Ҳозирги куннинг долзарб муаммоларидан бири – бу мусулмонларни куфрда айблашнинг кўпайганидир. Бу кейин чиққан масалалардан биридир. Унутмаслик керакки, ушбу ҳаракат аҳли сунна вал жамоадан ўзгаларнинг йўлидир. Мўмин одамни кофирга чиқараётганлар адашган фирқаларнинг издошларидир.
Инсон эътиқод, сўз ва амал билан динга эришади. Эътиқод қалбга, сўз тилга, амал эса аъзоларга тегишлидир. Ҳақ диннинг ҳаётга татбиқ этилиши шулар биландир. Уларнинг энг улуғи қалбдаги эътиқод бўлиб, у бўлмаса, иймоннинг ҳақиқати йўқолади.
Эътиқод – бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келтирган нарсаларига қатъий ишонишдир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ҳеч бирингиз мен келтирган нарсага эргашмагунча (комил) мўмин бўла олмайди”, деганлар (Байҳақий ривоят қилган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътиқод қалбда мустаҳкам ўрнашган нарса экани ва инсон унга зид иш қилмаса, иймони инобатга олиниб, дўзахда абадий қолмаслигини тасдиқлаганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида бирор кишини кофир деб айбламаганлар ва бошқаларни ҳам шунга даъват қилганлар. Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг аслидан бирини “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик: бирор гуноҳ туфайли уни кофирга чиқарма, бирор амал туфайли уни исломдан чиқарма” (Абу Довуд ривоят қилган) деб таъкидлаганлар. Мана шу ҳадисдан мавзуга оид аниқ жавобни англаб олсак бўлади. Дарҳақиқат, иймон ҳар бир мусулмоннинг энг муҳим ҳужжатидир.
Эътиқоддан кейин иқрор ва буюрилган амалларни бажариш талаб этилади. Бу исломга том маънода бўйсуниш демакдир.
Эътиқод орқали мўминлар бир-бирини танийди, қўллаб-қувватлайди, молу жонини ҳимоя қилади. Қотиллик қилган, динидан чиққан, жамоатдан ажралганлар каби жиноятчиларга жазо ва ҳукмлар тайин қилинади. Буларнинг барчаси исломдандир.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, эътиқод қалбнинг иши бўлиб, бошқалар ундан хабар топиш имкониятига эга эмас. Шунинг учун сўзнинг зоҳирига кўра ҳукм чиқарилади. Ким куфр сўзни очиқ-ойдин талаффуз қилса, шундагина кофир бўлади.
Амалнинг даражалари турли хил бўлади. Ким буюрилган амалларни барча имкониятини сарфлаб бажарса, нажот топганлардан бўлади. Аммо бепарволик ёки ялқовлик қилиб камчиликларга йўл қўйса, гуноҳ ишларга қўл урса, Аллоҳга ҳавола этилади. У Зот хоҳласа авф этади, хоҳласа азоблайди. Аллоҳ таоло: “Албатта Аллоҳ ширкни кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳларни хоҳлаган бандаларидан мағфират қилади”, (Нисо сураси, 116-оят мазмуни) деган. Шунингдек, Аллоҳ таоло катта гуноҳлардан тийилган инсонларнинг кичик гуноҳларини кечиришини бундай баён қилган: “Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, кичик гуноҳларингизни кечирамиз ва сизни яхши жойга киритамиз” (Нисо сураси, 31-оят мазмуни).
Бепарволик билан бирор фарз амални тарк этган ёки катта гуноҳга қўл урган киши ўлим келмасидан олдин тавба қилса, тавбасини қабул этиб, жазосиз жаннатга киритиш Аллоҳ таолонинг ҳаққидир. Аллоҳ таоло: “Нодонлик сабабли ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади”, (Нисо сураси, 17-оят мазмуни) деган.
Жон ҳалқумга келгунча гуноҳда давом этган кишиларнинг тавбаси қабул қилинмаслигини Аллоҳ таоло бундай баён қилган: “Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз” (Нисо сураси, 18-оят мазмуни).
Усома ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот бундай дедилар: “Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасликка, зино қилмасликка, ўғирлик қилмасликка, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмасликка менга байъат берасизлар. Сизлардан ким (бунга) вафо қилса, ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким булардан бирортасига қўл урса-ю, жазога тортилса, бу унинг учун каффоратдир. Ким булардан бирортасига қўл урса-ю, Аллоҳ буни яширса, унинг иши Аллоҳга ҳавола: хоҳласа кечиб юборади, хоҳласа азоблайди” (Муслим ривоят қилган).
Мазкур далиллар мўмин киши қилган гуноҳи сабабли кофир бўлмаслигини англатади.
Ботил фирқалардан бири муржиалар: “Кофирга тоат-ибодат фойда бермаганидек, мўминга гуноҳ-маъсиятнинг зарари йўқ. Мўмин қандай гуноҳ қилишидан қатъи назар, албатта жаннатга киради. Ҳеч қачон дўзахга кирмайди”, дейди. Ушбу эътиқод мутлақо ботилдир.
Хавориж ва мўътазила фирқалари: “Катта гуноҳ қилган киши тавба қилмай ўтиб кетса, дўзахда абадий қолади”, дейди. Улар ўзларича иймон ва куфр орасида фосиқлик ҳолати борлигини даъво қилиб, қуйидагиларни далил сифатида келтиради:
– Аллоҳ таоло мўмин бандаларини бундай сифатлаган: “Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва унда (азобда) хор бўлиб абадий қолур” (Фурқон сураси, 68-69-оятлар мазмуни);
– Аллоҳ таоло қиёматда одамларни икки гуруҳга ажратади: бир гуруҳи жаннатда, иккинчиси дўзахда бўлади. Учинчи фирқа йўқ. Демак, битта гуноҳ сабабли дўзахга кирган киши унда абадий қолади;
– Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида гуноҳ қилган кишилар маъсияти узра вафот этса, жаннатга кирмаслигини таъкидлаганлар: “Банда зино қилаётган чоғида мўмин бўлмайди. (Ўғри) ўғрилик қилаётган чоғида мўмин бўлмайди. (Хамрхўр) хамр ичаётган чоғида мўмин бўлмайди. (Қотил) мўмин ҳолида қотиллик қилмайди” (Бухорий ривоят қилган). Шундай маънодаги бошқа ҳадислар.
Аҳли сунна олимлари уларга қуйидаги далиллар билан раддия берган.
Саҳиҳ далиллар уларнинг гапини инкор қилади. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг ҳадиси; Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳларни хоҳлаган бандаларидан мағфират қилади”, (Нисо сураси, 116-оят мазмуни) деган сўзи; Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”, деган, қалбида арпа дони вазнича яхшилик бўлган киши дўзахдан чиқади” ва “Аллоҳ дўзах аҳлидан кимга раҳм қилишни ирода этса, фаришталарга Аллоҳга ибодат қилганларни дўзахдан чиқаришни буюради. Шунда уларни чиқаради. Уларни сажда изларидан таниб олади”, (Бухорий ривоят қилган) деган сўзлари шулар жумласидандир.
Уларнинг Фурқон сурасидаги оятларни келтирганига оятнинг давоми жавоб бериб турибди: “Ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Фурқон сураси, 70-оятлар мазмуни).
Охиратда жаннат ва дўзахдан бошқа қоладиган жой бўлмаслигига шубҳа йўқ. Жаннатга кирган ундан чиқмайди. Дўзахга кирган кофир кимса бўлса, абадий қолади. Мўмин бўлса, гуноҳига яраша жазо олгандан кейин Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан, вақти келиб жаннатга киради.
Аҳли ҳақ иймоннинг аслини эмас, комиллигини инкор этади. Яъни катта гуноҳ қилган кишининг иймони комил бўлмайди. Лекин мўмин ҳисобланаверади. Гуноҳ иш қилиб қўйган кишининг қалбини билмасдан уни ҳар нарсада айблаш тўғри эмас. Адашган фирқаларнинг мазҳабига эргашиб қолишдан ўта ҳушёр бўлиш лозим.