Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 14 октябрь куни “Қўлёзма манбалар маданияти” III халқаро симпозиуми ва унинг доирасида “Қўлёзма асарларга эгалик ва уларнинг ёйилиши: Имом Бухорий ва ҳадис қўлёзмалари” мавзусидаги халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
Тадбир Фотиҳ Султон Меҳмет вақф университети ҳузуридаги Қўлёзмаларни ўрганиш ва тадқиқ этиш маркази томонидан ташкил этилаётган “Қўлёзма манбалар маданияти” туркумидаги симпозиумларнинг учинчиси ҳисобланади.
Аввалги анжуманлар 2022 ва 2024 йилларда ўтказилиб, уларда мос равишда “Сабаби таълиф” ва “Қуйудот”, яъни қўлёзмалардаги таълиф ва қайдлар мавзулари муҳокама қилинган эди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган бу галги симпозиум қўлёзма асарларнинг матндан ташқари жиҳатларидан бири – эгалик қайдларига бағишланди.
Эгалик қайдлари – қўлёзма муайян шахс ёки жамоа томонидан сақлангани ҳақидаги ёзувлар бўлиб, улар орқали асарнинг тарихий йўли, қўлдан-қўлга ўтиш жараёни ва илмий анъаналардаги аҳамиятини аниқлаш мумкин.
Тадбир очилишида симпозиумнинг илмий аҳамияти, ҳадис илми ва қўлёзма манбаларни тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, қўлёзма меросини замонавий илмий усуллар асосида ўрганиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Анжуманда Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асари ҳамда бошқа ҳадис асарлари қўлёзмаларидаги эгалик қайдлари илмий нуқтаи назардан таҳлил этилди. Бу борадаги тадқиқотларда асосий эътибор қўлёзмаларнинг матни эмас, балки кодикология ва манбашунослик нуқтаи назаридан ёндашувга – яъни, асарларнинг сақланиш тарихи, мулкчилик муносабатлари ва илмий авлодлар ўртасидаги узвийликка қаратилади.
Анжуманнинг биринчи кунида юртимиз олимлари ва Туркия, Босния ва Герцеговина, Покистондан келган мутахассислар ҳадис қўлёзмаларига оид янги топилмалар, уларнинг мулкчилик қайдлари, тарихий айланмаси, ижтимоий аҳамияти ва илм анъаналаридаги ўрни ҳақида маъруза қилди. Илмий муҳокамалар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.
Тадбир 16 октябргача давом этади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати