Home / АЛЛОМАЛАР / АЛЛОМА ЖАЛОЛИДДИН СУЮТИЙ ҲАЁТИ ВА УНИНГ ИЛМИЙ МEРОСИ

АЛЛОМА ЖАЛОЛИДДИН СУЮТИЙ ҲАЁТИ ВА УНИНГ ИЛМИЙ МEРОСИ

Аллома Жалолиддин Суютийнинг ҳаёти ва илмий мероси ислом тарихи ва маданиятида муҳим ўрин тутади. У нафақат ҳадис, тафсир ва фиқҳ соҳаларида, балки тилшунослик, тарих ва тасаввуф каби турли фанларда ҳам юксак билимларга эга бўлиб, катта илмий мерос қолдирган. Суютий ўз асарлари орқали мусулмон жамиятининг ривожига ҳисса қўшган ва ҳозирги кунда ҳам унинг асарлари исломий илм-фаннинг муҳим манбалари сифатида ўрганилмоқда.

Мамлуклар давридаги сиёсий, иқтисодий ва маданий муҳит унинг ижодий фаолиятига катта таъсир кўрсатган. Алломанинг сермаҳсул ижоди ва унинг асосида яратилган асарлари бугунги кунда тадқиқотчилар учун қимматли манба ҳисобланади.

Ушбу тадқиқотнинг мақсади – Жалолиддин Суютийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ҳамда унинг илмий фаолияти жуда ҳам серқирра экани ҳақида маълумот бериш, шунингдек, асарларини атрофлича ўрганиш орқали ҳозирги кундаги баъзи муаммоларга жавоб топиш мумкин эканини асослаб беришдан иборат.

Қолаверса, Учинчи Ренессанс даврини бошлар эканмиз, нафақат юртимиз алломалари балки, бутун ислом оламидаги олимларнинг илмий меросини ўрганиш олдимиздаги асосий вазифадир. Зеро, ислом маданиятининг бой меросини ўрганиш ва уни дунёга тараннум этиш биз учун шарафдир. Ушбу тадқиқот ана шу вазифани амалга оширишдаги яна бир илмий қадам бўлиб хизмат қилади.

Жалолиддин Суютий ҳаёти ва ижодига бағишланган кўплаб тадқиқотлар мавжуд бўлиб, уларда у зотнинг илм-фанга қўшган ҳиссасининг турли жиҳатлардан ўрганилган. Унинг ўз асарлари, хусусан, «Ҳуснул муҳазара» ва «Ат-таҳаддус би ниъматиллаҳ» номли тарихий асарлари нафақат муаллифнинг ўзи ҳақида, балки ўша даврдаги бошқа алломалар ҳақида асосий маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади.

Замонавий тадқиқотчилар, жумладан, Элизабетҳ Сартаин, Мустафо Шакаъ ва Бадеъ Саййид Лаҳҳом каби олимлар Суютийнинг асарларини таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратган. Шунингдек, Аҳмад Хазнадор, Муҳаммад Иброҳим Шайбоний  ва Иқбол Аҳмад Шарқовийнинг Суютий асарлари борасидаги изланишлари ҳамда бу асарлар қаерда нашр қилингани, қайси кутубхонада сақланаётгани ҳақидаги маълумотлари диққатга сазовор. Аҳмад Темурнинг аллома Суютийнинг қабри қаерда жойлашгани ҳақидаги асари эса бизга ўша пайтдаги меъморчилик, санъат, урф-одат ҳамда у ернинг географияси билан танишишга ёрдам беради.

Адабиётлар таҳлили шундан далолат берадики, Жалолиддин Суютийнинг бой илмий мероси ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Унинг асарлари нафақат исломий фанларда, балки тарихий таҳлил ва фалсафий фикрлашда ҳам қимматли аҳамиятга эга.

Тадқиқот методлари: манбашунослик, тарихий-қиёсий, матншунослик.

Жалолиддин Суютийнинг илмий мероси 500 дан ортиқ асарларни ўз ичига олгани маълум. Унинг асарлари турли соҳаларга бағишлангани билан диққатга сазовор. Қайси йўналиш бўлмасин бу борада аллома Суютийнинг бирон асарини топиш мумкин, десак муболаға қилмаган бўламиз. Ҳатто аллома Суютий шеър, тиббиёт ва эр-хотин муносабатлари борасида ҳам асарлар ёзган.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Суютий ижоди Мамлуклар даврининг илмий муҳити билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг асарларига ўша даврнинг маданий-маърифий кўрсаткичларидан бири сифатида қаралади. Бундан ташқари, Суютийнинг ижодий фаолияти бугунги тадқиқотчиларга диний ва маданий масалаларни ўрганиш учун асос яратмоқда.

Жалолиддин Суютий 849-911/1445-1505 йилларда, Мамлуклар давлатининг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий муаммолари юзага чиқа бошлаган даврда яшаган. Мамлуклар давлатининг ҳукмронлиги уч аср давом этган ва Усмонийлар томонидан Мисрнинг забт этилиши билан якунланган. Мамлуклар Миср, Сурия, Ҳижоз ва Жанубий Анадолуда сиёсий таъсирга эга бўлиб, кучли марказлашган бошқарув ва ташкилотлари билан салибчиларга ва мўғулларга қарши кураш олиб борган ва уларни тўхтатишга муваффақ бўлган. Бу давлат тарихнинг муҳим бурилиш даврларидан бирида яшаган [6:5].

Айни Жолут жангидан кейин Бағдоднинг барча бойликлари талон-торож қилинган ва буюк ислом цивилизацияси мўғуллар томонидан вайрон қилинган. 1258 йилда Бағдодга кирган мўғуллар қирқ кун давомида талончилик ва қирғин уюштирган. Асрлар давомида катта меҳнат билан яратилган кутубхоналар ва илмий хазиналар қисқа муддат ичида йўқ қилинган. Мўғул истилосидан кейин Бағдод ўзининг сиёсий, маданий ва илмий марказ мақомини йўқотган. Бағдоддаги халифаликнинг йўқ қилиниши бутун ислом оламига руҳий зарба бўлган.

Бу воқеадан сўнг Бағдодда яшаган кўплаб мусулмон олимлар мўғул истилосидан зарар кўрмаган Мамлуклар давлатининг пойтахти Қоҳирадан қўним топган. Ташқаридан келган олимлар Қоҳирада катта илмий фаолликни юзага келтирган [3:50].

Жалолиддин Суютий Мамлуклар давлатининг сиёсий таназзули бошланган даврда яшаган. У ҳаётининг катта қисмини 873-901/1468-1496 йилларда ҳокимиятда бўлган султон Қойитбай даврида ўтказган. Яъни Суютий 23 ёшидан 50 ёшигача ушбу султон даврида яшаган.

Манбаларга кўра, Султон Қойитбай ҳар ойнинг бошида давлат амалдорларини саройга таклиф қилиб, улар билан учрашган ва маошларини топширган. Имом Суютий ҳам бир неча бор бу учрашувларга борган, бироқ кейинчалик бу амалиёт суннатга ва салаф олимларининг одатларига мос эмаслигини билдирган ҳолда таклифни рад этган. Қирқ ёшида султон ҳузурига чиққанида таъзим қилмаган ва бу воқеа Суютий билан султоннинг муносабатларини ёмонлаштирган. Суютий ушбу воқеа бўйича «Ма роваҳул асатийн фи адамил мажиъ илас салатийн» номли рисола ёзган. Султон Суютийнинг бу ҳаракати бўйича уламолардан фатво сўраган, бироқ улар унга қарши қарор чиқаришдан бош тортган. Натижада Султон уни барча давлат лавозимларидан четлатган. Шундан кейин Суютий саройдан келган барча таклиф ва совғаларни рад этиб, ўз уйида узлатда яшаган [9:62-63].

Суютийнинг ҳаётидаги энг муҳим бурилиш нуқтаси Султон Қойитбай билан юз берган ушбу воқеа бўлган. Ушбу можаро унинг илмий фаолиятига катта таъсир кўрсатган. Чунки ушбу воқеалар натижасида у зот тўлиқ илм билан шуғулланишга ва тасаввуфий узлатга эътибор қаратган.

Суютий «Ҳуснул муҳазара» ва «Ат-таҳаддус би ниъматиллаҳ» асарларида ўзининг ҳаётини тасвирлаган. Қуйида ушбу икки асардан ҳамда бошқа муаллифларнинг имом Суютий ҳақида ёзган биографияларидан ҳам фойдаланилиб, у зотнинг ҳаёти қисқача баён этилади.

У зотнинг тўлиқ исми: Абулфазл Абдураҳмон ибн Камолиддин Абу Бакр ибн Носириддин Муҳаммад ибн Собиқуддин Абу Бакр ибн Фахриддин Усмон ибн Носириддин Муҳаммад ибн Сайфиддин Хизр ибн Нажмиддин Абу Салоҳ Айюб ибн Носириддин Муҳаммад ибн Шайх Ҳумомиддин ал-Ҳумам ал-Ҳузайрий ал-Асютийдир [11:5].

У зот Жалолиддин лақаби билан машҳур бўлиб, барча манбаларда у «Жалолиддин ас-Суютий» ёки «Абдурраҳмон ас-Суютий» номлари билан тилга олинган.

«Абулфазл» куняси у зотга оиласининг яқин дўстларидан бири ҳамда у зотнинг устози Иззуддин Аҳмад ибн Иброҳим Киноний тарафидан берилгани зикр қилинган [11:235].

«Ал-Ҳузайрий» нисбасининг нима учун бу зотга берилгани масаласига келсак, бу у зотнинг оиласи шарқдан келиб, аввал Бағдоднинг шарқий қисмида жойлашган Ҳузайрийя маҳалласига жойлашгани хотирасидир.

У зотнинг ўзи бу ҳақда шундай дейди: «Бизнинг Ҳузайрий нисбамиз, Бағдодда жойлашган Ҳузайрийя маҳалласида яшаганимиздан келиб чиққан. Ишончли бир одамдан отамнинг бобоси араб эмаслигини ва шарқдан келган бўлиши мумкинлигини айтаётганини эшитдим. Бу эса шуни кўрсатадики, бу нисба жой нисбасидир» [11:6].

Суютийга «Асютий» (ёки Суютий) нисбасининг берилиши эса, у зотнинг отаси Мисрнинг Асют шаҳрида туғилиб, Қоҳирага келишидан олдин шу ерда қозилик лавозимида ишлагани сабабли берилган [11:16].

Суютий ҳижрий 849 йил Ражаб ойининг биринчи куни (1445 йил 3 октябрь) Мамлуклар давлатининг пойтахти Қоҳирада туғилган. Манбаларга кўра, унинг отаси, шофеъий мазҳаби фиқҳ олимларидан бири бўлиб, қозилик билан шуғулланган. Унинг исми Камолиддин бўлиб, бир куни ҳомиладор хотинини бир китоб излаш учун кутубхонага юборган ва айнан шу ерда Суютий дунёга келган. Шу сабабли унинг лақабларидан бири «Ибнул кутуб» («Китобларнинг фарзанди») бўлган. Онасининг келиб чиқиши турк бўлгани ҳақида манбаларда маълумотлар бор [2:90]. Шунга кўра, имом Суютийни ҳам она, ҳам ота тарафдан келиб чиқиши туркларга бориб тақалади, десак муболаға бўлмайди.

Суютийнинг отаси 855/1451 йилда вафот этганида, у ҳали олти ёшда эди. Отасининг васиятига кўра, унинг таълимини отасининг дўстлари, жумладан, Ибн Ҳумом Сивосий (ваф. 861/1457) ўз зиммасига олган.

Суютий ҳаётини ёритувчи манбаларда унинг рафиқаси ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди. У ўзининг яқинлари, ака-ука, опа-сингил ҳамда фарзандларининг кўпи ҳақида гапирар экан, уларни вабо, зотилжам ёки туғруқ пайтида «шаҳид» бўлган, деб эслайди [11:10].

Аҳмад Темур Асютда ўзини Суютий авлодидан деб даъво қилувчи ва ал-Жалолий нисбасини олиб юрган одамлар борлигини қайд этган. Бироқ у Суютий авлодлари бўлмагани ҳақидаги фикрларни инобатга олган ҳолда, улар Асютдаги Жалолиддин Суютий масжидида хизмат қилувчи кишилар авлоди бўлиши мумкин деган [1:23]. Бу даъво мантиқлидир, чунки агар улар яшаган бўлса ҳам, Суютий авлодларининг Асютга қайтиш эҳтимоли жуда кам.

 Суютий отаси тириклигида Қуръон ёдлашни бошлаган ва саккиз ёшга тўлмасдан ҳофизликни якунлаган. У кўплаб машҳур олимлардан асосий диний илмларни ўрганган [15:122].

У даврининг машҳур олимларидан дарс олган ва тафсир, ҳадис, фиқҳ каби диний фанларни ўрганиш учун керак бўлган наҳв, маоний, бадеъ, баён каби ёрдамчи илмларни ҳам чуқур эгаллаган. Шу тариқа илмий соҳаларда кенг билим ва ҳуқуқий салоҳиятга эга бўлган.

Суютий ўз даврининг фароиз (мерос ҳуқуқи) олими Шаҳобиддин Шармасоҳий (ваф. 855/1451)дан фароиз фанидан таълим олди [11:236].

Шунингдек, у Шайҳунийя масжидининг имоми Шамсиддин Муҳаммад ибн Мусо Сайрамий Ҳанафий (ваф. 891/1486)дан наҳв (грамматика) ва ҳадис илмини ўрганди. Бу устоз билан Суютий имом Муслим (ваф.261/875)нинг «Саҳиҳ» асарининг баъзи бобларидан ташқари қолган қисмларини, Қози Иёз (ваф.544/1149)нинг «Аш-шифо би таърифи ҳуқуқил Мустафа» асарини ва илгари ёдлаган Ибн Моликнинг «Алфия» асарини мутолаа қилди.

866/1461 йилда Сайромий Суютийга Ибн Моликнинг «Алфия»си ҳамда наҳвга оид бошқа асарларни тугатгани ва унинг ўзи ҳам дарс беришга қодир экани ҳақида ижоза берди [11:237].

865/1461 йилда Суютий Булқинийдан (Сирожиддин Умар Булқинийнинг ўғли) бир қанча Шофеъий фиқҳига оид асарларни, жумладан, Булқинийнинг отасига тегишли «Ат-тадриб фил фиқҳ» асарининг бир қисмини, Қазвинийнинг «Ал-ҳовиюс сағир» асарини, Нававийнинг «Минҳажут толибин» ва «Равзатут толибин» асарларини, Шерозийнинг «Ат-танбеҳ» асарини ва Заркашийнинг «Ат-такмила» асарларини ўрганди.

866/1462 йилда Булқиний Суютийга юқоридаги асарларни мукаммал ўргангани ва фатво бера олиши ҳақида ижозатнома берди [11:238-239].

Суютий шу йили ўзининг илк асари – «Шарҳул басмала вал истиъаза»ни ёзди. У ўша пайтда 17 ёшда эди.

У бу асарини ўз устози Булқинийга тақдим этиб, асар учун тақриз ёзишни сўради. Устози унга тақриз ёзиб берди. Бу воқеадан кейин, Булқиний вафот этгунига қадар Суютий ундан фиқҳ илмини ўрганишда давом этди. Устози вафот этгач, таълимни Булқинийнинг ўғлида давом эттирди [13:1/289].

Замонасининг кўплаб етук илм аҳлларидан таълим олган Суютий, Шарафиддин Муновий (ваф. 871/1467)дан фиқҳ ва тафсирга оид бир қанча китобларни ўрганган [13:1/289].

Шунингдек, Тақийюддин Шиблий (ваф. 872/1468)дан тўрт йил давомида ҳадис, араб тили ва бошқа турли соҳаларда илм олган. Ушбу даврда устози Суютий томонидан ёзилган «Шарҳул алфия ли ибн Малик» ва «Жамъул жавамиъ» каби асарларга тақриз ёзиши билан бирга, бошқа баъзи илмий изланишларда ҳам Суютийга ёрдам бергани маълум [11:245-246].

Суютийнинг яна бир устозларидан бири, илмий билими ва тақвоси билан машҳур бўлган Сайфиддин Муҳаммад ибн Қутлубғо Ҳанафий (ваф. 881/1476) эди. Суютий у зотнинг ҳузурида, аввало, Замахшарийнинг «Кашшоф» асари ва бошқа бир қанча китобларни ўрганган [11:242-243].

Суютий яна турк олимларидан бири бўлган Муҳйиддин Кофиячининг (ваф. 879/1474) ҳузурида ўн тўрт йил давомида тафсир, ҳадис, усул, араб тили ва маоний фанларини ўрганди. Бу соҳалар бўйича Кофиячи унга ижозат берди [11:243-244].

Суютий даврининг бошқа йирик олимларидан ҳам илм олган. Масалан, Тақийюддин Абу Бакр Шода ал-Ҳаскафий (ваф. 881/1476)дан қисқа муддат дарс олган. Аммо у устознинг шогирдлари томонидан қилинган нохуш муомала сабабли бу дарсларга қатнашишни тўхтатган [11:245].

Суютий ўзи қатнашган дарс ҳалқаларини қуйидагича тасвирлайди: «Шанба, душанба ва пайшанба кунлари эрта тонгдан пешин вақтигача Булқинийнинг дарсларига қатнашар эдим, пешиндан аср вақтигача эса Шумуннийнинг (ваф. 872/1468) дарсларида бўлардим. Якшанба ва сешанба кунлари эрталаблари шайх Сайфиддиннинг, тушдан кейин эса шайх Муҳйиддин Кофиячининг дарсларига қатнашардим» [11:240-241].

Суютий Мисрнинг Димят шаҳри ва атрофидаги ҳудудлар, шунингдек, Сурия, Яман, Ҳижоз, Ҳиндистон, Мағриб ва Судан яқинидаги Текрур каби ҳудудларга илмий мақсадларда сафар қилган. Аммо умрининг катта қисмини сафарларда ўтказмаган. Қоҳирада Шайхуниядаги илмий марказда дарс беришни бошлагач, унинг шуҳрати кенг тарқалган, ҳатто унинг дарсларига бошқа мударрислар ҳам қатнашган. У Тулунийлар масжидида фатво берган ва ҳадисларни ривоят қилган.

1486 йилда халифа Мутаваккил Аълаллоҳ фармони билан Қоҳиранинг энг йирик ва бой Байбарция мадрасаси шайхлигига тайинланган. Султон Қойитбай ҳокимияти-нинг охирига қадар у ушбу вазифани бажариб, иқтисодий жиҳатдан фаровон ҳаёт кечирган. Бу даврда Суютий ўз асарларини ёзиш учун кўп вақт топган [8:11/259].

Суютий жуда сермаҳсул олим бўлиб, деярли барча илмий соҳаларда асар ёзган. У адабиёт, фиқҳ, ҳадис, калом, наҳв, тафсир, тарих, табақот (биография) ва тасаввуф соҳаларида қимматли асарлар қолдирган.

