Жаҳонда бўлаётган кашфиётларнинг барчаси инсон омилига хизмат қилиб келмоқда. Бу эса, инсониятнинг турмуш тарзини ҳар томонлама яхшиланиб боришига замин яратмоқда. Ҳар бир даврда инсонга хизмат қиладиган воситалар бўлган. Мисол учун авваллари одамлар узоқ сафарга чиқаётганда от, эшак ва туялардан фойдаланган ҳолда манзилига узоқ вақт оралиғида ноқулай об-ҳаво, турли қийинчиликлар билан етиб борган. Вақт ўтиши билан инсоният бундай узоқ сафарларни автомобиль, поезд, самолёт, кемалар ва шунга ўхшаш техника воситалари ёрдамида тез фурсатда босиб ўтмоқда. Ҳатто, коинотни ўрганиш учун космик ракеталар учмоқда. Бунинг натижасида осмон жисмлари, сайёралар устида илмий-тадқиқот олиб борилмоқда. Бу жараёнда унга хизмат қилаётган замонавий техника ва технологияларнинг ўрни беқиёсдир.
Бугунги замонавий техник кашфиётлар ҳақида ислом манбалари бўлган Қуръони карим ва ҳадисларда бир қанча маълумотлар келтирилганини кўришимиз мумкин. Бу борада Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси” ва “Тафсири Ҳилол” китобларида ҳам таҳлилий маълумотлар келтирилган.
Мақолани ёзишда ворисийлик, холислик, изчиллик, қиёсий таҳлил, таққослаш ҳамда диалектик илмий билиш усуллари, тарихийлик ва мантиқийлик тамойилларидан фойдаланилган.
Ҳозирги кунда жамиятга хизмат қилаётган замонавий техника ва технологиялар Қуръони каримда баён этилганми деган савол кўпчиликни қизиқтирса керак. Бу борада Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ва Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида маълумотлар келтирилган. Уларнинг баъзиларига тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (Наҳл сураси, 8-оят) [1:268]. Яъни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири Ҳилол”да ушбу оят тафсирида шундай деган:
“Ўша пайтларда улов – нақлиёт (транспорт) воситаси сифатида туядан ташқари ушбу оятда зикр қилинган от, хачир ва эшаклардан ҳам фойдаланилар эди. Шу билан бирга, бу ҳайвонлар ўз эгаси учун зийнат ҳам ҳисобланган. Яъни уларни миниб юрган кишига бошқалар ҳавас билан қарар эди. Мазкур уловга эга бўлиш жамият ичида ўзига яраша обрў ва зийнат саналарди. Булар ҳам Аллоҳнинг инсонга яратиб берган ўзига хос неъматларидир. Инсоф билан тафаккур қилган одам мазкур неъматларни ато этган Зотга шукр қилиши, Унга доим ҳамду санолар айтиб, имон келтириб, ибодатга бел боғлаши лозим.
“…ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур”, дейилмоқда.
Яъни Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от, хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт (транспорт) воситаларини яратади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оят тушган даврда мавжуд бўлмаган, ҳавода учадиган, сувда сузадиган ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди. Бу эса, ўз навбатида, Қуръони карим мазкур (“ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур”) жумласи билан мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далолатдир. Янгилари пайдо бўлганида аввалги уловларни ғариб санамаслик керак. Балки Қуръонда зикр қилинган неъматлардан бири эди, деб улардан тўғри фойдаланишга ўтиш лозим бўлади” [2:311].
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб кишининг саодатидандир”, дедилар” [3:195].
Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари “Ал-адаб ал-муфрад”да ривоят қилган.
