Имом Бухорий яшаган даврдан илгари яратилган ҳадис китобларида саҳиҳ ва ғайри саҳиҳ ҳадислар аралаш ҳолда берилган бўлиб, ўқувчи улардаги бирор ҳадиснинг тўғри ёки нотўғри эканини, токи унинг ровийлари аҳволини текширмай ва ҳадис аҳли орасида қай тариқа маълум бўлганини аниқламай туриб, била олмас эди. Агар у бунга муваффақ бўла олмаса, бу ҳақда ҳадис уламоларидан сўрашга мажбур бўларди. Башарти бунга ҳам муяссар бўлмаса, унда ўша ҳадис унинг учун мавҳумлигича қоларди. Имом Бухорий дунёга келиб, ҳадис илмида камолотга эришгач ва бу борада эгаллаган мақомидан юқорироқ даража қолмагач, ҳадис толибларини баҳсу саволлар машаққатидан халос этиш учун мавжуд ҳадислар орасидан саҳиҳларини ажратиб олиб, уларни алоҳида китоб қилишни истади. Шундай экан қадимий қўлёзмалар ҳамда бугунги кун муҳаддис уламолари асарларига назар солинганда, уларда Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”лари борасида қуйидаги жумлалар келтирилади: “Уламолар “Саҳиҳул Бухорий” асари Қуръони каримдан сўнг энг ишонарли китоб эканига иттифоқ қилган ва ислом уммати қадимда ҳам, ҳозирда ҳам шу фикрдадир. Зеро, ушбу асар машриқ ва мағрибдаги мусулмонлар қалбида жой олган” [11:36].
Ҳар бир замонда ислом дини душманлари бўлган фитначилар томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари борасида кишилар орасида ихтилоф чиқариб, тинч-тотув яшаб келаётган халқ онгида ўзаро адоват уруғини сочадиган кимсалар бўлган. Шулар қаторида Имом Бухорийнинг ҳадис тўпламлари бўлмиш “Саҳиҳ”ларига нисбатан ҳам кишилар онгида шубҳа пайдо қилувчи баъзи масалалар ҳамда фикрларни тарқатиб юрувчилар бўлган ва бугунги кунда ҳам у зотнинг шаънига тош отувчилар топилади.
Уларнинг мақсади мусулмонлар учун асос бўлган асарлар ва бу соҳада фаолият юритган олимларга нисбатан ишончсизлик ҳамда шубҳа пайдо қилишдир. Бцндан ташқари, уларни ўз йўлидан адаштириш орқали ер-юзида бузғунчилик қилиш, мусулмонлар орасига рахна солиш ва тафриқага бўлинишни келтириб чиқаришдир.
Бироқ Аллоҳ изни билан уламолар қалби касал бўлган бундай кимсаларнинг бузғунчи ғояларига қарши ақлий ва нақлий далил келтириш орқали курашиб келмоқда. Ҳатто улар бу борада уларга раддия ўлароқ китоблар ҳам таълиф қилган.
Мисол тариқасида “Чивин” борасидаги ҳадисга нисбатан эътироз қилувчилар ва уларга нисбатан раддияларни келтириш мумкин:
روى البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه: أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: (( إذا وقع الذُّباب في إناء أحدكم، فليغمِسْه كله، ثم ليطرحه؛ فإن في أحد جناحيه شفاءً، وفي الآخر داءً )) البخاري حديث ٥٧٨٢
Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар биронтангизнинг идишига чивин тушса, уни тўлиқ ботириб олсин, сўнг ташлаб юборсин. Чунки унинг қанотларининг бирида шифо бўлса, иккинчисида дард бордур” дедилар. Саҳиҳул Бухорий 5782-ҳадис.
Ушбу ҳадисни ўқиган баъзи кишилар ҳадисни инкор қилиб, бу тиббиёт қарашларига зид, чунки чивин доимо микробларни ташиб юради, агар таом ёки бирор-бир ичимликка тушса, ўзидаги микробларни қолдиради, шунингдек, қандай қилиб чивининг икки қанотида дард ва шифо жамланиши мумкин дейди.
Уламолар уларнинг ушбу шубҳасига қуйидагича жавоб қайтарган:
- Бу ҳадис тиббиёт хулосаларига қарши эмас, балки уларнинг қарашларини қўллаб-қувватлайди. Чунки ҳадисда чивиннинг бир қанотида дард, яъни ўша айтилаётган микроб мавжудлиги, унга қарши яратилган шифо иккинчи қанотида борлиги айтилган. Бу ҳадис бундан ўн тўрт аср муқаддам ривожланган тиббиёт бўлмаган шароитда айтилган эди. Бу эса, ўз навбатида, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳақ пайғамбар эканликларига ишора бўлган мўъжизадир. Зеро, бугунги тиббиёт ушбу масалани тасдиқлади. Энди бу ҳадисга ишонмаслик ақлсизликдан бошқа нарса эмаслиги аён бўлди.