Суютий «Ҳуснул муҳазара» асарида ҳижрий 866 йилда (1462-63) тасниф ишини бошлаганини ва шу вақтгача 300 та асар ёзганини зикр қилган [13:1/289-294].

Кейинчалик ёзилган «Ат-таҳаддус би ниъматиллаҳ» номли асарида эса, катта ҳажмли ёки мухтасар бўлган жами 433 та китобининг номини санаб ўтган [11:105-136].

Суютийнинг шогирдларидан бўлган Ибн Иёс (ваф. 930/1524) устози ёзган асарларнинг сони 600 тага етганини айтган [12:1/14].

Бошқа бир шогирди, Довудий (ваф. 945/1538), бу рақамни 500 га етишини таъкидлаган [12:1/14]. Броккелманнинг маълумотига кўра, Суютий асарлари сони 415 та. Шарқшунос Флугел эса 560 та китобнинг рўйхатини келтирган [7:143].

Суютий асарларини тўплашга бағишланган китоблар ҳам мавжуд. Аҳмад Шарқовий Иқболнинг «Мактабатул Жалал ас-Суютий» номли асарида Суютий томонидан ёзилган 725 та асар номи келтирилган [4:39].

Аҳмад Хазнадор ва Муҳаммад Иброҳим Шайбоний томонидан ёзилган «Далилу махтутот ас-Суютий ва амакину вужудиҳа» асарида эса Суютийнинг 981 та қўлёзмаси рўйхатга олинган. Бу китобларда ҳар бир асарнинг қаерда сақланаётгани, агар чоп этилган бўлса, қайси нашриёт томонидан чоп этилгани ҳақида маълумотлар берилган.

Суютий асарларининг сони ҳақида турли рақамлар берилмоқда, тахминан 500 дан 600 гача. Бироқ ҳали нашр этилмаган қўлёзма асарлари ҳисобга олинса, бу рақам янада ортиши мумкин. Асарларнинг сонига оид рақамлар орасидаги фарқ айрим кичик асарларнинг бирлаштирилиб, битта асар сифатида ҳисобланган бўлиши эҳтимоли билан изоҳланади.

Суютийнинг бу қадар кўп асарларни қисқа ҳаётига сиғдира олиши масаласи кўп мунозараларга сабаб бўлган.

Замондошлари орасида Суютийга хайрихоҳ бўлмаган катта олимлардан бири бўлган Саховий (ваф. 902/1497), Суютий илгари ёзилган китоблардан фойдаланиб, уларга айрим ўзгартиришлар киритиб, ўз номи билан эълон қилганини даъво қилган [10:4/36].

Суютий бу даъволарни рад этиб, аввалги олимларнинг фикрларидан фойдаланганини, аммо барча асарларини ўзи мустақил тарзда ёзганини таъкидлаган [14:2/949-952].

У билан Саховий ўртасидаги баҳсларнинг туб сабабларининг бошқа омиллар билан боғлиқ экани кўп олимлар томонидан қайд этилган.

Суютийнинг бу даражада кўп асар ёза олганининг асосий сабаблари қилиб қуйидагиларни кўрсатишимиз мумкин:

Суютийнинг ёшлигидан илмга киришгани ва отаси катта олимлардан бўлгани;

Китоб ёзишда тезкор бўлгани. Шогирди Довудий устозининг бир кунда учта кичик ҳажмли асар ёза олишини айтган [5:10/76];

Қирқ ёшидан кейин дарс бериш ва фатволардан бўшаб, ўзини ибодатга ва ёзган ҳамда ёзадиган асарларига бағишлаши. Шогирди Шозилий айтади: «Шайхимиз қирқ ёшдан ошганида ўзини бутунлай ибодатга бағишлади. У ҳаётини Аллоҳ учун атаб, дунё ҳамда одамлардан узоқлашишни бошлади. Ўз асарларини қайта кўриб чиқишга киришди. Дарс бериш ва фатво беришни эса тўхтатди» [5:10/76];

Ихтилофли масалаларда кичик раддия асарлар ёзиши;

Суютий асарларининг кўпчилиги кичик ҳажмли асарлар гўё ҳозирги кундаги мақолалар сингари. Аммо табиийки, у зотнинг бир нечта мужалладларни ўз ичига оладиган катта асарлари ҳам талайгина;

Энг охирги сабаб, у зотнинг умрига Аллоҳ барака бергани ҳамда у зот вақтининг қадрини билганидир.

