Бухоролик олим Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ ал-Гулободий тахминан 310-320/923-933 йиллар орасида туғилган. Доримий (ваф. 255/869), Бухорий (ваф. 256/870), Ҳоким ат-Термизий (ваф. 279/892), Ҳаким ат-Термизий (ваф. 320/932), Мотуридий (ваф. 333/944), Дабусий (ваф. 430/1039), Абдулхолиқ Ғиждувоний (ваф. 575/1179 ёки 617/1220), Буҳоуддин Нақшбанд (ваф. 791/1389) каби олим ва мутасаввифларни тарбиялаган, ирфон булоғи, исломий билимларнинг ҳақиқий талабгорлари бўлган Ўзбекистонда туғилиб, вояга етган Гулободий асосан ҳадис ва тасаввуф илми билан шуғулланган, номи илк ҳадис шориҳларидан бири сифатида тарихда қолган. Олимнинг илмий салоҳияти ва ижодий ғояларига баҳо бериш учун бугунги кунгача етиб келган икки асари: “Ат-Таъарруф” ва “Баҳр ал-Фаваид”га қараш етарлидир.
Араб ва ажам олимлари Гулободийнинг туғилган жойини Калобоз деб аташади. 506/1113 йилда Марвда туғилиб, 562/1166 йилда ўша ерда вафот этган Самъоний [13] иккита Калобоз маҳалласини тилга олган. Улардан бири Бухоронинг энг баланд ҳудудида жойлашган, кўплаб алломалар етишиб чиққан маскандир. Иккинчиси эса Нишопур маҳаллаларидан биридир. Самъоний Нишопурдаги Калобоз ҳақида “Менимча, бу маҳалланинг номи “коф” ҳарфининг заммаси билан Кулобоз бўлиши керак”, деган ва яна маҳалла номининг Жулобоз сифатида талаффуз этилишига ҳам ишора қилган [10: 115-116]. Худди шу маълумотни Ёқут ал-Ҳамавий (ваф. 626/1229) ҳам такрорлайди [12]. 2024 йили август ойида Бухорога қилган сафаримиз ҳамда бизга мезбонлик қилган Муҳаммаджон ёрдамида олиб борган изланишимизда Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ ал-Гулободийнинг мадрасаси ва қабри ўрнини топдик. Бу маҳалла бугун ҳам Гулобод деб аталади ва Самъоний айтганидек, эски Бухоронинг ўртасига яқин жойда, бироз баландликда жойлашган.
Қуйида Гулободий ҳадис эшитган устозлардан баъзиларининг номини келтирамиз:
Сарахс масжиди имоми Абул Фазл Алу ибн Ҳасан ибн Аҳмад, Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сарҳий, Муҳаммад ибн Нуайм ас-Самарқандий, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Бағдодий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ал-Балхий, Абу Ҳомид Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ас-Соиғ ан-Найсобурий;
Райда Абу Бакр Муҳаммад ибн Меҳроваҳй ар-Розий, Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн ал-Марзубоний, Абул Ҳасан Муҳаммад Умар ал-Бужайрий, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Уммоний, Исмат ибн Маҳмуд ибн Идрис ал-Байкандий, Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳиравий, Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Бағавий, Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Азҳарий;
Дору Баккорда Абу Наср Муҳаммад ибн Ҳамдуя.
Бу номлардан келиб чиқиб айтишимиз мумкин-ки, у ўзининг она шаҳри Бухородан ташқари Самарқанд, Хуросон, Марв, Сарахс, Бағдод, Куфа, Миср каби ҳадис марказларига саёҳат қилган. “Баҳр ал-Фавоит”га асосланиб айтадиган бўлсак, ҳадис ривоят қилган устозлари сони юзга яқиндир. Билол Саклан ва Фикрат Карапинар тадқиқотларида Гулободийнинг юзга яқин устозлари исмини зикр этган [2].
Қизи Уммул Қосим, Шамсулаимма Кардарий, Муҳаммад ибн Али Абун Наср, Аҳмад ибн Али ал-Исбаҳоний ал-Маймарғий, Ҳофизуддин ал-Кабир ал-Бухорий, Абу Тоҳир Иброҳим ибн Аҳмад ал-Мустамлий ва Шайх Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Муҳаммад Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн ал-Котиб “Маъон ал-Ахбор”нинг ровийларидир (бу шахс асарни Бухорода Дарб ал-Ҳадид деган жойда ҳижрий 375 йилда тинглаган). Имом Абул Ҳасан Али ибн Аҳмад ат-Тамимий ва Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исҳоқ “Маъон ал-Аҳбор”ни Гулободийнинг шахсан ўзидан ривоят қилган талабаларидандир [4: 143-144]. Булардан ташқари унинг дарс ҳалқасига қатнашган ёки тасаввуф тарбиясини олган кўплаб шогирдлари бўлган.
Гулободийнинг турли манбаларда қайд этилган, аммо бугунги кунгача етиб келмаган асарлари қуйидагилардир:
- “Китаб ал-арбаин фил ҳадис”.
- “Ал-Ашфо вал автор”.
- “Амолий фил ҳадис” ёки “Амолий Абу Бакр”.
- “Ҳусн ат-тасарруф фи шарҳ ат-таъарруф”.
- “Фасл ал-хитоб”.
- “Муаддил ас-Салот” [1:54].
- “Шарҳу ғариб ал-аҳадис”.
- “Мақолот ас-суфия”.
- “Фақирликнинг шарафи ҳақидаги турли хабар ва асарларни ўз ичига олган мустақил китоб” [3:18-19].
Муаллифлар Гулободийнинг вафоти ҳақида турли тарихларни кўрсатган. Алломанинг тасаввуфий қарашларидан таъсирланган ва асарида ундан кўплаб иқтибос келтирган Хожа Муҳаммад Порсо (ваф. 822/1420) вафот этган йилини 380/990 деб кўрсатган, шу йили жумодул аввал ойининг 24, 25 ёки 29-санасига тўғри келган жума куни Бухорода вафот этгани, қабри ҳам машҳур бўлиб, зиёрат этилишини айтган. Муҳаммад Порсо мадрасаси Гулободийнинг ҳозирда сақланиб қолмаган, қабри рўпарасида бўлган мадрасасидан 200 метрлар узоқликда жойлашган. Улар орасида тўрт ярим асрлик вақт фарқи бўлса-да, Гулободий мадрасаси Хожа Порсо даврида ҳам фаолият кўрсатган ва Бухоронинг йирик мадрасаларидан бири ҳисобланган. Хўжа Порсо айтган вафот тарихи жума куни бўлганини инобатга олсак, сана ўзгартириш дастури фақат 382 йил жумодул аввал ойининг 25 куни ва 384 йил жумодул аввал ойининг 24 куни жумага тўғри келишини кўрсатади. Котиб Чалабий, Умар Ризо Каҳҳола ва Каттоний Гулободийнинг вафотини 380/990 деб айтган бўлса, Исмоил Пошо 384/994 деб кўрсатган. Бу ҳолда Хожа Порсо айтганларига энг мос келадиган сана 382 ёки 384 йилдир [9].
Гулободий ва тасаввуф. Гулободий тасаввуфни Мансур Ҳалложнинг (ваф. 309/922) шогирди ва издоши Форис ибн Исодан (ваф. 335/947) ўрганган. Айтишимиз мумкин-ки, олим “Ат-Таъарруф” асарини сўфийлар орасида пайдо бўлган бидъатларни йўқ қилиш, салафлар тасаввуфининг бузилган тушунчаларини очиб бериш мақсадида ёзган [7].
Абу Наср Саррож ат-Тусий (378/988) “Ҳозирги кунда тасаввуфга қизиқувчилар кўпайди, тасаввуфдан узоқ туриб, ўзини сўфий қилиб кўрсатадиганлар сони ортди”, деб зорланган. Худди шу шикоятларни машҳур сўфийлар Қушайрий (ваф. 465/1072) ва Ҳужвирий (ваф. 470/1077) ҳам билдирган. (Саррож. Лумаъ, 19 (Миср, 1960). Муҳосибий, Саррож, Ҳужвирий ва Қушайрий каби тасаввуф тарихининг илк манбаларини тақдим этган муаллифлар шариатдан ташқаридаги сохта сўфилардан ва тасаввуфий оқимлардан қатъий тарзда, давомли шикоят қилиб келган [11:12-13].
Гулободий таклиф қилган тасаввуф тушунчасидаги энг муҳим масала Аллоҳни бир деб билиш ва ҳамма ишни Аллоҳ розилиги учун қилишдир. Яна унинг тасаввуф йўли гўзал ахлоқ, нафсни тарбиялаш, Аллоҳни кўп зикр қилиш, яхши амалларни кўпайтириш, тақво, яъни Аллоҳнинг амрига риоя қилиш, кишиларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш, бошқаларнинг камчилигига кўз юмиш, бошига тушган ва содир бўладиган ҳамма нарсани Аллоҳдан деб билиш, сабр қилиш, ғазабланмаслик, самимийлик, розилик, севги ва ҳоказо қадриятларга асосланади.
Гулободийнинг тасаввуф тушунчаси фалсафадан холи, Қуръон ва суннатда далил бўлмаган талқинлардан имкони борича узоқроқ туради. Олимга кўра, тасаввуф Қуръон ва суннатга мувофиқ талқин қилиниши керак. У ҳадисларни шарҳлар экан, мустаҳкам ва самимий эътиқодни, Аллоҳнинг ризолигига мувофиқ, яхши ниятга асосланган ҳаёт тарзини тавсия қилади. “Баҳр ал-фавоид”даги ҳадисларни танлашда одамлар ўртасида ихтилофга сабаб бўладиган ривоятларни шарҳлайди, қалбларни бирлаштиришга уринади, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳадислар ёрдамида талқин қилиб, ҳаётга ижобий тарафдан қарашни ўргатади. Бойлик ва куч инсонга бериши мумкин бўлган манманлик, шафқатсизлик каби ёмон хислатларни, одамлар дуч келадиган қашшоқлик ва шу сингари бошқа муаммоларни маҳорат билан талқин қиладики, унинг насиҳатларини ўрганиб, ҳаётга татбиқ этган киши бугунги куннинг энг катта муаммоларидан бўлган тушкунлик ва психологик қийинчиликларни, мутахассисга муҳтож бўлмасдан, ўз ақли ва иродаси билан енга олади. Шу жиҳатдан унинг ҳадисларни шарҳлаш ҳамда тасаввуфни талқин қилиш қобилияти ҳадис ва ҳаёт ҳақиқатларини жуда яхши тушуниб етганидан далолат беради. Зеро, бир ҳадисни изоҳлашда ҳаётий мисоллар асосида тавсиялар бериш ҳадис илмида энг муҳим нуқталардан биридир.
Зоҳирий ва ботиний илм. Гулободийнинг фикрича, зоҳирий ва ботиний илм бир-биридан мутлақо фарқ қиладиган илмлар ҳисобланмайди. Шу жиҳатдан ботиний илм ўқиб-ўрганмасдан, кашф йўли билан эришилган ва фақат қалб кўзи очиқ кишиларга маълум бўлган, бошқача айтганда, Аллоҳ таоло томонидан маълум бир маънавий даражага етган кишиларнинг қалбига уларнинг меҳнатисиз жойланган махсус илм эмас. Кашф – бу илм билан англай олинмаган тушунчани (ҳақиқий маънони) Аллоҳ тарафидан қалбни нурлантириш суратида кишининг қалбида яратишидир [8]. Ушбу таърифга кўра, зоҳирий билим ўқиш орқали ҳосил қилинади. Ботиний илм зоҳирий илмнинг талқини, унинг ҳақиқий маъносидир. Бунга эришиш йўли билганларига амал қилишдир. Гулободий “Аллоҳ таоло билганларига амал қилган кишига билмаганларини ўргатади” ривоятида назарда тутилган махсус илм фақат “илми диросат” ёки “илми иктисоб”, яъни ўқиб-ўрганиш натижасида олинган илмга амал қилган инсонгагина берилишини айтади [8]. Бунга кўра, илмлими ёки илмсиз, ҳар бир мусулмоннинг қалбига келган туйғулар кашф бўлолмайди. Кашф соҳиби қалбдаги туйғулар исломнинг асос меъёрларига мос келиб-келмаганини ажрата оладиган миқдорда шаръий илмга эга бўлиши керак.
Ҳадис моҳияти. Ҳадиснинг саҳиҳлигини аниқлаш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадис билан нимани назарда тутганларини англаш ҳадисшуносликнинг икки асосий мақсадидир. Шуни ишонч билан айта оламизки, ҳадис илмига оид барча китобларнинг муштарак ғояси мана шу икки мақсадда бирлашади. Олимлар бу икки мақсадни тўғри амалга ошириш учун кўп саъй-ҳаракат қилди, услублар ишлаб чиқиб, қанча ардоқласак арзийдиган ўлмас асарлар ёзиб қолдирди. Биз бу ерда мазкур китоб ва услублар ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз. Қисман тўхталадиган мавзумиз “Ҳадиснинг моҳияти” тушунчаси ва Гулободийнинг ҳадис шарҳларида бу тушунчани қанчалик ёритиб бера олгани ҳақида бўлади. Бу мавзуни янада чуқурроқ ўрганиш учун келажакда алоҳида мақола ёзиш мақсадларимиздан биридир.
Бу тушунча зеҳнимга илк бор келганда “Ҳадис қиссаси” ёки “Ҳадис тили” деб номлашни ўйлагандим. Фикримни ўртоқлашиб, маслаҳат сўраган баъзи дўстларим қисса сўзи кўпроқ асли бўлмаган воқеа учун ишлатилиши, ҳадис соҳасида ишлатилса тўқима ҳадис тушунчасини уйғотишини айтиб, танқид қилди. Шундан сўнг мен “Ҳадиснинг моҳияти” дейишни маъқул топдим. Шиа муҳаддис Шайх Садуқ “Ман ла яҳдуруҳул фақиҳ” китобига “Ман ла яҳдуруҳут табиб” деган китобдан илҳомланиб ном қўйганини айтган. Бу эса ўз навбатида менга “Ҳадиснинг моҳияти” номини танлашимга илҳом берганини айтишим мумкин. Бу номни истеъмолда қўлланилган ҳамда илоҳиётдан ташқаридаги соҳага тааллуқли бўлган “Касаллик тарихи” ибораси таъсирида танлаган бўлдик. “Ҳадиснинг моҳияти” тушунчасидан келиб чиқиб, ҳадиснинг саҳиҳ бўлиши муҳим бўлса-да, унинг заифлиги бутунлай рад этишга сабаб бўлмайди. Чунки ҳадис олимлари ҳукмдан ташқари масалаларда ҳадиснинг барча шартларига жавоб бериши эмас, заиф бўлса-да, Ислом руҳига, яъни Қуръон ва суннатга уйғун бўлишига эътибор қаратган.
“Ҳадиснинг моҳиятини”ни ўртага чиқариш учун матнни ўзгартирмаган ҳолда эҳтимолий сценарийлар тузиш ва масаланинг моҳиятига қараш лозим бўлади. Шу билан бирга ривоят ёки воқеанинг саҳиҳлигини аниқлашда Қуръон ва суннат ўртасидаги боғлиқликни ҳам эътибордан қочирмаслик зарур. Масалан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон ҳукмига тескари ишлари бўлиши мумкин эмас. Шу сабабли Қуръонга зид ҳисобланган сўз ёки хатти-ҳаракатнинг мантиқий изоҳи бўлмаса, кимга тегишли бўлишидан қатъи назар, талқин қилишнинг ҳожати йўқ. Бироқ Қуръонга хос бир изоҳ ёки шунга ўхшаш ҳаракатни амалга ошириш Каломи шарифга зидлик ҳисобланмайди.
“Ҳадиснинг моҳияти”га кўра ривоятнинг фақат матнини асос қилиб олиш ўрнига, сабаб-натижа боғлами доирасида унинг асл мағзини уқиш муҳимдир. Афғонистонлик бир шогирдим ўз юртида устидаги шим билан жума намозини ўқиб бергани ва намоздан кейин шаҳарнинг таниқли олимларидан бири томонидан қаттиқ танқид қилинганини айтганди. Мазкур олимнинг фикрича, шогирдим ерга тегадиган даражада узун шим кийган ва бу Пайғамбаримизнинг ҳадислари билан қайтарилган ҳолатдир. Ваҳоланки, шогирдим кийган кийим ҳамманикига ўхшаб бозорларда сотиладиган оддий шим бўлган. Моддий етишмовчилик сабаб йигитнинг бошқа шим олишга пули ҳам етмагандир. Шунга қарамасдан бу йигит саодат даврида ҳамманинг ҳам қурби етмаган матодан ерга судраладиган қилиб кийинган, мақтанчоқ киши билан бир хил тоифага қўйилган ва танқид қилинган. Ҳолбуки, ҳозирги замонда мол-дунёсини кўз-кўз қилиш учун кийимини ерга судраб юриш одат эмас, шимини ерга судраб манманлик қиладиган кимса ҳам йўқ. Энди бунинг ўрнини олтин билан қопланган машиналар, минг, миллион долларлик соатлар, ўзига ўхшашларидан беш-ўн баравар қиммат маркали маҳсулотлар эгаллади.
