Фиқҳ илмининг ривожланиши ислом дини аввалидан бошлаб босқичма-босқич ривожланиб келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобийлар даврида асос солинган фиқҳ илми инсониятнинг Аллоҳ таоло учун бажарадиган ва жамиятда қиладиган амалларини тартибга солиш ва тизимлаштиришни назарда тутади. Шу боис у замон йўсинига қараб доимий тараққиётда бўлган.
Фиқҳ – “билмоқ” маъносини билдириб, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ таъбирича, “Кишининг ўзи учун нима фойда ва нима зарар эканини билмоғидир”.
Шариат – Аллоҳ таоло бандаларига Қуръон ва суннат орқали бажаришни фарз қилган буйруқлар ё ман қилган қайтариқлар.
Фиқҳ икки йўналишда бўлиб, ибодат ва муомола ҳукмларини қамраб олади. Фиқҳул ибодат банданинг ўз Робби билан алоқасини назарда тутади. Булар – таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж, қасам, назр ва шунга ўхшаш бошқа амаллар.
Фиқҳул муомолот инсоннинг инсон ва жамият билан муносабатларини кўзда тутадиган амаллар бўлиб, улар ўзаро муомолотлар, жиноят ва жазолар, шахсий ва оилавий ишлар, савдо, ширкат, ижара, иҳтикорлар ва бошқа шунга ўхшаш амаллардан иборат.
Дастлабки даврда фиқҳий, ақидавий мазҳаблар мавжуд бўлиб, уларнинг тарафдорлари ўртасида ҳар хил фикрий зиддиятлар бўлган. Бу мазҳаблар босқичма-босқич ривожланиб борган. Саҳобалар даврида Оиша розияллоҳу анҳо мазҳаби, Абдуллоҳ ибн Умар мазҳаби ва Абдуллоҳ ибн Масъуд мактаби мавжуд эди. Тобеинлар даврида Шайх Ҳаммод ибн Сулаймон, Иброҳим Нахаий, Алқама ибн Масъуд мактаблари каби мазҳаблар пайдо бўлган. Ҳижрий II асрдан IV аср ярмигача бўлган даврда янада кўп мазҳаблар пайдо бўлган, лекин аксарияти йўқолиб кетган. Шунга қарамай, аста-секин ҳар хил кичик фиқҳий, ақидавий мактаблар сони ортиб борган. Охир-оқибат суннийликда 4 мазҳаб қолиб, улар умумий тарзда аҳли сунна жамоасини ташкил этди. Мазҳаб соҳиблари аҳли рай ва аҳли ҳадис экани билан фарқ қилган. Ҳижозликлар (моликий, шофеъий, ҳанбалий мазҳаблари) аҳли ҳадис, ироқликлар (ҳанафий мазҳаби) аҳли раъй бўлган.
Машҳур мазҳаблар орасида ихтилофлар пайдо бўлиб турган. Бу ҳолат нафақат мазҳаблар ўртасида, балки бир мазҳабнинг ўзида ҳам имомлар ўртасида турли фикрлар юзага келишига олиб келган. Дин, шариат, Қуръон, суннат ва масдар – барчаси бир бўлса, нима учун мужтаҳидлар сўзи бир хил эмас? Нима учун умматга енгиллик мақсадида ягона бир мазҳаб олинмаган? Ихтилофлар динга зарар етказмайдими? Бундай сўзларнинг барчаси ботил бўлиб, аслида мазҳаблар ўртасидаги ихтилофлар – бу раҳмат, уммат учун енгилликдир.
Аввало, мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларни зиддият ва қарама-қаршилик деб тушунмаслик лозим. Бу фикрлар хилма-хиллигини англатади. Бундай ихтилофлар фақат фаръий масалалар ечимида мавжуд бўлиб, шариат ҳукмларидаги иллат ва сирларни идрок этишда, ҳукмларни теран англашда, Қуръон ва ҳадисни фаҳмлашда инсон ақли ва тафаккурининг бир-бирига мувофиқ келмаслигидир. Ижтиҳод борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ҳукм чиқарувчи ижтиҳод қилиб (масаланинг ечимини) тўғри топса, унга икки савоб, агар хато қилса, бир савоб”, деганлар. Бу ҳадисда ижтиҳодда савоб ва раҳмат борлигига ишора берилмоқда.
Мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларнинг асосий сабаблари:
- Араб тили лафзларининг маъно жиҳатдан ҳар хиллиги.
- Ровийларнинг ҳар хиллиги ва ҳадисларнинг фақиҳга етиб келишида фарқнинг мавжудлиги.
- Шаръий масдарларнинг бир-биридан фарқи борлиги.
- Усул (талқин) қоидаларининг бир-биридан фарқ қилиши (носих, мансух, ҳукм ва ғайри ҳукм оятлар).
- Қиёс билан ижтиҳод қилишда мужтаҳидлар фикрларининг ҳар хиллиги.
- Муаммо ва масалаларнинг бир неча хил ечими бўлиб, улардаги далилларнинг бир-биридан оғир келиши.
Фуқаҳолар муайян бир мазҳабда бўлиб, уни лозим тутишни вожиб деган. Шарти шуки, муқтадий имомни ҳақ деб эътиқод қилади ва унга ишонч ҳосил қилиб, ҳукм чиқаради.
Аҳли сунна вал жамоа ҳақ деб эътироф этилган 4 мазҳаб мавжуд:
Ҳанафий. Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (80/699-150/767 ).
Моликий. Молик ибн Анас ибн Аби Омир Асбаҳий (93/713-189/795).
Шофеъий. Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий (150/767-204/820).
Ҳанбалий. Аҳмад ибн Ҳанбал Шайбоний (164/780-241/855).
Мазкур тўрт мазҳаб мужтаҳидлари ислом динининг энг устувор вазифалари қуйидагилар эканини таъкидлаган:
- Динни муҳофаза қилиш.
- Ҳаётни муҳофаза қилиш.
- Ақлни муҳофаза қилиш.
- Насл ва авлодни муҳофаза қилиш.
- Мол-мулкни муҳофаза қилиш.
Ҳанафий мазҳабининг кенг ёйилиш омиллари:
- Куфа ва Басра (Ироқ) илк ҳуқуқий мактаби негизида Абу Ҳанифа томонидан ҳанафий мазҳабига асос солинди;
- Имом Молик Мадина мактаби асосида моликий мазҳабининг тамал тошини қўйди;
- Имом Шофеъий ижтиҳодни Мадина мактабининг намояндаси сифатида бошлаган. Шундай бўлса-да, ҳанафий мазҳабидан кўп фойдаланган ҳолда, аҳли ҳадис ва аҳли рай таълимотини бирлаштириб, Мисрда ўз мазҳабига асос солди;
- Аҳмад ибн Ҳанбал Макка мактаби негизида ҳанбалий мазҳабига пойдевор кўйди.
Ҳозирги кунда ҳанафийликнинг жуғрофий ҳудуди Марказий Осиё давлатларидан бошлаб, Хитой, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Яман, Миср, Жазоир, Тунис, Марокаш, Туркия, Индонезия ва бошқа ўлкаларни қамраб олади. Уларнинг айримларида асосий мазҳаб бўлса, баъзиларида иккинчи ё учинчи ўринда туради.
Шимолий Африка мамлакатлари (Тунис, Жазоир, Марокаш)да ҳанафийлар кўп бўлмаса ҳам, бу мазҳаб олимлари катта иззат-ҳурматга эга. Тунис пойтахтида суд ишлари ҳанафий ва моликий мазҳаблари асосида юритилиб, суд тизимида иккиси бирга қўлланади. Мисрлик таниқли олим Ливо Ҳасан Содиқнинг таъкидлашича, бу ерда ҳанафий мазҳабининг буюк муфтийлари мавжуд. Улар барчанинг устидан маънавий раҳбарлик мақомида туриб, шайхулислом деб аталади.
Шунингдек, таомилга биноан “Зайтуна” университети ўқитувчиларининг ярми ҳанафийлардан, ярми моликийлардан иборат бўлади. Ҳанафий мазҳаби тарафдорлари Ҳиндистонда 48 миллион кишига етган. Жанубий Америкада 25 миллион ҳанафий мусулмон истиқомат қилади.
Ҳанафий мазҳабининг кенг тарқалиши учун қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
Биринчи омил: Ушбу мазҳаб ўз моҳияти, таълимоти ва қўллаган услуби билан жамиятда юз берадиган ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш имкониятига эга бўлиб, ҳар қандай саволга жавоб топа олган. Ҳанафий мазҳаби бирон бир масала бўйича Қуръон ёки ҳадисларда ечим мавжуд бўлмаса, қиёсга таяниб иш олиб борган ва урф-одатга катта эътибор қаратган.
Иккинчи омил: Ҳанафийлик илмий асосларга таянган мазҳаб сифатида Аббосийлар халифалигида асосий мазҳаб бўлган. Ундан кейин Ғазнавийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Бобурийлар, Усмонийлар империясида давлат мазҳабига айланиши унинг ривожи ва тарқалиши учун асосий омил бўлган.
Учинчи омил: Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларидан кейин бир гуруҳ фақиҳлар майдонга келиб, шариат ҳукмларини истинбот ва истихрож қилиш ва уларни асрлар давомида юз берган ҳодисаларга татбиқ этиш муаммоларига жиддий ёндашдилар. Фуруъул фиқҳ ва фиқҳнинг барча тармоқларини бирлаштирувчи, умумий тамойилларга эътибор берувчи асосий қоидалар (усулул фиқҳ) юзага келди ҳамда ривожланди.
Тўртинчи омил: Абу Ҳанифа шогирдларининг кўплиги. Шайх Маҳмудхон Тункий ёзган 60 жилдлик “Мажмаъул мусаннифийн” китобида зикр этилишича, унинг шогирдлари сони 882 тага етади. Тўртта буюк шогирди (Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан, Зуфар ва Абулҳасан)дан ташқари, уларнинг кўпчилиги Мовароуннаҳр, Хуросон ва Эрон ҳудудларидан эди.
Имом Аъзам (Буюк Имом) Абу Ҳанифа мазҳаб соҳиблари орасида энг улуғи, фақиҳи, олими ва саҳобаларни кўриб, улар билан ҳамсуҳбат бўлганидир. Манбаларда қайд этилишича, Абу Ҳанифа яшаган даврда ва ундан олдинроқ Куфада 10 мингдан зиёд саҳоба ҳаёт бўлган.
Мазҳаббоши кўпгина тобеинлардан илм ўрганиб, ҳадис ривоят қилган ва бир қанча саҳобаларни кўрган.
Яҳё ибн Муин “Абу Ҳанифа ниҳоятда ишончли ва тўғрисўз эди” деган. Абдулло ибн Муборак: “Агар Аллоҳ таоло менга Абу Ҳанифа билан Суфён Саврийнинг суҳбатини насиб этмаганида, худди бошқалар каби илмсиз бўлиб қолар эдим”, деб айтган. Имом Шофеъий Абу Ҳанифанинг юксак илм соҳиби ва ақлу заковатда беназир бўлганини эътироф этиб: “Абу Ҳанифа агар бир устунни олтин демоқчи бўлса, албатта, унга ҳужжат келтириб, исботлаб бера олар эди”, деган.
Ҳақ таоло динни инсонга уни қийнаш ё азоблаш учун эмас, балки дунёда Аллоҳни таниб, ҳалол, пок ва хотиржам ҳаёт кечириши учун нозил қилган. Мазкур тўрт мазҳабнинг вужудга келишидаги асосий омил ва мақсад ихтилоф эмас, балки мусулмонларга шаръий ҳукмларни бажаришда енгиллик яратишдир. Уларнинг ҳар бирини дунёнинг етук уламолари “ҳақ мазҳаб” деб тан олган ва мусулмонлар ўн икки асрдан буён амалда қўллаб келмоқда. Тўрт мазҳабдан бирига амал қилаётган ҳеч бир мусулмон қолган уч мазҳабнинг ҳам ҳақлигини инкор қилмайди. Аксинча, “шаръий ҳукмлар борасида қолган уч мазҳабдаги фатволар тўғри, бизники эса тўғрироқ” деган қарашда бўлади.
Мазҳаб, унинг келиб чиқиши ва кўзлаган мақсади ҳақида гапирганда, албатта, мазҳаблар уммат учун Аллоҳ таолонинг раҳмати эканига гувоҳ бўламиз. Мазҳабда бўлиш ва буюк мужтаҳидлар йўлига эргашиш ҳозирги давр талабидир.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, аждодларимиз қолдирган илмий-маънавий меросни ўрганиш бевосита мазҳаб билан боғлиқдир. Қолаверса, мазҳаб бағрикенглик дини бўлмиш исломда бирлик рамзи бўлиб, уни софлигича авлодларга етказишга хизмат қилувчи ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига амал қилишнинг осон ва мукаммал йўлини ўргатувчи раҳмоний таълимотдир. Хусусан, ҳанафийлик ўзининг халқчиллиги, янада бағрикенглиги ва қулайлиги сабабли, мана ўн уч аср бўлибдики, халқимиз ҳаётига, турмуш-тарзига чуқур сингиб кетган. Диний ва миллий маросимларимиз, ибодатларимиз, иқтисодий-ижтимоий алоқаларимиз, илмий-маърифий ишлар ҳанафий мазҳаби асосида амалга ошириб келинган ва ҳозир ҳам шундай бўлиб қолмоқда.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