Кўриб турганингиздек, аллома Суютийнинг жуда ҳам кўп асарлари бор экан. Уларнинг ҳаммасини бу ерда зикр қилишнинг иложи йўқ. Шунинг учун энг машҳур асарларини келтириб ўтиш билан чекланамиз. Зеро, асарлари борасида ёзилган китобларга юқорида ишора қилдик. Аллома Суютий Қуръон илмлари борасида «Ал-итқон фи улумил Қуръан», тафсир илмида «Тафсиру Жалолайн», ҳадис илмида «Тадрибур ровий», фиқҳ илмида «Ашбоҳ ван назоир», «Ал-ҳави лил фатаво», араб тили борасида «Иқтироҳ фи усулин наҳв», тарих борасида «Тарихул хулафо», «Ҳуснул муҳазара», биография йўналишида «Табоқотул ҳуффаз» асарларини ёзган. Булардан ташқари, Суютий олти ҳадис китобга (Саҳиҳул Бухорий, Саҳиҳи Муслим, Сунани Абу Довуд, Сунани Термизий, Сунани Насоий, Сунани Ибн Можа) ҳамда Муваттои Молик ва Муснади Аҳмадга шарҳ ва ҳошиялар битган. Суютийнинг энг ажиб асарларидан тиббиёт борасида ёзилган «Ар-раҳма фит тибб вал ҳикама» асарини, Ибн Арабийни ҳимоя қилиб ёзган «Танбеҳул ғобий би табриати Ибн Арабий» асарини, тушкун вазиятга тушиб қолганида ёзган «Мақоматул луълуъийя» асарини, эр-хотин муносабатлари борасида ёзган «Салас нусус фил жинс», «Китабул вишаҳ фи фаваидин никаҳ» асарларини келтиришимиз мумкин.

Суютий умрининг охирида чап қўлида пайдо бўлган шиш натижасида касалланган. Бир ҳафта давомида Равза деган жойдаги уйида касал ётганидан сўнг, ҳижрий 911 йил Жумодул аввал ойининг 19-куни (1505 йил 18 октябрь) жума куни саҳарда вафот этган. Ҳижрий тақвимга кўра, унинг ҳаёти 61 йил, 10 ой ва 18 кун давом этган. У Бабул Қарофа (Қарофа эшиги) ташқарисида жойлашган Қусун ҳовлисига дафн этилган [12:1/15].

Манбаларда Суютий отаси дафн қилинган жойга дафн қилингани айтилади. Суютийнинг онаси олдинроқ Қарофада эри учун жуда ҳам гўзал мақбара қурдирган эди [1:6]. Юқорида зикр қилинган жой ўша бўлса, ажаб эмас.

Суютийнинг қабри узоқ йиллар давомида одамлар зиёрат қиладиган жойга айланган. Аҳмад Темурнинг маълумот беришича, Асютдаги Жалолиддин Суютий масжиди ёнида бир мақбара бор экан. Билмаганлар уни Жалолиддин Суютийнинг қабри, деб ўйлар экан. Ҳар йили Шаъбон ойининг 28-кунида одамлар бу масжидда тўпланиб Суютийга бағишлаб, Қуръон қироат қилар экан [1:22].

Жалолиддин Суютийнинг бой илмий мероси ҳали ҳам кенг тадқиқот ва таҳлилга муҳтож. Унинг асарлари нафақат диний илм-фан ривожига ҳисса қўшган, балки бутун мусулмон оламининг маданий ва маънавий ривожида муҳим ўрин тутган. Шулардан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни билдирмоқчимиз:

Суютийнинг асосий асарларини замонавий илм асосида таҳлил қилиш ва қайта нашр этиш;

Унинг илмий меросини тадқиқ этиш бўйича илмий конференция ва семинарлар ташкил этиш.

Ушбу хулосалар орқали Жалолиддин Суютийнинг илмий мероси кенг жамоатчилик томонидан янада кўпроқ баҳоланади ва илмий тадқиқотларда янги йўналишларга йўл очилади.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Аҳмад Темур. Қобрул имам ас-Суютий ва таҳқиқул мавзиъиҳи. – Қоҳира: Матбаъатус силафийя, 1928.
  2. Айдарусий. Тарихун нурис сафир аън ахбарил қорнил аъшир. – Байрут: Дору содир, 2001.
  3. Бадеъ Саййид Лаҳҳом. Ал-имам ал-ҳафиз Жалолиддин Суютий ва жуҳудуҳу фил ҳадис ва улумиҳ. – Дамашқ: Дору Қутайба, 1994.
  4. Иқбол Аҳмад Шарқовий. Мактабатул Жалол Суютий. – Работ: Дорул мағриб, 1977.
  5. Ибнул Иъмод. Шазаротуз заҳаб. – Байрут: Дору ибн Касир, 1993.
  6. Маҳмуд Жаноб Шаҳобиддин Текиндағ. Мемлûк Султанлığı тариҳине топлу бир бакиş (Мамлук султонлиги тарихига умумий нуқтаи-назар). İÜЭФ Тарих журнали. – Истанбул, 1971.
  7. Мустафо Шакаъ. Жалолиддин Суютий масийротуҳу ал-иълмий ва мабаҳисуҳу ал-луғавий. – Қоҳира: Мустафо Бобул Ҳалабий, 1981.
  8. Қорахон Абдулқодир «Суютий» моддаси. Ислом энциклопедияси, 11-жуз.
  9. Сартаин Элисабетҳ. Жалолиддин Суютий ҳаёти ва асарлари. Таржимон: Ҳасан Нуриддин. – Истанбул: Геленек яйинcилик, 2002.
  10. Шамсиддин Муҳаммад ибн Абдураҳмон Саховий. Зовъул Ламиъ лиаҳлил қорнит тасиъ. – Байрут: Дорул жийл, 1992.
  11. Суютий. Ат-таҳаддус би ниъматиллаҳ. Таҳқиқ: Элисабетҳ Сартаин. – Қоҳира: Матбаатул аробийя алҳадийса, 1973.
  12. Суютий. Буғятул вуаът фи тобақотил луғавиййийна ван нуҳат. Таҳқиқ: Муҳаммад Абулфазл Иброҳим. – Дамашқ: Дорул фикр, 1979.
  13. Суютий. Ҳуснул муҳазара фи ахбари Миср вал Қоҳира. – Байрут: Дору кутубил илмийя, 1997.
  14. Суютий. Шарҳу мақомату Жалолиддин Суютий. Таҳқиқ: Маҳмуд Дарубий. – Байрут: Муассасатур рисала, 1989.
  15. Тоҳир Сулаймон Ҳаммуда. Жалолиддин Суютий аъсруҳу ва ҳаятуҳу ва асаруҳу ва жуҳудуҳу фид дарсил луғавий. – Байрут: Мактабатул исломий, 1989.
Абдулҳай ХУШВАҚТОВ,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси

Check Also

ФАХРИДДИН РОЗИЙ ВА “МАФОТИҲУЛ ҒАЙБ” АСАРИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ

Машҳур аллома, муфассир, мутакаллим, мантиқшунос, тилшунос, табиб, файласуф Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн ал-Ҳусайн …