Бу ҳадисдан яхши маркаб (улов) инсон саодатига омил бўладиган энг муҳим нарсалардан бири эканини билиб оламиз. Исломда ҳаётнинг барча жабҳаларидаги каби, улов ва ундан фойдаланишга боғлиқ тартиб-қоида ва одоб-ахлоқ ҳам жорий этилган. Авваллари улов асосан туя, от, хачир, эшак каби ҳайвонлардан иборат бўлган. Шунингдек, елканли кемалар ҳам бўлган. Вақт ўтиши билан улов тури кўпайиб, ҳайвонлар, гоҳида инсонлар тортиб юргизадиган аравалар пайдо бўлди. Кейинроқ эса, буғ ва турли ёнилғи қуввати билан ўзи юрадиган маркаблар ихтиро қилинди. Замон ўтиши билан нафақат ерда юрадиган, балки сувда сузадиган ва осмонда учадиган турли-туман улов турлари пайдо бўлди. Аммо бу маркаблар қанчалик кўпайиб, такомиллашмасин, уларни инсон бошқариши шарт [4:223].
Жаҳоннинг бугунги манзараси тубдан ўзгармоқда. Унинг техник ва технологик имкониятлари кун сайин ривожланиб, сунъий интеллект барча соҳаларга тизимли равишда жорий этилмоқда. Замонавий илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий этиб бораётган шароитда ривожланган мамлакатларда давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт, саноат, ижтимоий ҳимоя, таълим, тиббиёт, бандлик, қишлоқ хўжалиги, мудофаа, хавфсизлик, туризм каби муҳим соҳаларда замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятидан кенг фойдаланилмоқда.
Сунъий интеллект технологияларига веб қидирув тизимлари, таржимон дастурлари, ўзини-ўзи бошқарадиган автомобиллар ва ҳоказоларни келтириб ўтиш мумкин.
Сунъий интеллектда таржимон воситаси чет тилини тушуниш ва гаплашиш имконини берувчи бўлиб, инсонлар дунё мамлакатларига саёҳат қилишни осонлаштирмоқда ва турли миллатли халқлар ўртасида мулоқот механизмларини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам”, деб марҳамат қилади (Қалам сураси, 1-оят) [1:564]. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири Ҳилол”да ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди:
“Қалам” сураси энг аввал тушган суралардан биридир. Ўша пайтда Арабистон ярим оролида ўқишни, ёзишни, қалам тутишни биладиган одам деярли йўқ эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ўқиб-ёзган, қўлларида қалам тутган эмас эдилар. Лекин Қуръоннинг дастлабки тушган сураларидан бирида ўқиш-ёзиш ва илм-маърифат бошланмаса, қалам билан қасам ичилишининг ўзи бир мўъжизадир. Бу ҳол Қуръон илм китоби, ислом илм дини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илм Пайғамбари эканининг ёрқин далилидир. Лекин оятда қасам фақат қалам билан чекланиб қолгани йўқ, балки Аллоҳ таоло сатрларга ёзиладиган нарсалар билан ҳам қасам ичган. Мана, бизнинг замонамизга келиб қаламдан бошқа ёзув қўлланмалари ҳам чиқди. Масалан, ёзув машиналари, босмахоналар, ЭҲМлар ва ҳоказоларни санаб ўтишимиз мумкин [5:224-225].
Ушбу оятнинг тасдиғи ўлароқ, Аллоҳ таолонинг бандаларига билдирган илми орқали вужудга келган техника воситаларидан компьютер техникаси, мобил алоқа воситалари, интернет тармоғини келтиришимиз мумкин.