“Ҳадиснинг моҳияти”га кўра яна бир муҳим жиҳат сўзнинг айтилиш сабабини ёки ҳодисанинг қайси шароитда содир бўлганини, яъни “сабаби вуруди”ни аниқлаб олишдир. Ушбу жараён ҳадиснинг асл моҳияти, асл маъносини очиб беришда ниҳоятда муҳимдир. Афсуски, узоқ вақт давомида ундай билимдан узоқ бўлдик, мазҳабчиликка, ровийларга тегишли турли сабаблар ҳадис замиридаги фикрни тўғри очиб беришни қийинлаштирди. Айниқса, тарих, жамият социологияси ёки инсон психологияси билан боғлиқ бўлган воқеаларда ўша даврнинг шарт-шароити, билим-тафаккури, ўзига хос шароитларини ҳисобга олган ҳолда баҳолаш ва шунга мос равишда сценарий тузиш зарур. Акс ҳолда ҳикоя қилинган воқеа ёки ривоятнинг асл маъноси биз берган маънога қарама-қарши бўлиб қолиши мумкин.
Яна бир жиҳат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидаги маданият, жуғрофия ва бошқа омилларга кўра тўғри ва инсонлар манфаатига уйғун саналган ишлар бугунги кунда ундай бўлмаслиги мумкин. Бу фарқлилик баъзан ҳадис ёки хабар матнини нотўғри тушунишга олиб келади. Айни мулоҳазани Қуръон рухсат берган айрим масалаларда ҳам (оила, ер ҳуқуқи, уруш ҳуқуқи в.ҳ.) кўрамиз. Бунга “(مَن أعْمَرَ أرْضًا ليسَتْ لأحَدٍ فَهو أحَقُّ – Ким бир ерни ўзлаштирса, унга эгалик қилишга бошқаларга қараганда кўпроқ ҳақдор бўлади)”[5] ҳадиси кўпинча мисол тариқасида келтирилади. Бугунги кунда ерга эгалик ҳуқуқи ё шахсий, ёки давлатга оид шаклда бўлади. Бугун унумдор тупроқларга эга давлатларда кишилар ўзлаштирилмаган ерни очиш билан унинг эгаси бўлиб қолмайди. Фақатгина бу инвестиция жалб қилиш ёки ҳудудининг бир қисми чўл бўлган давлатларда ҳукуматнинг махсус рухсати билангина амалга оширилиши мумкин.
Бошқа бир мисол сифатида тибга алоқадор “Қора дона (седана) ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир” [6] ҳадисини келтириш мумкин. Седана Пайғамбар алайҳиссалом замонларида шифо ниятида қўлланилгани, Набий алайҳиссаломнинг ўзлари истеъмол қилиб, фойда кўрганлари ёки давр тиббиётида фойдали деб топилгани учун ҳадисда умумий маънода тавсия этилган бўлиши мумкин. Ҳозир ҳам халқ табобатида, кишилар ўртасида кенг қўлланилиши, фойда олинаётгани маълум. Аммо тиббиётнинг ҳозирги босқичида барча илғор дори воситаларига қарамай, седананинг энг самарали дори воситаси эканига ишониш, барча касалликларни шу билан даволашга уриниш ҳадис моҳиятига мос келадиган тушунча эмас. Расул алайҳиссалом ўлим хасталигида ётганларида седанадан фойдаланганлари ҳақида ҳам бирор бир ривоят йўқ.
