8 октябрь куни Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги Нур-Муборак Миср-Ислом маданияти университетида “Рақамли маконда ислом: ғоялар, платформалар ва имкониятлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг 35 йиллигига бағишланган анжуманда Ўзбекистон, Туркия, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлардан илмий ва диний соҳа вакиллари иштирок этди.
Конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов онлайн қатнашиб, “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини рақамлаштириш жараёнлари” мавзусида маъруза қилди. Олим буюк муҳаддис меросини рақамли форматда тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Марказнинг бу борадаги ташаббуслари ва истиқболдаги лойиҳалари ҳақида сўз юритди.
Жумладан, Марказ фондида 1650 дан зиёд қўлёзма ва тошбосма манбалар, тарихий ҳужжатлар сақланаётгани, улар орасида Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳонуддин Марғиноний, Алишер Навоий каби аллома ва мутафаккирлар асарлари мавжудлиги таъкидланди.
Шунингдек, 41 мамлакатдаги 256 кутубхона фондида Имом Бухорий асарларининг 3300 дан ортиқ қўлёзма нусхаси аниқланиб, уларнинг электрон реестри тузилгани, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг 3275 дан зиёд электрон нусхаси тўплангани, 900 га яқин қўлёзманинг аннотацияси тайёрлангани маълум қилинди.
Профессор Зиёдов ўз маърузасида “Имом Бухорий мероси нафақат ислом илми, балки бутун инсоният цивилизацияси учун беқиёс маънавий хазина бўлиб, уни рақамли форматда сақлаш ва илмий муомалага киритиш келажак авлод олдидаги масъулиятимиз” эканини таъкидлади.
Анжуманда рақамли ислом таълими, сунъий интеллект ва диний меросни электрон муҳитда тадқиқ этиш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди. Иштирокчилар бу йўналишдаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди.