Home / МАҚОЛАЛАР / ТАБИАТ ВА ИНСОН МУНОСАБАТЛАРИДА МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ БEГОНАЛАШУВНИ ОЛДИНИ ОЛИШНИНГ МУҲИМ ЖИҲАТЛАРИ

ТАБИАТ ВА ИНСОН МУНОСАБАТЛАРИДА МАЪНАВИЙ-АХЛОҚИЙ БEГОНАЛАШУВНИ ОЛДИНИ ОЛИШНИНГ МУҲИМ ЖИҲАТЛАРИ

Маънавий борлиқ орқали шахс ўз қадриятларини англайди, дунёқарашини шакллантиради ва ўз яратувчанлик қобилиятини янада ёрқинроқ намоён этади. «Маънавият» тушунчасини тадқиқ қилган олим К.Ваайманнинг фикрига кўра, унинг учта асосий шакли мавжуддир. Оила шароитида шаклланувчи дунёвий маънавият; жамиятда намоён бўлувчи жамоавий маънавият; маданий-диний хусусиятга эга бўлган моддий маънавият шулар жумласидандир. К.Ваайман ўз тадқиқотлари натижаси ўлароқ, «моддий маънавият – бу илоҳий-инсоний муносабатлар композицияси ҳамда кўп босқичли трансформация жараёнидир» [5:1042] деган хулосага келади.

Тадқиқот жараёнида анализ ва синтез, мантиқийлик ва қиёсийлик, тарихийлик методларидан фойдаланилган.

К.Н.Цоколов, маънавиятни функционал объект сифатида белгилар экан, унинг интеллектуал ва ахлоқий бирлик сифатида мавжуд бўлишини таъкидлайди [13:192]. Л.П.Буева маънавиятни «инсон ҳаётининг мазмуни, сифати ва йўналиши, шунингдек, ҳар бир шахсдаги инсонийликнинг белгиси, ҳаётий аҳамиятга эга қадриятлар соҳаси билан чамбарчас боғланган хусусият» [4] деб таърифлайди. П.В.Петрий маънавиятни «жамиятда ўрнатилган асл қадрият ва манфаатларни ўзида акс эттирувчи, шу билан бирга, ҳар қандай шахс ва гуруҳнинг ижтимоий ҳаётга қўшилишини таъминлайдиган, жамоавий ва индивидуал онг, дунёқараш ва маънавий фазилатларни акс эттирувчи ҳолат» [12:229] деб ҳисоблайди. А.Л.Доброхотов маънавиятнинг икки хусусиятини изоҳлаб ўтади:

1) маънавият – бу инсоннинг ижодкорлик қобилиятининг энг юқори даражаси бўлиб, бу унга ўз ҳаётининг маъно-мазмун манбаи бўлиб хизмат қилади; индивидуал ва ижтимоий ҳаётнинг табиий асосларини ахлоқий, маданий ва диний қадриятлар билан тўлдириш имкониятини очади; инсон қалбини эзгу мақсадлар сари йўналтирувчи принцип ролини ўйнайди;

2) маънавият – бу инсонни актив ва пассив равишда жалб қилиши мумкин бўлган, дунёни бошқарувчи ғоявий куч ҳисобланади. Шу боисдан ҳам маънавий бегоналашув шахс ва социал гуруҳларнинг ижтимоий яккаланишига олиб келади [6:472].

Бегоналашув ҳодисасининг ижтимоий-фалсафий ва тарихий-фалсафий таҳлили натижалари бизнинг маънавий бегоналашувга келтирган таърифимизда ифодаланган ижтимоий моҳиятни аниқлаш имконини берди:

Маънавий бегоналашув – ҳам объектив, ҳам субъектив жараён бўлиб, шахс, ижтимоий гуруҳлар ва бутун жамиятнинг ўз маънавий оламини ривожлантириш, маънавий-ахлоқий қадриятларни рационализация қилиш қобилиятини йўқотиши, уларни индивидуал ва ижтимоий ҳаётда якдилликка эришишининг имконсизлигидир.

Маънавий бегоналашув жараён сифатида, бир томондан, маънавий узоқлашишдан ташкил топган бўлса, иккинчи томондан, шахс ва жамият ҳаётининг маънавий соҳасидаги ўзгаришларни ўз ичига олади. Маънавий бегоналашув ҳолат сифатида, жамият ҳаётидаги қадриятларни сақлаш қобилиятининг йўқолиши билан тавсифланади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ушбу жараён ўзига хос хавфга эга бўлиб, бунинг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, «…ёшларимиз маънавияти, ғоявий-мафкуравий тарбияси учун масъул деб билган инсонлар  – бу маҳалла ёки диний ташкилотлар бўладими, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёки катта таъсир кучига эга ижодкор зиёлилар бўладими – уларнинг барчаси айниқса фаол бўлишлари лозим» [2]. Акс ҳолда, маънавий бегоналашув жамиятнинг маргиналлашуви каби ижтимоий ҳодисаларда намоён бўлади, бу жараён девиант хулқ-атворнинг ривожланишига олиб келади; инсондаги боқимандалик кайфиятини оширади; индивидуал, ижтимоий ва миллий идентификация инқирозини юзага келтиради. Айнан маънавий бегоналашув натижасида инсон, жамият ва миллат фаол субъектдан манипуляцияга мойил пассив объектга айланади, бу этник идентификация инқирози, оммавий маданиятнинг авж олиши, ахборот урушининг кучайиши каби тенденцияларда намоён бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим» [1:23]. Замонавий жамиятда маънавий бегоналашувни бартараф этиш учун ҳуқуқий, маънавий, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий (моддий-ишлаб чиқариш) соҳаларда ва ижтимоий ривожланишнинг барча даражаларида: шахс, жамият, давлат ва глобал миқёсдаги устувор йўналишлар тизимини амалга ошириш зарур.

Ахлоқий бегоналашув ҳодисасини, асосан, инсонларнинг бегоналашиш фаолиятини ўзлаштириб олиш жараёни сифатида таҳлил қилиш бўйича ўзбек олимларининг тадқиқотлари чегараланганини айтиб ўтиш жоиздир. Ахлоқий бегоналашувни шахснинг ўзини ўзи англаш ёки англамаслик жараёни сифатида таҳлил қилиш натижалари эса унинг қуйидаги асосий хусусиятларини аниқлашга имкон беради:

  1. Ахлоқий бегоналашув – ижтимоий алоқа ва муносабатларнинг мураккаблашуви натижасида, инсон ўз маънавий масъулиятини, ўз ақл-идроки билан юритмасдан, аксинча, бошқаларнинг ихтиёрига бериш ҳолатини юзага келтирди. Бунда, шахсни ўзига қараганда маънавий жиҳатдан юқорироқ ривожланган шахс томонидан яширин эксплуатация қилиниши эҳтимоли ошади.
  2. Ҳар қандай ахлоқий фаолият, шу жумладан, ахлоқий бегоналашув ҳам, инсон маънавий фаолиятининг энг мураккаб тури сифатида, биринчи навбатда, иқтисодий ва сиёсий омилларга боғлиқдир. Шу сабабдан, ахлоқий бегоналашув кўпинча шахснинг молиявий етишмовчилиги натижасида пайдо бўлади. Демак, ижтимоий жараёнларни қайта ташкил этиш ва янада мураккаблаштириш учун шахс ҳар томонлама ривожланиши лозим. Иқтисодиёт ва ахлоқни, маданият ва маънавиятни уйғунлаштириш учун маънавий-ахлоқий ислоҳот, ахлоқий маърифатни ривожлантириш талаб этилади.
  3. Индивидуал қадрият ва ижтимоий жараёнлар ориентацияси ўртасидаги номувофиқлик даражасини англаш ахлоқий бегоналашувнинг турли шаклларини ўрганишга имкон беради. Шу билан бирга, у ёки бу шакл гносеологик жиҳатдан муайян ахлоқий ҳодисаларнинг мутлақлашуви жараёнида вужудга келишини ҳисобга олиш керак.
  4. Шахснинг ўз-ўзидан бегоналашувини чуқур англаши унинг ахлоқий хусусияти эканлиги ахлоқий бегоналашувни енгиш кўп жиҳатдан ўз-ўзини англашга боғлиқлигини кўрсатади.
  5. Кўпгина ахлоқий ва маънавий иллатлар ахлоқнинг ўзини мутлақлаштириш жараёнида пайдо бўлади. Шу сабабли, бундай абсолютизация ва унинг асосида йузага келадиган бегоналашувни бартараф этишнинг ўзига хос усуллари мавжуд.

Маънавий камолотни ривожлантиришда, эҳтиёжларни чеклаш масаласи ҳал қилувчи муаммолардан бирига айланади. Инсон ва табиатнинг семантик яхлитлиги ва ўзаро боғлиқлиги ҳамда табиий ресурслар чегараланганини англаш учун одамлар онгини йўналтириш муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун маънавий камолотга эришишда моддий ва утилитар қадриятларни маънавий қадриятлар билан алмаштириш зарур. Айнан шу орқали маънавий-амалий фаолиятнинг бутун тизимини (тарбия, таълим, фан, санъат, ахлоқ, фалсафа, мафкура) такомиллаштириш зарур.

Бу борада энг самарали йўл одамларнинг онгига уларнинг табиатни ўзгартиришга қаратилган эҳтиёт ҳаракатлари натижасида келиб чиқувчи хавф-хатарлар ҳақидаги ғояларни киритишдир. Бундай ғоянинг киритилиши экологик масъулиятни рағбатлантирувчи туйғуни пайдо қилади. Чунки хавф-хатардан қўрқиш барқарор ривожланишнинг умумий гуманистик мақсади – хавфдан омон қолишга йўналтирилган иродани рағбатлантиради. Бошқача қилиб айтганда, «гуманизм тушунчасининг мазмун-моҳияти инсоннинг табиатга қаратилган муносабатларида конкретлашади ва универсал характер касб этади» [5:69]. Шу сабабли, ҳукуматлар экологик хавфсизликни таъминлашдан бўйин товлаётган давлатларга нисбатан «иқтисодий қамчи» усулини қўллайди, яъни иқтисодий санкциялар қўллаш, уларнинг товарларини сотиб олишдан бош тортиш орқали бутун дунёда экологик хавфсизликни таъминлаш чинакамига қўл келиши мумкин.

В.Ливинскаянинг фикрича, экологик хавфсизлик ҳеч қандай маъмурий ёки табиий чегараларни тан олмас экан, халқаро принциплар миллий экология қонунчилигининг асосини ташкил қилиши шарт [4:76]. Инсоният бошига соя солаётган экологик фалокатларнинг олдини олиш масаласида халқаро ҳамкорлик маълум даражада шаклланган ва муҳим тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, бу борадаги ишларни янада изчил фаоллаштириш зарур. Чунки ҳозиргача атроф-муҳит муҳофазаси ва инсониятга етарли, қулай яшаш шароитларини йаратиш масалаларини бошқариб турувчи том маънодаги кенг кўламли таъсирга эга, холис, ягона халқаро тизим мавжуд эмас. Халқаро экологик ҳамкорликни такомиллаштириш инсоният тараққиётининг бундан кейинги босқичларида ҳам муҳим ҳаётий заруратлардан бири бўлиб қолаверади [14].

Барқарор ривожланишнинг яна бир муҳим муаммоси маънавиятнинг қадр-қийматини, унинг семантик яхлитлигини, шунингдек, эстетик компонентини сақлаб қолишдир. У сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари тизимига санъатнинг узвий интеграциялашуви сабабли инсон ва бутун жамият онгига кучли таъсир кўрсатиш воситасига айланди. Бошқа томондан, у реал воқеликдан, табиат билан яхлитлигидан ажрала бошлади. Санъат фан-техника тараққиёти ютуқлари орқали дунёни идрок этишнинг виртуал усулининг доминантлашувига ҳисса қўша бошлади, натижада бу инсонни табиатдан ва унинг табиий эстетик жиҳатида янада узоқроқ ажралишига олиб келди. Бу шаклда ривожланаётган эстетика инсонни тасаввур кучидан маҳрум қилади, чунки ижод, санъат ва фан ўртасида ўзига хос боғлиқлик бўлгани сабабли, кўриш, англаш қобилиятининг бузилиши туфайли фикрлаш қобилияти ҳам ўз шаклини ўзгартириши мумкин. Шу сабабли, илмий-техникавий тараққиётни экологик талаблар ва барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ йўналтириш, ижтимоий ва ижодий тамойил ва биосферани сақлаш ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш учун ҳар қандай имкониятлардан, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш керак.