Яна Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир неча аёлга уйланишлари, Оиша розияллоҳу анҳонинг никоҳ ёши каби масалалар ҳам давримиз шароитида танқидга очиқ мисоллардир. Қуръонда изн берилган масалалардаги (кўпхотинлик в.ҳ.) рухсатларни мутлақ амр деб ҳисоблаш ёки уларни ўзининг табиий ҳаққи деб билиш тўғри эмас. Жамият маданияти ва иқтисодий шартлар турлича бўлган давлатларда ёки аёллар сонининг уруш сингари сабаблар натижасида эркакларга нисбатан ошиб кетган ерларда бу рухсатлардан фойдаланиш оила тинчлигига зарар бериш билан бир қаторда инсонни иқтисодий, психологик ва ижтимоий жиҳатдан салбий натижага етаклаши мумкин. Бу бир касалликка қўлланилган дорини бошқа дард билан оғриган кишининг истеъмол қилишига ўхшайди. Бордию бу одам доридан зарар кўрса, айбдор дори эмас, унинг ўзидир. Негаки бировга зарур, лекин ўзига керак бўлмаган дорини қўллаш фойдадан кўра зарар келтиради. Ҳатто бир хил касалликка чалинган беморлар битта доридан айни фойдани тополмайди. Шундай экан, инсон бир ишга киришаётганда ўз шарт-шароитини ҳисобга олиши, шарт ва сабаблари бошқача бўлганлар билан ўзини солиштирмаслиги керак.
“Ҳадиснинг моҳияти” тушунчасининг энг муҳим жиҳати тарихий ривоятлар, ўтмишдаги воқеаларни қиёслаш орқали бугун билан боғлаш, ўхшаш тарафларни топиш, замонларни қориштириб юбормасликдир. Бу мисоллар рўй берган ёки рўй бериши мумкин бўлган бўлиши, инсон ва табиат фитратига, яъни Аллоҳнинг жорий қонунларига зид бўлмаслиги керак. Олдинлари бир асрда содир бўлган ижтимоий ўзгаришлар ҳозирда қандайдир ўн-йигирма йил ичида амалга ошиб кетяпти. Кўпхотинлик, қулдорлик, аёлнинг гувоҳлиги сингари ҳукмлар ёнида маданиятдан таъсирланган ва динга алоқаси бўлмаган кўплаб амалиётлар жой олмоқда. Бундай ҳолда жамият ва инсонни чуқур таҳлил қилиш, ривоятларнинг таг маъносини очиб бериш керак. Масалан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг Ҳунайн асирларини озод қилишлари, Макка фатҳидан кейин мушрикларга қул сифатида қарамаганлари, Ҳазрати Умарнинг форс ерларини фатҳдан сўнг аскарларга ўлжа қилиб бермасдан, солиқ эвазига собиқ эгаларига қолдириши, уларни қул қилмагани, “муаллафати қулуб”га (“қалблари исломга мойил этилгувчилар”) закотдан бериладиган улушни бекор қилиши, закот, азон, таровеҳ сингари масалаларга Пайғамбаримиз замонларида бўлмаган ишларнинг қўшилиши бу борада мисол бўла олади. Ҳазрати Умарнинг суннатда бўлмаган ўнлаб янги амалиётларни жорий этиши саҳобалар тарафидан суннатда йўқ ёки суннатга тескари деган важ билан танқид қилинмаган, рад ҳам этилмаган. Бунинг сабаби салаф наслининг Қуръон ва ҳадисни яхши тушунганларидир. Бироқ суннат қоғозга туширилгандан кейин баъзан ривоятнинг матнини англашга уринилди, ёзилган шарҳлар гоҳида жамият ва инсон ҳаёти истакларига ёки замон талабларига тескари келиб қолди. Уламолар бу каби муҳим масалаларда ҳаромни вақтинча ҳалолга айлантирувчи “Аз-Зарурот тубиҳул маҳзурот” (“Зарурат тақиқларни (вақтинча) жоиз қилади”) қоидасини ишлаб чиқишди ва бу орқали муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилишди. Чунки диннинг мақсади ҳаётни қийинлаштириш эмас, аксинча осонлаштиришдир. Бу ҳақда айнан Қуръонда:
اِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنْزيرِ وَمَٓا اُهِلَّ بِه لِغَيْرِ اللّٰهِۚ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلَا عَادٍ فَلَٓا اِثْمَ عَلَيْهِ اِنَّ اللّٰهَ غَفُورٌ رَحيمٌ
“У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди. Аммо зулмкор ва тажовузкор бўлмаган ҳолда, заруратан, мажбур бўлса (очлик танглиги юзасидан тановул қилса), унга гуноҳ йўқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 173 оят), деб рухсат берилган.
