Home / АЛЛОМАЛАР / БУЮК ФАҚИҲ АБУЛҚОСИМ ДАБУСИЙ

БУЮК ФАҚИҲ АБУЛҚОСИМ ДАБУСИЙ

Ислом цивилизациясининг юксак маънавий ва илмий мероси қисман Марказий Осиёдаги қишлоқ ва шаҳарларнинг бой тарихидан ҳам ташкил топган. Унинг муҳим бўғинларидан бири Дабусия шаҳридир. VIII-XI асрларда Дабусия илмий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан юксак даражада ривожланган. Шарқ ва Ғарбни боғловчи қадимий савдо йўлида жойлашган бўлиб, тарихий, иқтисодий ва илмий жиҳатдан катта аҳамиятга эга маскан ҳисобланган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий “Бухоро тарихи” асарида бундай дейди: “Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, фақат қишлоқларидан баъзилари пайдо бўлган эди. Нур, Харқонруд, Вардона, Таровча, Сафна ва Исвона ўша қишлоқлар жумласидандир. Ҳукмдор турадиган катта қишлоқ Бойканд (Пойканд) эди. Шаҳар “Қалъайи Дабусий” – “Дабусий қалъаси” бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар [1]”.

Дабусия ёдгорлиги Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани Дабусқалъа қишлоғининг шимолий томонида, Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида жойлашган.

Дабусия нафақат тарихий маскан, балки улуғ алломалар ватани ҳамдир. Жумладан, Ўрта асрларда бу шаҳардан Абдулғушайм Зулайм ибн Ҳатит ибн Довуд Сулаймон ибн Маҳни ибн Абдуллоҳ Дабусий (ваф. 866 й.)[2], Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо Дабусий (978-1039 й.), Абулфатҳ Маймун ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Бакр Дабусий (1067-1137 й.)[3] ва Абу Нун Юнус ибн Иброҳим ибн Абдулқавий ибн Қосим ибн Довуд Дабусий (1237-1329 й.)[4] каби кўплаб мутафаккирлар етишиб чиқиб, диний ва дунёвий илмларнинг турли соҳаларида фаолият юритган.

Дабусиялик буюк алломалардан бири Абулқосим Дабусийдир. Тўлиқ исми – Абулқосим Али ибн Абу Яъло Музаффар ибн Зайд ибн Ҳамза ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб Алавий Ҳусайний[5] Дабусий. Насаб жиҳатидан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўғли Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Шу боис Ҳусайний ва Саййид (Саййид Абулқосим Дабусий) нисбалари билан ҳам зикр этилган.

Абулқосим Дабусий бошланғич таълимни Дабусияда Абу Амр Муҳаммад ибн Абдулазиз Қантарийдан олган. Сўнг Бухоро, Самарқанд, Марв, Нишопур, Исфаҳон, Бағдод каби шаҳарларда Абу Саҳл Аҳмад ибн Али Абивардий, Абу Масъуд Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Бажлий, Абу Саҳл Абдулкарим ибн Абдураҳмон, Кулабозий ва Абулҳасан Али ибн Аҳмад Ансорий Астрабозий каби уламолардан таҳсил кўрган ва ҳадислар ривоят қилган[6].

Аллома шофеий мазҳабининг етук имоми, муҳаддис, фақиҳ ва адиб бўлиб, араб тили, усул, калом ва фиқҳ соҳаларида чуқур қомусий билимларни эгалланган. Ҳозиржавоблиги, нотиқлиги, баҳс-мунозарада ҳужжат ва далил билан сўзлаши, ҳусни хулқи ва саховати билан танилган.

Абулқосим Дабусий 479/1086 йили Бағдодга бориб, “Низомия” мадрасасида мударрислик қилган. Шу аснода кўҳна Бағдоднинг етук уламолари билан бўладиган илмий муҳокама ва мунозараларда қатнашган ва улардан ҳадислар ёзиб олган[7].

Ибн Самъоний унинг фаолияти ҳақида бундай дейди: “Абулқосим Дабусий Абулмаоний Жувайний билан Найсабурда бир масалада баҳслашиб қолади. Дабусий устун кела бошлайди. Бу ҳолат Жувайнийнинг тарафдорлари томонидан қўполлик билан қарши олинади. Дабусий бундан норози бўлиб, Найсабурдан чиқиб Асбаҳонга кетади. Бу воқеанинг хабари вазир Низомулмулкка етиб боради. У тафсилотларни ўрганиб чиқади ва Дабусийнинг сўзлари ва келтирган далиллари устун келганига ишонч ҳосил қилади”.

