Каттақўрғон гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда “Коррупция ва ҳуқуқбузарликларни бартараф этишда ҳуқуқий маданият ҳамда ҳарбий хизматда диний масалаларнинг ўрни” мавзусида маърифий давра суҳбати ташкил этилди.


Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган мулоқотда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Т.Эвадуллаев, А.Мамадалиев мавзу юзасидан маъруза қилди. Мутахассислар томонидан келтирилган назарий асослар ва амалий тавсиялар асосида олиб борилган муҳокамалар ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг хавфини тўғри англаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини самарали татбиқ этишга қаратилди. Шунингдек, ҳарбий хизматда эътиқод ва диннинг шахсий интизом ва маънавий тарбиядаги аҳамияти ҳам алоҳида таъкидланди.

Ҳуқуқий ахборот тарзида шахсий таркибга Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Интизом низомига мувофиқ ҳарбий интизом тушунчаси, юксак интизомга эришиш талаблари ва уларни таъминлаш механизмлари батафсил тушунтирилди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва хизматда шаффофликни таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчиларига ҳуқуқий маданиятни мустаҳкамлаш, маънавий ва интизомли хулқ-атворни тарғиб қилиш орқали биргаликда хизмат вазифаларини муваффақиятли амалга ошириш нечоғли муҳимлиги ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






