Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Хожа Бухорий” ўрта-махсус ислом таълим муассасасида талабалар иштирокида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун – келажагимиз гарови” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Ж.Жумаев, Т.Эвадуллаев ва У.Муҳаммадиев мамлакатимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аждодларимизнинг бой илмий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган илмий марказларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритди.
Мулоқотда глобаллашув шароитида ёшларда маънавий-мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, уларни турли ғаразли ғоялар таъсиридан ҳимоялаш ва танқидий фикрлаш маданиятини шакллантириш муҳим экани таъкидланди. Радикализм, ёт ғоялар ва торфикрликнинг жамият тараққиётига салбий таъсири ҳақида сўз юритилиб, ижодкор ва бунёдкор аждодларимиз – алломаларнинг бағрикенг, илмий ва танқидий дунёқараши барча авлодлар учун ибрат эканлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, бугунги толиби илмлар дунёвий ва диний билимларни уйғун ҳолда эгаллаб, аждодларнинг ҳақиқий илмий ворисларига айланиши зарур. Шу маънода, янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун ҳамда Виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси диний таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани мисоллар билан ёритиб берилди.
Самимий мулоқот руҳида ўтган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.