Антик давр файласуфи бўлган Суқрот мил.авв. 469 йили Афинада туғилган [10]. Мутафаккир фалсафа фани ривожида муҳим роль ўйнаган. У Афина демократиясининг инқирозга юз тутган палласида яшаб ўтган. Мазкур давр файласуф шахси ва ижодига катта таъсир ўтказиб, унинг кўп қиррали, мураккаб ва бетакрорлигини таъминлашга хизмат қилган.
Суқрот ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси илмий жамоатчилик орасида катта қизиқиш уйғотган. Замондошлари томонидан олим ижодига оид илк асарлар яратилган. Тарихчи Ксенофонтнинг “Суқрот ҳақида хотиралар”, Платоннинг “Суқрот аппологиялари”, “Диалоглар”, Ф.Х.Кессидининг “Суқрот”, С.А.Жебелёвнинг “Суқрот. Биографик маълумот” [1], Е.Н.Орловнинг “Суқрот. Унинг ҳаёти ва фалсафий фаолияти” каби асарлар мутафаккир ҳаёти, фаолияти ва илмий қарашларини тадқиқ этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Мақолада илмий билишнинг тизимли ва қиёсий таҳлил, анализ, синтез, диалектика ва синергетика каби умумфалсафий усулларидан ҳамда тарихийлик, мантиқийлик, объективлик тамойилларидан фойдаланилди.
Суқрот фалсафий таълимотининг шаклланишида “софистика” деб аталган интеллектуал ҳодиса муҳим роль ўйнаган. “Софист” (sophi-stes) атамаси “уста”, “моҳир”, санъаткор” маъносини англатган [2:97-98]. Ушбу атама ҳунармандчилик ва бадиий санъатнинг бирон тури бўйича мақсадга йўналтирилган профессионал илмий-амалий фаолият намояндаларига нисбатан қўлланган. Бироқ кейинчалик мазкур истилоҳ нарса-ҳодисаларнинг хусусияти ва моҳиятини амалий ҳамда назарий жиҳатдан англашга йўналтирилган ижодий тафаккур соҳибларига нисбатан ишлатилган.
Суқрот софистлар билан бўлиб ўтган суҳбатларида фалсафий қарашларини баён этиб, одамларни ўз-ўзини тадқиқ қилишга, ўзликни англашга чақирган [2:146]. У жамият фаровонлиги ва давлатнинг қудрати фуқаролар маънавиятига узвий боғлиқ, деб ҳисоблаган. Токи одамлар эзгулик нима, ёвузлик нима эканини тўла англамас экан, бундай давлат ва жамиятни мустаҳкам мудофаа деворлари ҳам, жанговар кемалари сони ҳам муқаррар залолат ва ҳалокатдан қутқариб қололмаслигини таъкидлаган [6].
Дарҳақиқат, миллат буюклиги ва давлатнинг қудрати кўп жиҳатдан унинг аҳолисининг қандай ахлоқий тамойилларга амал қилишига боғлиқ. Суқротнинг эътироф этишича, инсон камолотини пул, куч-қудрат, ҳокимият эмас, балки юксак ахлоқий фазилат белгилаб беради [4:16]. Ёвузликни бартараф этиш учун инсонларда, аввало, ёшларда эзгу фазилатларни қарор топтириш лозим [3:434].
Суқрот комил ишонч билан оқил одам назария ва амалиётда предметларни тўғри таснифлаш усули орқали эзгуликни ёвузликдан фарқлашни ўрганиб, юксак ахлоқ ва бахтга мушарраф бўлишини маълум қилади [2:152]. Ёвузлик ва эзгулик, яхшилик ва ёмонлик каби қарама-қарши тушунчаларни фарқлаш учун кишига уларнинг моҳиятини очиб берадиган билим керак бўлади. Мутафаккир адолат ва адолатсизлик, эзгулик ва ёвузлик, ҳақиқат, жасорат каби кўпгина тушунчалар мазмунини фалсафий талқин этиб, синергетикага хос кўп қиррали ночизиқли ёндашувни намоён этади. У мўътадил демократия тарафдори сифатида давлат лавозимларига, мамлакатнинг олий органи ҳисобланган Беш юзлар кенгашига номзодларни қуръа ташлаш йўли билан эмас, балки овоз бериш орқали сайлашни таклиф этади. Бу орқали файласуф тафаккурда замонасидан илгарилаб кетиб, бугунги кундаги демократиянинг рамзига айланган замонавий сайлов тизимини жорий этишни назарда тутган бўлса, ажаб эмас.
Файласуф инсонларнинг эзгу фазилатларидан бутун инсониятга хос умумий ахлоқий фазилатлар шаклланади, деб фалсафанинг хусусийликдан умумийликка йўналтирувчи индукция методини асослаб берган. Ушбу индукция ахлоқий тушунча ва қадриятлар моҳиятини очиб беришга хизмат қилган. Жумладан, у худоларга мақбул бўлган барча сифатлар – эзгу фазилатлар, мақбул бўлмаганлари эса, ёвуз сифатлардир, деб эзгулик ва ёвузликка қисқа ва лўнда фалсафий таъриф беради [6].
