Home / ЯНГИЛИКЛАР / Марказий Осиё – умумий келажак учун умумий маънавий-илмий асос

Марказий Осиё – умумий келажак учун умумий маънавий-илмий асос

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – янги давр остонасида” номли таҳлилий мақоласи минтақада кечаётган сиёсий, иқтисодий ва маънавий жараёнлар чуқур илмий таҳлил қилингани, стратегик вазифалар аниқ белгилаб берилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур мақолани катта қизиқиш билан ўрганиб чиққан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси унда илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Мақолада асосий эътибор Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч, яхши қўшнилик, маданий яқинлик ва стратегик шериклик тамойилларининг мустаҳкамланишига қаратилгани бу жараённинг узоқ муддатли ва барқарор эканидан далолат беради.

Минтақавий жипслашув тарихий имконият

Президент таъкидлаганидек, Марказий Осиё давлатлари ўртасида узоқ йиллар мобайнида музлатиб қўйилган масалалар ҳал қилиниши, чегараларнинг ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилиши ҳамда янги иқтисодий ва энергетик ҳамкорлик лойиҳаларининг йўлга қўйилиши бутун минтақа тараққиёти учун тарихий бурилиш нуқтаси ҳисобланади.

Марказимиз нуқтаи назаридан, бу жараёнлар халқлар ўртасида маънавий яқинлашувни, умумий қадриятлар ва тарихий меросга ҳурмат-эътиборни мустаҳкамлаш, ёш авлод онгида минтақавий бирдамлик туйғусини шакллантиришга хизмат қилади.

Маънавий омиллар устувор диққат-эътиборда

Мақолада минтақавий ҳамкорликнинг нафақат иқтисодий ва сиёсий, балки маданий-гуманитар жиҳатлари ҳам алоҳида қайд этилган. Бу Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг илмий-маърифий фаолияти билан ҳар томонлама уйғундир.

Минтақавий ҳамкорликда эътибор қаратиладиган халқлар ўртасидаги яқинликни янада мустаҳкамлаш, умумий тарихий хотирани асраш, маънавий меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилиш каби вазифалар Марказимиз ижтимоий-илмий фаолиятининг негизини ташкил этади. Шу маънода, Президентимиз томонидан илгари сурилган минтақавий маданий алмашувни кенгайтириш, илм-фан ва таълим соҳаларида қўшма ташаббусларни кучайтириш таклифлари Марказимиз учун ҳам долзарб йўналиш ҳисобланади.

Умумий келажак умумий масъулият

Мақолада таъкидланганидек, Марказий Осиё улкан демографик салоҳиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Ёшлар учун билим, тажриба ва маърифат майдонларини кенгайтириш эҳтиёжи Марказимиз олдидаги масъулиятни янада оширади. Ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш, улар учун илмий мактаб шакллантириш ва маънавий барқарорликни мустаҳкамлаш – бугунги устувор вазифаларимиз.

Ал-ҳисса

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мазкур мақолада илгари сурилган ташаббусларни Марказий Осиёнинг барқарорлиги, тотувлиги ва умумий тараққиётига хизмат қилувчи тарихий йўналиш сифатида қабул қилади. Минтақавий жипслашувнинг кучайиши халқларимизнинг муштарак маънавий илдизларига таянган ҳолда янада юксак марраларни забт этишига замин яратади.

Биз Президентимиз томонидан белгиланган мақсад ва ғояларнинг амалда рўёбга чиқишига илмий-маърифий йўналишда ҳисса қўшишни давом эттираверамиз.

Отабек Муҳаммадиев,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий
халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

Маълумот кўпайса, маърифат талаби ҳам ортaди

Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний номидаги Нукус ўрта-махсус ислом билим юртида ёшлар онгида соғлом дунёқарашни мустаҳкамлашга …