Бу буюк техноген кашфиётлар барча соҳаларга жадаллик билан кириб келди ва инсоният тараққиётида кескин ўзгаришларга сабабчи бўлди. Бугунги кунда замонавий компьютер технологияларидан фойдаланмайдиган деярли бирор соҳа қолмади. Хусусан, компьютерда ҳисоблаш, ёзиш, ўқиш, ўрганиш, гапириш, сақлаш, чизиш, қайта ишлаш, саралаш, мусиқа ёзиш, ахборот олиш ёки уни узатиш, таҳрирлаш, аудио ва видео яратиш, онлайн ўқишлар, видео анжуман ўтказиш, об-ҳаво маълумотларини аниқлаш ва ҳоказоларни компьютер технологияларисиз тасаввур қилиш қийин. Бу техника ва технология воситалари, ўз навбатида, инсон ҳаётини янада яхшилашга ва самарали меҳнат қилишга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Яна бир техник воситаларимиздан телефон аппарати бўлиб, инсонларнинг узоғини яқин қилиш ва улар ўртасидаги меҳр-оқибатни боғловчи бўлиб қолмай, ҳар бир инсон соҳасидан келиб чиққан ҳолда унумли фойдаланиш ускунасига айланиб бўлди. Ушбу замонавий алоқа воситаси шиддат билан ривожланиб, телевизор, радио, китоб ва газета-журналлар, овоз ёзғич, фотоаппарат ва бошқа жуда ҳам кўп имкониятларни ўзида жамлаган. Шу туфайли бу восита бугун кўпчиликнинг ажралмас дўстига айланиб улгурди.
Бундай техник воситалар эса қисқа вақт оралиғида инсонга замонавий илм-фанни етказиш ва жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса, жамиятимизнинг асосий мақсадларидан биридир.
Инсонлар океан ва денгизлар орқали ўз манзилига боришда сув транспорт воситалардан бири бўлган кемалардан фойдаланиб келмоқда. Улкан саёҳат кемалари 7000 га яқин йўловчи билан ҳаракатланиб, кеманинг ўзида йўловчиларга турли хизмат турлари кўрсатилмоқда. Бу сувдаги транспорт воситаси жаҳон бўйлаб туризм соҳасини янада жадал ривожланишига хизмат қилиб келмоқда.
Бугунги кунда дунё бўйлаб амалга оширилаётган савдо-сотиқда ҳам асосан кемалардан фойдаланиш арзон ва қулай ҳисобланмоқда. Кемалар юкни узоқ ҳудудларга олиб бориши билан қулай бўлганини кўришимиз мумкин. Масалан, контейнерлар ва суюлтирилган газни бу воситаларда ташиш жуда қулай ва арзондир. Чунки кемалар асосан халқаро сув ҳудудида ҳаракатланади ва ҳеч кимга ҳеч қандай бож тўламайди. Статистик маълумотларга қараганда, йирик кемалар сони 61 мингдан зиёд ва уларни ишлаб чиқаришда Хитой, Жанубий Корея ва Япония компаниялари етакчилик қилмоқда. 2023 йилда дунё бўйлаб кемаларда 12,4 млрд тонна юк ташилган бўлиб, бу эса дунё бўйлаб юкларнинг 32 фоизини ташкил қилади.
Ҳозирги техноген цивилизация даврида, илм-фан, замонавий техника ва технологиялар ривожланиши натижасида жамиятда мисли кўрилмаган ўзгариш ва янгиликлар рўй бермоқдаки, бу жараёнларни фақатгина Қуръони каримнинг мўъжизавий ояти карималари асосида тушуниш мумкинлиги эътироф этилмоқда. Шу ўринда Аллоҳ таолонинг каломида кемага оид бир қанча оятлар келганини келтириб ўтиш жоиз. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “У Зот барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилди”, деб марҳамат қилади (Зуҳруф сураси, 12-оят) [1:490]. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири Ҳилол”да ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди:
“Қадимги замонлардан бери одамлар улов сифатида ушбу икки хил нақлиёт воситасидан фойдаланиб келадилар. Бу нарса Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат эди. Инсофли, ўзини билган инсон ўзига миниш уловини бериб, хизмат қилдириб қўйган Зотни доимо яхшилик билан эслаб, Унга шукр этиши керак” [6:371]. Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Роббингиз, Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун денгизда кемани юргизиб қўйган Зотдир. Албатта, У сизга раҳмлидир”, деб марҳамат қилади (Исро сураси, 66-оят) [1:288]. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири Ҳилол”да ушбу оят тафсирида шундай дейди:
“Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга турмуш ўтказишни осонлаштириб беради. Масалан, денгизда кемаларни юргизиб қўяди. Бу иш ҳам Аллоҳнинг бандаларига меҳрибонлик ила ато қилган улкан неъматларидандир” [2:430]. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло одамзод учун берилган илми орқали қуруқликда ҳам, сувда ҳам, коинотда ҳам барча уловларни яратиб қўйди. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”, деб марҳамат қилади (Исро сураси, 70-оят) [1:289].
