18 октябрь – Самарқанд шаҳри кунига бағишланади
Бу мисралар тунда эмас, ёзилмоқда тонг билан,
Минорларга аждодларим битган қизил қон билан,
Гумбазларнинг қаъридаги минг йиллик туғён билан,
Етти иқлим аро тенгсиз, жаннат боғи Самарқанд,
Ўзбегимнинг ифтихори, шамчироғи Самарқанд.
Жоҳилият замонида золим шоҳга йўйдилар,
Қабрин очиб жаҳонгирни қайта бошдан сўйдилар.
Ҳақ ғолибдир. Мана энди улкан ҳайкал қўйдилар,
Қаршисида ярим дунё чўкка тушган Самарқанд,
Ўзбек номи Еру Қуёш, кўкка тушган Самарқанд.
Кошинларнинг рангларида жамулжам бўлар жаҳон,
Юлдузлар ҳар тун кимнидир излашар юраги қон,
Расадхона майдонидан бошланар асли осмон,
Улуғбекнинг айтолмаган сўзларидир Самарқанд,
Кашф этилган янги олам кўзларидир Самарқанд.
Бобур Мирзо бунда улкан қўрғон қурмоқчи бўлди,
Авлодларга етгулик бир ошён қурмоқчи бўлди,
Ёғий босди тупроғини, бари чалажон сўлди,
Бобур кўксида ушалмас зўр армони Самарқанд,
Неча ватангадо зотлар дил дармони Самарқанд.
Регистонинг минг бир китоб, тарихнинг бир парчаси,
Шундан бизга очилган илк илму шеърнинг дарчаси,
Уч мадрасанинг олдида ўтаверсин барчаси,
Навоийнинг қўлларига қўлин тутган Самарқанд,
Мотрудийнинг изларини кўзга суртган Самарқанд.
Бобо юрти Бухородан йироқ бўлди ул даҳо,
Ҳадис илми йўлларида чироқ бўлди ул даҳо,
Не даҳолар ўтган юртда тупроқ бўлди ул даҳо,
Исмоил ал Бухорийнинг дил оҳидир Самарқанд,
Излаб излаб топган сўнгги паноҳидир Самарқанд.
Ёғий босди, қаддин бироз букди Чўпон отамиз,
Зарафшонга кўз ёшини тўкди Чўпон отамиз,
Эл улусга тинчлик истаб чўкди Чўпон отамиз,
Юрак уйғоқ, аммо кўзи басир бўлган Самарқанд,
Кауфмандек жаллодларга асир бўлган Самарқанд.
Кўҳна дунё, дардинг сенинг асрларга юк бўлган,
Бу дардларнинг азобидан не бошлар буюк бўлган,
Не фарёдки, оқиллар хор, жоҳиллар суюк бўлган,
Босқинлардан, сотқинлардан ўлмаган бош Самарқанд,
Кўҳна тарих саҳросида синмаган тош Самарқанд.
Талабалик. Олтин даврим. Бағрида из қолдирдим,
Дорилфунун эшигида бир гўзал қиз қолдирдим,
Қиз қалбида бир умрлик оташин ҳис қолдирдим,
Ўшал ширин муҳаббатим бешигисан, Самарқанд,
Ишқ қасрининг мен очмаган эшигисан, Самарқанд.
Сингилгинам, қаҳ-қаҳ урма, ошиқ укам, чекма оҳ,
Бул саройлар қоши узра қувлашиб юрмоқ гуноҳ.
Бунда ётган ҳар зарра, хас минглаб сирларга гувоҳ,
Турку-Турон ифтихори, ёшлигисан, Самарқанд,
Ошиқларнинг ўшал қалам қошлигисан, Самарқанд.
Она шаҳрим! Шаънингга ҳеч қуруқ сўзлар демасман,
Сени жондан севаман деб кўкрагимга урмасман,
Отам ётган бу заминни ҳеч кимсага бермасман,
Ўзлигини англаган кун – истиқболдир Самарқанд,
Мустақиллик – келажагу, Истиқлолдир Самарқанд.
Мен ҳам сенинг бир парчангман, битта ошиқ юрагинг,
Озод элим бахти учун толмасин ҳеч билагинг,
Дўстга бағринг тўлаверсин, Тинчлик бўлсин тилагинг,
Ўзбекистон боғи аро мангу дарахт Самарқанд,
Ёр Муҳаммад бутун умр интилган бахт Самарқанд!..
Ёр МУҲАММАД
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






