Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий мероси – ёш авлодга ибрат ва илҳом манбаи

Имом Бухорий мероси – ёш авлодга ибрат ва илҳом манбаи

Ургут туманидаги 35-мактабда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаров қаламига мансуб “Буюклик сири. Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ўқитувчи ва ўқувчилар, маҳаллий зиёлилар иштирок этди.

Ш.Умаров асарнинг ёзилиш жараёни, ундаги илмий ёндашув ва тарихий манбаларга таянилган жиҳатлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, китобда Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти, юксак ахлоқи, соф эътиқоди ва инсоний фазилатлари чуқур таҳлил этилган. Айниқса, алломанинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини ёзиш йўлидаги машаққатли меҳнати, илм ва ижоддаги сабр-бардоши ва фидойилиги ёшлар учун буюк ибрат мактаби экани қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари муаллиф – анча йиллар аввал шу мактабда таълим олган Ш.Умаров билан жонли мулоқотда бўлиб, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, унинг бугунги маънавий-маърифий ҳаётимиздаги ўрни ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

– Имом Бухорийнинг ҳаёти – бу фақат тарих эмас, балки бугунги авлодни тўғри йўлга бошловчи маънавий нурдир. Ҳар бир ёш китоб мутолааси ва илм изланишида ибратни ана шундай улуғ зотлардан олиши лозим, – деди муаллиф.

Фаоллик кўрсатган ўқувчилар ва мактаб кутубхонасига янги китоб нусхалари туҳфа қилинди.

Тадбир ёш авлодда илмга муҳаббат, аждодлар меросига эҳтиром ва маънавий баркамоллик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Қўлёзмаларни ўрганиш, илмий ҳамкорлик ва тажриба алмашуви

Германиянинг Фридрих-Александр номидаги нуфузли Эрланген–Нюрнберг университети (FAU Erlangen–Nürnberg) профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат делегация 7 октябрь …