
Бугун ислом оламининг кўзга кўринган https://www.islamicity.org/ янгиликлар сайтида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Отабек Муҳаммадиев ва Малайзия халқаро ислом университети профессори Шукран Абдураҳмоннинг “Ўзбекистон: ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференциясида инсонпарварлик маркази” номли мақоласи эълон қилинди.
Мақола мамлакатимизнинг халқаро майдонда инсонийлик, маданий мерос ва глобал мулоқот маркази сифатидаги нуфузини яна бир бор тасдиқлади. Унинг чоп этилиши Самарқанднинг, умуман, Ўзбекистоннинг жаҳон интеллектуал харитасида тутган ўрни янада мустаҳкамланаётганининг муҳим далилидир.
Мақолда таъкидланганидек, Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг ўтказилиши – ўзига хос тарихий воқеа. Бу нафақат халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга билдирган ишончи, балки мамлакатимиз олиб бораётган очиқлик, маърифат ва маданий дипломатия сиёсатининг амалий самарасидир. ЮНЕСКОнинг ўзи инсоният мероси билан ишлайдиган ташкилот экан, унинг ана шу қадриятларга уйғун макон сифатида Самарқандни танлагани бежиз эмас.
Мақолада Ўзбекистоннинг таълим ва маърифатни ривожлантириш, маданий меросни асраш, инсон ҳуқуқлари, экологик барқарорлик, сунъий интеллект этикаси каби долзарб йўналишлардаги ташаббуслари алоҳида эътироф этилган. Айниқса, “маърифат орқали тинчлик” ғояси, маданиятларни боғловчи кўприк сифатидаги сиёсий-ижтимоий ёндашув муҳим нуқта сифатида қайд этилган.
Бунда Имом Бухорий, Имом Мотуридий каби буюк алломалар меросининг бутун башариятга хизмат қилувчи умуминсоний ғоялар манбаи экани ҳам таъкидланади. Ўзбекистон шу маънавий меросни замонавий глобал мулоқот билан уйғунлаштираётган мамлакат сифатида талқин этилган.
Хулосада Ўзбекистон жадал суръатлар билан минтақада таълим, маданият ва илм-фан марказига айланиб бораётгани қайд қилинади. Бу жараён Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида билдирган фикрлари билан узвий уйғун экани таъкидланади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