Жамият ва инсон учун аҳамият касб этган масалаларда фақатгина ривоятнинг матнига диққат қаратиш ҳадис моҳиятини очиб беришга тўсиқ бўлиб қолади. Бошқача айтганда, ривоятни нотўғри тушунишга, ҳадиснинг ҳаёт ҳақиқатларига зид келиб қолишига сабаб бўлади. Бундай қарама-қаршилик дунёвий фикр ва реалистик нуқтаи назар ҳукмрон жамиятларда динни тушуниш ва тушунтиришни қийинлаштиради, инсонларни эътиқодидан узоқлаштиради. Шу боисдан бугун илоҳиёт факультетларида “Ҳадис”, “Дин социологияси”, “Дин психологияси” йўналишлари бўйича мутахассислардан таълим олган талабалар ҳадисларни талқин қилиш ва ҳаёт билан боғлашда муваффақият қозонаётганлари очиқ ҳақиқатдир.
-
Bağdatlı İsmâil Paş Hediyyetü’l-ârifîn. – İstanbul: Maarif Basımevi, 1955.
-
Bilal Saklan, Ebû Bekir Muhammed el-Kelâbâzî ve Maâni’l-Ahbâr, Konya: Basılmamış çalışma (İSAM Demirbaş no: 58778- 297.33 SAK:E.), 18-19; Fikret Karapınar, Ebû Bekr Muhammed b. İshâk el-Kelâbâzî (v. 380/990)’nin Miftâhu Me‘âni’l-Ahbâr Adlı Eserinin İlk 80 Varakının Tahkîk ve Tahrîci (Konya Selçuk Üniversitesi Sosyal Bilimler Enstitüsü, Yüksek Lisans Tezi, 1999), 67-70.
-
Bilal Saklan. Ebû Bekir Muhammed el-Kelâbâzî ve Maâni’l-ahbâ
-
Bilal Saklan. Hadis Tarihinde Muhaddis Sûfî – İstanbul: İnsan yayinlari, 2012.
-
Buhârî, “Kitâbu’l-müzaraa”, 15 (nr. 2335). Kimseye ait olmayan bir toprağı ıslah ve imar eden kişi oranın sahibi olur.
-
Buhârî, “Tıp”, 7; Müslim, “Selam”, 88; İbn Mâce, “Tıp”, 6; Tirmizî, “Tıp”, 5.
-
Göktaş, Vâhid, Kelâbâzî (ö. 380/990) ve Tasavvuf Anlayışı (Ankara Üniversitesi Sosyal Bilimler Enstitüsü, Doktora Tezi, 2007), 33; “ J. Arberry, Gülabadi, İslam Ansiklopedisi (İstanbul: Milli Eğitim Basımevi, 1977), 6/538.
-
Gülâbâdî, Bahrü’l-favâid (N.E.Ü. İ.F.K., 1075/A), 308a.
-
Kâtip Çelebi, Keşfü’z-zünûn, 1/53; Kehhâle, Mu‘cem, 3/37; Kettânî, er-Risâletü’l-müstatrefe, 103; Bağdatlı İsmâil Paşa, Hediyyetü’l-ârifîn, 2/54; Saklan, Bilal, Hadis Tarihinde Muhaddis Sûfîler, 144.
-
Sem‘ânî. El-Ensâ – Beyrut: Dârü’l-Cinân, 1408/1988.
-
Süleyman Uludağ. Et-Taarruf. – İstanbul: Dergâh yayinlari, 1992.
-
Yâkût el- Hamevî. Mu‘cemü’l-büldâ – Beyrut: Dâru Sâdır, 1397/1977. 4/472.
-
https://islamansiklopedisi.org.tr/semani-abdulkerim-b-muhammed. Erişim: 07.9.2024.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