- Кўплаб ҳайвонлар ва ҳашаротлар бир-бирига қарама-қарши бўлган фазилатларни бирлаштирган. Мисол учун Аллоҳ таоло асаларига асалини сақлаш учун уни мустаҳкам ин қуришни ўргатган бўлса, чумолига уруғни маълум вақтга сақлаш учун захира қилишни ва униб кетмаслиги учун уни иккига бўлиб қўйишни ўргатган. Шу ишни қилган Зот чивиннинг бир қанотида дард ва иккинчисида шифони сабаб қилиб қўйишга қодир эмас, деб ўйлайдиларми?
- Асаларилар йиққан нектарлар (моддалар) асалга айланса, иккинчи тарафдан у чақиш асносида ўзидан заҳар ҳам чиқаради. Шунингдек, инсонни ўлдирадиган илон заҳри заҳарланишга қарши даволайдиган дорига қўшилади. Эътибор берилса, асаларидан асал чиқиш билан бирга заҳар ҳам чиқади. Худди шунингдек, инсонни ҳалок қилувчи илон заҳри даволаниш учун дориларга қўшилади. Ушбу қудратга эга бўлган Зот чивиндаги хусусиятни яратишга қодир эмас деб ўйлайдиларми?
- Бугунги кунда амалга оширилаётган кашфиётлар чивинларнинг уларнинг тишлашидан пайдо бўладиган шиш ва қичишишдан далолат берувчи заҳари борлигини ва бу улар учун қурол вазифасини бажаришини кўрсатмоқда. Агарда чивин ўзига зарар берадиган нарсага қўнса, уни ўзининг қуроли билан уради. Унда Яратган Зот бир қанотида дардни, иккинчисида уни кесувчи шифони яратиб қўйган. Икки модда учрашиб, Аллоҳнинг изни билан зарар йўқолади [9:263].
- Замонавий тиббиёт чивин бир қанотида заҳар, бошқасида эса унинг давоси бўлган шифони олиб юришини кашф қилиб, ушбу ҳадиснинг ҳақиқат эканини тасдиқлади. Чивин борасидаги Пайғамбаримиз ҳадислари унинг илмий мўъжиза эканини билдиради [6:30].
Бунга ўхшаш айрим кимсаларнинг “Саҳиҳул Бухорий”даги ҳадислар борасидаги шубҳаларининг барчасига уламолар томонидан керакли раддиялар берилган.
Мисрнинг “Дорул ифто” маркази томонидан эълон қилинган 2007-йил 16-апрелдаги собиқ муфтий Али Жуманинг 239-рақамли фатвосида Имом Бухорийга нисбатан қилинган таъна ва туҳматга қуйидагича жавоб берилган:
Имом Бухорий ҳижрий учинчи асрнинг имомларидан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بن مسعود رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ( خَيْرُ النَّاسِ قَرْنِي، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ
Абдуллоҳ бин Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий алайҳиссалом: “Инсонларнинг яхшиси менинг асримдаги, сўнг уларга эргашгани, сўнг уларга эргашгани” деганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари [7].
Демак, Имом Бухорий ва у каби ровийларимизни танқид қилиш ислом шариатини фақатгина биринчи аср билан чекланишини, қолган асрларда эса унинг давом этишини истамайдиган кимсаларнинг бузуқ мақсадидир.
Бундай кимсалар жазога ҳақлидир. Агар миш-миш тарқатганлар шариат бўйича жазоланса, мусулмонлар эътиқодини ларзага келтирганларнинг жазоси ҳақли ва муносиброқ бўлади [5].
Бундан ташқари, илм аҳли юрт бошига келган турли синов ва мусибатдан қутулиш мақсадида ушбу асарни тўлиқ ўқиб, Яратгандан нажот сўрагани тарихдан маълум. Бу одат бугунги кунга келиб ҳам давом этмоқда.
Бу ишнинг шариатга мос ёки зидлиги борасида Мисрнинг “Дорул ифто” маркази томонидан фатво чиқарилган.
Қуйида бу борадаги фатвони келтириб ўтамиз.
“Саҳиҳул Бухорий”ни ҳожатларни раво қилиш ниятида ўқишнинг ҳукми.
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”лари Аллоҳ таолонинг китобидан кейин энг саҳиҳ китоб ҳисобланади. Бунга барча мусулмонлар якдил фикр билдирган. Уламолар бу китоб борасида гўзал бир йўлни жорий қилганлар. Улар бу йўлни жорий қилишда ушбу ҳадисга таянган:
قولُ النبي صلى الله عليه وآله وسلم: «مَنْ سَنَّ في الْإِسْلَامِ سُنَّةً حَسَنَةً فَلَهُ أجْرُهَا وَأجْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنْ بَعْدِهِ، مِنْ غَيْرِ أَن يَنْقُصَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ، وَمَنْ سَنَّ في الْإِسْلَامِ سُنَّةً سيِّئةً كَانَ عَلَيْهِ وِزْرُهَا وَوِزْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنْ بَعْدِهِ، مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْقُصَ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ» رواه مسلم
Жарир бин Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки исломда яхши бир ишни жорий қилса, унга у учун ажр бордир ва ундан кейинги унга амал қилувчига ҳам. Уларнинг ажридан бирор-бир нарса камаймаган ҳолда. Кимки исломда ёмон бир ишни жорий қилса, унга ўша ишнинг гуноҳи бордир ва ундан кейинги унга амал қилувчига ҳам. Уларнинг гуноҳларидан бирор-бир нарса камаймаган ҳолда”, дедилар. Имом Муслим ривояти [8].
