Home / МАҚОЛА / ИККИ НАМОЗНИ ҚЎШИБ ЎҚИШ – НОЗИК МАСАЛА бу борада уламолар нима дейди?

ИККИ НАМОЗНИ ҚЎШИБ ЎҚИШ – НОЗИК МАСАЛА бу борада уламолар нима дейди?

Икки фарз намозни қўшиб, яъни олдинма-кетин ўқиш масаласи фиқҳда муҳим ва ихтилофли мавзулардан ҳисобланади.

Баъзилар “Икки намозни ёмғир пайтида, сафарда бўлмай туриб ҳам масжидда жамлаб ўқиса бўлади. Ёмғир ёғаётганда масжидга бориш қийин бўлиб қолса, аср билан пешин, шом билан хуфтон қўшиб ўқиб кетилаверади. Бу суннатда бор нарса – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир сабабли жамлаганлар” деган важ билан ёпиқ, иссиқ, ҳар томонлама қулай шароитлари бўлган ҳозирги масжидларга тўғри келмайдиган гапларни айтмоқда. Қолаверса, бу ҳақдаги масалаларни ҳадис ва фиқҳий далиллар билан тўлиқ очиқлаб бермаяпти.

Икки намозни узрли сабаблар билангина қўшиб ўқиш мумкин. Бу сабаблар шаръий бўлиши керак. Бу хусусда уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига ва саҳобаларнинг амалларига таянган ҳолда фикр билдирган. Ҳаммасининг ўз далиллари бор ва ҳар ким ўз мазҳабига кўра амал қилиши тўғри бўлади.

Шофеийлардан Имом Қаффол Шоший шаръий сабаб бўлганда ҳам ҳар вақт қўшиб ўқишни одат қилиб олиш дуруст эмаслигини айтган. Уламолар ана шу фикр бўйича ихтилоф қилган.

Шофеий, ҳанбалий ва моликийлар мусофирлик, ёмғир, қор, қаттиқ совуқ, беморлик кабиларни узрли ҳолат санаган. Шунинг учун ҳадис ва хабарларга асосланиб, икки намозни қўшиб ўқиш мумкинлигини айтган. Лекин шу уч мазҳаб ёндашуви орасида ҳам ихтилофлар бор.

Ҳанафийлар “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир” (Нисо сураси, 103-оят) оятига биноан, ҳар бир намозни вақтида ўқиш шарт, деган. Икки намозни қўшиш учун мусофирлик ҳам, касаллик ҳам, ёмғирли кунлар ҳам, бошқа сабаблар ҳам узрли бўла олмайди. Фақат ҳаж пайти Арафот майдонида – пешин билан аср, Муздалифада – шом билан хуфтон қўшиб ўқилади. Мана шунинг борасида барча мазҳаблар иттифоқ бўлган. Шофеий, ҳанбалий ва моликий уламолар ҳажда бир кун намозларни қўшиб ўқишга сабаб мусофирлик эканини айтган. Шунинг учун бу мазҳабларда бошқа сафарлар чоғида ҳам қўшиб ўқиш мумкин. Ҳанафийларда эса, сабаб мусофирлик эмас, ҳаждир. Бошқа ўринлар узрли ҳисобланмайди.

Ҳанафийларнинг намозларни қўшиб ўқимаслик фикри саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд, Саъд ибн Абу Ваққос, Ибн Умар розияллоҳу анҳум, тобеин ва табаа тобеинлардан Ибн Сирин, Суфён Саврий, Умар ибн Абдулазиз, Солим раҳимаҳумуллоҳ кабиларнинг фиқҳий қарашларидан олинган.

Ҳанафийларга кўра, мусофирлик, ёмғирли кун каби ҳолатларда қўшиб ўқиш мумкин эмаслиги айтилди. Бошқа жиҳати ҳам бор: лекин суратда жам қилиш, яъни бирини (шу намоз вақтининг) охирида, иккинчисини бошида ўқиб, вақт жиҳатидан яқинлаштириш мумкин. Чунки пешиннинг вақти чиқиши билан асрнинг, шомнинг вақти чиқиши билан хуфтоннинг вақти киради.