Суқротнинг ҳазиломуз саволлари суҳбатдоши қалбида саросималик уйғотиб, уни ўзликни англаш асосида кечадиган маънавий такомиллик, уйғун барқарорлик сари юзлантирган. Файласуф ахлоқий таълимотининг асосий мезонлари объектив билиш имкониятига, инсоннинг ички дунёсини англаш мумкинлигига, эзгуликнинг аслида билим эканига ишонч уйғотишдан иборатдир [3].
Ислом динида банданинг тақдири ва феъл (иш-ҳаракат) атвори Аллоҳ томонидан яратилгани ва шунингдек, уларга жузъий ихтиёр – ирода эркинлиги берилгани қайд этилган [5:24]. Шуниси эътиборлики, ислом дини пайдо бўлишидан минг йил бурун яшаб ўтган Суқрот ҳам инсон тақдири Худо томонидан битилган ва унинг ҳаёт йўли яратувчининг иродасига мувофиқдир, дейди. Шунингдек, у инсон билими, кучи ва қобилиятига муносиб равишда ўз ҳаёт тарзини тўғри танлаш ихтиёрига эга эканини ҳам таъкидлаб ўтади.
Мутафаккир фикрича, инсон эзгу амалларининг бош нуқтаси, уни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи омил – билим ва ақлдир. Кишининг билими кенг, маҳорати юксак бўлса, у олдига қўйилган вазифаларни шу даражада муваффақиятли ҳал этади. Демак, билим инсонга бойлик, саломатлик ва ақл каби неъматлардан бахт ва фаровонликка эришишда тўғри фойдаланиш имконини берар экан. Бунинг учун кишидан бахтнинг моҳиятини яхши англаш, унга эришиш учун яхши хулқ-атвор ва ҳаётий фаолиятни тўғри танлай билиш ҳам талаб этилади.
Мутафаккир инсон хатти-ҳаракатларининг натижасига қараб, эзгулик ортиқ бўлса, тўғри, ёвузлик ортиқ бўлса, қусурли деб баҳолашни тавсия этади. Инсоннинг яхши амаллари билим воситасида, ножўя ишлари эса билимсизлик ва баднафслик оқибатида содир бўлишидан огоҳ этиб [6], уни ақлли жонзот сифатида рационалистик тушунишга ҳаракат қилади.
Рус ёзувчиси Ф.М.Достоевский инсонни ақл эмас, балки хоҳиш, эҳтиёж бошқаришини маълум қилади. Чунки инсоннинг бузғунчилик ва хаосга бўлган эҳтироси унда ўз манфаатига зид ишларни қилишдек иррационал эҳтиёжни юзага келтиради. Инсон нима фойдали ва нима зарарли эканини билмагани учун бузғунчилик содир этади. Аммо унга бунинг зарарли томонлари тўғри тушунтирилса, фойдали жиҳатлари кўрсатилса, у дарҳол бузғунчиликни тўхтатиб, эзгу ишларга киришади [8].
Суқрот эса илмли инсонларда тўғри қарор қабул қилиш ва уни бажариш учун имконият доимо топилади. Комил билимга эга бўлган шахсда ножўя амаллар учун ўрин қолмайди, деб билим ва хоҳиш ўртасидаги зиддиятларни инкор этади.
Мутафаккир наздида билим ва малака эзгулик ва ёвузликнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга, қалбни даволашга, саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилгандагина манфаатли бўлади. Шунинг учун мутафаккир илгари сурган ўзликни англаш тамойили моҳиятини қалб ғамхўрлиги, мазмунли маънавий ҳаёт, яхши тарбия, олийжаноб руҳиятга чақириқ ташкил этади. У ёшу кексани пул ва жисм тўғрисида эмас, балки қалбнинг янада яхшироқ бўлиши учун ғамхўрлик қилишга даъват этади.
Суқрот қалб гўзаллиги тўғрисида қайғуриб яшаш инсоннинг бурчи, ҳаётда кўзлаган асосий мақсади эканини баён этар экан, уни ақл-тафаккур калити, инсонийликнинг бош қадрияти, деб улуғлайди. У қалб деганда ахлоқи комил шахснинг фаол ақлий тафаккурини назарда тутади. Қалб – жисмнинг подшоҳи бўлиб, у киши ахлоқига мос равишда унинг барча хатти-ҳаракати ва ҳиссиётини бошқаради [9].
Инсон ҳаётда тўғри йўл танлаши учун унга ўзликни англаш, билим ва ҳаётий тажриба керак бўлади. Шунинг учун Суқрот афиналик сиёсий арбобларни мамлакатнинг ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий қудратини ошириш ҳақида эмас, балки ҳаётнинг бош масаласи ҳисобланган – фуқароларнинг ақлий ва ахлоқий такомили тўғрисида ғамхўрлик қилишга чақиради [2:237]. Мутафаккирнинг ахлоқий такомил ҳақидаги ғоялари идеалистик ва ярим утопик мазмундаги чекланишларига қарамасдан инқилобий аҳамиятга эгадир.
Инсон фаолияти, хатти-ҳаракати мақсадга йўналтирилган ва кўпчилик учун манфаатли бўлгандагина эзгулик касб этади. Роҳат-фароғат қутқусига берилиш иллати эса инсон ақлини эзгу мақсадлардан чалғитиб, уни янада аҳмоқона майллар томон йўналтиради. Суқрот учун билим, донишмандлик, эзгулик олий қадрият ҳисобланади. Чунки билимли, ўзликни англаган, эзгу амал қилиб, маънавий такомил ҳақида қайғуриб яшаётган инсонгина сурурли ҳаёт кечиради.
“Ўзликни англаш” деб номланган донишмандлик қоидаси гарчанд аввал ҳам истифода этилган бўлса-да, аммо унинг муаллифи Суқрот ҳисобланади. У антик давр мутафаккирлари орасида биринчилардан бўлиб ўзликни англаш тамойилини ўз таълимотининг асоси ва бутун фаолиятининг бош тамойили деб билди. У эзгулик ҳақида гапирмасдан, ўзининг ва бошқаларнинг ҳаётини тадқиқ этмасдан ўтган кунини умр ҳисобламади [10]. Мутафаккир илгари сурган ўзликни англаш тамойили инсон муаммосини фалсафанинг бош масаласига айлантириб, юнон назарий тафаккури ривожида янги босқични бошлаб берди. Ҳозирги глобаллашув ва илмий-техник инқилоб шароитида кечаётган илмий-маданий, ижтимоий-иқтисодий, ҳарбий-сиёсий зиддиятлар замирида мазкур тамойилнинг аҳамияти янада ошмоқда.
Мутафаккир наздида ўзликни англаш инсоннинг ўз ички дунёсини билиш, мазмунли ҳаёт кечириш, руҳий саломатликка эришиш, ички имкониятлари ва ташқи фаолияти уйғунлигини таъминлаш, ахлоқий хулқ-атворидан қониқиш кабилардан иборатдир. Ўзлигини англаган инсон ўзининг ва бошқаларнинг билим ва лаёқатини тўғри белгилаб, рационал жамият барпо этишга хизмат қилади.
Ўзини билган одам нима фойдали ва нима зарарли, нимага қодир ва нимага қодир эмаслигини яхши тушунади. Ўз билгани билан шуғулланиб, эҳтиёжларини қондиради ва бахтли ҳаёт кечиради. Билмаган нарсалар билан шуғулланиб, хато ва бахтсизликка йўлиқмайди [6].
Аммо Суқротнинг фожиали қисмати унинг ўз билганларига амал қилмаганини кўрсатади. Акс ҳолда у суд жараёнида кўпчиликни ўзига қарши қўймасдан, ҳаётини сақлаб қолган бўлар эди. Суд уни худоларни тан олмасликда, янги худоларни жорий этишга уринишда ва ёшлар онгини бузишда айбдор деб топади [10]. Бироқ файласуф ўзининг ҳақлигига ишонган ҳолда, суд жараёнида виждони ва қарашлари билан келишувга бормади. Ҳатто суд ҳукми эълон қилингандан кейин ҳам қамоқдан қочишнинг мавжуд имкониятларини онгли равишда рад этиб, ўзини ҳалокатга гирифтор этди [10].
Суқрот холисона маърузалари билан демагогик режимнинг индивидуализм, эгоизм ва ҳокимиятга ўчлик каби жиҳатларини кескин равишда фош этди [3:14]. Афина демократлари мутафаккирни очиқ мунозара воситасида мағлуб этишнинг имконини топа олмайди. Улар файласуфнинг шаклан исёнкор, моҳиятан эзгу фаолиятига чорасиз равишда узоқ муддат сабр этади. Ниҳоят мил.авв. 399 йилда улар асоссиз айбловлар билан Суқротни ўлимга маҳкум этиб, уни жисмонан йўқотишга эришади.
Хулоса қилиб айтганда, Суқрот илгари сурган рационал тафаккур илм, ўзликни англаш ва эзгу амаллар воситасида комил инсонни тарбиялашга, ҳақиқат, адолат ва бахтни топишга йўналтирилган. Шу боис, Афлотун “Суқротнинг ўлими унинг ўзидан кўра, унинг қотиллари учун даҳшатлироқдир. Чунки мутафаккирнинг ўлимидан сўнг уларни ҳақиқат ва адолатни қидиришга мажбур этадиган куч қолмайди” [3:14], деб ёзган эди.
-
Жебелёв С.А. Сократ. Биографический очерк. – М.: Юрайт, 2025.
-
Кессиди Ф.Х. Сократ. – СПб.: Алетейя, 2001.
-
Платон. Собрание сочинений. В 4 т. Т. 1. – М.: Мысль, 1990.
-
Хакимов Р.С. Жадидизм (Реформированный ислам). –Казань: Институт истории АН РТ, 2010.
-
Хурсандов О. Мотуридийлик ҳақиқати. – Т.: Ҳилол нашр, 2024.
-
https://cyberleninka.ru/artic.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






