Жамиятда иқтисодий ривожланиш, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ё технологик тараққиёт ҳар қанча иллғор кўрсаткичларни намойиш қилмасин, барқарор тараққиётнинг асосий омилларидан бири инсоннинг ички дунёси – юксак маънавияти, ҳалоллиги, виждони бу юксалиш билан ҳамқадам бўлмаса, алалоқибат барчаси инқироз билан тугайди. Маънавий яхлитлик қарор топмаган, умуммиллий миқёсдаги муштарак мақсад ва ғоялар атрофида жипслик ва бирдамлик бўлмаган жамиятда қонун устуворлиги ҳам, иқтисодий ўсиш ҳам узоқ сақланиб тура олмайди. Шу жиҳатдан юксалишнинг бош омилларидан бири саналган ижтимоий барқарорлик пойдевори инсон қалбидаги поклик, масъулият ва виждондир, десак, янглиш фикр билдирган бўлмаймиз.
Виждон Парвардигор ато этадиган энг муҳим фазилатлардан биридир. У ёмонликдан қайтарувчи, яхшиликка чорловчи, зулм ва ғирромликни рад этиб, амал ва сўзда ҳалоллик ва покликни олқишловчи адолат тарозисидир. Шамс сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло: “Бас, унга (нафсга) фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (Аллоҳ) илҳом қилиб (билдириб) қўйган”, дейди. Бу оят инсон қалбидаги яхшилик билан ёмонликни фарқлаш қобилияти Аллоҳ томонидан берилганига ишорадир. Демак, виждон маънавий йўлни ёритиб турувчи ички нурдир. Аллоҳ таоло инсоннинг нафсига фужур йўли нима-ю тақво йўли нима эканини баён қилиб берганини айтмоқда. Шунингдек, Парвардигор яхши-ёмон, имон-куфр, савоб-гуноҳ, ҳидоят-залолат кабиларни ҳам аниқ англатиб берган.
Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшилик ҳусни хулқдир. Гуноҳ эса кўнглингни ғаш қиладиган ва одамлар билишини истамаганинг нарсадир”, дедилар (Муслим ривояти). Бу ҳадисдаги “кўнгил” айни шу виждоннинг ўзи бўлади. Кўнгилни ғаш қилиб, оғритадиган нарса – виждон қамчиси, гуноҳ ишларни содир этганимизда пайдо бўладиган ички изтироб – виждон азоби.
Виждон инсон онгу шуурининг сукутли бир қисми бўлса-да, у нидо қилишни, ўз соҳибининг қалбида бонг уришни, қулоғига жар солишни билади. Шу воситалар билан банда Яратганнинг доимий назоратида эканини эслатиб туради. Яъни, виждон – ҳар бир инсоннинг унсиз, лекин жарангдор, кўринмас, лекин ҳар ишини кўриб турувчи нозири сифатида фаолият юритади. У қонундан ҳам, жазодан ҳам кучлироқ бўлган тўхтатувчи механизмдир. Замонавий тадқиқотлар давомида инсон ўз хатти-ҳаракати учун ички жавобгарликни ҳис қилганда, унинг қонунбузарликка мойиллиги икки-уч ҳисса камайиши аниқланган. Виждонли шахсларда ижтимоий ҳамдардлик, аҳиллик, ҳамкорлик, раҳм-шафқатлили, адолатни қўллаб-қувватлаш каби хислатлар даражаси юқори бўлар экан. Виждонсизлик коррупция, шовинизм, зўравонлик, жамиятдаги ишонч инқирози ва бошқа иллатларнинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда.
Шу маънода, виждон нафақат ахлоқий тарбия, балки маънавий хавфсизлик механизми сифатида муҳим аҳамиятга эга.
Жамиятдаги энг катта бойлик одамлар ўртасидаги ўзаро ишончдир. У эса покликка таянади. Поклик ва ҳалоллик ахлоқнинг ўзагидир. Бақара сурасининг 222-оятида “Аллоҳ покланиб юрувчиларни яхши кўради” дейилади. Поклик фақат ғусл ёки таҳорат (яъни бадан тозалигининг ўзигина) эмас, балки яхши ният, ҳалол ризқ, ҳалол меҳнат, чиройли муомала, хушфеъллик, бағрикенглик, покиза қалб каби маънавий фазилатларни ҳам англатади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Одамларнинг қайси бири афзалроқдир?” деб сўрашди. У зот: “Қалби тоза ва тили тўғри ҳар бир инсон”, дедилар. Одамлар: “Тили тўғри бўлганини биламиз, қалби тоза нима дегани?” деди. У зот: “У тақволи ва покиза бўлиб, гуноҳ, зулм, гина-кудурат (қудрат ё кудрат деб ўзгартириш керак эмас) ва ҳасаддан холи кишидир”, дедилар (Ибн Можа ривояти)”. Ҳадисда бир вақтнинг ўзида инсоннинг ички ва ташқи оламини тарбияловчи жуда чуқур ҳикмат бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “афзал инсон” бўлиш учун икки сифатни асос қилиб кўрсатяптилар.
Қалби тоза киши барча ижтимоий муаммоларнинг давосидир. Бундай инсон фириб, алдов, хиёнат, ғирромлик, манфаатпарастликдан узоқда бўлади. Яқинларига, қўшнисига, ҳамкасбларига, умуман, ҳеч кимга зулм қилмайди, ҳуқуқини поймол этмайди. Адолат унинг ҳаёт тарзи бўлади. Қалбида бошқаларга гина-гумон сақламайди.
Одатда жамиятдаги кўп муаммолар четдан қараганда майда, лекин муайян шахс учун катта бўлиб туюладиган адоват, бир инсоннинг ўз наздида бошқаларнинг “адолатсизиги”, “шу (мартаба, мол-давлат, суюкли ёр ва ҳк.) аслида меники бўлиши керак эди” қабилидаги оғма ўй-фикрлардан келиб чиқади. Ҳасаддан холилик бошқаларнинг муваффақиятидан хурсанд бўлиш ҳам улкан фазилат. Покиза инсон “Фалончида бор, менда йўқ” деб, баҳри дилини ғам ё нафрат билан эговламайди. Аксинча, жамиятда тинчлик, ишонч ва меҳр-оқибат муҳитини яратади.
Тили тўғри инсон гапида ростгўй бўлади, ваъдасига вафо қилади, лафзи билан одамларга зарар етказмайди. Ижтимоий ҳаётда ёлғон хабар ва миш-миш тарқатмайди. Бошқаларни ёмонлаб, шаънига путур етказмайди. Ноўрин ва номуносиб ҳазил, жаҳл, ғазаб, ҳақорат билан одамларни хафа қилмайди. Ишда, оилада, жамоатчилик орасида ишончли гапиради, алдамайди. Бунда шундай маъно борки, жамият тили тўғри инсонлар орқали барқарор бўлади, чунки энг катта фитналар ёлғон, ғийбату иғводан бошланади.
Покликнинг жамиятдаги аҳамияти шундаки, у коррупцияга қарши иммунитет яратади. Поклик маданияти юқори бўлган юртда қонунбузарлик камаяди, иқтисодий ўсиш жадаллашади, сиёсий барқарорлик мустаҳкам бўлади. Аҳоли манфаатлари поклик асосида таъминланганда, ижтимоий норозиликлар камаяди. Инсон меҳнатининг қадри ортади. Меҳнат этикаси (марказда етишмайдиган интизом, масъулият ва ҳалоллик) юксалади. Бу эса жамиятда умумий самарадорликни оширади.
Демак, поклик – бу фақат шахсий фазилат эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни таъминловчи омил ҳам экан.
Маънавий масъулият жамият ва одамларнинг қувватидир. Раъд сурасининг 11-оятида Аллоҳ таоло: “Албатта, то бир қавм (аҳли) ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас”, дейди. Яъни, инсон бир яхшиликка эришмоқчи бўлса, ўша яхшиликка етаклайдиган хислатларни ўзида мужассам этиши ва унга эришиш учун ҳаракат қилиши лозим. Шундагина Аллоҳ унинг ишида яхши томонга ўзгариш ҳосил қилади.
Бу оятдан маънавий масъулиятнинг илоҳий асоси келиб чиқади. Ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт инсонларнинг ўзини тарбия қилишига боғлиқ.
Масъулият икки турга бўлинади. Биринчиси, шахсий масъулият – нафс олдидаги жавобгарлик бўлиб, фарзларни адо этишдаги жонкуярлик, ҳалол-ҳаромга эътибор, виждон амри асосидаги қарорлардир. Иккинчиси, жамоавий масъулият – жамият олдидаги жавобгарлик бўлиб, зулмга қарши чиқиш, ҳақ гапни айтиш, адолатни қўллабқувватлашдир.
Бу тамойиллар масъулиятли фуқаролик, юксак маънавий онг ва ижтимоий адолатнинг асосий мезонидир.
Жавобгарлик бўлган жойда тартиб бўлади. Ижтимоий тартиб ва интизомни кучайтиришнинг энг самарали йўли шахснинг маънавий масъулиятини оширишдир. Бунинг учун фикрлаш қобилияти кучли бўлган авлодни тарбиялашга эътиборни кучайтириш керак. Фақат маънавий масъулиятли инсонлар келажак эгаларига кучли ишонч, юксак билим ва гўзал ахлоқ меросини қолдиради.
Глобал хавфлар даврида юксак маънавият энг қудратли ҳимоя воситасидир. Ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқ ва ёт ғояларга қарши иммунитетни айнан маънавий масъулият кучайтиради.
Маънан етук фуқаро ўз ҳаётида фақат давлатга эмас, ўз виждонига ҳам таянади, жамиятда муаммо кўрса, бефарқ бўлмайди, доим дахлдорликни ҳис қилиб яшайди.
Жамиятдаги ҳақиқий ислоҳотлар аввал инсоннинг ички олами – қалби, виждони ва маънавиятини тозалашдан бошланар экан. Қонунлар фақат ташқи тартибни сақлашга хизмат қилса, қалб поклиги ва тил тўғрилиги жамият аъзоларини ҳақиқий маънода яхшиликка етаклайди. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз маънавий масъулиятини ҳис этса, виждон амри ва йўриғи билан яшаса, покликни ҳаёт қоидасига айлантирса, жамиятнинг тараққиёти барқарор ва бардавом бўлади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