Мазҳабларнинг бу ҳақдаги ҳадисларга бўлган қарашлари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш заволидан (тиккага келишидан) олдин йўлга чиқсалар, пешинни аср вақтигача кечиктирар, сўнг тушиб, икковини қўшиб ўқирдилар. Агар йўлга тушишдан аввал қуёш заволга юз тутган бўлса, пешинни ўқиб, сўнг уловга минардилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган). Бу ҳадисдан ҳанафийлар пешиннинг охирги вақти билан асрнинг бошланишини тушунтиради. Қолган мазҳаблар пешин ўтиб кетиб, аср вақти кирганда ўқиганлар, деб тушунган.

Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: “Ибн Аббос: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада ҳеч қандай хавф ва ёғин-сочин бўлмаса ҳам пешин билан асрни ҳамда шом билан хуфтонни жамладилар”, деди”. Вакеънинг ривоятида бундай: “Ибн Аббосга: “Нега ундай қилганлар?” десам, “Умматларини қийнамаслик учун”, деди”. Абу Муовиянинг ривоятида айтилади: “Ибн Аббосга: “Бундан нимани ирода қилганлар?” десам, “Умматларини қийнамасликни истаганлар”, деди”.

Ҳанафийлардан бошқалар ҳадисдаги “ёғин-сочин бўлмаса ҳам” деган жумладан келиб чиқиб, “у зотнинг даврларида ёмғирда намозни бирлаштириб ўқиш маълум бўлган. Бундай бўлмаганида, бирлаштириб ўқиш учун асосли сабаб сифатида ёмғир инкор этилмасди” деган. Ҳанафийлар бундай тушунтиради: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг гапидаги жамлаш жамоат бир тўпланганда иккала намозни ҳам ўқиб олишдир. Бир намоз бошқа намознинг вақтида ўқилмайди, балки улар бир-бирига яқин вақтда ўқилади. Масалан, пешин ўзининг охирги вақтида, аср ўзининг бошланиш пайтида ўқилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан намоз вақтларининг кенглигини ўргатганлар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганидек, умматларига енгиллик беришни истаганлар. Бу ҳадис ҳанафий мазҳаби уламоларининг “суратда жам” деб айтган фикрларини тасдиқлайди ва саҳобаи киромлар одатда бир тўпланганда икки намозни ўқиб олишни ҳам “жамлаш” деб атаганини кўрсатади.

Бу фикрни қуйидаги ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саккиз (пешин ва аср) ҳамда етти (шом ва хуфтон)ни қўшиб ўқидим”. (Ровий Суфён ибн Уяйна) Амр айтади: “Эй Абу Шаъсо (Жобир ибн Зайд), менимча, у зот пешинни кечиктириб, асрни тезлаштирганлар, шомни кечиктириб, хуфтонни тезлаштирганлар”, дедим. У: “Мен ҳам шундай деб ўйлайман”, деди” (Муслим ривояти).

Ҳадис илми кенг, чуқур ва нозик илмдир. Бу илм ўзида бир қанча илмларни жамлаган. Шу илмлардан узоқ бўлганимиз учун фалончи бундай деб хато қилган, деймиз. Алломалар бу илмларнинг барчасини атрофлича ўрганган ва ўз ижтиҳодини баён қилган. Бирор мазҳабнинг йўлини қоралаб бўлмайди. Ҳар ким ўзи яшаб турган жойдаги мусулмон жамоаси билан бўлса, фитна ва бузғунчиликлардан йироқ бўлади.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

САВДОДА ҲАЛОЛЛИК – БАРАКА ОМИЛИДИР

Тижорат, бу ҳақида кўплаб сўзлар айтилган. Шундай бўлса-да, тижорат (байъун) – савдо-сотиқ кўпчилик томонидан эътиборга …