳаби йўқ бўлиб кетган. Шундай бўлса-да, Суфён Саврийнинг кўплаб фиқҳий қарашлари бир қатор манбаларда тарқоқ ҳолда сақланиб қолган.

Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит (ваф.150/787). Куфаликларнинг фиқҳдаги машҳур имоми. Имом Шофеъий: “Ким фиқҳга шўнғимоқчи бўлса, бас, у Абу Ҳанифага қарамдир”[8], деган. Имом Абу Ҳанифанинг қўлида кўплаб шогирдлар таҳсил олган. Уларнинг машҳурлари Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим (ваф.182/798) ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф.189/805)дир. Абу Юсуф халифа Маҳдий даврида Бағдод қозиси бўлган. Имом Муҳаммад эса асарлар ёзиш ва дарс бериш билан донг таратган. Ҳанафийлик мазҳаби Абу Ҳанифа ва икки шогирдининг илмий қарашларига асосланган.

Куфаликлар Куфага келиб, яшаб қолган саҳобалар ривоят қилган ҳадислар ва уларнинг мужтаҳидлари, жумладан, Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумога оид фиқҳий қарашларни авлоддан-авлодга сақлаб қолган. Кейинчалик янги пайдо бўлган иккиламчи масалаларни уларга қўшишган. Куфалик олимларнинг фиқҳи Абу Ҳанифага қадар ана шу тарзда етиб келган. Имом Заҳабийнинг айтишича: “Куфанинг энг фақиҳи Али ва Ибн Масъуддир. Уларнинг энг фақиҳ шогирди Алқама, унинг энг фақиҳ шогирди Иброҳим, унинг энг фақиҳ шогирди Ҳаммод ва унинг энг фақиҳ шогирди Абу Ҳанифадир”[9].

     Деҳлавий бундай ёзади: “Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу уларга (куфаликларга) Иброҳим ва унинг тенгқурларининг мазҳабини (ушлашни) лозим қилиб қўйди. Уз мазҳабига кўра ҳукм чиқаришда шаъни улуғ, бу йўналишда теран фикрли, фаръий масалаларга ўзини урган киши бўлган. Айтганларимиз ҳақиқатлигини билмоқчи бўлсангиз, Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг “Китабул осор”и, Абдураззоқнинг “Жомеъ”си, Абу Бакр ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”идан Иброҳим (Нахаий)нинг қарашларини алоҳида териб олиб, унинг мазҳаби билан таққослашингиз мумкин. Ана шунда жуда оз ўринларда ундан фарқ қилишини кўрасиз. Ўша оз қарашлар ҳам куфалик фақиҳлар илгари сурган қарашлар дан четга чиқмайди[10].

Буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳаёти ва фаолиятини ҳамда унинг ҳанафий фиқҳига таъсирини ўрганган олимларнинг хулоса беришича, унинг фиқҳий қарашлари ҳанафийларнинг фиқҳий масалалардаги қарашларидан 91 фоизини ташкил қилади[11]. Бу шундан далолат берадики, ҳанафийлик мазҳаби Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу мактабининг ҳақиқий меросхўридир.

Дарҳақиқат, Қуръони карим бизга қадар мутавотир йўл орқали етиб келган. Суннат ҳам бизгача ўзининг санадлари билан етиб келган. Шунга ўхшаб, фиқҳ ҳам бизгача фиқҳий мазҳаблар орқали етиб келган. Қироат ва ривоят йўллари мутавотир бўлмаган бирор оят, санади бўлмаган бирор суннат мавжуд бўлмагани каби ислом фиқҳининг фиқҳий мазҳабларсиз мавжуд бўлиши ҳам амри маҳолдир. Чунки уни шу пайтга қадар сақлаб қолган, авлоддан-авлодга етказиб берган, асарлар ҳолига келтирган, ижтиҳоднинг асосий қонун-қоидаларини ишлаб чиққан нарса бу ўша мазҳаблардир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тўрт фиқҳий мазҳаблар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳлардан иборат мужтаҳид имомларнинг фиқҳий қарашларидир. Айрим кимсалар уларни барбод қилишга, мусулмонларнинг уларга нисбатан ишончини йўқотишга уринмоқда. Ер юзида бундай фитна-фасодни тарқатишга уринаётган шахслар бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳлардан мерос қолган ҳақиқий суннатга мувофиқ фиқҳдан маҳрум қилиб, ўрнига ўзининг бидъат фикҳини тиқиштирмоқда.

[1] Камолиддин ибн Ҳумом Севасий. Фатҳул Қадир. Ж.3.  Дорул фикр.  Б.470
[2] Ибн Ҳажар Асқалоний. Алисоба фи тамйизис саҳоба. Ж. 1.  Байрут: Дорул кутубил илмия, 1994,  Б.166
[3] Ибн Саъд. Аттабақотул кубро. Ж.6.  Байрут: Дорул кутубил илмия, 1990.  Б.89.
[4] Салоҳ Муҳаммад Абулҳож. Алмадхалул муфассал лил фиқҳил ҳанафий.  Уммон: Дорул Форуқ, 2015.  Б.105109.
[5] Шамсиддин Заҳабий. Сияру аъломин нубалои. Ж.5.  Қоҳира: Дорул ҳадис, 2006.  Б.17.
[6] Шамсул аимма Сарахсий. АлМабсут. Ж.16.  Байрут: Дорул маърифа, 1993.  Б.68
[7] Аҳмад ибн Абдураҳим Деҳлавий. Алинсоф фи баяни асбобил ихтилоф.  Байрут: Дорун нафоис, 1984.  Б.32.
[8] Абу Исҳоқ Шерозий. Табақотул фуқаҳо. Дорур роидил арабий, Байрут:
[9] Сияру аъломин нубало. Ж.5.  Б.531.
[10] Алинсоф фи баян асбобил ихтилоф.  Б.39.
[11] Аҳмад Муҳаммад Ҳассон. Саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд ва унинг ҳанафий фиқҳига таъсири, магистрлик диссертацияси. Исломий илмлар университети, ҳанафий фиқҳи факультети, 2021. Б.544.
Алоуддин Неъматов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИХТИЛОФ ҲАЛОКАТГА САБАБ БЎЛАДИ

(Бир ҳадис шарҳи) Баъзан одамлар Қуръоннинг турли қироатларини эшитганда, ўзи билмай туриб, уларни хато деб …