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири Ҳилол”да ушбу оятнинг тафсирида жумладан шундай дейди:
“Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларини енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган кемаларни Ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир”[2:433].
Қуръони каримнинг Ғофир сурасида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сиз учун уларда манфаатлар бор. Ва улар устида дилларингиздаги ҳожатларга етишишингиз учундир. Уларда ва кемаларда ташилурсиз” (80-оят) [1:476]. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири Ҳилол”да ушбу оят тафсирида шундай дейди:
“Чорва ҳайвонларида, юқорида зикр қилинган фойдалардан ташқари, инсон учун яна кўпгина манфаатлар ҳам бор. Мисол учун, жуни, сути, териси, ёғи ва бошқалар.
Одам ҳайвонларга миниб, юкларини устига ортиб, кўнгилларидаги ҳожатларини раво қилиш учун узоқ жойларга борганлар. Бу айниқса, ушбу оятлар нозил бўлаётган, ҳайвонлардан бошқа улов бўлмаган вақтда ўзига хос улкан аҳамият касб этган.
“Уларда ва кемаларда ташилурсиз”.
Ўша пайтларда инсон улов сифатида асосан ҳайвонлар ва кемалардан фойдаланган. Бу иккисини ҳам унга Аллоҳ берган бўлиб, У Зотдан ўзга ҳеч ким уларни инсонга тақдим этиши мумкин эмас. Ақлини ишлатган, ўзини таниган, қалбида кибру ҳаво, мутакаббирлик бўлмаган инсон учун шунинг ўзи улкан мўъжиза эмасми!” [6:284-285].
Бу борада яна бир мисол келтириш мумкин. Қуръони каримда Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир” (Ҳаж сураси, 65-оят) [1:340]. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири Ҳилол”да ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди:
“Инсоф билан фикр юритиб қаралса, Аллоҳ таоло ер юзидаги ҳамма нарсаларни инсон фойдаси учун, унга бўйсунадиган, унга беминнат хизмат қиладиган қилиб қўйган.
“Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?!”.
Ҳаводан тортиб, тошу тоққача, набототу жамодот, катта-кичик жонзотлар, ҳамма-ҳаммаси инсон учун хизматкор. Унга бўйсунади. Уларнинг эвазига инсондан ҳақ талаб қилинмайди.
Денгизга назар солинг, ушбу оятда сўз денгизда юраётган кема ҳақида айтилаётган бўлса ҳам, бошқа нарсаларга-да, ишорат бор. Денгиз ва ундаги ҳамма нарсалар ҳам инсон учундир, беминнат хизматкордир.
Қолаверса, чексиз осмонни олайлик. Инсон боши устида муаллақ турган осмон. Уни ким тутиб турибди? Албатта Аллоҳ. Шунинг ўзи инсон учун катта меҳрибонлик эмасми?” [7:47].
