Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида “Миллий тарих ва жаҳон тарихининг замонавий талқини: Муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Меҳрожиддин Амонов “Нодир ёзма манбалар (Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фонди мисолида)” номли маърузаси билан иштирок этди.

Тадқиқотчи Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган нодир манбаларнинг Ўрта Осиё илмий меросини ўрганишда тутган ўрни, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий даврларига оид тарихий маълумотларни таҳлил қилишдаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.

Таъкидланганидек, глобал ахборот оқими ўта шиддатли тарзда жадаллашган ҳозирги шароитда қўлёзмаларни рақамлаштириш, илмий муомалага киритиш ва ёш тадқиқотчилар учун янги манба сифатида тақдим этиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Олимнинг фикрича, қўлёзмалар фондида сақланаётган кўплаб манбалар тарихшуносликда янги қараш ва илмий хулосаларни илгари суриш учун кучли асос бўлади.

Шунингдек, маъруза давомида қўлёзмаларни сақлашнинг халқаро стандартлари, замонавий реставрация ва консервация усуллари, Марказда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёни ва унинг амалий натижалари хусусида батафсил маълумот берилди.
Анжуман иштирокчилари, жумладан, хорижий экспертлар М.Амоновнинг илмий маърузасига катта қизиқиш билдирди. Унинг тезис ва хулосалари Марказда олиб борилаётган тадқиқотлар мамлакатимизда тарихий манбаларни ўрганиш ва сақлаш соҳасида шаклланган илмий салоҳиятнинг юксак даражасини яна бир бор намоён этгани таъкидланди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz






