16 ноябрь – Халқаро диний бағрикенглик куни муносабати билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


Вилоятдаги қатор муассасаларнинг диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб, жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва мафкуравий барқарорлик тамойилларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган вакиллари “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мукофотларни Самарқанд вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Бобир Каримов ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов тантанали равишда топширди.


Мусулмон жамиятида бағрикенглик ва маърифий муҳитни ривожлантириш йўлидаги фидокорона хизматлари учун “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланганлар орасида Марказ илмий ходимлари Жонибек Жумаев ва Нодир Қобилов ҳам бор.
Ушбу эътироф Марказ масъул ходимларининг диний-маърифий соҳадаги кўп йиллик сидқидил меҳнати, илмий-тадқиқот ишларидаги юқори масъулияти, шунингдек, жамиятда маънавий мувозанат ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларининг муносиб қадрланишидир.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси Жонибек Жумаев ва Нодир Қобиловни юксак мукофот билан табриклайди, келажакдаги касбий ва илмий фаолиятида уларга муваффақиятлар тилайди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






