Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказий Осиёда маънавий ҳамжиҳатлик ва илмий анъаналар

Марказий Осиёда маънавий ҳамжиҳатлик ва илмий анъаналар

Куни кеча Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё: Умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусида халқаро конгресс иш бошлади. Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжондан келган етакчи олимлар, экспертлар, тарихчи, диншунос ва файласуфлар иштирок этаётган мазкур нуфузли тадбир минтақадаги маънавий меросни ўрганиш, сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш борасида муҳим мулоқот майдонига айланмоқда.

Конгресс доирасида 14 ноябрь куни “Ислом қадриятларини асраб-авайлаш” мавзусида форум бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг диний эҳтиёжлар, маърифий сиёсат ва тарихий меросни тадқиқ этиш йўналишидаги етакчи мутахассислари иштирок этди.

Форум доирасида ислом тарихи, маънавий мерос, қадимий қўлёзмалар, маърифат фалсафаси, Мовароуннаҳрда ислом илм-маърифатининг ривожланишига доир мавзулар юзасидан илмий маърузалар тингланди. Тадбир иштирокчилари минтақанинг умумий исломий мероси, унинг ҳозирги маърифий жараёнларга таъсири ва ёш авлод учун аҳамияти бўйича ўзаро фикр алмашди.

Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ҳам иштирок этди. Олим ўз маърузасида Имом Бухорий мероси, ислом илмий тафаккурининг Марказий Осиёдаги ўрни, ҳадис илмининг тарихий аҳамияти ва бугунги маънавий муҳитдаги ўрни ҳақида атрофлича фикр билдирди.

Форум доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон мутахассислари илгари сурган илмий ғоя ва ташаббуслар, фаол кечган ўзаро тажриба алмашув жараёни минтақадаги диний-маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Иштирокчилар Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган экспозициялар, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Ҳазрати Имом мажмуаси фаолияти билан танишди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик тажрибаси – халқаро эътиборда

Шу кунларда Ислом дунёсининг нуфузли Islamicity.org халқаро интернет платформасида Марказ директорининг ўринбосари, тарих фанлари бўйича …