Аллоҳ таоло Луқмон сурасида марҳамат қилади: “Кемалар Аллоҳнинг неъмати ила сизга Унинг оят-белгиларини кўрсатиш учун денгизда юрганини кўрмадингми?! Албатта, бунда ҳар бир ўта сабрли, ўта шукрлилар учун оят-белгилар бордир” (31-оят) [1:414]. Яъни, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири Ҳилол”да ушбу оятнинг тафсирида жумладан шундай дейди: “Ўйлаб қаралса, кеманинг сув устида юриши ҳам Аллоҳнинг улуғ неъмати. Ўйлаб кўрайлик, сувга кемани кўтара олиш хусусиятини берган ким? Умуман, сувни яратган ким? Уни уммон, денгиз ёки дарё ҳолига келтирган ким? Шунингдек, кема ясаладиган жиҳозларга сув устида чўкмай туриш хислатини берган ким? Ҳавони шунга мослаб қўйган ким? Ниҳоят, кема қурганларга ақл, қўл-оёқ ва зарур ашёларни берган ким? Зикр этилган ва зикр этилмай қолган кўплаб нарсалардан бирортаси бўлмай қолса, кема сув устида юрармиди?
“Кемалар Аллоҳнинг неъмати ила сизга Унинг оят-белгиларини кўрсатиш учун денгизда юрганини кўрмадингми?!”.
Аллоҳнинг неъмати бўлмаса, кемалар денгизда юра олмас эди. Уларнинг денгизда юриши одамларга Аллоҳнинг оят-белгиларини кўрсатиш учундир. Кеманинг сувда чўкмай юриши учун вужудга келтирилган шароитларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг ояти, мўъжизаси, белгисидир”[7:490].
Аллоҳ таоло Ар-Роҳман сурасида марҳамат қилади: “Денгизда елканлари ила баланд тоғлар каби сузиб юрувчилар ҳам Уникидир” (24-оят) [1:532]. Яъни, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири Ҳилол”да ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди: “Ҳақиқатан, кемалар Аллоҳнинг улуғ неъматидир. Уларнинг денгизу уммонларда юриши, турли ҳолларда ҳам сув устида туриши, инсонга керакли ишларни бажариши – ҳаммаси улкан фойдадир.
Оятда кемаларнинг “тоғдек” деб сифатланишининг ўзи мўъжизадир. Саҳрода ўсган араблар диёрида нозил бўлган Қуръони карим бундан ўн тўрт аср муқаддам тоғдек кемаларни қаердан билиши мумкин?
Ўша вақтда араблар кемани билмасдилар. Борлари ҳам кичкина-кичкина бўлар эди. Ҳозирги кунда ушбу оятнинг тасдиғини кўриб турибмиз: тоғдек кемалар минглаб йўловчиларни, минглаб тонна юкларни кўтариб сузиб юрибди. Буларнинг ҳаммаси Роҳман сифатли Аллоҳ таолонинг неъматидир” [5:12].
Хулоса қилиб айтганда, ушбу замонавий улов ва техник воситалар бугунги кунда бутун дунёдаги инсонлар учун қайсидир маънода оғирини енгил, узоғини яқин ва мушкулини осон бўлишига хизмат қиляпти. Айниқса, бундай замонавий технологиялар орқали бугун инсонлар минглаб китобларни биргина қўлидаги телефонида ўқиши, бутун дунёдаги намоз вақтлари, қибла кўрсаткичи, об-ҳаво маълумотларини кузатиб бориши ва зарурий иқтисодий ва мулкий масалаларни ҳам шу биргина аппарат орқали бажариб келаётгани Аллоҳ таолонинг инсонларга берган улуғ неъматларидан ҳисобланади.
Бу яратилган техника ва замонавий воситалардан фақат яхшилик йўлида, инсонларга манфаати тегадиган мақсадда ва албатта илм йўлида фойдаланиш инсоннинг икки дунёда ҳам саодатга етишига сабаб бўлади.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси. – Т.: Hilol-Nashr, 2013.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 3-жуз. – Т.: Hilol-Nashr, 2022.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар хазинаси. 2-жуз. – Т.: Hilol-Nashr, 2021.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ижтимоий Одоблар. – Т.: Hilol-Nashr, 2016.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 6-жуз. – Т.: Hilol-Nashr, 2022.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 5-жуз. – Т.: Hilol-Nashr, 2022.
-
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 4-жуз. – Т.: Hilol-Nashr, 2022.