Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Яссавий тариқати: азизон ва иқония

Яссавий тариқати: азизон ва иқония

9 октябрь куни Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти “Азрет Султан” (“Ҳазрати Султон”) миллий тарихий-маданий музей-қўриқхонаси ҳузуридаги Яссавийшунослик маркази ташаббуси билан “Самарқандда Яссавия тариқати намояндалари” мавзусида онлайн суҳбат ташкил этилди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мехрожиддин Амонов мавзу юзасидан маъруза қилди.

Тадқиқотчи яссавийлик тариқатидаги назарий ва амалий асосларга алоҳида тўхталиб, ушбу таълимотнинг илк поғонаси – тавба, кейинги босқич – “азизон (азиз авлиёлар)”га меҳр-муҳаббат эканини таъкидлади. “Азизон” атамаси тариқат йўлида собитқадам бўлган шайхлар, пирлар ва комил устозларга нисбатан қўлланади. Бу эса яссавийликда устоз танлаш ва унга садоқат кўрсатиш қанчалик муҳим эканини намоён этади.

Маърузачи яссавийликдаги устоз-шогирд анъанаси, пирга эҳтиром ва унинг маънавий раҳнамоликдаги ўрни ҳақида сўз юритар экан, бундай муносабатлар тариқат таълимотининг таянч асосларидан бири эканини таъкидлади.

Шунингдек, “иқония” тушунчаси кенг таҳлил этилди. Бу атама илм ва қатъий ишонч асосида шаклланган, шубҳа ва иккиланишлардан холи бўлган имон маъносини англатади.

Тадқиқотчи Яссавий ҳикматларидан мисоллар орқали бу тушунчаларнинг амалий ифодаларини ёритиб бериб, мазкур йўналишда олиб борилган изланишлар натижаси билан ҳам ўртоқлашди. Унга кўра Самарқандда яссавия тариқатининг азизон ва иқония тармоқларига мансуб ўнга яқин мактаб ва марказ фаолият юритгани маълум бўлди. Шунингдек, 30 дан ортиқ яссавий шайхлар ҳаёти ва илмий мероси ўрганилиб, уларнинг қабрлари ҳам аниқланди.

Маърузанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у яссавия тариқатининг фалсафий замини, пир-мурид муносабатларининг маънавий мазмуни ва инсонни мустаҳкам имонга етакловчи йўллар ҳақида теран таҳлилларни ўз ичига олди.

Тадбир иштирокчилари маърузани катта қизиқиш билан тинглаб, яссавийлик таълимотининг инсон маънавиятини юксалтиришдаги муҳим аҳамиятини чуқурроқ англаш ва унинг замонавий ҳаётдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ўзбекистон тажрибаси: ислом маърифати ва халқаро ҳамкорлик

Индонезиянинг нуфузли нашри – “Kalimantan Post” интернет газетасида 2025 йил октябрь ойида бош муҳаррир Эка …