Мусулмонлар Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларини ўқиш балоларни даф қилиш ва ғам-ғуссалардан қутулиш сабабларидан бири эканига иттифоқ қилишган.
Мисол тариқасида бу борадаги муҳаддис ва фуқаҳоларнинг сўзларини келтириш мумкин:
Имомул Қудва Ҳофиз Абу Муҳаммад бин Аби Ҳамза (ваф.699 ҳ.) ўзининг “Мухтасар Саҳиҳул Бухорий” китобига ёзган шарҳида шундай деган: “Имом Бухорий солиҳлардан бўлиб, дуолари ижобат бўлган зотдир ва китобини ўқиган кишиларни дуо қилганлар. Сафарим асносида йўлиққан қозилардан бири шундай дедилар: “Бухорийнинг саҳиҳлари ўқилар экан, инсонлар қайғу ва ғам-ғуссадан қутулган ҳамда у китоб билан бирор киши қайиғида чўкиб кетмаган”, дедилар[3].
Имомул Ҳофиз Тожиддин ас-Субкий (ваф.771 ҳ.) “Табақотуш Шофиъятул Кубро”да шундай деган: “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари муаммолар ечими ва эҳтиёжларни қондириш манбаидир. Агар унинг тафсилотларини айтиб берадиган бўлсак, шарҳ узайиб кетар эди [4].
Ҳофиз ибн Касир “Ал-бидая ван ниҳая” асарида шундай деган: “Саҳиҳул Бухорий”ни ўқиш эвазига ёмғир сўралади. Ислом аҳли уни қабул қилган ва бу ишда улар якдилдир”[10].
Шунингдек, асрлар давомида Азҳари шариф уламолари бу ишни қилиб келган. Аллома Жабарутий ўзининг “Ажоибул асар фит-таражуми вал ахбар” асарида вабони даф қилиш, қимматчиликни кетказиш, душман устидан ғалаба қозониш каби ишларда Азҳар уламоларининг “Саҳиҳул Бухорий”ни ўқигани борасидаги воқеа-ҳодисаларни кўплаб келтирган [1].
Юқорида билдирилган фикрлардан шу нарса маълум бўладики, “Саҳиҳул Бухорий” китобини ҳожатларни раво қилиш, ишларни енгиллатиш ва ғам-ғуссадан қутулиш учун ўқиш жоиз бўлади. Аллоҳ таоло билувчироқдир [2].
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Имом Бухорийнинг ушбу асари дунё юзини кўрганига тахминан 1200 йил бўлибдики, ҳозирги кунга қадар ислом таълимотида Қуръондан кейин иккинчи ўринда турадиган муҳим манба сифатида юқори баҳоланиб келмоқда. Шунингдек, у ижтимоий, сиёсий, ахлоқий ва ҳуқуқий ҳужжат вазифасини ўтайди. Ушбу асар фиқҳий манба сифатида ҳам машҳур бўлган.
Имом Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақат ислом таълимотига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Улар меҳр-муҳаббат, сахийлик, очиқ кўнгиллилик, ота-она ва катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир-бечораларга ҳиммат, Ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик ва ҳалолликка даъват каби ҳақиқий инсоний фазилатлар ва намунали тартиботлар мажмуасидир. Шунингдек, унда жамиятимиз, айниқса, ёш авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга йўл-йўриқ, панду насиҳат ва ўгитлар ўз аксини топган.
-
Аллома Жабарутий. Ажоибул асар фит-таражуми вал ахбар. 2/78-79.
-
“Дорул ифто” маркази. Муфтий Иброҳим Шавқий Аллом, 6544-фатво, 2020 йил 1 май.
-
Имомул Қудва Ҳофиз Абу Муҳаммад бин Аби Ҳамза (ваф. 699 ҳ.й.) ўзининг “Мухтасар Саҳиҳул Бухорий” китобига ёзган шарҳи. 1/6. Ас-Сидқул хайрия нашри.
-
Имомул Хофиз Тожиддин ас-Субкий (ваф.771 й.ҳ.) Табақотуш Шофиъийятул Кубро. 2/234. Ҳижр матбааси.
-
Мисрнинг “Дорул ифто” маркази 2007 йил 16 апрелдаги собиқ муфтий Али Жуманинг 239-рақамли фатвоси.
-
Набил Ҳору. Кашфул иъжаз ал-илмий.
-
“Саҳиҳул Бухорий” 2652-ҳадис, “Саҳиҳул Муслим” 2533-ҳадис.
-
“Саҳиҳи Муслим”, 1017-ҳадис.
-
Хаттобий. Маалимус сунан. 4-жуз.
-
Ҳофиз ибн Касир. Ал-бидая ван ниҳая. 14/527. Дорул Ҳижр матбааси.
-
Шайх Салоҳ Нажиб ад-Диқ. Ар-Родду ман ютъину фи саҳиҳил Бухорий. 2015.