Абулқосим Дабусий кўплаб шогирдлар етиштирган. Жумладан, Абдулкарим Самъонийнинг “Ансоб” асарида келтирилишича: “Марв шаҳрида Абу Фазл Муҳаммад ибн Абу Наср Масъудий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абу Зарр Саломий Жавбоний (1058-1135), Банждияда Абу Фазл Абдураҳмон ибн Ҳасан Сайрафий, Асбаҳонда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад Суфлий, Абу Аббос Аҳмад ибн Фазл, Эрондаги Буружирд шаҳрида Абу Ағнам Музаффар ибн Ҳусайн Муфаззалий ва Бағдодда Абул Баракот Абдулваҳҳоб ибн Муборак Анмотий каби алломалар Абулқосим Дабусийдан ҳадис ривоят қилган”[8].

Самъоний “Ат-Тажбир фил мўъжамил кабир” асарида ёзади: “Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Фандуний Абулқосим Дабусийдан кўплаб ҳадис тинглаб, ёзиб олган”[9]. Шунингдек Ҳибатуллоҳ ибн Сақатий, Абулизза Қалонисий, Абул Баракот ибн Сақатий, Абу Фазл Абдураҳмон ибн Ҳасан Шаррофий каби алломалар ҳам Абулқосим Дабусийдан ҳадис ривоят қилган.

Шамсиддин Заҳабийнинг “Сияр аъломин нубало” асарида келтирилишича: “Ҳибатуллоҳ ибн Сақатий устозига: “Абулқосим Дабусий шофеий мазҳабининг етук ва таниқли имоми, ўз замонасининг тенги йўқ алломаси, Қуръон илми, ҳадис, ақида, фиқҳ, усул, луғат ва араб тили каби фанларни мукаммал ўзлаштирган, ижтиҳод борасида мужтаҳид даражасига етишган, мунозараларда қўли баланд келиб, фасоҳат билан ҳал қилувчи ва фатволари мувофиқ келгувчи олим эди”[10], деб таъриф берган”.

Абулқосим Дабусий 482/1089 йили шаъбон (октябрь) ойида Бағдодда вафот этган[11]. Баъзи манбаларда унинг вафоти жумодус соний ойининг 20 куни (29 август) деб кўрсатилган[12].

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Абулқосим Дабусий ислом дунёсида ўз билими, фиқҳ борасидаги етуклиги ва баҳс-мунозаралардаги маҳоратли услуби билан танилган олим бўлган. У илмга бағишланган ҳаёти, теран билими, илмий мероси ва етиштирган шогирдлари орқали нафақат ўз даврида, балки кейинги асрларда ҳам илм аҳли орасида чуқур ҳурмат билан тилга олинган. Албатта, унинг илмий мероси бугунги ёшлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

[1] Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий. Бухоро тарихи. –Т.: Камалак. 1991. –Б.91.
[2] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж,2, –Байрут,. 1988. –Б. 454.
[3] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд. Ўрта Осиё олимлари қомуси. –Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти. 2007. –Б.160.; Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж,2. –Байрут. 1988. –Б.454.
[4] Абу Таййиб Муҳаммад ибн Аҳмад. Зайлут тақйид фи ривоятис сунани вал асонид. Ж. 2. 1990/1410. –Б.334.; Имом Шамсиддин Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж.16. –Байрут. 2002. –Б. 191-192.
[5] Тожиддин Абдулваҳҳоб ибн Али Субкий. Табақотуш шофеъятил кубро. Ж. 5. 1992. – Б.296.; Имом Шамсиддин Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж. 19. –Байрут. 1410/1990. –Б. 91-92; Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж,2. –Байрут. 1988. –Б.454.
[6] Тожиддин Абдулваҳҳоб ибн Али Субкий. Табақотуш шофеъятил кубро. Ж. 5. 1992. – Б.297.
[7] Имом Шамсиддин Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж. 19. –Байрут. Муассасатур рисола. 1422/2001. –Б. 91.
[8] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. –Байрут. 1988.– Б.456.
[9] Абдулкарим Самъоний. Ат-Тажбиру фил мўъжамил кабир. Ж, 1. – Бағдод. 1975. – Б.656.
[10] Имом Шамсиддин Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж. 19. –Байрут. 1410/1990. –Б. 91-92.
[11] Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. –Байрут. 1988.– Б.456.
[12] Имом Шамсиддин Заҳабий. Сияр аъломин нубало. Ж. 19. –Байрут. Муассасатур рисола. 1422/2001. –Б. 91.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

НОСИРУДДИН САМАРҚАНДИЙНИНГ “РИЁЗАТУЛ АХЛОҚ” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ОДОБ-АХЛОҚҚА ДОИР МАСАЛАЛАР ТАҲЛИЛИ

Мовароуннаҳрлик фақиҳ уламолардан бири – Носируддин Самарқандий (ваф. 556/1161) Самарқандда яшаб, ўз даврида Қуръон, ақида, …