Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Илмий ва маънавий ҳамкорлик йўлида

Илмий ва маънавий ҳамкорлик йўлида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Россия Федерацияси Татаристон Республикасининг олимлари, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.

Делегация аъзолари билан ўтказилган давра суҳбатида Марказ директори Шовосил Зиёдов илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма илмий изланишлар олиб бориш ва ёш тадқиқотчилар учун малака ошириш курслари этиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Татаристон дэлегацияси раҳбари, педагог ва тарихчи олим Рашид Амишев самимий қабул учун миннатдорлик сифатида Марказга ўзининг «Татарский богослов Нургали Хасанов» («Татар илоҳиётшуноси Нургали Ҳасанов») номли китобини туҳфа қилди. Ушбу асарда икки халқнинг илмий ва маънавий меросидаги уйғун ва муштарак жиҳатлар ҳам мужассам эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Директорнинг Бош маслаҳатчиси Б.Тўраев делегация аъзоларини Марказнинг илмий-тадқиқот, нашр ва маърифат йўналишларидаги фаолияти билан яқиндан таништирди. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик дастурлари, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва электрон база яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Марказ директорининг ўринбосари О.Муҳаммадиев нашр этилган илмий тўпламлар, монографиялар ва тадқиқотлар ҳақида сўзлаб берди ва меҳмонларга илмий адабиётлардан намуналар тақдим этди.

Тадбир дўстона ва илмий руҳда ўтди. Икки томон ҳам келгусида илмий тадқиқотлар, манбалар алмашуви ва қўшма тадбирларни ташкил этиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.

Шундан сўнг меҳмонлар музей фаолияти, Имом Бухорийнинг ҳаёт йўли ва илмий мероси, Марказ фондида сақланаётган нодир қўлёзмаларга оид экспонатлар билан танишди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Термизий даҳоси ва Марказий Осиёда ислом тарихига оид янги илмий манба тақдимоти

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Покистон ва АҚШда фаолият олиб бораётган тарихчи ва тадқиқотчи Муҳаммад …