Барқарор ривожланишга ўтишда маънавият замонавий илм-фан йўналишларида амалга оширилаётган билимлар, янгиликлардан қувват олиши керак. Биосфера деградациясида (емирилишида) муҳим роль ўйнаган илмий билимлар энди атроф-муҳитни сақлаб қолиш, оқилона бошқариш ва инсониятнинг яшаши учун қулай шароит яратишга ёрдам бериши керак. Шу сабабли, илм-фанни ривожлантириш ва такомиллаштириш йўналишларини танлашда ахлоқий ва экологик мезонларни ишлаб чиқиш зарурияти намоён бўлади. Замонавий илм-фаннинг мазкур мезонларини шакллантириш табиатшунослик ва ижтимоий-гуманитар соҳаларни яқинлаштириш ҳамда интеграциялаш, уларнинг таркибини маънавий-ахлоқий параметрлар ва гуманистик кўрсатмалар билан тўлдиришни тақозо этади.

Бугунги кундаги ҳар қандай глобал муаммони бир ёки иккита фан доирасида ҳал қилиш имконсиз. Синергетиканинг методологик тамойилларидан фойдаланган ҳолда муаммони интеграциялашган шаклда тушуниш, англаш ва уни ҳар томонлама ҳал қилиш, фанларнинг муайян тамойилларга асосан шакллантиришга бўлган онтологик эҳтиёжни юзага келтиради.

Келажакда Ерда ҳаётнинг давом этиш-этмаслиги шубҳа остида қолиши, ушбу масалага жиддий ёндашиш, хусусан, маънавиятнинг асосини ташкил этувчи ахлоқий меъёрлар ва қадриятларни таҳлил этиш тенденциялари кучайтиришни талаб қилади. Турли фанларга доир ахлоқий муаммолар тобора аниқлашиб бораётган бир даврда, ахлоқий муаммоларни илмий муаммолар билан интеграциялашган ҳолда ўрганиш масаласи экология фани мисолида янада аниқ намоён бўлади. Экология табиатшунослик фанига оид материалларни яшаш муҳитини сақлаш муаммоси билан боғлиқ шаклда ўрганади. Унинг негизида табиатни ижтимоий муҳит билан бирлаштирган экологик маданият ётади.

«Экологик маданият бўйича олиб борилган тадқиқотларда социологик ёндашув асосида илгари сурилган экологик маданият ҳақидаги мулоҳазалар ҳам диққатга сазовор» [10:15-16]. Экология фанининг жамият ижтимоий муаммоларига яқинлиги шундан келиб чиқади. Муаммонинг ахлоқий томони инсон ва жамиятнинг табиатга нисбатан ижтимоий-ахлоқий позицияларига таянади. Демак, экологик маданиятнинг ўлчови айнан экологик ахлоқ бўлиб, у табиатни (шу жумладан инсонни) сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган экологик ҳаракатлар учун зарур шарт-шароитларни яратади. Ахлоқнинг экологизацияси (экологик ривожланиш) инсон ва жамиятнинг маълум даражадаги табиат ҳолатини сақлаб қолишнинг аҳамиятини акс эттиради. Яъни яшаш муҳитига хос экологик шароитлар инсоннинг унда мавжуд бўлиши учун мос бўлиши керак. Унда атроф-муҳит меъёрларини этиклаштириш (ахлоқий жиҳатдан ривожлантириш) ва ахлоқни экологизация қилиш, шунингдек, ушбу икки жараённинг ўзаро муносабатини жамиятнинг барқарор ривожланишига татбиқ қилишнинг зарурлиги намоён бўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу ҳақида шундай ёзади: «Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин» [2:570]. Ахлоқнинг экологизацияси инсон ва жамиятнинг табиат ҳолатини сақлаб қолишга маълум даражадаги алоқадорлигини акс эттиради. Бу эса, ахлоқий-экологик онглиликни ривожлантиришни тақозо қилади.

Бегоналашув муаммоси замонавий фалсафадаги энг кескин ва мунозарали муаммолардан биридир. Шуни тан олиш зарурки, шахсни оммавийлаштириш, стандартлаштириш ва индивидуаллигини йўқотиш тенденцияларида, фалсафий тушунчаларнинг ҳеч бири бегоналашув каби кенг ижтимоий резонансга эга эмас. Умуман олганда, ўзига хос мураккаблиги ва мавҳумлиги билан бегоналашув муаммоси фалсафий тафаккур тараққиёти тарихидаги асосий муаммолардан бирига айланиб улгурган. Т.Н.Серегинанинг таъкидлашича, «Бегоналашув – бу ёт хусусиятни ўзлаштириш, уни моддий-маънавий маданиятга айлантириш, шу жумладан, ижтимоий жиҳатдан ўзининг аввалги ҳолатига қайтариб бўлмайдиган жараёндир» [9.153]

Бегоналашувнинг пайдо бўлиш тарихий аҳамиятга эга бўлиб, антропогенезнинг барча даврларида инсониятнинг ажралмас ва табиий атрибути бўлган. У товарнинг илк шакллари пайдо бўлганда (архаик жамиятларда ортиқча маҳсулотлар алмашинуви) юзага келган. Тарихий жиҳатдан бегоналашувнинг биринчи шакли инсон моҳияти ва мавжудлигини англашга қаратилган диний бегоналашув бўлган. Хусусий мулк ривожланган жамиятларда бегоналашув нафақат иқтисодиёт ва бошқарувнинг, балки одамлар, ижтимоий институтлар, жамоалар ва бутун жамият ўртасидаги сиёсий ва ҳатто маънавий муносабатларнинг асосий хусусиятига айланади. Шу боисдан ҳам У.Хажиев «Маънавий-ахлоқий императивлар, моҳиятига кўра, аждодларимиз яратган, улардан мерос бўлиб келаётган, халқимиз ва миллатимиз менталитети, турмуш тарзи, маданий ҳаётидан жой олган қадриятлар ҳисобланади. Уларнинг турли манфаат ва қизиқишлар билан боғлиқлиги маънавий-ахлоқий ҳаётда «мен» ва «биз» категорияларини шакллантирган. Жамиятда асрлар давомида шаклланиб, ривожланиб келган маросимлар, анъаналар, урф-одатлар ҳам шахс билан жамоатчилик ўртасида бўладиган ахлоқий муносабатларнинг кўриниши ҳисобланади» [11:16] деб таъкидлайди. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. ‒ Т.: Ўзбекистон, 2016. – Б.23.
  2. Мирзиёев Ш.М. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. – Тошкент: «Ўзбекистон» НМИУ, 1-жилд. 2018. – Б.570.
  3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқи // «Тошкент оқшоми» газетаси, 2017 йил 16 июнь.
  4. Буева Л.П. Духовность и проблемы нравственной культуры // Вопросы философии. – М., 1996. №
  5. Ваайман К. Духовность: формы, принципы, подходы (в 2-х томах). Пер. с нидерл. Т. 1-2 ББИ. 2009. – C.1042.
  6. Доброхотов А.Л. Избранное (Философия культуры). 2008. – C.472.
  7. Ливинская В. Правовые, экономические, социальные и культурные основы экологической безопасности // Хўжалик ва ҳуқуқ. – 2000. – № – Б. 76.
  8. Мамашокиров С. Ваҳимами ёки ҳақиқат. – Тошкент: Иқтисод-молия, 2012. – Б.69.
  9. Нигматов А.И. Экология: асосий атама ва ибораларнинг изоҳли луғати. – Т., 2002. – Б.15-16.
  10. Петрий П.В. Духовные ценности российского общества и армия. Монография. – Москва: Военный университет, 2001. – C.229.
  11. Серегина Т.Н. Антропологические аспекты проблемы отчуждения. – Москва: Изд-во МГАДА, 2008. – С.153.
  12. Соколов К.Н. Духовные основания геополитической борьбы. – Москва: Поколение, 2009. – С.192.
  13. Хаджиев У.Ш. Ёшларнинг тафаккурини шакллантиришда шарқона маънавий-ахлоқий императивларнинг ўрни. Фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) диссертацияси автореферати. – Т., 2020. – Б.16.
  14. http://xs.uz/uzkr/post/global-ekologik-muammolar-barqaror-taraqqiyotga-katta-tahdid-solmoqda-buning-oldini-olish-uchun-nima-qilish-kerak.
Шахло САМАНОВА,
УТУ Ранч, «Ижтимоий фанлар» кафедраси мудири,фалсафа фанлари доктори, доцент

Check Also

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ СУННАТ, МАЗҲАБСИЗЛИК БИДЪАТДИР

Фатво беришни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бошлаб берганлар. У зот очиқ-ойдин ваҳийга суяниб, Аллоҳ таоло номидан …