Home / МАҚОЛАЛАР / ЎЗБEКИСТОН ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИДА ДИНИЙ БАҒРИКEНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ МАСАЛАЛАРИ

ЎЗБEКИСТОН ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИДА ДИНИЙ БАҒРИКEНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ МАСАЛАЛАРИ

Бағрикенглик – жамият ва давлат ҳаётининг ажралмас бир қисми бўлиб, инсон ва унинг тараққиёти тарихида муҳим роль ўйнайди. Шу ўринда бағрикенглик – фақатгина назарий тушунча бўлмай, у энг аввало, маълум маданият ва цивилизациянинг муҳим элементи ҳам ҳисобланиши алоҳида таъкидланади. Агарда маданият тушунчасини у ёки бу жамиятнинг тарихан шаклланган қадриятлари, анъана ва нормаларининг йиғиндиси деб тушунадиган бўлсак, унинг фундаментал асосини толерантлик (бағрикенглик) ташкил этишига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017- йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида: «Бугунги сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка қаратилган» [6], деб таъкидлади.

Ушбу мавзунинг назарий жиҳатларини очиб беришда, ғарб ва шарқ олимларининг қарашлари ва ёндашувларини ўрганиш ва таҳлил қилиш муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда толерантлик тушунчасини ижтимоий, сиёсий-фалсафий, диний, тарихий ва замонавий фанлар кесимида тадқиқ этаётган чет эл тадқиқотчилари жумласига Л.В.Баева, Л.К.Муллагалива, М.Т.Мажид, Н.С.Меншикова ва бошқаларнинг илмий изланишларини киритиш мумкин. Шунингдек, маҳаллий олимлардан Р.Х.Муртазаева, М.С.Хажиева, Д.Эрназаров, О.Мусаев, У.Р.Қушаев ва бошқалар ҳам мазкур мавзуда илмий тадқиқот ишларини амалга оширган.

Шу билан бирга, толерантлик тамойилининг сиёсий-ҳуқуқий асосларини ўрганиш ва таҳлил қилишда БМТ томонидан қабул қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (1948 йил), Толерантлик тамойиллари декларацияси (1995 йил) ва бошқаларни таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу мавзуни таҳлил қилишда умумилмий услублар (анализ, синтез, индукция, дедукция ва бошқалар), норматив-ҳуқуқий таҳлил (халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили), таққослаш усули (турли хил сиёсий-ҳуқуқий механизмларни солиштириш ва самарадорлигини аниқлаш) ва тизимли таҳлил услубларидан фойдаланилган. Шунингдек, тарихийлик, холислик ва изчиллик тамойилларига таянилган.

Бағрикенглик категорияси турли контекстларда қўлланилишига қарамай, ҳалигача унинг тўлиқ мазмуни мавҳумлигича қолмоқда. Замонавий парадигмада толерантлик демократик қадрият ва ахлоқ кодекси сифатида кўрсатилмоқда. Диний нуқтаи назардан толерантлик бу – бошқаларнинг эътиқодига нисбатан бағрикенг ва ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва асосий эътибор догматизмга қаратилади. Сиёсий контекстда эса асосий эътибор бошқаларнинг нимага ишониши ёки ўйлашига эмас, балки одамлар нима қилаётганидан иборат [3:49].

Бағрикенгликнинг биринчи тарихий-сиёсий шакли диний бағрикенглик бўлиб, унинг тамойили Вестфалия шартномасида (1648 йил) баён қилинган. Бу шартнома бутун Германия бўйлаб лютеранлар, калвинистлар ва католиклар ҳуқуқларини тенглаштириш маъносида динларнинг тенглиги учун асос яратди [2:10].

Толерантлик категориясини назарий ва амалий қўллашда 1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНEСКО Бош Конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган «Толерантлик тамойиллари декларацияси»да берилган таърифга таянилмоқда. Ушбу ҳужжатда толерантликка қуйидагича таъриф берилган:

Толерантлик – бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот, ҳурфикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради.

Толерантликни намоён қилиш инсон ҳуқуқларига эҳтиром билан ҳамоҳанг, у ижтимоий адолатсизликка нисбатан сабр-тоқатли муносабатда бўлишни, ўз имон-эътиқодидан воз кечиш ёхуд бошқаларнинг эътиқодига ён беришни англатмайди. У шуни англатадики, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркиндир ва ҳар ким бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини тан олмоғи лозим. У яна шуни англатадики, одамлар ўз табиатига кўра, ташқи кўриниши, қиёфаси, ўзини тутиши, нутқи, хулқи ва қадриятлари жиҳатидан фарқланиши эътирофга лойиқлиги баробарида, улар дунёда яшашга ва ўзининг ана шу индивидуаллигини сақлаб қолишга ҳақлидирлар. У яна шуни англатадики, бир кишининг қарашлари бошқаларга мажбуран сингдирилиши мумкин эмас [8].

Ҳар бир мамлакат тараққиёти унда барқарор, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва яхши қўшничилик муҳитининг сақланишига узвий боғлиқ. Шу боис Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва динидан қатъи назар тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида диққат марказида бўлиб келмоқда.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир [1:4].

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида қабул қилинган ҳамда изчил амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур давлат дастурида Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, дунёнинг илғор демократик давлатлари қаторидан жой олиши ва жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллаши асосий мақсад этиб белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш ва мамлакатимизда янги ислоҳотларни бошлаб бериш борасида: «Бизнинг вазифамиз – тўпланган тажриба ва илғор халқаро амалиётга суянган ҳолда, ўзимизнинг тараққиёт ва янгиланиш моделини қатъий амалга оширишдан иборат»[7], деб таъкидлаган эди.

Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар» деб номланган бўлиб, мазкур йўналиш 2 та бандни ўз ичига олади [4:10].

Мазкур устувор йўналиш асосида диний экстремизм ва миссионерлик фаолиятига қарши курашиш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Шунингдек, 2017 йил 19 майдаги ПФ-5046-сон «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [9] Фармони, 2018 йил 4 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» [5] ва 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [12] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари қабул қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди. Кенгаш таркиби 9 нафардан 17 нафар аъзога – Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакиллари ҳисобига кенгайди [11].

Муҳим жиҳати шундаки, кенгаш аъзолигига аъзолари оз сонли диний ташкилотлар раҳбарлари ҳам киритилди. Жамоатчилик маслаҳатлашув органи ҳисобланган мазкур кенгашнинг асосий мақсади Ўзбекистондаги мавжуд диний-ижтимоий жараёнларни муҳокама қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Мамлакатимиз ҳудудида яшаётган миллатлар урф-одати ҳамда ислом динининг маданий ва сивилизацион мероси, маънавий-фалсафий аҳамиятини чуқур ўрганиш бўйича ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бундан кўзланган асосий мақсад – фундаментал илмий тадқиқотлар натижалари асосида диний бағрикенглик, миллатлараро муносабатларнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш ҳамда уни бугунги кун шароитида ривожлантиришдан иборат. Бу борада Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги халқаро тадқиқот марказлари ташкил этилди. Шу билан бирга, тегишли олий таълим муассасаларида сифатли диний таълим олиш имконияти кенгаймоқда. Ўрта, олий диний таълим, магистратура, бошланғич докторантура ва докторантурани ўз ичига олган диний таълимнинг беш босқичли тизими шакллантирилди. Исломий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси икки баравар оширилди. Шунингдек, Тошкент православ семинарияси ва Тошкент христиан семинарияси ўқув даргоҳлари ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатида муҳим ўрин эгаллай бошлади. Ҳукумат халқаро ташкилотлар ҳамда ушбу соҳадаги мутахассислар билан конструктив мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раад Ал-Ҳусейн ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича Олий комиссари Ламберто Заниернинг мамлакатимизга ташрифи чоғида мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди ва халқаро мутахассислар томонидан бу борадаги ўзгаришларга юқори баҳо берилди. Эътиборли жиҳати, 2017 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бора мамлакатимизга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ташриф буюрди. Унинг тавсиялари асосида 2018 йил 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлади.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги фаолияти халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда ҳамда мамлакат тажрибасига катта қизиқиш билдирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилишнинг таклиф этилиши ва мазкур ҳужжатнинг 2018 йил 12 декабрда қабул қилиниши бунинг ёрқин мисоли бўла олади.

Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисидаги резолюциянинг БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қабул қилиниши шуни англатадики, 51 та давлат Ўзбекистон томонидан илгари сурилган конструктив таклиф, яъни дунёдаги мавжуд барча динларга нисбатан маънавий бағрикенглик маданиятини кучайтиришга доир ғояни қўллаб-қувватладилар. Чунки ушбу резолюция бағрикенглик билан бирга маданий ва диний билимларни кучайтириш тамойилини ҳам олға сурган ҳолда глобал тинчлик ва фаровонлик учун муҳим устувор йўналиш сифатида хизмат қилади. Ушбу резолюция нафақат БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани, балки Шимолий Америка ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакатлари билан ҳаммуаллифликда қабул қилингани эътиборга молик. Бу халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон Президенти ташаббусининг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилган таклиф эканининг юксак эътирофидир.

Ўзбекистонда диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича олиб борилган ислоҳотлар доирасида эришилган муҳим натижалардан яна бири сифатида 2018 йилда Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик борасида «алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар» рўйхатидан чиқарганини кўрсатиш мумкин. Эътиборли жиҳати шундаки, 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилиги тарихида биринчи маротаба БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга (2021-2023 йилларга) сайланди. Ўзбекистон учун БМТга аъзо 193 та давлатдан 169 таси овоз берди. Ушбу сайловда энг кўп овоз тўплаган давлат Ўзбекистон бўлди. Бу ҳам мамлакатда миллати ва динидан қатъи назар инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган, шу жумладан, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида олиб борилаётган сиёсатнинг эътирофи десак муболаға бўлмайди. Бундан ташқари, халқаро меъёрлар асосида қайта ишланган ва 2021 йил 5 июлда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги [10] Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳим аҳамиятга эгадир. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларда ишончли ва масъулиятли субъект сифатидаги роли мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг янги модели яратилди. Янги моделнинг ўзига хослиги шундаки, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликка таҳдид солувчи турли хавфларга, жумладан, ахборот кўринишдаги киберхавфларга қарши комплекс чора-тадбирларни ўз ичига қамраб олади. Шунингдек, мазкур модель турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги миллатлараро ва динлараро мулоқот, конструктив ёндашув ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигига асосланади. Шу билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва диний бағрикенглик соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатда ушбу соҳаларда янгича ёндашув ва стратегик мақсадни бирлаштирган тизим шаклланишига хизмат қилди. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси. –Т.: Ўзбекистон, 2022.
  2. Муллагалиева Л.К. Язык толерантности. Доктор педагогических наук. Монографии. – Уфа, 2012.
  3. Tomas Saulius. What is “tolerance” and “tolerance education”? philosophical perspectives. // Ugdymas kuno cultura sportas Nr. № 2(89). – Litva, 2013.
  4. Ҳаракатлар стратегияси асосида жадал тараққиёт ва янгиланиш сари. –Т.: Ғафур Ғулом, 2017.
Мафтуна РАЖАБОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети таянч докторанти

Check Also

МЎМИН МАЪСИЯТ БИЛАН КОФИР БЎЛМАЙДИ

Ҳозирги куннинг долзарб муаммоларидан бири – бу мусулмонларни куфрда  айблашнинг кўпайганидир. Бу кейин чиққан масалалардан …